Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Актёрлар ўзгарса-ю, бироқ бизнес давом этаверса...

20.12.2016

Энг “нотинч” касблар рейтингида директор ва бухгалтер пастки ўринларда эмас. Аксарият ҳолларда ўз ташкилотлари муассислари учун ўзига хос юридик тансоқчи ролини ўташлари бунинг асосий сабабидир. Ҳақиқий қўриқчи мижозини жисмоний таҳдидлардан кўксини қалқон қилиб ҳимоя қилса, директор ва бухгалтер ташкилот фаолиятидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик хатарини ўз бўйнига олади. Оқибатда кимгадир — даромад, кимга эса — жазо тайин. Ушбу мақолада бизнес мулкдорларининг масъулияти хусусида сўз юритамиз.

Жиноий, маъмурий, ва

солиққа оид масъулияти чекланган жамият

 

Муассисларнинг аксарияти ўз ташкилотларининг қандайдир муаммолари бўйича юридик жавобгарликка тортилмайман, деб ҳисоблашади. Чунки бу қонунчиликда мустаҳкамланган. Аммо ҳаммаси улар ўйлаганчалик осон эмас.

 

Тадбиркорлик субъектларининг ташкилий-ҳуқуқий шаклларининг (шу жумладан МЧЖ, ХК, АЖ1) ўзига хосликлари қатъий тартибга солинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг  аксариятида муассисларнинг жавобгарликлари чегаралари аниқ мустаҳкамлангандек туюлади2.

 

Хусусан, «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддасида муассислар уларнинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермаслиги ва жамият фаолияти билан боғлиқ зарарлар учун ўзлари қўшган ҳиссалар қиймати доирасида жавобгар бўлиши белгилаб қўйилган. «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддасида ҳам шунга ўхшаш норма мавжуд.

 

Хусусий корхоналарда эса аксинча муассис, яъни мулкдор хусусий корхонанинг мажбуриятлари бўйича ўзига қарашли мол-мулк билан субсидиар жавобгар бўлади, яъни корхонанинг мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда унинг  мажбуриятлари бўйича жавоб бериши шарт («Хусусий корхона тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддаси).

 

Аммо ушбу нормалар синчковлик билан таҳлил этилса ва «мажбуриятлар» ҳамда «зарарлар хатари» сўзлари маъносига яхшилаб эътибор берилса, гап фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик чегаралари хусусида бораётгани ойдинлашади. Яъни ушбу ҳолатда ташкилот фаолиятидаги маъмурий ва айниқса, жиноий ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чегаралари белгилаб берилмаган. Бу масалалар юқорида кўрсатиб ўтилган қонунлар бўйича эмас, балки Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда Жиноий кодекс бўйича ҳал этилади.

 

Шу билан бирга муассиснинг ташкилотнинг солиқ қарзлари бўйича жавобгарлиги масаласи одамда қизиқиш уйғотади. Солиқ кодекси унинг чегараларини белгилаб бермаган. Аммо «Банкротлик тўғрисида»ги Қонун ва Умидсиз солиқ қарзини ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисидаги низом (24.10.2012 йилдаги 307-сон ВМҚга илова)га мувофиқ солиқ бўйича қарздорлик ўзининг ундирилиш механизмига кўра фуқаролик-ҳуқуқий мажбуриятга амалда тенглаштирилган. Яъни, агар муассис банкрот ташкилотнинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермаса, ундан солиқ қарзи ҳам ундирилмайди.

 

Аммо ташкилотнинг банкротлиги муассиснинг айби туфайли вужудга келган бўлса, юридик шахснинг мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда у мажбуриятларнинг қолган қисми, хусусан, солиқ қарзи бўйича ўзининг мол-мулки билан жавобгар бўлади («Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддаси 11-қисми, «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддаси 5-қисми).

 

Муассисларнинг бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклларда жавобгарлик чегаралари ҳақида бу ерда ўқишингиз мумкин.

 

Шу тариқа, қонунчилик муассисларнинг фуқаролик-ҳуқуқий ва солиқ чегараларини ўрнатади, бироқ уларнинг маъмурий ва жиноий жавобгарлигини чекламайди.

 

Барча бир қайиқдами?

 

Муассислар, қоидага кўра, ташкилотнинг арзимаган миқдордаги ҳужжатларига имзо чекишади, улар ҳам бўлса таъсис шартномаси, устав ва умумий йиғилишларнинг баённомалари сингари “беозор” ҳужжатлардир. Асосан улар туфайли муаммолар келиб чиқадиган бухгалтерия ҳужжатларини эса одатда директор ва, албатта, бухгалтер ўз имзоси билан тасдиқлайди. Шу боис ҳам кўпчилик назорат қилувчи органларда ташкилот фаолияти бўйича саволлар туғилса, ёлланган менежерлар жавоб беришлари керак деб ҳисоблашади. Чунки ҳужжатлардаги имзолар уларга тегишли, муассис эса уларни ҳеч қачон кўрмаган бўлиши ҳам мумкин.

 

Аммо тергов органлари ходимлари учун қайсидир ҳужжатларда муассис имзосининг бор-йўқлиги уни жавобгарликка тортиш йўлида тўсиқ бўлолмайди. “Ҳеч нарсага имзо чекмаганман, демак, ҳеч нарсани билмаганман” қабилидаги ёндашув ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари назарида текширилиши лозим бўлган тахминлардан биридир. Якуний қарор эса расмий вазиятдан келиб чиқиб эмас, балки ҳақиқий аҳволни ўрганиш натижасида чиқарилади.

 

Масалан, МЧЖ муассиси бошқа одамни директор этиб тайинлади. Корхона алюминий тутгичлар ва дераза ромлари кўринишидаги металл буюмлар ишлаб чиқариш бўйича цехни ижарага олди. Цех асосан бухгалтерияда ҳисобга олинмаган товарни ишлаб чиқарган. Ҳисобга олинмаган товарни сотиш натижасида олинмаган солиқнинг умумий миқдори  тахминан 300,7 ЭКИҲ экани аниқланди. Ушбу товар ҳисобга олинмаган барча ҳисоботларни директор ва бухгалтер имзолаган. 

 

Назорат қилувчи органлар буни аниқлашганида қизиқ вазият юзага келди. Аввалига барча даъволар директор ва бухгалтерга тақдим қилинди, улар ҳатто МЖтКнинг 174-моддаси (Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўлашдан қасддан бўйин товлаш) ва 1751-моддаси (Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш тартибини бузиш) бўйича маъмурий жаримани тўлашга ҳам тайёргарлик кўришаётганди. Шундай бўлиши турган гап эди. Чунки мансабдор шахсларга мазкур моддалар бўйича маъмурий ундирув солинади ва бу тўғридан-тўғри қонунчиликда кўзда тутилган. Аммо олинмаган солиқлар миқдори 300 ЭКИҲдан зиёдлиги, яъни кўп миқдорда экани аниқланганидан кейин ЖКнинг 184-моддасига кўра жиноий иш қўзғатилди.

 

Терговчи ўз ишини виждонан уддалади ва муассис цехда олиб борилаётган ишлардан хабардор экани ва ҳисобга олинмаган даромадларнинг бир қисмини доимий равишда олиб турганини аниқлади. Ушбу вазиятда ЖКнинг икки ёки ундан ортиқ шахснинг қасддан жиноят содир этишда биргалашиб қатнашиши — иштирокчилик  институтини тартибга солувчи 27, 28-моддалари кучга кирди. Натижада муассис ҳам жиноий жавобгарликка тортилди.

 

Гап шундаки, гарчи МЖтКда шахслар гуруҳи томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилиши айбни оғирлаштирувчи ҳолат саналса-да,  иштирокчилик институти мавжуд эмас. Яъни, агар МЖтКда мансабдор шахс жавобгарликка тортилиши кўрсатилган бўлса, демакки, қонунчиликни бузишга ёрдам берган шахслар жавобгар ҳисобланмайди. ЖК бўйича эса бунинг акси: нафақат жиноятни бажарувчи, балки унинг ташкилотчиси, далолатчи ва ёрдамчи ҳам жазога тортилади.

 

Юқоридагилардан келиб чиқадики, маъмурий жавобгарлик денгизида ҳар бир одам ўз қайиғида сузиб кетаверади, жиноий жавобгарлик денгизида эса ҳамма битта кемада бўлади.

 

Самир Латипов,

экспертимиз.

 

Мавзуга оид материал:

 

Тадбиркорларни режадан ташқари ва муқобил текширишлар  бекор қилинади

 

 


1 Мазкур мақолада биз тижорат ташкилотларининг айнан шу учта ташкилий-ҳуқуқий шаклларини кўриб чиқамиз, чунки улар энг кенг тарқалган ҳисобланади. Ташкилий-ҳуқуқий шаклларнинг барчасини битта мақолада кўриб чиқишнинг иложи йўқ.

 

2 Қонунчиликка кўра тадбиркорлик субъектларининг устав фондида улушга эга жисмоний ва юридик шахслар юридик шахснинг ташкилий-ҳуқуқий шаклига кўра турлича аталади. Масалан, масъулияти чекланган жамиятларда улар иштирокчи, хусусий корхоналарда – мулкдор, акциядорлик жамиятларида – акциядор дейилади ва ҳ.к. Аммо ўқувчига қулай бўлиши учун ва мазкур мақолада англашилмовчиликларни олдини олиш учун бу шахсларнинг барчасига нисбатан “муассис” атамаси қўлланилади.