Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzЗадержали выплаты работнику – как рассчитать проценты за задержку выплат Как трактовать компенсацию за задержку выплаты дохода работнику Не пропустите сроки регистрации чеков онлайн-ККТ за апрель для зачета НДС по ним Как предприятию продать квартиру физическому лицу

Эрталаб – товар, кечқурун – тўлови

30.03.2016

Башарти сотувчи қарши бўлмаса, харидор товар учун тўловни даъво билдириш муддати тугагандан кейин ҳам амалга ошириши мумкин. Ва камерал назорат чоғида бу қоидабузарлик деб тан олиниши мумкин эмас.

 

 

Вазият: Камерал назорат чоғида ДСИ уч йил ўтганлиги ҳамда даъво билдириш муддати тугагани учун кредиторлик қарзини балансдан ҳисобдан чиқариб, унга солиқ солиш (ЯСТ) талабини қўйди. Товар қабул қилинган, божхона расмийлаштирувидан тўлиқ ўтган ва  эркин муомалага чиқарилган, барча мажбурий тўловлар тўланган. Биз қарздорлик суммасини тўлашни рад этмаймиз ва пул маблағлари конвертация қилинишига қараб, уни қисмлар бўйича тўлаймиз. Хорижий етказиб берувчига кечикиш сабабини  ёзма равишда тушунтирдик ва у буларни узрли ҳисоблаб, тўловни кутишга рози бўлди. Контракт амалда, контракт, етказиб бериш, тўлов муддатлари ўз вақтида қўшимча келишувлар билан узайтириб борилаётир. Солиқ инспекторига тўловнинг муддати ўтиб кетишида айбдор эмас эканлигимизни оғзаки тушунтирдик, чунки бизнинг ўз валюта маблағларимиз йўқ ҳамда конвертация амалга оширилишида тўлиқ банкка боғлиқмиз. Бироқ бизга барибир талаб тақдим қилишди. Агар биз қарздорлик бўйича тўловни амалга оширмасак, хорижий етказиб берувчи биз билан ҳамкорлик қилишни тўхтатади, биз эса айнан унга эҳтиёжмандмиз, чунки унинг товари алоҳида сифатга эга. Бу ҳолатда қандай йўл тутайлик?

 

 

АДВОКАТ ШАРҲИ


 

Даъво муддатини қўллаш

 

Даъво муддати - шахс ўзининг бузилган ҳуқуқини даъво қўзғатиш йўли билан ҳимоя қилиши мумкин бўлган муддатдир (Фуқаролик кодексининг 149-моддаси – ФК).

 

Кредиторлик қарзини балансдан ҳисобдан чиқариб, уни солиқ солинадиган базага (даъво муддати ўтганлиги боис) киритиш бўйича талаб ғайриқонунийдир.

 

Биринчидан, харидор товар учун ихтиёрий тарзда ва тўлиқ ҳажмда, шу жумладан даъво муддати ўтганидан кейин тўловни амалга ошириш мажбуриятини бажаришга ҳақли. (бу ФКнинг 161-моддасидан келиб чиқади).

_________


161-модда. Даъво муддати ўтганидан

кейин мажбуриятни бажариш

...даъво муддати ўтганидан кейин мажбуриятини бажарган шахс ижро этиш пайтида даъво муддатининг ўтиб кетганлигини билган ёки билиши лозим бўлганлигидан қатъи назар бажарган нарсасини қайтаришни талаб қилишга ҳақли эмас.

_________

 

Бундан ташқари, ФКнинг 157-моддаси 1-қисмига мувофиқ даъво муддатининг ўтиши белгиланган тартибда даъво қўзғатилиши билан, шунингдек мажбур шахс қарзни тан олганлигини кўрсатувчи ҳаракатларни қилиши билан узилади.

Агар ташкилот қатор қўшимча келишувлар тузган бўлса, хорижий етказиб берувчига қарз тасдиқланган хат, етказиб берилган товар учун тўлов амалга оширилиши бўйича ёзма тарздаги ваъда мавжуд бўлса, демакки, ташкилот ўз қарзини тан олади. Бинобарин, даъво муддати ФКнинг 157-моддаси туфайли узилган.

 

 

Иккинчидан, фақат суд даъво муддатини қўллашга ваколатли.

ФКнинг 153-моддасига асосан бузилган ҳуқуқни ҳимоя қилиш талаби даъво муддатининг ўтганлигидан қатъи назар судда кўриб чиқиш учун қабул қилинади.

 

Даъво муддати суд томонидан фақат низодаги тарафнинг суд қарор чиқаргунича берган аризасига мувофиқ қўлланади.

 

Бу шуни англатадики,  агар қарздор ташкилот суд жараёни асносида даъво муддати тамом бўлганлиги ҳақида судга баён қилмаса, суд уни мустақил равишда қўллашга ҳақли эмас. Бу ҳолатда, даъво муддатлари тамом бўлганига қарамай, суд даъвогар фойдасига қарзни ундиришга ҳақли бўлади.

 

Унутмаслик лозимки, ФКнинг 154-моддасида даъво муддати ўтиши тўхтатиб туриладиган қатор асослар кўзда тутилган. Суд шунингдек ФКнинг 159-моддасига асосан ўтказиб юборилган даъво муддатини тиклашга ваколатли.

 

Шунинг учун суд тегишли қарор чиқаргунча даъво муддати ўтган деб ҳисоблаш ғайриқонуний.

 

Солиқ хизмати органлари даъво муддатини қўллашга ҳақли эмас, бинобарин, кредиторлик қарзини солиқ солинадиган базага киритиб, уни балансдан ҳисобдан чиқаришни талаб қилишга ҳақли эмас.

 

ДСИ талаби билан нима қилиш керак

 

Солиқ кодексининг (СК) 70-моддаси тўртинчи қисмига биноан солиқ тўловчи аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш учун назарда тутилган тартибда тегишли солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича тузатилган солиқ ҳисоботини ёхуд аниқланган тафовутларнинг асосини талабнома олинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда тақдим этиши шарт.

 

Биринчидан, кўриб чиқилаётган ҳолатда ДСИ талабига тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда тўғри асос тайёрлаш зарур:

 

импорт контракти ва унга қўшимча келишувлар;

 

хорижий етказиб берувчи билан ёзишмалар;

 

товар учун қисман тўловни тасдиқловчи тўлов ҳужжатлари;

 

сўм маблағларини валютага конвертация қилиш учун буюртманома;

 

пул маблағлари блок ҳисобварақда захира қилинганлиги тўғрисида банк кўчирмаси/маълумотномаси ва ҳ.к.

 

“Экспорт-импорт операциялари бўйича валюта назорати тўғрисида” Низомнинг1 12-бандига асосан импорт қилинаётган товарларга ҳақ тўлаш корхонанинг Ўзбекистоннинг унга хизмат кўрсатадиган вакил қилинган банкдаги ҳисобварағидан амалга оширилиши керак. Агар ташкилот барча зарурий ҳаракатларни бажарган бўлса, бироқ банк томонидан маблағлар конвертация қилинмаган тақдирда муддати ўтган кредиторлик қарзида ташкилотнинг айби йўқ ҳамда раҳбарга нисбатан маъмурий ундирув қўлланиши керак эмас.

 

Иккинчидан, ДСИга асослар тақдим қилиш муддатига риоя қилиш жуда муҳим – талабнома олинган пайтдан бошлаб 10 кун. СКнинг 96-моддасига асосан давлат солиқ хизмати органи солиқ тўловчи томонидан камерал назорат натижалари бўйича тафовутларнинг асослари тақдим этилмаган ҳолатда солиқ тўловчининг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилишга ҳақли.

 

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175-моддаси биринчи қисмига биноан камерал назорат натижалари бўйича аниқланган тафовутлар асосларини белгиланган муддатда тақдим этмаслик ЭКИҲнинг бир бараваридан уч бараваригача жарима солинишига сабаб бўлади. Мазкур модданинг иккинчи қисмига асосан  худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, ЭКИҲнинг уч бараваридан ўн бараваригача жарима солинишига сабаб бўлади. Кўрсатилган жарималар бевосита солиқ тўловчи ташкилот раҳбарига юклатилади.

 

Шу билан бирга, Олий хўжалик суди Пленумининг “Хўжалик судлари томонидан Ўзбекистон Республикаси солиқ кодекси умумий қисмини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида” 18.06.2010 йилдаги 210-сон қарорининг 23-бандига асосан камерал назорат натижаси солиқ тўловчини жавобгарликка тортиш учун асос бўла олмайди.

 

Пленумнинг ушбу тушунтириши туфайли мазкур ҳолатда ташкилотнинг ўзини жавобгарликка тортиш керак эмас. ДСИ мансабдор шахслари ғайриқонуний ҳаракатлар содир этган тақдирда улар устидан юқори турувчи орган ёки судга шикоят бериш лозим.

 

 

 

Зумрад НИЯЗМЕТОВА, адвокат.

 

Мавзу бўйича материал:

 

 

Бизнесни нотўғри текширдингми – Жиноят кодекси бўйича жавоб берасан

 

________________________

1 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 20.04.1994 йилдаги ПФ-837-сон Фармони билан тасдиқланган.

kadrovik.uz

Курс валют

2024-04-24
  • USD:12705.00 (+0.00) сум
  • EUR:13543.53 (+0.00) сум
  • RUB:136.11 (+0.00) сум

Читайте в свежих номерах