Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Бизнесни ҳуқуқий таъминлаш. Нимадан бошлаш керак?

22.04.2016

Ҳозир юридик хизмат кўрсатиш фаолият йўналиши сифатида оммавийлашмоқда. Бироқ юридик олий ўқув юртлари битирувчилари, ёш мутахассисларда бу тўғрисида аниқ тасаввур йўқ. Бизнинг шарҳимизда – бу соҳада ишнинг илк босқичларида қўйилиши лозим бўлган қадамлар хусусида.

 

________________


Биринчи қадам. Фикримизча, ишни ўз лавозим мажбуриятларингиз доирасини аниқлашдан бошлаганингиз маъқул. Кўпинча суҳбат чоғида бу масалага тегишлича эътибор берилмайди: изланувчилар иш вақти режими, офиснинг жойлашган жойи ва, албатта, маош миқдорига диққатларини қаратадилар, ҳақиқатда эса бўлғуси иш берувчи томонидан юрист олдига бажариш учун қўйиладиган вазифаларни аниқлаш биринчи навбатдаги масала ҳисобланади. Чунки тузилган меҳнат шартномаси ёки фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги битим кўп ҳолларда фақат ходим томонидан амалга ошириладиган меҳнат вазифаларига кўрсатмани сақлайди, қонунчиликда1 акс этган асосий қоидаларга ёки мавжуд бўлса корхонанинг локал ҳужжатларига амал қилиниши мумкин. Ҳуқуқий таъминлаш штатдаги юрист томонидан ёки юридик аутсорсинг кўринишида амалга оширилишидан қатъи назар, бизнеснинг юридик профилдаги мутахассислардан кутадиган натижаси қуйидагилардан иборат:

 

корхона харажатларини мақбуллаштириш ва иқтисодий хатарларни қисқартириш. Эҳтимол,  бу бизнес учун энг асосий вазифадир. Шуни аниқ тушуниш лозимки, юристнинг хизмати, олайлик, солиқ солиш масалаларини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари қоидаларини тушунтириш ва солиқ юкини эҳтимолий камайтириш, қонун билан кўзда тутилган имтиёзларни қўллаш ва ҳ.к. бўйича тавсиялар бериш билан чекланади;

 

даъво ишлари, суд инстанцияларида вакил сифатида иштирок этиш, суд қарорларини ижро этиш ва қарздорларнинг молиявий аҳволини мониторинг қилиш органлари билан ўзаро алоқа қилиш кўринишида амалга ошириладиган дебиторлик қарзини қисқартириш бўйича чоралар кўриш;

 

қонунчиликда кўзда тутилган тартибот ва механизмлар воситасида корхона манфаатларини бошқа шахслар билан ўзаро муносабатларда ифода қилиш. Бу ерга контрагентлар билан турли турдаги битимларни тайёрлаш ва тузиш асносида музокараларда иштирок этиш, давлат назорат қилувчи органлари томонидан текширишларда тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилишни киритиш мумкин.

 

тадбиркорлик субъектининг ишлаб чиқариш ва ташкилий фаолиятини корхонанинг локал ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва ички ҳужжат айланишини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш кўринишида регламентлаш. 

 

________________


Иккинчи қадам. Иш асносида амал қилишингизга тўғри келадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхатини аниқлаб олинг. Ўз-ўзидан рўйхат тугал бўлиши мумкин эмас: Фуқаролик ва Солиқ кодекслари2 ёки “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида” Қонун3 каби универсал тусдаги қонун ҳужжатларидан ташқари ҳар бир алоҳида ҳолатда корхона ташкилий-ҳуқуқий шаклининг ўзига хос хусусиятлари ва у томондан амалга оширилаётган фаолият турини инобатга олиш зарур. Инчунун, МЧЖ шаклидаги қурилиш ташкилоти ёки, айтайлик, фармацевтика фаолияти билан шуғулланадиган АЖ учун қўлланадиган ҳуқуқ базаси жиддий равишда фарқ қилади.

 

Бундан ташқари, юридик шахсларнинг айрим тоифаларига бериладиган алоҳида ҳуқуқий мақом ҳам аҳамиятга эга. Хусусан, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида” Қонун4 билан кичик бизнес жумласига киритиш,  "Чет эл инвестициялари тўғрисида” Қонун билан эса чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар жумласига киритиш тартиби ва мезони тартибга солинади ва ҳ.к. Айнан ҳуқуқий мақомнинг мавжудлиги қонунчиликда мазкур шахслар тоифасига  кўзда тутилган маълум имтиёз ва преференцияларни субъектга қўллашни кафолатлайди, амалиётда бу унинг ҳар бир босқичида бизнес юритишни ҳақиқатда соддалаштириш имконини беради.

 

Бу ерда қайд этиб ўтиш жоизки, ҳуқуқий тартибга солиш соҳаси ўзини мавжуд норматив ҳужжатларга тегишли ўзгартиришлар киритиш йўли билан янги ҳуқуқий тартиботларни жорий қилиш ва амалдагиларини такомиллаштиришга қаратилган қонун ҳужжатларини қабул қилишнинг динамик жараёни сифатида намоён қилади. Бундан бизнесни ҳуқуқий регламентлаш ҳам мустасно эмас.

 

Сўнгги вақтларда АЖ6 фаолиятига тааллуқли бутун норматив ҳужжатлар пакети қабул қилинди, давлат томонидан тадбиркорлик соҳасини либераллаштириш бўйича жиддий чоралар кўрилаётир. Баъзан бизнес-ҳамжамияти тез ўзгараётган “ўйинлар қоидаларига” мослашишга улгурмаяпти. Айтиб ўтилганлар туфайли ҳуқуқий таъминлашнинг энг муҳим жиҳати бўлиб, давлат томонидан  рўёбга чиқарилаётган чора-тадбирлардан ўз вақтида хабар бериш ва талқин қилиш, аниқ бизнес-тузилма учун эҳтимолий оқибатларини прогнозлаш ҳисобланади.

 

«NORMA» компаниясининг дастурий маҳсулотлари, шунингдек Norma.uz ахборот-ҳуқуқий порталининг экспертлари томонидан ҳар куни чоп этилаётган долзарб ҳуқуқий тематикадаги материаллар амалиётчи юрист учун мазкур масалада кўмак беради.

 

________________


Учинчи қадам. Ҳуқуқий аудит тартиботи юрист ва тадбиркорлик субъектининг ҳамкорликдаги иши учун дастлабки қадам бўлиши мумкин.

 

Ҳуқуқий аудит8 остида одатда мутахассислар томонидан юриспруденция соҳасида компания фаолиятининг қонунчиликнинг амалдаги нормалари талабларига мувофиқлигини белгилашга қаратилган чора-тадбирлар комплекси тушунилади. Шуни қайд қилиш муҳимки, ҳуқуқий аудитни амалга ошириш жараёни қонунчилик билан тартибга солинмаган ҳамда буюртмачи билан келишилган ҳолда амалиётга асосан амалга оширилади. Номланишига қарамай, шунга ўхшаш фаолият турини амалга ошираётган шахсга нисбатан ҳуқуқий аудитор махсус мақомига эга бўлиш талаб қилинмайди.

 

Ҳуқуқий аудитнинг аҳамиятлилиги шундан иборатки, у тадқиқ этилаётган корхонанинг ҳақиқий аҳволи тўғрисида холис  баҳо олиш, эҳтимолий хатарларни аниқлаш, иш юритиш тизимини модернизациялаш имконини беради. Қоидага кўра, корхонанинг таъсис ва ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатлари (устав, таъсис шартномаси, лицензиялар, гувоҳномалар ва ҳ.к.), локал ҳужжатлар (жамоа шартномаси, ички меҳнат тартиботи қоидалари ва б.), кўпинча фойдаланиладиган хўжалик шартномалари, шу жумладан  ташқи иқтисодий тусдаги шартномалар (экспорт ва импорт контрактлари) шаблонлари, ташкилотда даъво ишлари ҳолати, кадрлар тартиботини расмийлаштириш (буйруқлар, меҳнат дафтарчаларини юритиш, лавозим йўриқномалари) ва ҳ.к. экспертиза қилинади. Алоҳида илтимосга кўра аудитор томонидан ташкилот фаолиятининг алоҳида йўналишларига, масалан унинг алоҳида бўлган таркибий тузилмасини барпо этиш ва фаолият юритиши тартибига тааллуқли ҳужжатлар ҳам ўрганилиши мумкин.

 

Кўп ҳолларда корхонанинг таъсис ҳужжатлари мазкур юридик шахс томонидан амалга оширилаётган фаолият турлари ёки муассислар (иштирокчилар) таркибига нисбатан эскирган маълумотларни сақлайди. Шунингдек ҳар доим ҳам бошқарув органлари умумий йиғилишларини ўтказиш даврийлиги ва тартиботига риоя қилинмайди – уларни ўтказиш якунлари бўйича расмийлаштириладиган ҳужжатларда  турли хил талай хатоларни топиш мумкин. Албатта, эътиборни шунга ўхшаш ҳолатларда хатоларнинг ўзига эмас, балки кейинги ҳуқуқий оқибатларга қаратиш лозим. Айтайлик, ахборотни ошкор қилиш тартиби тўғрисидаги талабларга риоя қилмаслик юридик шахс бошқарув органи умумий йиғилишининг қарорини ҳақиқий эмас деб топишга, солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш жараёнидаги қоидабузарликлар эса корхонага молиявий санкциялар солиш, шунингдек унинг мансабдор шахсларини жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.

 

Кўпинча турли битимларни содир этиш, худди шундай кадрлар тартиботларини расмийлаштириш жараёнида муайян хатолар вужудга келади. Барча тафсилотларни битта шарҳ доирасида батафсил ёритиш мумкин эмас, шунинг учун бизнинг мақсадимиз фақатгина мўлжал олиниши лозим бўлган асосий йўналишларни  белгилашдир.

Шартнома ва даъво ишининг айрим ўзига хос хусусиятлари бизнинг кейинги шарҳларимизда батафсил ёритилади.

 

________________


Айтиб ўтилганларни хулоса қилиб, бизнес билан ўзаро муносабатлардан манфаатдор юристларга бир нечта қисқа тавсияларни берамиз:

 

тадбиркорлик субъектини ҳуқуқий таъминлашга киришишдан олдин ўзингиз учун у томондан амалга оширилаётган фаолиятни тартибга соладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар базасини тайёрлаб олинг.

 

корхона фаолиятининг барча йўналишлари реал ҳолатини қонунчилик ва ички нормативларга мувофиқлиги юзасидан тадқиқ қилинг;

 

юридик шахс томонидан энг кўп йўл қўйиладиган қоидабузарликлар ва камчиликларни бартараф қилиш бўйича асосий таклифларни ифодаланг;

 

тадбиркорларга ҳуқуқий майдон доирасида харажатларни мақбуллаштириш бўйича чораларни тавсия қилинг, бу бизнесни иқтисодий ривожлантиришнинг янги босқичига чиқишга кўмак беради;

 

долзарб ҳуқуқий ахборот манбаига айланинг, бизнес ва тадбиркорлик фаолиятини ҳуқуқий тартибга солишнинг асосий йўналишини кузатиб боринг.

 

 

 

Олег ЗАМАНОВ,

эксперт-юристимиз. 

 


1 Вазирлар Маҳкамасининг 24.08.2007 йилдаги 182-сон қарори.

 

2 Фуқаролик кодекси. 21.12.1995 йилдаги 163-I-сон ва 29.08.1996 йилдаги 256-I-сон қонунлар билан тасдиқланган. Олий Мажлиснинг 29.08.1996 йилдаги 257-I-сон Қарорига мувофиқ амалга киритилган; Солиқ кодекси. 25.12.2007 йилдаги ЎРҚ-136-сон Қонун билан тасдиқланган. 1.01.2008 йилдан амалга киритилган.

 

3 29.08.1998 йилдаги 670-I-сон Қонун.

 

4 2.05.2012 йилдаги ЎРҚ-328-сон янги таҳрирдаги Қонун.

 

5 З0.04.1998 йилдаги 609-I-сон Қонун.

 

6 “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” Қонун (6.05.2014 йилдаги ЎРҚ-сон янги таҳрири); Вазирлар Маҳкамасининг “Акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2.07.2014 йилдаги 176-сон қарори; Президентнинг “Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 24.04.2015 йилдаги ПФ-4720-сон Фармони; Президентнинг “Акциядорлик жамиятларига хорижий инвесторларни жалб қилиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 21.12.2015 йилдаги ПҚ-2454-сон Қарори ва б.

 

7 Президентнинг “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 24.08.2011 йилдаги ПФ-4354-сон; “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини  янада  такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 7.04.2014 йилдаги ПФ-4609-сон ва “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 15.05.2015 йилдаги ПФ-4725-сон Фармонлари.

 

8 Турли манбаларда маъно жиҳатдан ўхшаш «Due Diligence тартиботи» тушунчаси учратилади. 

Курс валют

2016-12-06
  • USD:3189.93 (+13.77) сум
  • EUR:3434.89 (--15.97) сум
  • RUB:49.72 (+0.57) сум

Вопрос недели

Ташкент – не сельская местность
Я проживаю в г. Ташкенте с родителями, своего жилья не имею. Могу ли я принять участие в программе доступного жилья, если женюсь и решу жить отдельно от родителей?
09.12.16
Просмотры: 210