Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzЗадержали выплаты работнику – как рассчитать проценты за задержку выплат Как трактовать компенсацию за задержку выплаты дохода работнику Не пропустите сроки регистрации чеков онлайн-ККТ за апрель для зачета НДС по ним Как предприятию продать квартиру физическому лицу

Бизнеснинг қай турини танлаган маъқул?

15.12.2016

Бирор корхонага эгалик қилиш, дўконни бошқариш, ўз ишини бошлашни орзу қилмайдиган одамнинг ўзи бўлмаса керак. Айниқса, ишдан кейин чарчаб уйга қайтаётганда, раҳбар билан келишолмай қолганда, тузукроқ иш тополмай қийналиб юрганда шундай фикрлар хаёлларни чулғайди.

Ўзингни оқ кўйлак, костюм-шимда, яп-янги ярқираб турган қимматбаҳо машинада, атрофинг тўла одам, ҳаммаси буйруқларингни бажариб юргандай ҳис қиласан. Чўнтагинг эса муллажиринг билан тўла... Ҳаётда эмас, эртакдагидек юришинг кўз олдинга келади. Сизни ҳам шундай орзу-хаёллар ҳаётингиз мобайнида бир марта бўлса ҳам ўз олами сари етаклагани тайин.

 

Аммо ўз ишини очиб, уни юргизиш осон эмаслигини ҳамма билади. Олма пиш - оғзимга туш, деб ўтираверган билан иш битмаслигини ҳам. Бунинг учун жиддий ёндашув, машаққатли меҳнат талаб этилади. Енг шимариб ишга киришишдан олдин эса, бизнеснинг айнан қайси тури сизга тўғри келишини аниқлаштириб олиш талаб этилади.

 

Бизнеснинг қайси тури: асосий масалалар

Кичик ва хусусий тадбиркорлик соҳасидаги фирмаларнинг аксарияти омади юришмаслигининг асосий сабабини биласизми? Бунинг сабаби: одамлар даромадли ишни бошини тутиш қай даражада мураккаб экани, бунинг учун қанча вақт талаб этилиши, қанча меҳнат қилиш кераклиги ва тайёргарлик жараёни қанчалик жиддий бўлиши кераклигини тасаввур қила олишмайди.

 

Бизнеснинг айнан сизга мосини танлаш учун қуйидагиларни инобатга олиш зарур:

 

1. Бозорда бу маҳсулот/хизмат турига бўлган талаб.

Масалан, озиқ-овқат  маҳсулотлари ҳаммага ҳар доим керак. Балиқчилик анжомлари эса фақат тор доирадаги одамларга вақти-вақти билан асқатиши мумкин.

 

2. Соҳанинг бандлик даражаси.

Агар сиз яшайдиган ҳудудда ҳар 5 метр масофада дорихона жойлашган бўлса, яна битта шундай муассаса қуришга ҳеч қандай ҳожат йўқ.

 

3. Товар нархининг олиниши мумкин бўлган даромад билан ўзаро нисбати.

5 млн. сўм топиш учун нечта пайпоқ сотишингиз керак? Спорт кийимларини-чи? Пальтоларни-чи?

 

4. Соҳадан қанчалик бохабар эканингиз.

Масалан, каремат ва коридор ўртасидаги фарқ қандай бўлишини билмасангиз, сайёҳлик товарлари дўконларини очишингизнинг ҳожати йўқ. Аввал назария билан танишиб чиқинг. Сотувчи билса бўлди-да, деб унга ишониш ярамайди.

 

5. Сиз ишламоқчи бўлган ҳудуд аҳолисининг даражаси.

Масалан, қишлоқ жойда Европа стандартлари асосида қурилган қимматбаҳо тамаддихонага ҳеч ким кирмайди. Кафе, чойхона, ветеринар клиника эса одамлар билан гавжум жойга айланиш эҳтимоли анча катта.

 

6. Товарнинг барча мавсумларга мослиги.

Ишлаб чиқариладиган товар йилнинг барча фаслларида оммабоп бўлишига эътибор қаратиш лозим. Масалан, карнавал костюмлари асосан байрамлар арафасида сотиб олинади.

 

7. Ҳисоб-китоблар.

Қанча пул сарфлаб қанча даромад қилишингизни олдиндан ҳисоблаб чиқишингиз керак. Коммунал хизматлар тўловлари, ходимларнинг маошлари, солиқлар, керакли материаллар ва товарларга ишлатиладиган маблағларни чиқариб ташлайсиз.

 

Муваффақиятлар ва омадсизликлар омиллари

 

Икки одам бир вақтнинг ўзида бизнесни йўлга қўйишга қарор қилишди. Аммо улар эришган натижалар бир-биридан тубдан фарқ қиларди. Чунки уларнинг бири шуғулланишни бошлашидан олдин соҳани яхшилаб ўрганди, бошқаси эса таваккалига дабдурустдан иш бошлаб қўя қолди.

 

Анора кўчмас мулк агентликларидан бирида ишлаб юрган пайтлари ўз ишини йўлга қўйиш ҳақида ўйлаб қолганди. У фирмада уч йилдан бери ишлар, соҳада анча-мунча тажрибага эга эди.

 

Одамлар билан осон мулоқотга киришар, ҳужжатларини тезда расмийлаштириб берадиган таниш юристлари ҳам кўп эди. Бунинг устига оз бўлса-да, мижозлар ҳам орттирган эди.

 

1. Анорада бизнесни йўлга қўйиш учун фақат бир нарса — бошланғич капитал етишмасди. Банкдан қарздор бўлишни истамаган Анора бир йил давомида ул-булдан чегириб, ойлик иш ҳақини  йиғди. Ўтган вақт ичида анча-мунча маблағ тўплаб қўйди. Етмаган қисмини эса холасидан олди. Сабри ва машаққатининг меваси ўлароқ икки йилда унинг кўчмас мулк агентлиги шаҳардаги энг яхши агентликлар қаторига қўшилди.

 

2. Комил эса ҳар куни эрта тонгдан ишга отланмаслик, сахар турмаслик, бекорчи вақти кўпроқ бўлишини ўйлаб тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга қарор қилди. Негадир автомобиль эҳтиёт қисмлари савдоси унга бойлик келтиришига амин эди. Аммо ўз машинаси йўқ, ҳатто автотоварлар ҳақида етарли маълумотларга эга эмасди.

 

Бошланғич капитали ҳам йўқ бўлгани боис ойисининг номидаги уйни гаровга қўйиб, банкдан кредит олишга қарор қилди. Автодўкон зўр-базўр 8 ой фаолият юритди. Кейин камомади сабабли уни ёпишга тўғри келди. Кўчада қолиб кетмасликлари учун онасининг иш ҳақини ҳам банкка тўлашларига тўғри келаяпти.  

 

Замона зайлига қандай бизнес тўғри келади?

 

Бизнес йўналишини белгилаб олиш осон иш эмас. Айниқса, танлаган соҳангиз бўйича ҳеч қандай малакангиз бўлмаса, бу йўл сиз учун жуда мураккаб бўлади.

 

Айтайлик, пардозчи, сартарош, тиш доктори қандай хизмат кўрсатиши мумкинлигини яхши билади. Гуманитар соҳани танлаганларга эса қандай йўналишда бизнес очиш масаласи кўндаланг бўлганда, танлов масаласи анча пайтгача кўндаланг тураверади.

 

Бундай вазиятда бугун бозорда қайси товарлар ва қандай хизматларга талаб катталигини текшириш ёрдам бериши мумкин.

 

Масалан, одамларга доим зарур бўлган нарсалар:

  • озиқ-овқат;
  • қиммат бўлмаган, аммо сифатли кийим-кечак;
  • уй ҳайвонларини боқиш учун ем-хашак;
  • дори-дармон, ўқиш, таъмирлаш, тозалаш ишлари, тюк ва одам ташиш ва ҳоказо.

 

Оддий ёки ғайриоддий

 

Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун оммабоп бўлган йўналишлардан бирини танлаш (агар таклиф талабдан ортиқ бўлмаса) ё бўлмаса, ўзига хос йўналишни кашф этиш керак.

 

Агар сармоядорлар муайян йўналиш учун пул ажратишни истамаса ёки мижозлар уни сотиб олишмаса бунга фақат қуйидаги учта сабаб “айбдор”дир:

 

1.   Сиз сотиш усулларини яхши билмайсиз;

2.   Сиз қандай маҳсулот сотишни билмайсиз;

3.   Сиз кимга сотишни билмайсиз.

 

Катта маблағларсиз бизнес бошлашнинг яхши имкониятларидан бири — интернет дўкон. Ривожланган давлатларда ахборот технологиялари шунчалик кундалик турмуш тарзига сингиб кетганки, усиз бир лаҳзани ҳам тасаввур эта олишмайди.

 

Интернетга кириб истаган маҳсулотларини танлашади ва зум ўтмай, уддабурро тадбиркорлар товарни мижознинг хонадони остонасига элтиб беришади. Бозорма-бозор, дўконма-дўкон айланиб, излаб юришнинг эса ҳеч қандай ҳожати йўқ.

 

Каттароқ товарлардан — телевизорми, кир ювиш машинаси кабиларни уйга қайси машинада олиб келаман деб бош қотириб ўтиришмайди ҳам. Энг қизиғи, бундай усулда олинган товар дўконлардагидан анча арзонга ҳам тушади.

 

Тадбиркорликни бошлашдаги энг асосий қийинчиликлардан бири одамларнинг ишончини қозона олиш. Эндигина бозорга кириб келган “янгиларнинг” оёққа туриб олиши учун анча-мунча вақт кетади. Аммо бошқа бирор кимса таклиф эта олмайдиган усулларни ўйлаб топсангиз, марра сизники! Муваффақият қозонишингиз турган гап.

 

Фозила Ашурова, мухбиримиз

 

Мавзуга оид материал:

 

Бизнеснинг қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклини танлаган маъқул?

 

 

 

kadrovik.uz

Курс валют

2024-04-24
  • USD:12705.00 (+0.00) сум
  • EUR:13543.53 (+0.00) сум
  • RUB:136.11 (+0.00) сум

Читайте в свежих номерах