Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzОтмена льгот по НДС: ответы на 3 часто задаваемых вопроса Как определить доход от реализации в отдельных случаях Как выплачивать материальную помощь Как выплачивать материальную помощь

Абитуриентлар учун зарарли маслаҳатлар, ёки Қандай тестдан йиқилиш мумкин

01.07.2016

Олий ўқув юртлари тест синовларига тайёрланиш учун роппа-роса бир ой вақт қолди. Бу вақтни фойдали ўтказиш мумкин, уни бутунлай бефойда ўтказиш ҳам мумкин. “Зарарли маслаҳатлар” туркумида вақт ўтказишнинг иккинчи варианти ҳақида сўз юритамиз. Ким бу маслаҳатларни тўғри тушунса – жилмаяди, хулоса чиқаради ва материалда мавжуд асослардан фойдаланиб, имтиҳонга лозим даражада тайёргарлик кўради.


 

Нуфузлилик ва чин дўстнинг маслаҳати – бу олий ўқув юрти ва факультетни танлаш учун мезонлардир

 

Сизнинг танишларингиз қайси олий ўқув юртига киришга қарор қилишди?  Сиз ҳам ўша ерга топширишингиз лозим. Бу касб ҳақида орзу қилмаган бўлсангиз ҳам, ҳечқиси йўқ, ахир асосийси дўстлар билан бирга бўлишку, улфатлар учун эса ҳаммаси осон кечади. У ёки бошқа йўналишнинг нуфузлилиги бошқа асос бўлиши мумкин – буни ҳам назардан қочириш керак эмас.

 

Ота-оналарингиз даврида ҳамма муҳандис, шифокор ва ўқитувчи бўлишни хоҳларди. Сўнгра менежерлар даври келди, олий ўқув юртлари уларни ниҳоятда кўп миқдорда чиқарди. Яқинда чиққан менежерлар бошқарадиган нарсанинг ўзи йўқ эди ҳамда уларнинг аксарияти ихтисосини ўзгартиришга тўғри келди. Кейинроқ архитекторлар, журналистлар, иқтисодчилар, юристлар, дизайнерлар ва IT-мутахассислари урф бўлди. Ҳамма айнан шу йўналишлар бўйича таҳсил олишни истарди. Бу йил нима урф бўлади? Сиз аллақачон биласизми? Қалбингизга қулоқ солманг, урф сари олға интилинг! Биринчи маълумотни танлашда йўл қўйилган хато туфайли иккинчи ёки учинчи маълумотни олиш ҳеч қачон кеч бўлмайди.

 

 

Ҳужжатлар ва маълумотномаларни йиғишга сўнгги паллада киришинг

 

Танланган олий ўқув юрти қабул комиссиясига ҳужжатларни топширишга етарли вақт ажратилади ва шошилишнинг ҳожати йўқ. Шошилмай зарур ҳужжатлар пакетини тайёрланг, қабул комиссияси ҳеч қаерга қочиб кетмайди, шунга ажратилган бутун вақт мобайнида ўтириб ишлайди. Биринчилар қаторида бўлиш шарт эмас. Ҳужжатларни топширишга қабул комиссиясининг охирги иш кунида боринг. Агар бунда сиз тайёрлаган пакетда нимадир етишмаса ёки қайсидир маълумотномалар лозим даражада расмийлаштирилмаган бўлса, буни охирги куни тузатиб, барибир топширишга улгуришга умид қилинади.

 

 

 

Психологик тайёргарлик масаласини эътиборга олмаймиз

 

Ҳеч кимга сир эмаски, фанни аъло даражада билган ҳолда ҳам имтиҳондан йиқилиш мумкин. Стресс, тўйиб ухламаслик, ўз ҳиссиётларини жиловлай олмаслик ва жавоблар учун берилган вақтга ишониш “қизил” шаҳодатнома ёки диплом олганлар билан ҳам аччиқ ҳазил қилиши мумкин.

 

Психологик кайфият ҳар қандай стресс вазиятига тайёрланишда муҳим роль ўйнайди.  Абитуриентларни тестлаш эса ана шундай вазият ҳисобланади. Бу жиҳатга эътибор бермаган маъқул ва шунчаки бу ҳақда ўйламанг. Нима бўлса бўлар. Абитуриентларга стрессни енгиш ва тестлаш учун ажратилган вақтга мўлжал олишни ўрганишга ёрдам берадиган дастурий маҳсулотлар мавжудлиги ҳам муҳим эмас. Бу ахборотга эътибор берманг, у уч карра фойдали ва тажрибада кўп бора тасдиқланган бўлса ҳам нима учун кимнингдир рекламасига учиш керак.

 

 

Шпаргалкалар тайёрлаймиз ва уларни яшириш ва бекитиқча кўчиришни машқ қиламиз

 

Шпаргалкаларга умид қилиш, албатта, бу энг беъмани машғулотдир, лекин барибир уриниб кўрса арзийди. Сизгача кўпчилик бундай қилмиши фош этилиб, тест синовларидан шармандаларча четлатилган бўлса ҳам, ҳечқиси йўқ. Сиз уриниб кўринг. Бу омадсизлар улардан фойдаланишни билишмаган.  Сиз уддалашингиз керак.  Бу ерда энг мураккаб вазифа – шпаргалкаларга нималарни ёзиш кераклигини аниқлашдан иборат, чунки фан бўйича билимлар ўта саёз бўлганда барча ёзилганлар алоҳида бир кутубхонани ташкил қилиши мумкин?

 

Шпаргалкалар таркибини аниқлаб олгандан кейин, уларни тайёрлашга дадил киришинг. Жуда ингичка ручкада ниҳоятда майда шрифтлар билан ғоятда катта матнларни ёзинг. Агар уларни ўқиб бўлмаса, қўрқинчли жойи йўқ, ахир имтиҳон вақтида барибир уларни ўқишга тўғри келмайди.

 

 

Охирги уч суткада тайёргарликка киришишни бошлаймиз

 

Модомики олий ўқув юртига ўқишга кириш масъулиятли иш экан, ўзига тегишли эътиборни талаб қилади. Охирги йилларда сиз мактабда, коллежда ёмон ўқиган бўлсангиз, ҳечқиси йўқ, охирги уч кунда ҳаммасини ўрнини тўлдириш мумкин. Ахир тарихда охирги тунда хитой тили бўйича имтиҳонга тайёрланган талабалар бўлганку, сиз эса хитой тилини топширмайсиз, фақатгина уч фан бўйича 11 йиллик таълим дастурини топширасиз. Шундай экан, тестлашга уч кун қолгандагина машғулотларга жиддий киришинг.

 

Бу даврда емайсиз, ичмайсиз, балки ўтириб билимларни сув қилиб ичиб юборасиз.  Охирги тунда умуман ухламаган маъқул ва имтиҳонга ёки ўта асабийлашган ҳолда ё  апатик ва қатъиятсиз ҳолда келиб, шундай ҳолатда тестдан ўтган яхши. Мана шунда сиз ўтган йиллар мобайнида бой берилганни уч кечаю кундузда ўзлаштиришнинг имкони бўлмагани ва тайёрланган шпаргалкани чиқариб олиш ҳам ҳақиқатдан йироқлигини пайқайсиз, у ёрдам бермасди ҳам. Энди омадга умид қилиб, таклиф қилинган вариантлардан жавобларни тахминан танлаш қолади.  

 

***

 

Ишонамизки, бу ерда келтирилган маслаҳатларга ҳеч ким риоя қилмайди, балки бутунлай аксинча йўл тутади. Бу матнни ўқиётган абитуриент касб танлашга мулоҳаза билан ёндашади, ўқишга киришга ўзини пухта тайёрлайди, психологик жиҳатдан тўғри кайфиятда бўлади, электрон тренажерларда шуғулланади (билимини текшириш ва жавобларга вақтни мўлжаллаш учун), имтиҳон арафасида  етарлича мизғиб олади ҳамда уни топширишга фақат ўз билимларига таянган ҳолда келади.

 

 

Сизга омад тилаймиз!

 

 

Саида ЖОНИЗОҚОВА, мухбиримиз. 

 

 

Мавзу бўйича материаллар:

 

 

Abitur.uz скретч-карталари энди газета киоскаларида

 

Тестларни Paynet орқали харид қилиш ҳамон арзон

 

2015 йил абитуриент кампанияси қандай ўтди