Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

2015 йилги амнистия қандай қўлланади?

18.01.2016

Олий Мажлис Сенатининг 2015 йил 3 декабрдаги қарори билан Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма уч йиллиги муносабати билан амнистия эълон қилинди.

 

Амнистия тўғрисидаги қарор билан (бундан буён матнда Қарор деб юритилади)  жиноят содир қилган шахсларнинг муайян тоифаларига жиноий-ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланмаган ҳолда тузалиш йўлига кириши учун имконият ёки бу чоралар қўлланган шахслар ҳолатини енгиллатиш тақдим қилинади.

 

 

Қарорнинг 1-бандига мувофиқ қуйидаги маҳкумлар жазодан озод қилинади (Қарорнинг 6-бандидаги чекловларни ҳисобга олган ҳолда):

 

 

а) аёллар (ёши ва фуқароликка мансублигидан қатъи назар);

 

б) жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар (фуқароликка мансублигидан қатъи назар);

 

в) 60 ёшдан ошган эркаклар (1955 йил 4 декабргача туғилганлар);

 

г) чет давлатлар фуқаролари;

 

 

Фуқароликка мансублик миллий паспортлар ҳамда бошқа ҳужжатлар, шу жумладан тегишли давлатлар элчихоналарининг ёхуд консуллик муассасаларининг расмий тасдиқловчи ҳужжатлари бўйича аниқланади. Амнистия қилинадиган шахсларнинг фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаган тақдирда, уларнинг фуқаролиги доимий яшаб келган мамлакатларининг амалдаги қонун ҳужжатлари бўйича аниқланади.

 

 

Ўзбекистон фуқаролигига мансублик 2.07.1992 йилдаги 632-XII-сон  "Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги Қонуннинг 4-моддасига асосан аниқланади. Унга мувофиқ қуйидагилар мамлакатимиз фуқаролари ҳисобланади:

 

 

1)келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий ҳолатидан, ирқи ва миллатидан, жинси, маълумоти, тили, сиёсий қарашлари, диний эътиқоди, машғулотининг тури ва тусидан қатъи назар, ушбу Қонун кучга кирган вақтда Ўзбекистонда доимий яшаб турган, бошқа давлатларнинг фуқаролари бўлмаган ҳамда республика фуқароси бўлиш истагини билдирган шахслар;

 

2) давлат йўлланмаси билан Ўзбекистондан ташқарида ишлаётган, ҳарбий хизматни ўтаётган ёки ўқиётган шахслар, агар улар мамлакатимизда туғилган бўлсалар ёки доимий яшаганликларини исбот қилган бўлсалар, бошқа давлатларнинг фуқаролари бўлмасалар ва ушбу Қонун кучга кирганидан кейин кечи билан бир йил ичида республика фуқароси бўлиш истагини билдирган бўлсалар;

 

3) Ушбу Қонунга мувофиқ Ўзбекистон фуқаролигини олган шахслар.

 

 

"Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги Қонуннинг 5-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти, паспорт олингунга қадар эса - туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ёки шахснинг фуқаролигига доир маълумотлар бўлган ўзга ҳужжат - Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжатлар деб ҳисобланади.

 

Кўрсатилган Қонуннинг 10-моддасига мувофиқ Ўзбекистон фуқароси бўлган шахснинг чет давлат фуқаролигига мансублиги тан олинмайди.

 

Хорижий давлатлар фуқаролари амнистия тўғрисидаги Қарорга асосан жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод қилингандан сўнг Ҳукуматнинг 21.11.1996 йилдаги 408-сон Қарори билан белгиланган тартибда мамлакатдан чиқариб юборилиши лозим.

 

 

Қарорни ижро этувчи органлар, уларнинг иш юритувида чет эллик фуқароларга нисбатан ишлар мавжуд бўлганда уларни чиқариб юбориш тўғрисида тегишли идораларга хабар беришлари шарт1;

 

 

д) I ва II гуруҳ ногиронлари, шунингдек ушбу Қарор кучга киргунга қадар 1 йил ичида қонунда белгиланган тартибда жазони ўташга тўсқинлик қиладиган оғир касалликларга чалинган, деб топилган шахслар.

 

 

Мазкур бандга I ва II гуруҳ ногиронлари ҳамда жазони ижро этиш муассасалари ёки яшаш жойидаги даволаш муассасаларининг тиббий комиссияси қарорига мувофиқ жазони ўташга тўсқинлик қиладиган оғир касалликлардан азият чекувчи деб эътироф этилган, яъни фаол шаклдаги сил билан оғриган шахслар (диспансер ҳисобининг 1 ва 2 гуруҳлари) 2 киради.

 

 

Қарорнинг 2-бандига кўра:

 

- эҳтиётсизлик орқасида жиноят содир этган шахслар;

 

- қасддан ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлиги учун биринчи марта ҳукм қилинган шахслар жазодан озод қилинади.

 

 

Ўз-ўзига ишониш ёки бепарволик орқасида содир этилган ижтимоий хавфли қилмиш эҳтиётсизлик орқасида содир этилган жиноят деб топилади.

 

Агар жиноятни содир этган шахс ўз хулқ-атвори қонунда назарда тутилган ижтимоий хавфли оқибатлар келтириб чиқариши мумкинлигига кўзи ета туриб, эҳтиёткорлик чора-тадбирларига онгли равишда риоя этмаган ҳолда бундай оқибатлар келиб чиқмаслигига асоссиз равишда умид қилган бўлса, бундай жиноят ўз-ўзига ишониш оқибатида содир этилган деб топилади.

 

Агар жиноят содир этган шахс ўз хулқ-атвори қонунда назарда тутилган ижтимоий хавфли оқибатлар келтириб чиқариши мумкинлигига кўзи етмаса-да, лекин кўзи етиши лозим ва мумкин бўлса, бундай жиноят бепарволик орқасида содир этилган деб топилади.

 

Ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятларга қонунда 3 йилдан кўп бўлмаган озодликдан маҳрум этиш тарзида жазо назарда тутилган қасддан қилинган жиноятлар, шунингдек қонунда 5 йилдан кўп бўлмаган озодликдан маҳрум этиш тарзидаги жазо назарда тутилган эҳтиётсизлик орқасида содир этилган жиноятлар киради.

 

Унча оғир бўлмаган жиноятларга қасддан содир этилиб, қонунда 3 йилдан ортиқ, лекин 5 йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар, шунингдек эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, қонунда 5 йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар киради.

 

Масалан, Жиноят кодексининг (бундан буён матнда ЖК деб юритилади) 165-моддаси 1-қисми билан кўзда тутилган (“Товламачилик”) жинояти унча оғир бўлмаган жиноятга киради, чунки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.

 

Қонунга биноан судланганлик ҳолатининг тугалланган ёки судланганлик олиб ташланган пайтдан бошлаб маҳкумлик билан боғлиқ барча ҳуқуқий оқибатлар тугатилади. Шунинг учун амнистия актини қўллашда қонун билан белгиланган тартибда судланганлик ҳолатининг тугалланиши ёки судланганликнинг олиб ташланиши эътиборга олиниши керак эмас. 

 

Қарорнинг 3-бандига асосан озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниб, ўталмай қолган жазо муддати 2 йил-у 6 ойдан кўп бўлмаган, ҳукми ушбу Қарор эълон қилинган кунга қадар қонуний кучга кирган маҳкумлар жазодан озод қилинади (содир этилган жиноятнинг оғирлиги, тайинланган жазонинг миқдоридан қатъи назар).

 

 

Қарорнинг 4-бандига асосан озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниб, ушбу Қарор эълон қилинган кунда ўталмай қолган жазо муддати 3 йил-у 6 ойдан кам бўлган шахслар манзил-колонияларга ўтказилади.

 

 

Озодликдан маҳрум қилиш тариқасида жазони ижро этиш жазони ижро этиш муассасалари томонидан амалга оширилади. Улар жумласига қуйидагилар киради:

 

жазони ижро этиш  колонияси;

 

тарбия колониялари

 

турмалар.

 

Жазони ижро этиш колониялари манзил-колониялари, умумий, қаттиқ, махсус тартибли колонияларга бўлинади ҳамда балоғатга етган маҳкумларни сақлаш учун мўлжалланган.

 

Қарорнинг 5-бандига асосан ушбу Қарорнинг 1-бандида қайд этилган шахслар томонидан содир этилган жиноятлар тўғрисидаги барча ишлар тугатилади.

 

Мазкур бандни ЖКнинг 683-моддасига асосан қўллаганда, яъни шахс жиноий жавобгарликдан озод қилинганда Қарорнинг 6-банди билан белгиланган истисноларни ҳисобга олган ҳолда Қарорнинг 1-бандида келтирилган шахслар содир этган жиноятлар тўғрисидаги жиноят ишлари ва терговгача текшириш материалларини кўриш тугатилади.

 

Қайд қиламизки, амнистия актини қўллаш масаласини, жиноят жараёнининг босқичидан қатъи назар, фақат суд ҳал қилади. 

 

Жиноий иш очилиши рад этилиши лозим бўлган терговгача текширув материаллари,, шунингдек амнистия тўғрисидаги Қарор бўйича тугатилиши лозим бўлган жиноий ишлар бўйича суриштирувчи, терговчи прокурорга судга амнистия тўғрисидаги Қарорни қўллаш тўғрисида илтимоснома киритиш ҳақида тақдимнома киритади ҳамда унга терговгача текширув материаллари ёки жиноий ишни топширади.

 

Жиноят-процессуал кодексининг (ЖПК) 587-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ агар бир нечта шахсга нисбатан жиноят иши бўйича улардан лоақал биттаси амнистия актининг таъсир доирасига тушса, унга нисбатан жиноят ишининг қисми амнистия актини қўллаш тўғрисида судга илтимоснома киритиш учун алоҳида иш юритишга ажратилиши мумкин  

 

Модомики қонун тақдимномага унга нисбатан амнистия актини қўллаш тўғрисидаги масала қўйилаётган шахснинг аризаси илова қилинишини талаб қилар экан, суриштирувчи, терговчи дастлаб унга ариза бериш ҳуқуқи ва эҳтимолий процессуал оқибатлар ҳақида тушунтириб бериши шарт ҳамда бу ҳақда баённома тузилади.

 

 Амнистия актини қўллаш тўғрисидаги ариза терговга қадар текширув қайси шахсга нисбатан ўтказилаётган бўлса, ўша шахс, гумон қилинувчи ёки айбланувчи томонидан, тегишинча терговга қадар ўтказилган текширувнинг, суриштирувнинг ва дастлабки терговнинг исталган босқичида берилиши мумкин.

 

Агар шахс судга қадар иш юритиш босқичида бирор-бир сабаб билан ариза беришдан бош тортса (ЖПКнинг 588-моддаси) ва бундай ариза билан иш судга тушгандан кейин мурожаат қилган бўлса, амнистия актига асосан жиноий ишни тугатиш тўғрисидаги масала суд томонидан ЖПКнинг 84-моддаси иккинчи қисми, 401 ва 421-моддаларига мувофиқ ҳал қилинади. Иш айблов хулосаси билан судга тушгандан кейин амнистия акти қабул қилинган ҳолатларда ҳам мазкур масала шунга ўхшаш тарзда ҳал қилинади4.

 

Қарорни қўллаш учун жабрланувчининг розилиги талаб қилинмайди. Агар жабрланувчи амнистия актини қўллаш тўғрисидаги суриштирувчи, терговчининг тақдимномаси, прокурорнинг илтимосномаси, суд қарорига рози бўлмаса, у умумий асосларда шикоят бериши мумкин.

 

Шундай қилиб, прокурор суриштирувчининг, терговчининг тақдимномаси асослилигини текшириб, унга рози бўлган тақдирда, амнистия актига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги ёки жиноят ишини тугатиш ҳақидаги илтимосномани терговга қадар ўтказилган текширув материаллари ёхуд жиноят иши билан бирга судга юборади.

 

Илтимоснома терговга қадар ўтказилган текширув материаллари ёки жиноят иши унга келиб тушган кундан эътиборан 5 суткадан кечиктирмай судга юборилиши лозим.

 

 

Жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги ёки жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги илтимосномани судга юбориш учун асослар бўлмаган тақдирда, прокурор терговга қадар ўтказилган текширув материалларини ёки жиноят ишини суриштирувчига ёхуд терговчига қайтариш ҳақида асослантирилган қарор чиқаради. Прокурорнинг қарори устидан юқори турувчи прокурорга шикоят берилиши мумкин (ЖПКнинг 589-моддаси).

 

Суд мажлиси илтимоснома жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги терговга қадар ўтказилган текширув материаллари ёки жиноят иши билан бирга судга келиб тушган пайтдан эътиборан ўн суткадан кечиктирмай ўтказилади (ЖПКнинг 590-моддаси).

  

Суд илтимосномани прокурор ва манфаатдор шахслар иштирокида кўриб чиқиб, амнистия актини қўллаш тўғрисида ёки прокурорнинг илтимосномасини рад этиш тўғрисида ажрим чиқаради.

 

Айни бир вақтда суд манфаатдор шахсларга қабул қилинган қарор устидан шикоят бериш тартибини тушунтиради.

 

Суднинг ажрими ижро этиш учун прокурорга, маълумот учун эса амнистия актини қўллаш ҳақидаги масала қайси шахсга нисбатан қўйилган бўлса, ўша шахсга, гумон қилинувчига, айбланувчига, жабрланувчига (фуқаровий даъвогарга), ҳимоячига ва қонуний вакилга юборилади.

 

Агар айбланувчи, судланувчи (у вафот этган тақдирда – қариндошларидан кимдир) амнистия акти бўйича жиноий иш тугатилишига қарши бўлса, бунга йўл қўйилмайди. Бундай ҳолатда  жиноий иш бўйича иш юритиш умумий тартибда давом эттирилади ва асослар мавжуд бўлган тақдирда суд айбдорни жазодан озод қилиш ёхуд жазо тайинламасдан айблов ҳукмини (ЖПКнинг 463-моддаси иккинчи ва учинчи қисмлари) ёки оқлов ҳукмини чиқаради.

 

Амнистия акти асосида жиноий ишнинг тугатилиши жиноят процесси доирасида жиноят туфайли етказилган зиённи ундириш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш имкониятини истисно қилади.

 

Жиноий ишда фуқаровий даъво мавжуд бўлган тақдирда суд амнистия акти асосида жиноий ишни тугатиш тўғрисидаги ажримда даъво кўрилмасдан қолдирилганлигини кўрсатади. Айни вақтда ЖПКнинг 276-моддаси бешинчи қисмига мувофиқ манфаатдор шахсларга бундай даъвони  фуқаровий суд ишларини юритиш тартибида тақдим қилишга бўлган ҳуқуқлари тушунтирилади.

 

Маълумот учун: ЖКнинг 77-моддасига биноан жазо тайинланган айблов ҳукми қонуний кучга кирган кундан бошлаб шахс судланган деб ҳисобланади. Бироқ агар суд ҳукмда шахсни ЖКнинг 69-71-моддаларига асосан, шунингдек амнистия акти қўлланиши билан кўрсатилган жазодан озод қилиш тўғрисида қарор қабул қилса, қонун бўйича ҳатто унга нисбатан жазо тайинланган тақдирда ҳам шахс судланмаган деб ҳисобланади.

 

Амнистия актига асосан шахсга нисбатан жазо тайинланмасдан айблов ҳукми қабул қилинган тақдирда ҳам шахс судланмаган ҳисобланади.

 

Жазони ижро этиш муассасаси ёки органининг бошлиғи прокурорга маҳкумга нисбатан амнистия актини қўлланиш ҳақида судга илтимоснома киритиш тўғрисида тақдимнома киритади ва тақдимнома билан бир қаторда прокурорга маҳкумнинг шахсий йиғмажилдини топширади. Ҳарбий хизматчиларга нисбатан ҳарбий қисм ёки интизомий қисм командири прокурорга тақдимнома киритади. Прокурор тақдимномани маҳкумнинг шахсий йиғмажилди билан биргаликда ўрганиб, рози бўлса, амнистия актини қўлланиш тўғрисида судга илтимоснома киритади.

 

Маҳкумни амнистия актига асосан жазодан озод қилиш прокурорнинг илтимосномасига биноан маҳкумнинг жазони ўташ жойидаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг, округ, ҳудудий ҳарбий суднинг судьяси томонидан амалга оширилади.

 

Суд илтимосномани прокурор ва манфаатдор шахслар иштирокида кўриб чиқиб, амнистия актини қўлланиш тўғрисида ёки прокурорнинг илтимосномасини рад этиш тўғрисида ажрим чиқаради.

 

Айни бир вақтда суд манфаатдор шахсларга қабул қилинган қарор устидан шикоят бериш тартибини тушунтиради.

 

Қарорнинг 6-банди “а” кичик бандига мувофиқ унинг амал қилиши  узоқ муддатга ёки умрбод озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинган; ўта хавфли рецидивист деб топилган; тақиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок этган, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этган (ЖКнинг 150–163, 216, 2161, 242, 244, 2441, 2442, 2443-моддалари), жиноий уюшма таркибида жиноят содир этган; жазони ўташ тартибини мунтазам равишда бузаётган; афв этиш ёки амнистия тартибида илгари жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод қилинган ва яна қасддан жиноят содир этган шахсларга; шунингдек ўлим жазоси афв этиш тартибида озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазога алмаштирилган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.

 

Узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш 20 йилдан ортиқ, бироқ 25 йилдан кўп бўлмаган муддатга тайинланади ва фақат жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш (ЖКнинг 97-моддаси иккинчи қисми) ва терроризм (ЖКнинг 155-моддаси учинчи қисми) учун тайинланиши мумкин.

 

Умрбод озодликдан маҳрум қилиш фавқулодда жазо чораси бўлиб, маҳкумни махсус тартибли жазони ижро этиш колониясига жойлаштириш орқали жамиятдан муддатсиз ажратиб қўйишдан иборатдир.

 

Умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси фақат жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш (ЖКнинг 97-моддаси иккинчи қисми) ва терроризм (ЖКнинг 155-моддаси учинчи қисми) учун белгиланади.

 

5 йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин бўлган қасддан янги жиноят содир этиш ўта хавфли рецидив жиноят деб топилади:

 

а) илгари ўта оғир жинояти учун ёки икки марта оғир жинояти учун ҳукм қилиниб, уларнинг ҳар бири учун 5 йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган шахс томонидан ўта оғир жиноят содир этилиши;

 

б) илгари оғир жинояти учун икки марта ҳукм қилинган ёки олдин-кейинлигидан қатъи назар, оғир ёки ўта оғир жиноятлар учун уларнинг ҳар бирига 5 йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган шахснинг оғир жиноят содир этиши.

 

Суднинг ҳукми билан шахс ўта хавфли рецидивист деб топилиши мумкин.

 

Тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир қилганлиги учун ҳукм қилинган шахслар деганда мансабга совуққонлик билан қараш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш ва ҳокимият ҳаракатсизлиги каби қилмишлари билан мазкур жиноятлар содир этилишига имкон яратиб берган мансабдор шахслар, ҳокимият вакиллари ва зиммасида шундай ваколатлари бўлган шахслар ҳам тушунилиши керак.

 

Икки ёки ундан ортиқ уюшган гуруҳнинг жиноий фаолият билан шуғулланиш учун олдиндан бирлашиши жиноий уюшма деб топилади.

 

Жиноий уюшма таркибида жиноят содир этган шахс остида ЖКнинг 242-моддаси бўйича ҳукм қилинган шахслар тушунилади.

 

Жазони ўташ тартибини мунтазам равишда бузаётган шахслар деганда:

 

а) жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти томонидан қўлланилиб, Амнистия тўғрисидаги қарор эълон қилингунга қадар олиб ташланмаган ва амал қилиш муддати тугамаган иккита ва ундан ортиқ интизомий жазоси бўлган маҳкумларни;

 

б) ахлоқ тузатиш ишлари тариқасидаги жазо озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилган шахсларни;

 

в) шартли ҳукм қилиниб, ҳукмда тайинланган жазони ўташ учун юборилган маҳкумларни;

 

г) манзил-колониялардан тегишли тартибли колонияларга ўтказилган ёки қайтарилган маҳкумларни; 

 

д) жазони ўташ вақтида, ҳукм ижроси кечиктирилган ёки синов муддати мобайнида қасддан жиноят содир этган шахсларни ҳисоблаш лозим.

 

Бунда:

 

“б”, “в”, “г” кичик бандларида қайд этилган шахслар, агар улар ҳибсга олинган кундан эътиборан бир йилдан кам муддат ўтган бўлсагина, жазо ўташ тартибини мунтазам бузувчилар деб ҳисобланади;

 

“д” кичик бандида қайд этилган шахсларга (озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташ даврида қасддан жиноят содир этган шахслар бундан мустасно) нисбатан Амнистия тўғрисидаги қарор, агар ҳукм қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир йилдан ортиқ муддат ўтган бўлса, қўлланилиши мумкин.

 

Эътиборга олинг: Олий суд Пленумининг “Судлар томонидан амнистия актларини қўллашнинг айрим  масалалари тўғрисида”22.12.2006 йилдаги 16-сон қарорининг 24-бандида кўрсатилишича, ЖК 77-моддаси, Жиноят-ижроия кодекси 5-моддасига мувофиқ қамоққа олиш тариқасида эҳтиёт чораси қўлланилган шахслар жазо ўтовчи ҳисобланмайдилар. Шунинг учун ҳам уларнинг ҳукм қонуний кучга киргунга қадар намоён этган хулқ-атворлари уларни жазони ўташ тартибини муттасил бузувчи деб топиш масаласи ҳал этилаётган пайтда инобатга олиниши мумкин эмас. Ушбу қоида суднинг қонуний кучга кирган ҳукми бўйича қамоқ ёки озодликдан маҳрум этиш тариқасидаги жазони ўтаётган вақтда янги жиноят содир этганлиги учун эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.

 

Қарорнинг 6-банди “б” кичик бандига мувофиқ Қарорнинг 1-бандининг амал қилиши  ЖКнинг 104-моддаси учинчи қисми “д” бандида кўрсатилган жиноятларни содир этган шахсларга татбиқ этилмайди.

 

 

ЖКнинг 104-моддаси учинчи қисми қасддан баданга оғир шикаст етказиш учун жиноий жавобгарликни кўзда тутади:

 

а) икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан;

 

б) такроран, хавфли рецидивист ёки илгари ЖКнинг 97-моддасида назарда тутилган тарзда қасддан одам ўлдирган шахс томонидан;

 

в) ўта хавфли рецидивист томонидан;

 

г) уюшган гуруҳ аъзоси томонидан ёки шу гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса;

 

д) жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлса.

 

Қарорнинг 6-банди “в” кичик бандига мувофиқ мазкур Қарорнинг 3-банди амал қилиши  ЖКнинг 97-моддасида (“Қасддан одам ўлдириш”) ва 104-моддаси учинчи қисмининг “д” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан татбиқ қилинмайди.

 

Қарорнинг 6-банди “г” кичик бандига мувофиқ мазкур Қарорнинг 1-3-бандлари амал қилиши ЖКнинг 167-моддаси (“Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш”), 168-моддаси (“Фирибгарлик”) билан кўзда тутилган жиноятларни содир этиб, етказилган моддий зарарни тўлиқ қопламаган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди .

 

Мазкур Қарорга мувофиқ асосий жазодан озод қилинган маҳкумлар, қўшимча жазодан озод қилинмайди.

 

Амнистия тўғрисидаги Қарор асосида жазодан озод қилинаётган шахсларни ижтимоий мослаштириш ва ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни амалда рўёбга чиқариш билан боғлиқ масалаларни ўз вақтида ва самарали ҳал қилиш учун Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳудудий комиссиялар ташкил қилинади.

 

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг асосий вазифалари қуйидагилар:

 

жазодан озод қилинган шахсларни тўлиқ ҳисобга олиш ва ишга жойлаштиришни таъминлаш;

 

ёлғиз, ёрдамга муҳтож шахсларни  ногиронлар ва қариялар уйларига жойлаштириш;

 

вояга етмаганларни ота-оналар, васий ва ҳомийлар органлари назоратига топшириш, зарур ҳолатларда уларни тегишли таълим муассасаларига йўллаш.

 

Туман ва шаҳар ҳокимларига ҳудудий комиссиялар ва жамоат бирлашмалари билан биргаликда амнистия тўғрисидаги Қарор асосида жазодан озод қилинган шахслар, айниқса вояга етмаганларга узлуксиз тарбиявий таъсирни таъминлаш юклатилди.

 

Ўзбекистон Бош прокурори амнистия тўғрисидаги Қарорни аниқ ва бир хилда ижро этилиши устидан назоратни таъминлайди.

 

Қарор расмий равишда чоп этилган кундан  бошлаб кучга киради ва уч ой мобайнида ижро этилади.

 

 

 Ахтам ХИКМАТОВ, адвокат. 

 

 

 

__________________________________________________________________________________________________________

1 Амнистия тўғрисидаги қарор асосида жазодан озод этилган чет давлатлар фуқароларини ҳисобга олишни ташкил этиш ва Ўзбекистон Республикасидан чиқариб юборишни Ички ишлар вазирлиги ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда таъминлайди.

 

2 Ички ишлар вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда Амнистия тўғрисидаги қарорга асосан жазодан озод этилган 1 ва 2-гуруҳлари диспансер ҳисобидаги сил билан оғриган бемор шахсларни ҳисобга олишни ташкил этиш ва махсус даволаш муассасаларига юборишни таъминлайди.

 

3 ЖКнинг 68-моддасида (Амнистия акти асосида жавобгарликдан озод қилиш) шундай дейилади: “Жиноят содир этган шахс амнистия акти асосида жавобгарликдан озод қилиниши мумкин”.

 

4 Олий суд Пленумининг “Судлар томонидан амнистия актларини қўллашнинг айрим  масалалари тўғрисида” 22.12.2006 йилдаги 16-сон қарорининг 15-банди.