Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак исправить 4 типичные ошибки с онлайн-ККТ в комиссионной торговле Когда могут оштрафовать при несвоевременном представлении налоговой отчетности Как предприятию оценить свою платежеспособность и финансовую устойчивость Как оформить дополнительный ЭСФ Как оформить дополнительный ЭСФ

Хусусий тадбиркор томонидан ходим ёллашнинг ўзига хос хусусиятлари

20.06.2016

Ҳозирги вақтда якка тартибдаги тадбиркорларга ёрдам учун ўзларига бир нафардан уч нафаргача ходим ёллаш ҳуқуқи тақдим қилинган. Бунда амалиётда юристлар ўртасида ҳам мунозараларга сабаб бўлаётган талай саволлар вужудга келаётир. Бизнинг шарҳимизда фақат якка тартибдаги тадбиркор ходимларига нисбатан қўлланиладиган ҳамда қонунчиликда аниқ баён этилган хусусиятлар ҳақида. НҲҲларда айтиб ўтилмаган барча ҳолатларда меҳнат қонунчилигининг барча умумий нормалари қўлланиши керак.


 

Энг аввало

 

Якка тартибдаги тадбиркор (кейинги ўринларда ЯТТ):

 

ҳокимлик ҳузуридаги тегишли “ягона дарча” маркази томонидан рўйхатдан ўтказилиши ва бу ҳақда гувоҳнома1 олиши;

 

рўйхатдан ўтказувчи орган муҳри билан тасдиқланган эскизлар бўйича муҳр ва бурчак тамғасини тайёрлатиши 2;

 

қонунчиликда белгиланган тартибда банк ҳисобварағини очиши керак.

 

Фақат шундан кейингина ходимни қабул қилишга ўтиши мумкин.

 

Меҳнат кодексининг (МК) 15-моддаси 4-бандига асосан Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ходимларни ёллашни амалга оширадиган якка тартибдаги тадбиркорлар иш берувчи ҳисобланади.

 

МКнинг 18-моддасига биноан айрим тоифадаги ходимларнинг меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш ўзига хос хусусиятларга эга бўлиши мумкин. Бироқ айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг белгиланадиган хусусиятлари ушбу МКда назарда тутилган меҳнат ҳуқуқлари ва кафолатларининг даражасини пасайтириши мумкин эмас.

 

Қонунчиликнинг кўрсатилган нормаларига мувофиқ ЯТТга МКнинг барча умумий нормалари татбиқ қилинади, бундан қонунчилик билан белгиланган махсус қоидалар (хусусиятлар) мустасно.  

 

Ушбу ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг хусусиятлари ҳозирги вақтда Хусусий тадбиркорлар томонидан ходимларни ёллаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида низомда3 кўзда тутилган (кейинги ўринларда Низом).

 

ЯТТ ходимини ишга қабул қилишни ҳуқуқий расмийлаштириш ва унинг меҳнат фаолиятининг айрим масалаларини кўриб чиқамиз.

 

 

Ёлланма ходимнинг мақоми

 

Низомнинг 5-бандига биноан ЯТТ билан меҳнат муносабатлари ўрнатган жисмоний шахсларга хусусий тадбиркорлар сифатида қаралмайди ва улар хусусий тадбиркор номидан ҳуқуқий ҳужжатларни имзолаш ҳуқуқига эга эмас.

 

Амалиётда якка тартибдаги тадбиркор ўз ходимига ишончнома бериш ва унга ўзининг ўрнига у ёки бошқа ҳужжатларни имзолашга ваколат беришга ҳақлилиги масаласи юзага келади?

 

Қайд қилиш жоизки, ишончнома бериш меҳнат кодекси билан эмас, балки фуқаролик кодекси билан тартибга солинади. Фуқаролик кодексининг 134-144-моддаларига биноан мазкур ҳолатда ишончнома нотариал шаклда расмийлаштирилиши керак, чунки қонунчилик ЯТТ учун бошқа вариантни кўзда тутмайди.

 

 

Штат жадвали

 

Шуни назарда тутиш лозимки, бир неча фаолият турлари билан шуғулланадиган ЯТТ, фаолиятнинг турлари сонидан қатъи назар, уч нафардан кўп бўлмаган ходимларни ёллаш ҳуқуқига эга (Низомнинг 4-банди). Қонунчилик ЯТТ штат жадвалига эга бўлиш мажбуриятини кўзда тутмайди. Бироқ ходимни қабул қилишда у қабул қилинадиган лавозим номига, штат бирликларининг умумий сонига эга бўлиши зарур, шунингдек ҳар қандай ҳисоботни топширишда (ёки текширишда4) айнан штат жадвали тасдиқловчи ҳужжат (одамлар сони, иш ҳақи) бўлади. Шунинг учун бир кишига бўлса ҳам штат жадвали тузишни тавсия қиламиз. У қулай ва анчадан буён қўлланади, саволларга сабаб бўлмайди ҳамда меҳнат ҳуқуқий муносабатларнинг қонунийлиги далилларидан бири ҳисобланади.

 

 

Ишга қабул қилишда ҳужжатлар

 

Мазкур ҳолатда МКнинг 80-моддаси Низомнинг 12 ва 16-бандлари билан белгиланган хусусиятлар билан қўлланади.

 

Ишга қабул қилишда ишга кирувчи қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

 

паспорт ёки унинг ўрнини босадиган бошқа ҳужжатни, 16 ёшгача бўлган шахслар эса, - туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ва турар жойидан маълумотномани;

 

ҳарбий хизматга мажбурлар ёки чақирилувчилар тегишинча ҳарбий билетни ёки ҳарбий ҳисобда турганлик ҳақидаги гувоҳномани;

 

қонун ҳужжатларига мувофиқ махсус маълумотга ёки махсус тайёргарликка эга шахсларгина бажариши мумкин бўлган ишларга кираётганда олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртини тамомлаганлиги тўғрисидаги дипломни ёхуд мазкур ишни бажариш ҳуқуқини берадиган гувоҳномани ёки бошқа тегишли ҳужжатни.

 

Низомнинг 16-бандига кўра ходим ўзининг  3 х 4 см ҳажмдаги 2 дона фотосуратини ҳам тақдим қилиши керак, чунки ЯТТ ходимни ҳисобга қўйиш учун уларни ДСИга топшириши шарт.

 

Низомнинг 12-бандига асосан ходимга ЯТТ томонидан меҳнат дафтарчаси юритилмаслиги ўзига хос хусусият ҳисобланади ва, демакки, ишга киришда уларни ЯТТга тақдим қилиш талаб қилинмайди.

 

Бироқ бу ўриндошлик бўйича ишга кираётган   шахс учун асосий иш жойидан маълумотнома тақдим қилиш мажбуриятини истисно қилмайди.

 

Шунингдек МКнинг 80-моддаси иккинчи қисмига риоя қилиниши ҳам шарт, унга биноан ишга қабул қилишда ишга кирувчидан қонунчиликда кўзда тутилмаган ҳужжатларни талаб қилиниши тақиқланган; ишга кираётган шахснинг паспорти ҳақиқий бўлмаса, худди шунингдек ишга кираётган шахс вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмаган бўлса ишга қабул қилиш рад этилиши мумкинлигини назарда тутувчи МКнинг  80-моддаси учинчи қисмига ҳам риоя қилиниши керак.

 

Бунда ходим (ўзининг манфаатлари учун) солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ўз вақтида ва тўғри тўланиши учун иш берувчига ўзининг СТИР ва ШЖБПҲ нусхаларини тақдим қилиши лозим.

 

 

Меҳнат шартномаси

 

Ходимни ишга ёллашда (ишга қабул қилишда) ЯТТ у билан ёзма шаклда белгиланган шаклдаги меҳнат шартномаси тузади (қаралсин. Низомнинг 2-иловаси).

 

 

Меҳнат шартномасининг ходимлар аҳволини қонунчилик нормаларида назарда тутилганига қараганда ёмонлаштирадиган шартлари ҳақиқий эмас.

 

Меҳнат шартномасининг доим муддатли бўлиши мазкур ҳолатда унинг ўзига хос хусусияти ҳисобланади. Меҳнат шартномасининг муддати ЯТТни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддатидан ошмаслиги керак (Низомнинг 9-банди). Шу шартдан келиб чиқиб, меҳнат шартномаси тузишнинг энг юқори муддати ўрнатилган, бинобарин, уни камроқ муддатга тузиш ҳам мумкин (гувоҳноманинг амал қилиш муддатидан камроқ муддатга).

 

Шу муносабат билан савол туғилади: гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугагунга қадар ЯТТнинг ўзи ўз фаолиятини муддатидан олдин тўхтатишга қарор қилган тақдирда ёлланма ходим билан қандай йўл тутиш керак? Модомики умумий қоидалардан ҳеч қандай истисно кўзда тутилмаган экан, мазкур ҳолатда МКнинг 100-моддаси иккинчи қисми 1-банди - корхона тўлиқ тугатилганлиги сабабли меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш қўлланиши керак5. Бу эса бундай ҳолат учун қонунчиликда ўрнатилган ходим учун барча тартиботлар ва кафолатларга риоя қилинишини билдиради (олдиндан икки ой олдин огоҳлантириш муддати, уни пул компенсациясига алмаштириш имконияти, ишдан бўшатиш нафақаси, ҳомиладор аёллар ва уч ёшгача болалари бўлган аёлларни ишга мажбурий жойлаштириш ва бошқалар).

 

Меҳнат шартномаси уч нусхада тузилади, улардан биттаси солиқ бўйича ҳисобга олинган жойдаги давлат солиқ хизмати органига берилади, иккинчиси ЯТТда, учинчиси эса - ходимда қолади (Низомнинг 10-банди). Бунда меҳнат шартномасида хусусий тадбиркорнинг имзосини муҳр билан тасдиқлаш талаб қилинмайди (Низомнинг 11-банди).

 

 

Ишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ

 

Бу ҳолатда Низомнинг 11-банди билан умумий қоидадан бевосита истисно ўрнатилган - ишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ расмийлаштирилиши талаб қилинмайди.

 

 

Лавозим йўриқномаси

 

Қонунчилик ЯТТ лавозим йўриқномасига эга бўлиш мажбуриятларини кўзда тутмайди. Меҳнат шартномасининг ўрнатилган шаклида “Ходимнинг мажбуриятлари” графаси назарда тутилган. Ходимнинг барча лавозим мажбуриятларини бевосита меҳнат шартномасида кўрсатишга йўл қўйилади.

 

Бироқ амалиётда бу ноқулай, бундай батафсил таъриф учун аллақачон лавозим йўриқномасидан фойдаланиб келинади. Бу ҳам умумий қабул қилинган ҳужжат, бу энг аввало ходимнинг ўзига ишда нима қилиши керак ва нимани қилиши керак эмаслигини аниқ тушуниш учун зарур. Лавозим йўриқномаси иш берувчи ва ходимларнинг кўпинча юзага келадиган даъво ва низоларини олдини олади, шунингдек ходимнинг айбдор ёки айбсизлигини исботлайди, унинг жавобгарлиги даражасини белгилайди.

 

 

ДСИда ҳисобга қўйиш

 

Низомнинг 15-бандига асосан ЯТТ ёлланган ходимни ҳисобга қўйиш тўғрисида ходим билан меҳнат шартномаси тузилган санадан бошлаб уч иш кунидан кечикмай солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги ДСИга ўрнатилган шакл бўйича ариза тақдим этади (қаралсин. Низомнинг 3-иловаси).

 

Ходимни ҳисобга қўйиш тўғрисидаги аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

 

якка тартибдаги тадбиркор ва ходим ўртасида тузилган меҳнат шартномасининг нусхаси;

 

ходимнинг 3 х 4 см ҳажмдаги 2 дона фотосурати;

 

ёлланган ходим паспортининг нусхаси (Низомнинг 16-банди).

 

ДСИ ёлланган ходимни ҳисобга қўйиш тўғрисидаги ариза олинган санадан бошлаб уч иш куни мобайнида ЯТТга меҳнат шартномасининг амал қилиш муддатига Ёлланган ходимни ҳисобга қўйиш карточкасини  беради. Амал қилиш муддати тугагач Ҳисобга қўйиш карточкаси ДСИга топширилади ва йўқ қилинади. Ходим билан меҳнат шартномаси муддатидан олдин тўхтатилган тақдирда эса ЯТТ  ДСИга ходим билан меҳнат шартномаси тўхтатилганлиги тўғрисидаги билдиришномани ва бир вақтнинг ўзида Ҳисобга қўйиш карточкасини топширади (Низомнинг 18-21-бандлари).

 

 

Меҳнат дафтарчаси ва иш стажи

 

Низомнинг 12-бандига биноан ходимга якка тартибдаги тадбиркор томонидан меҳнат дафтарчаси юритилмайди. ЯТТда ёллаш бўйича ишлаган иш даврлари унинг учун ушбу даврларда Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган тақдирда ходимнинг меҳнат стажига қўшилади (Низомнинг 13-банди).

 

Бундай суғурта баддалларини тўлашни ЯТТнинг ўзи амалга ошириши керак, чунки у иш берувчи ҳисобланади. Бундан ташқари, Низомнинг 5-банди сабабли  ходим ҳужжатларни ЯТТ номидан имзолашга ҳақли эмас. Шундай қилиб, ҳатто бухгалтерни ишга қабул қилганда, ЯТТ унга нотариал тасдиқланган ишончнома бериши керак. Одатда (юридик шахсларда) бухгалтерга имзо ҳуқуқи ишга қабул қилишдаги буйруқнинг ўзида тақдим қилинади. Бироқ бу ҳолатда, гарчи ишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқарилмас экан ҳамда ЯТТ номидан имзолашга ҳуқуқий тақиқ  мавжуд экан, нотариал шаклда ишончнома бериш зарур ҳужжатларга имзо қўйиш ҳуқуқини тақдим этишнинг ягона қонуний варианти ҳисобланади.

 

Ходим қуйидаги ҳолатларни инобатга олиши муҳим:

 

- тузилган меҳнат шартномаси ЯТТдаги ишнинг ягона тасдиғи бўлади, чунки мазкур ҳолатда буйруқ ва меҳнат дафтарчаси бўлмайди;

 

- амал қилиш муддати тугагач Ёлланган ходимни ҳисобга қўйиш карточкаси  солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органига топширилади ва йўқ қилинади (20-банд);

 

- ЯТТ гувоҳномаси одатда қисқа муддатга (2-3 йилга) берилади, муддати тугагач эса рўйхатдан ўтказувчи органга топширилади.

 

Шунинг учун, кўрсатилган ҳужжатлар бутунлай топширилиши (ёки йўқотилиши), шунингдек суғурта бадаллари тўлови бўйича маълумотлар йўқотилиши туфайли юзага келиши мумкин бўлган стажни тасдиқлашдаги қийинчиликларни олдини олиш мақсадида, ходим ЯТТдан унинг учун суғурта бадалларининг даври, саналари ва суммаси тўғрисида маълумотнома олиш ҳақида ўз вақтида қайғуриши лозим. ЯТТ гувоҳномаси ва ўзининг Ҳисобга қўйиш карточкасидан нусха олиб, буларни ЯТТ муҳри билан тасдиқлаш ҳам ортиқча бўлмайди.

 

Қонунчилик ЯТТ ходимга бундай ҳужжатларни тақдим қилиш мажбуриятини сақламайди, шунинг учун бу мажбуриятни меҳнат шартномасида, олайлик, “Иш берувчининг мажбуриятлари” графасида ёки “Бошқа шартлар” графасида ёзиб қўйиш мақсадга мувофиқдир. Бундай таърифни кўзда тутиш мумкин: “иш берувчи қонунчиликда белгиланган тартибда ходим учун суғурта бадаллари тўлаши ва бу ҳақда ходим учун меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ҳар бир сана ва тўлов суммаси кўрсатилган ҳолда бутун иш даври учун маълумотнома тақдим қилиши, шунингдек  Ҳисобга қўйиш карточкасидан ва ўзининг якка тартибдаги тадбиркор гувоҳномасидан якка тартибдаги тадбиркор муҳри билан тасдиқланган нусхаларни тақдим қилиши шарт”.

 

Амалиётда ЯТТда ёллаш бўйича ишлаш билан боғлиқ бошқа масалалар ҳам вужудга келади. Ҳурматли ўқувчилар, эслатиб ўтамиз, сиз батафсил тушунтиришлар юзасидан “Жавоб берамиз!” маълумот хизматига мурожаат қилишингиз мумкин.

 

 

Зумрад НИЯЗМЕТОВА, адвокат.


 


1 Якка тартибдаги тадбиркорни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида гувоҳнома, амалиётда “патент” деб аталади.

2 Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйишнинг хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 28-банди (Президентнинг 24.05.2006 йилдаги ПҚ-357-сон Қарори билан тасдиқланган).

3 ВМнинг 2015 йил 31 июлдаги 219-сон қарори билан тасдиқланган.

4 Масалан, меҳнат ҳуқуқ инспектори томонидан.

5 Меҳнат кодексининг 18-моддаси туфайли. 

 

kadrovik.uz

Курс валют

2024-04-23
  • USD:12711.00 (+0.00) сум
  • EUR:13538.49 (+0.00) сум
  • RUB:136.31 (+0.00) сум

Читайте в свежих номерах