Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Бизнес кучли ҳимояга муҳтож

16.11.2016

Юристлар малакасини ошириш марказида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази ва Адлия вазирлиги ҳамкорлигида тадбиркорлик фаолиятини аниқ ва самарали ҳимоя қилишга бағишланган “Бизнес ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида семинар ўтказилди.

Тадбиркорликни жадал ривожлантиришга қаратилган қатор чора-тадбирлар кўрилишига қарамай, текширишлар, молия-хўжалик фаолиятига ноқонуний аралашувлар оқибатида тадбиркорлар ўз ишини вақтинча тўхтатишга, айрим ҳолларда эса умуман тугатишга мажбур бўлмоқда. 2016 йилнинг ўтган даврида хўжалик судларида хусусий тадбиркорлик, кичик бизнес субъектлари ва фермер хўжаликларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид 23 мингта иш кўрилиб, тадбиркорлар фойдасига 640 миллиард сўм ундириш ҳақида қарорлар қабул қилинган, 133 нафар айбдор мансабдор шахсларга нисбатан тегишли суд таъсир чоралари кўрилган.

 

Бугун ЯИМнинг 56,5%и, ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотларининг 22%и  ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 98%и айнан шу соҳа – кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳиссасига тўғри келмоқда. Мавжуд барча хўжалик субъектларининг 90%идан  ортиғини кичик бизнес корхоналари ташкил этади, иш билан банд бўлган жами аҳолининг 78%и эса айнан шу тармоқда меҳнат қилмоқда.

 

Таъкидлаш жоизки, Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорацияси томонидан эълон қилинган «Бизнесни юритиш 2016: тартибга солиш сифати ва самарадорлигини баҳолаш» ҳисоботида қулай ишбилармонлик муҳити параметрлари бўйича Ўзбекистон  дунёнинг 189 мамлакати орасида 87-ўринни эгаллаб, ўтган йилдагига нисбатан 16 поғонага кўтарилди.

 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йилнинг 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-4848-сон Фармонида давлат кичик бизнес субъектлари ва хусусий тадбиркорларга ўзининг манфаатли ва энг ишончли шериги сифатида қараётгани, бизнесменларнинг фаолиятига давлат органларининг аралашувини тубдан қисқартириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик сиёсати таклиф этилаётгани кўзга ташланади. Шунингдек, тадбиркорлик фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик, уларнинг фаолиятини асоссиз тўхтатиб қўйганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш вазифаси белгилаб берилди.

 

Мазкур Фармонда мамлакат парламенти ҳузурида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (омбудсман) институтининг ташкил этилиши тавсия этилгани катта воқеа ҳисобланади.

 

Бундан ташқари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази томонидан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалар мувофиқлаштирувчиси ёрдамида чоп этилган БМТнинг “Инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан тадбиркорлик фаолиятининг дастуруламал тамойиллари” рисоласининг ҳам тақдимоти бўлиб ўтди.

 

Ушбу тадбирда Адлия вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Адвокатлар палатаси, ҳудудий адлия органларининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлимлари ходимлари, Юристлар малакасини ошириш маркази профессор-ўқитувчилари ҳамда тингловчилари, ОАВ  вакиллари иштирок этди.

 

«S.Yakubov va advokatlar»

адвокатлик ҳайъати  адвокати

                                        Нозима ЗОҲИДОВА 

 

 

Мавзуга оид материаллар:

 

Бизнес-омбудсман: Ўзбекистон ва хорижий давлатлар амалиёти

 

Ҳокимият, бизнес ва аҳолининг ўзаро ҳамкорлиги тизими мустаҳкамланди

 

Адвокатлик касби