Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Икки мамлакат фуқаролигига эга шахслар ўзларини қандай хатарга қўядилар?

13.09.2017

 

Бир ойдан кўпроқ вақт олдин чиққан Фуқароликни йўқотишни расмийлаштириш масалаларига оид ҳужжатларни тайёрлаш тартиби тўғрисидаги  йўриқнома ўқувчиларда жиддий қизиқиш уйғотди. Таҳририятга чет элга кўчиб ўтиб, чет давлат фуқаролигини олган кишилар мурожаат қила бошлашди. Уларнинг айримларига портал эксперти Олег Заманов жавоб беради.

 

- Шарҳни ўқиб чиққандан кейин чет элдаги баъзи фуқароларимиз чет давлат фуқаролигини олганлар автоматик тарзда Ўзбекистон фуқаролигини йўқотади, деб хулоса қилганлар. Шундайми?

 

- Йўқ. Мазкур саволда унутмаслик лозим бўлган бир қанча муҳим жиҳатлар бор.

 

Биринчиси. Юртдошимиз чет давлат фуқаросига айланган сана муҳим роль ўйнайди. Эслатиб ўтамиз, сал кам бир йил аввал (23.09.2017 йил – таҳр. изоҳи) “Фуқаролик тўғрисида”ги Қонунга чет давлат фуқаролигини олиш мамлакатимиз фуқаролигини йўқотиш учун асос сифатида киритилган.

Ушбу тузатиш 2016 йил 24 сентябрдан эътиборан кучга кирди. Кўрсатилган санагача чет давлат фуқаролигини олганлар мазкур асосга кўра Ўзбекистон фуқаролигини йўқотмайди. Агар уни йўқотиш учун бошқа асослар мавжуд бўлмаса ("Фуқаролик тўғрисида"ги Қонуннинг 21-моддасига қаранг) ва киши фуқароликдан чиқиш тўғрисида илтимоснома топширмаган бўлса, у мамлакатимиз фуқароси ҳуқуқий мақомини сақлаб қолади.

 

Иккинчиси. Ҳатто чет давлат фуқаролиги 24.09.2016 йилдан кейин олинган тақдирда ҳам бизнинг фуқаролик Президентнинг тегишли фармони чиққан кундан эътиборан йўқотилади. Таъкидлаб ўтамиз, қонунга тузатишлар кучга кирган кундан эмас, балки бошқа давлат фуқаролигини олган пайтдан бошлаб.

 

Аниқ шахслар томонидан фуқароликни йўқотиш тўғрисидаги фармон нусхаси ушбу фактни рўйхатга оладиган Ўзбекистоннинг чет элдаги консуллик муассасаларига юборилади. Консуллик муассасасига келган ва Ўзбекистон паспортини топширган шахсга фуқаролик йўқотилганлиги тўғрисида маълумотнома берилади.

 

Президент томонидан имзоланган фармон чиққунга қадар киши Ўзбекистон фуқаросига хос бўлган барча ҳуқуқларни, шу жумладан сиёсий ҳуқуқларни (масалан, сайловда иштирок этиш) ва мажбуриятларни (масалан, солиқ мажбуриятлари, ҳарбий мажбурият ва ҳ.к.) сақлаб қолади.

 

-Кўрсатилган асос барибир уларга нисбатан амал қиладиганлар қаерга мурожаат қилиши керак? Қандай ҳужжатлар тақдим этилади ва фуқароликни йўқотишни расмийлаштириш учун ҳақ ундириладими?

 

-Фуқароликдан чиқишни уни йўқотиш билан адаштирмаслик керак.  Биринчи ҳолатда ҳақиқатан ҳам мамлакатимиз Президенти номига фуқароликдан чиқиш тўғрисида ариза бериш лозим. Унга тегишли ҳужжатлар пакети илова қилинади ҳамда 2 ЭКИҲ миқдорида давлат божи ёки 100 АҚШ доллари миқдорида йиғим тўланади (фуқаронинг доимий яшаш жойига боғлиқ ҳолда: Ўзбекистонда ёки чет элда – таҳр. изоҳи).

 

Фуқароликни йўқотиш эса унинг эгасининг бу жараёнда бевосита иштирокисиз рўй беради. Яъни фуқаронинг ўзи Ўзбекистон фуқаролигини йўқотиш тартиб-таомилида ташаббус кўрсатиши, уни тўхтатиши ёки унинг боришига қандайдир тарзда бошқача таъсир ўтказиши мумкин эмас. Тегишинча, бу ҳолатда ариза берилмайди ва йиғимлар ундирилмайди.

 

Бевосита ушбу асос (чет давлат фуқаролигини олиш – таҳр. изоҳи) бўйича фуқароликни йўқотиш механизми иккита идора томонидан рўёбга чиқарилади: ТИВ ва ИИВ. Айнан улар чет давлат фуқаролигини олган шахсларни аниқлайди, ахборотни текширади,  барча материалларни расмийлаштиради ва уларни Президент ҳузуридаги Фуқаролик масалалари бўйича Комиссияга юборади.

 

Ҳақиқатда Йўриқнома ушбу жараёнда айни идоралараро ҳамкорликни регламентлайди. Фикримизча, буни ўқувчиларимиз тушуниб олишлари ниҳоятда муҳимдир.

 

- Иккинчи фуқароликни олган юртдошларимизга қандай санкциялар қўлланади?

 

-Иккинчи фуқароликни олиш фактининг ўзи жавобгарликка сабаб бўлмайди. Бироқ, бу ерда ҳам қатор муҳим жиҳатларни эътиборга олиш лозим. Агар чет давлат фуқаролиги (табаалиги) 24.09.2016 йилгача олинган бўлса (юқорига қаранг),  юртдошларимизнинг унга мансублиги тан олинмайди. Албатта, бундай ҳолатда Ўзбекистоннинг миллий қонунчилиги бўйича ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги учун улар жавобгар бўладилар. Бу ерда турлича вазият бўлиши мумкин.

 

1-вазият. Мамлакатимиз фуқароси чет элга чиқяпти. Чет элда узоқ вақт бўлгандан кейин у олинган чет эл паспорти ёки муддати ўтган Ўзбекистон паспорти бўйича Ўзбекистонга келади.

 

Чет элда доимий ёки вақтинча яшаётган Ўзбекистон фуқаролари фақат амалдаги Ўзбекистон паспорти ёки қайтиш сертификати мавжуд бўлганда мамлакатга эркин киришлари мумкин.

 

Тегишинча, чет эл паспорти ёки Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг  муддати ўтган (ҳақиқий бўлмаган) паспорти бўйича кириш ўрнатилган тартибни бузиш ҳисобланади ва ЖК 223-моддаси бўйича жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

 

2-вазият. Ўзбекистон фуқароси Россияга кетди ва Россия фуқаролигини олди. Кейинчалик у Жанубий Кореяга чиқади, бироқ, унинг Ўзбекистон паспортида чет элга чиқиш учун рухсат ёзуви стикерининг амал қилиш муддати ўтган.

 

Бизда Россия билан икки томонлама визасиз режим ўрнатилган, Жанубий Кореяга чиқиш учун эса фуқароларимизга виза расмийлаштириш талаб этилади. Шунинг учун ҳатто РФдан ҳам муддати ўтган стикер билан у ерга чиқиш хатарли.  

 

Агар шахснинг Ўзбекистон фуқаролигига мансублиги ўрнатиладиган бўлса, бундай ҳолат эса тез-тез содир бўлиб туради, масалан, Корея қонунчилигини бузиш, бунда ҳужжатлар ва ҳуқуқбузар тўғрисидаги маълумотларни синчиклаб текширишда ташаббус кўрсатилади,  у ҳолда барча вазиятларда ўша ЖК 223-моддаси бўйича санкция қўлланади (Олий суд Пленумининг 25.11.2011 йилдаги 9-сон қарори 7-банди 1-хатбошисига қаранг).

 

Фуқароликдан чиқиш учун ариза берган ёки “Фуқаролик тўғрисида”ги Қонуннинг 21-моддаси 5-банди таъсир доирасига тушадиган фуқаролар ҳам Президентнинг фуқароликни тегишли равишда тўхтатиш тўғрисидаги фармони чиққунга қадар худди шундай хатар остида бўлади.

 

Таҳририятдан: “Жавоб берамиз” маълумот хизматида паспорт тизими ва фуқаролик масалалари бўйича кенг кўламдаги  жавоблар базаси шакллантирилган. Ўзларини қизиқтираётган саволларга мазкур материалда жавоб тополмаган ўқувчиларга хизмат функционалидан фойдаланишни таклиф қиламиз.

 

Курс валют

2017-09-19
  • USD:8077.48 (--14.65) сум
  • EUR:9646.13 (--72.52) сум
  • RUB:140.22 (--0.99) сум