Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид 2017-2019 йиллар учун Бош келишув имзоланди

27.02.2017

2017 йил 22 февраль куни Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши, Савдо-саноат палатаси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид 2017-2019 йиллар учун Бош келишув имзоланди.

 

Келишувда меъёрий ижодкорлик ва ходимларнинг ҳуқуқий ҳимояси ишларида тарафларнинг биргаликдаги иштироки алоҳида бўлимда акс эттирилди.

Меҳнатга ҳақ тўлаш,  аҳолининг реал даромадлари ва турмуш даражасини кўтариш масалаларида илк бор ялпи ички маҳсулот таркибида меҳнат ҳақи улушини 30  фоиздан кам бўлмаган миқдорда сақлаб туриш, энг кам иш ҳақи миқдорини белгилаш бўйича уч томонлама маслаҳатлашувлар ўтказиш хусусида келишиб олинди.

 

Меҳнат бозорини ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашиш масалаларида барқарор иш ҳақини ва хавфсиз меҳнат шароитларини таъминловчи доимий иш ўринлари, айниқса қишлоқ жойларида яратилишига,  олий ва ўрта махсус таълим муассасалари битирувчиларини, меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларни ҳамда  ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларининг бошқа тоифаларини ишга жойлаштиришга кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ деб топилди.

 

Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлигини ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири деб ҳисоблаган ҳолда, тарафлар ишлаб чиқаришда шикастланиш ва касб касалликларининг олдини олиш, шунингдек, уларнинг пайдо бўлиш сабабларини бартараф этиш ишларини амалга оширишга эътибор қаратиш, меҳнат шароитлари ва муҳофазаси, саноат ва экологик хавфсизлик ҳолатини давлат назорат органлари билан ҳамкорликда текширишни амалда кенг қўллаш мажбуриятини ўз зиммаларига олдилар.

 

Ижтимоий кафолатлар ва ижтимоий ҳимоя соҳасида тарафлар бизнеснинг корпоратив ижтимоий масъулиятини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш асосида жамоа шартномалари ва келишувлари орқали кам таъминланган оилаларга, болали оилаларга, уруш ва меҳнат фахрийларига моддий ёрдам кўрсатиб бориш мажбуриятини олдилар.

 

Маънавий-маърифий ишлар, жисмоний тарбияни оммалаштириш ишлари, меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш масалалари ҳам эътибордан четда қолмади.

 

Бош келишувда шунингдек жамоа шартномаларига аёллар ва ёшлар учун қўшимча кафолатларни, шу жумладан:

  • ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари кунини узайтириш;
  • болали аёлларга моддий ёрдам кўрсатиш ва қисқартирилган иш вақтини ўрнатиш;
  • касб-ҳунар таълими муассасаларининг битирувчиларига  меҳнат муносабатлари соҳасида қўшимча имтиёзлар ўрнатиш;
  • узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар харид қилиш, уй-жой қурилиши, шунингдек сафарбарлик чақируви захирасида хизматни ўташга ҳақ тўлаш учун ёш ходимларга фоизсиз ссудалар  бериш имтиёзларини киритиш тавсия этилди.

 

Бош келишув билан ижтимоий мулоқот ва ижтимоий шерикликни ривожлантириш чоралари ва бу борадаги айрим қоидалар белгилаб қўйилди.

 

Ягона музокара жараёнини татбиқ қилиш мақсадида тегишли касаба уюшмалари ва иш берувчилар (уларнинг бирлашмалари) ўртасидаги тармоқ (тариф) келишувларини – тегишли йилнинг январь ойидан, корхона, ташкилот, муассасаларда жамоа шартномаларини эса – март ойидан кечиктирмай тузиш тавсия этилди.

 

Бош келишувнинг барча бўлимларида Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) билан ҳамкорликни йўлга қўйишга, унинг конвенция ва тавсияларини амалиётга татбиқ этишга эътибор қаратилган.

 

Таъкидлаш лозимки, Бош келишув меҳнат соҳасидаги ижтимоий шерикликнинг асосий ҳужжати ҳисобланади, доиравий тусга эга бўлиб Ҳукумат, Касаба уюшмалари федерацияси ва иш берувчилар ташкилотлари ҳамкорлигининг асосий йўналишларини белгилаб беради. Келишув меъёрларининг катта қисми тармоқ ва ҳудудий келишувлар, шунингдек жамоа шартномалари орқали амалга оширилиши лозим. 


Маҳмуджон ИСАЕВ,  

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши бўлим мудири