Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Банкларда коррупцияга қарши чоралар кўрилади

22.02.2017

Агробанк” АТБда “Коррупцияга қарши курашиш — давлат ва жамият хавфсизлиги гарови” мавзусида семинар ўтказилди. Унда бугунги куннинг глобал муаммоларидан бири — таъмагирлик, порахўрлик, ўз мансабини суиистеъмол қилиш ҳолатлари атрофлича муҳокама қилинди. 

Чегара билмас иллат 

Коррупция, энг аввало, аҳолининг адолатга ва давлат органларига бўлган ишончини сўндиради. Бу иллат чегара билмайди. У жамият ҳаётининг ҳар қандай жабҳасига путур етказиши мумкин. Жумладан, банк тизимига ҳам. 

 

Банк нафақат ўз лойиҳаларининг омадсиз чиқиши боис, балки аксарият ҳолатларда ходимларининг ноҳалоллиги сабабли зиён кўради, таназзулга учрайди. Кредитлаш, қарз ундириш, касса хизмати, банк маҳсулотларини сотиш, маъмурий хўжалик сектори, бухгалтерия сингари йўналишларнинг барчасида ўз мансабини суиистеъмол қилиш, порахўрлик ҳоллари бошқарув тизимининг обрўсизланишига, бузилишига олиб келиши мумкин.

 

Тажрибалар турлича

 

Тадбирнинг кириш қисмида “Агробанк” АТБнинг Юридик хизмати департаменти раҳбари Жамшид Саиповнинг маърузаси эшитилди.  У мазкур муаммога қарши курашиш борасида кўплаб халқаро ҳужжатлар ишлаб чиқилгани, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ижтимоий адолатни қарор топтиришда оғир жиноятлардан бири бўлган коррупцияга қарши курашиш бутун дунёда долзарб масала эканини таъкидлади. 

 

Унга қарши курашиш борасидаги халқаро амалиёт ҳақида атрофлича ахборотлар берди. Боиси, мазкур муаммо дунёнинг барча мамлакатларига хос бўлиб, унга қарши курашишдаги йўл-йўриқ ва тажрибалар ҳам турличадир. 

 

Тадбир давомида маърузачи  коррупция тушунчасининг мазмуни, коррупцияга қарши курашиш тарихи, Ўзбекистонда коррупция жиноятларининг сабаблари ва унинг олдини олиш масалаларига урғу берди.

 

Коррупция ўзи нима?

 

Коррупция сўзи адабиётларда турлича талқин қилинади. Унинг ягона тушунчаси мавжуд эмас. Масалан, лотинчада corruption — “пора эвазига оғдириш”, corrumpere — “бузилиш, айниш, таназзул”, cor ruptum — “синган, бузилган” маъноларини англатади. Ҳатто халқаро ташкилотларнинг тавсияларида ҳам унга турлича таъриф берилган. Масалан, БМТнинг коррупцияга қарши конвенциясида коррупция сўзига энг қисқа таъриф қуйидагича берилган: “Коррупция — бу шахсий наф кўриш мақсадида давлат ҳокимиятини суиистеъмол қилишдир”. 

 

Ўзбекистон Республикасининг "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунида келтирилган таърифга кўра, коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек,  бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишдир.

 

Коррупция ўзида бир нечта жиноятларни бирлаштиради. Унинг асосий кўринишлари қуйидагилардан иборат:

 

  • мансаб мавқеидан фойдаланиб, мулкни ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилиш;
  • ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш;
  • порахўрлик.

 

Булардан ташқари, коррупциянинг яширин, ниқобланган, маиший (турмушдаги), иш юзасидан олиб бориладиган ва бошқа кўплаб турлари мавжуд. 

 

Коррупцияга қарши қаратилган қонунчилик

 

Маърузачи бугунги кунга келиб республикамизда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишнинг мустаҳкам ҳуқуқий базаси ва аниқ тизими шаклланганини айтди. 

 

Коррупция қадимдан мавжуд бўлган ва унга қарши курашиб келинган. Ушбу иллатга қарши курашишни жаҳон талаблари асосида ташкил этиш мақсадида мамлакатимизда 2008 йилда БМТнинг 2003 йил 13 октябрдаги "Коррупцияга қарши" Конвенцияси ратификация қилинди. Шунингдек, "БМТнинг "Коррупцияга қарши" конвенциясига Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида"ги Қонун қабул қилинди. 

 

Бундан ташқари, 2010 йил март ойида Ўзбекистон Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти доирасида қабул қилинган коррупцияга қарши курашнинг Истанбул режасига (2003 йил 10 сентябрь) қўшилди.

 

2017 йил 3 январда ЎРҚ-419-сон Ўзбекистон Республикасининг "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилингани бу йўлда муҳим қадам бўлди. Орадан ҳеч қанча ўтмай, 02.02.2017 йилда Президентнинг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2752-сон қарори эълон қилиниб, унда 2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат Дастури, Коррупцияга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссия таркиби ва Низоми тасдиқланди.

 

Муаммонинг ҳаётий мисоллардаги акси

 

Сўнгра Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасидан махсус таклиф этилган мутахассис — Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси ходими Худойберди Турсунбеков ўз чиқишини прокуратура ходимлари томонидан тайёрланган видеоролик билан бошлади. Роликда коррупция муаммосининг кўлами ҳаётий ҳолатлар орқали очиб берилганлиги йиғилганларда катта таассурот қолдирди. 

 

Қурилиш соҳасида, олий ўқув юртига кириш борасида, шифохоналардаги, милиция ходимларига пора бериш билан боғлиқ ҳолатлар акс этган роликни кўрган одам шундай вазиятларга дучор бўлганда қандай йўл тутиш кераклигини билиб олади.

 

Хусусан, пора олиш билан бирга пора бериш ҳам жиноий жавобгарликка тортилишга сабаб бўлиши мумкин экани видео орқали очиб берилган. Аммо пора берган одам чин дилдан пушаймон бўлиб, порахўрлик ҳолати рўй берган кундан бошлаб 30 сутка мобайнида давлат органларига хабар берса, жавобгарликка тортилмаслиги қонун билан белгилаб қўйилганига эътибор қаратилди.

 

Таниш-билишчилик, уруғ-аймоқчилик, лавозимни суиистеъмол қилиш ҳолатлари билан юзма-юз келган одам ишонч телефонлари орқали, виртуал қабулхоналарга мурожаат этиши мумкинлиги таъкидланди.

 

Коррупция рейтинги

 

Бош прокуратура ходими айнан банк соҳасидаги коррупция масаласига тўхталар экан, бутун дунёда кўрсаткичлар бўйича айнан банк соҳасида мансабдор шахслар томонидан ўзига ишониб топширилган вазифаларни суиистеъмол қилиш ҳолатлари кўп учраётганини таъкидлади. Жумладан, мисоллар келтириб, Прокуратура томонидан фош этилган жиноятлар бўйича факт ва далилларни очиқлади.

 

Қонун ҳужжатлари ҳақида гапирар экан, у 2017 йил 2 февраль куни ПҚ-2752-сон қарор билан бевосита коррупцияга қарши курашувчи органлар ва уларга кўмаклашувчи органлар рўйхати келтирилганини алоҳида таъкидлади. 

 

Коррупцияга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссия ишонч телефонлари, веб-сайтлар, ижтимоий сўровномалар ўтказиш орқали ҳамда идора ва вазирликларнинг ўзи томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида 5 баллик рейтинг бўйича давлат идораларида коррупция даражасини аниқлаш ва унга қарши курашиш тизимини ишлаб чиққанини билдирди.

 

Бундан ташқари, муассасаларда аноним равишда сўровномалар ўтказилиши кўзда тутилган. Банклар, вазирликлар ва идораларнинг ҳар бири учун махсус сўровнома бланкалари тайёрланмоқда. Хусусан банкларнинг ўзи қуйи турувчи банкларда сўровномаларни ўтказиши назарда тутилмоқда. Бунинг натижасида турли идоралардаги коррупция ҳолати аниқланади. Банклардаги коррупция ҳолати бўйича маълумотларни Марказий банк тақдим этади.

 

Ҳозирда 2016 йил бўйича шундай маълумотлар жамланган бўлиб, Коррупцияга қарши курашиш бўйича комиссиянинг биринчи йиғилишига тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Унда йил якунлари муҳокама қилиниб, келгуси режалар белгилаб олинади. Йиғилиш бўйича маълумотлар ва идоралардаги коррупцион ҳолат рейтинги прокуратура сайтида ҳам эълон қилиниши режалаштирилган. 

 

Тадбирда таъкидланганидек, коррупция муаммосига қарши курашишда ҳуқуқий саводхонлик, одамларни ҳалол меҳнат қилишга ундаш, ходимлар орасида ўз билими, куч-ғайрати ва ижодий қобилияти билан юксак марраларга эришиш ҳиссисини тарбиялаш муҳимдир.

 

Ҳукуматимизнинг коррупция деб аталмиш иллатни илдизи билан суғуришга қаратилган саъй-ҳаракатларининг идоралар, хусусан банклар томонидан қўллаб-қувватланиши соҳани тубдан соғломлаштиришга ёрдам беришига ишонамиз. 

 

Фозила Ашурова, мухбиримиз.

 

 

 

Реклама ҳуқуқи асосида.

Курс валют

2017-08-15
  • USD:4154.36 (+27.91) сум
  • EUR:4895.49 (+16.43) сум
  • RUB:69.02 (+0.62) сум