Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro
  • www.norma.uz
  • Бизнинг шарҳлар
  • Депутатларнинг жойлардаги фаолияти – жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмига айланмоқда

Депутатларнинг жойлардаги фаолияти – жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмига айланмоқда

19.05.2017

Давлат раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида 2017 йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиб, шу муносабат билан парламент ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини шакллантириш мақсадида шаҳар ва туманларда ҳақиқий аҳволни ўрганиб, тегишли раҳбарларнинг ҳисоботини халқ депутатлари Кенгашлари сессияси муҳокамасига киритиш тартибини жорий этишни таклиф этган эди.

 

Шунга асосан ҳудудлардаги ишларнинг ҳақиқий аҳволини ўрганиш, аҳоли билан доимий мулоқот ўрнатиш ва уларни ташвишлантираётган масалаларни ҳал этиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларининг ҳар ойда жойларга чиқишлари ташкил этилмоқда.

 

Ушбу тадбирларни самарали амалга ошириш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2017 йил 30 мартдаги 765–III/КҚ-168–III-сон «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ҳудудларни ривожлантиришнинг энг муҳим вазифаларини ҳал этишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга доир фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қўшма қарори қабул қилинди.

 

Унга мувофиқ, парламент Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари томонидан жойлардаги ишларнинг ҳолатини ўрганиш тартиби тўғрисидаги Низом ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларининг 2017 йилда жойларга чиқиши жадвали тасдиқланди.

 

Хусусан, белгиланган жадвал асосида Фарғона вилоятидан сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари жорий йилнинг май ойида Ўзбекистон туманида бўлиб,туманда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан ўрганишлар ўтказдилар.

 

Ўрганишлар давомида депутатлар ва сенаторлар ҳудудлардаги аҳоли, шу жумладан ёшлар, тадбиркорлар, фермерлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари ҳамда фаоллари билан бевосита учрашувлар ўтказдилар. Улар томонидан жойларда 940 та хонадонга ташриф буюрилиб, ҳар бир хонадон вакиллари билан тўғридан-тўғри мулоқот олиб борилди.

 

Мулоқотлар давомида аҳоли томонидан уларни ўйлантираётган ва ўз ечимини кутаётган турли муаммо ва камчиликлар юзасидан жами 786 та масала кўтарилди. Мазкур масалалар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, улар асосан уй-жой-коммунал (198 та), транспорт ва йўл қурилиши (124 та), банк-кредит (108 та), аҳоли бандлиги (76 та), соғлиқни сақлаш (74 та), экология ва атроф-муҳит (55 та), таълим (42 та), тадбиркорлик (40 та), пенсия ва нафақа таъминоти (36 та), фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари (26 та), савдо ва маиший хизмат (21 та), маданият ва спорт (17 та), интерактив давлат хизматларини кўрсатиш (9 та), ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолияти (8 та) ва пластик карталар орқали тўловларни амалга ошириш (6 та) соҳаларига тааллуқлидир.

 

Депутатлар ва сенаторлар томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 173 та (25%) масала жойида ҳал этилди.

 

Туман даражасида ҳал этилиши лозим бўлган 362 та масалани ҳал этиш юзасидан тегишли маҳаллий давлат органлари ва бошқа ташкилотларга кўрсатмалар берилди ҳамда уларнинг бажарилиши назоратга олинди.

 

“Ўзбекистон туманини 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури”доирасида саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис йўналишларида 137 та лойиҳалар амалга оширилиши натижасида 1217 та янги иш ўринлари яратилган.

 

Натижада йил якуни бўйича саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2016 йилда 262,2 млрд. сўмга етиб, ўтган йилга нисбатан 127% ўсган, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш ҳажми 147,9 млрд. сўмни ташкил этиб, 113,3%га ўсишга эришилган. Лекин шуни ҳам айтиш лозимки,эришилган ютуқлар билан бирга қатор камчиликлар ҳам борлиги аниқланди.

 

Туманда саноат йўналишида белгиланган 38 та инвестиция лойиҳаларининг 4 тасининг ижроси таъминланмаган. Натижада 183 та янги иш ўринлари яратилмай қолган.

 

Шу билан бирга ўрганишлар жараёнида аниқланган муаммо ва камчиликлар юзасидан айрим масалалар алоҳида қайд этилмоқда. Жумладан:

  • аҳолининг бандлигини таъминлаш соҳасида ҳанузгача расмиятчилик ва кўзбўямачиликка йўл қўйилаётганлиги, хусусан, аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисидаги ҳисоботларда маълумотлар қўшиб ёзилаётганлиги, ишсизликни бартараф этиш бўйича қатъий чоралар кўрилмаётганлиги ушбу соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал этишга тўсиқ бўлмоқда;
  • тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини самарали ташкил этишда электр ва газ таъминотидаги муаммолар салбий таъсир кўрсатмоқда, шунингдек ҳудудларда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолини унга кенг жалб этиш юзасидан мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаганлиги натижасида оилавий тадбиркорлик субъектларининг сони ҳанузгача камлигича қолмоқда;
  • фуқароларга ногиронликни тайинлаш ва уларни тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари томонидан тиббий кўрикдан ўтказишнинг амалдаги тизими аҳолига муайян қийинчиликлар туғдираётганлиги маълум бўлди. Бунда бир неча йиллардан бери муддатли ногиронлик тайинланаётган айрим фуқароларнинг ҳар йили комиссия кўригидан ўтиши уларга оғирлик қилаётганлиги, бу тоифадаги фуқароларга ҳар йили бир хил даражадаги ногиронлик гуруҳи тайинланса-да, доимий ногиронликни тайинлаш масаласи кўриб чиқилмаётганлиги уларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда.

 

Ушбу ўрганишлар давомида аниқланган муаммолар ва камчиликларни парламент назоратининг парламент сўрови, парламент эшитуви ва депутат сўрови каби шаклларидан фойдаланган ҳолда бартараф этиш юзасидан парламентнинг зарурий чора-тадбирлари белгилаб олинди.

 

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси барча худудларида Парламент аъзоларининг жойларда ҳақиқий аҳволни ўрганиш юзасидан ташкил этилган фаолияти, давлат раҳбарининг халқ билан мулоқот қилиш, уларни ўйлантираётган масалаларни тинглаб, муҳокама этиш - худудларда тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қилиш борасида нақадар самарадор эканлигини ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмига айланиши зарурлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб берди.


Шуҳрат ШАРАФУТДИНОВ

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси.