Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Ипотекага уй оламиз: афзалликлар ва камчиликлар

26.05.2017

Ипотека кредити асосида уй олиш асосан ёш оилаларни қизиқтиради. Кредитлашнинг мазкур тури билан боғлиқ саволлар ва муаммоларни бирма-бир кўриб чиқамиз.

 

Ипотека кредитлари банк хизматлари орасида талаб энг катта бўлган йўналиш саналади. Буни Ўзбекистон Республикасининг “Ипотека тўғрисида”ги Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган “Уй-жой қурилишига, уни реконструкция қилишга ва сотиб олишга ипотека кредити бериш тўғрисидаги низом” каби кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам тасдиқлайди.

 

Ипотека кредити, одатда, олинаётган кўчмас мулкни гаровга қўйилиши эвазига ажратилади. Юртимизда истеъмол кредитларидан ипотека кредитларига нисбатан кўпроқ фойдаланилади. Чунки улар узоқ ва жиддий молиявий масъулиятни юкламайди. Лекин барибир кўпчилик ипотекадан фойдаланишни афзал кўрмоқда Бунинг бир нечта сабаблари бор.

 

Ипотеканинг афзал жиҳатлари

-       квартиралар танловининг турфалиги (бирламчи ва иккиламчи бозорда);

-       олувчи уйга эга бўлиш учун йиллаб пул йиғишига ҳожат йўқ;

-       дарров янги уйга кўчиб ўтиш мумкин.

 

Айниқса, яшашга жойи бўлмаганлар учун ушбу масаланинг тез фурсатда ҳал бўлиши ипотеканинг энг қулай томони саналади.

 

Ипотеканинг салбий томонлари

-       фоиз ставкасининг баландлиги. Ўртача ҳисобда 17-20% (ёш оилалар учун йиллик 9 %);

-       дастлабки тўлов 25%ни ташкил этади;

-       бундан ташқари, агар тўловчи кредит олиб, уни тўлай олмаган бўлса, анчагина миқдордаги жарима суммасини тўлашига тўғри келади;

-       ипотека кўпгина оилаларни иқтисод қилиб яшашга мажбур қилади;

-       ипотекани ҳамма ҳам ола олмайди. Банклар мижозларнинг аҳволини яхшилаб ўрганади.

 

Булар кредитлашнинг ушбу турининг асосий камчиликлари. Аммо муҳим бўлган яна бир жиҳат бор — бу маънавий босим, қарздорлик ҳисси. Шу боис ҳам бундай қадамни қўйишдан олдин яхшилаб мулоҳаза қилиб кўриш тавсия этилади.

 

Кредитлаштиришнинг барча босқичларини қуйидаги асосий бандларга ажратиш мумкин:

 

  • банкда дастлабки шартларни келишиб олиш (банклар томонидан тақдим этилган турли дастурлардан моси танланади);
  • ҳужжатларни тўплаш;
  • ҳужжатларни топшириш;
  • банк томонидан кредит ажратиш масаласининг кўриб чиқилиши.

 

Ижобий қарор қабул қилинган тақдирда:

  • банк ва мижоз ўртасида кредит ажратиш ҳақидаги шартноманинг имзоланиши.
  • сотувчи (қурувчи)га кафолат хатини топшириш.
  • хонадон олди-сотдисини нотариал тасдиқлатиш.
  • хонадон учун мулк ҳуқуқини мижозга расмийлаштириш.
  • хонадонни банк учун гаров сифатида расмийлаштириш.
  • банк томонидан сотувчига пулнинг тўлаб берилиши.

 

Ипотека кредитига ариза топшириш учун қатор ҳужжатларни тўплаш керак бўлади

  • кредит олиш учун ариза;
  • ариза берувчи (кредит олувчи)нинг паспорти;
  • турар жойидан оила аъзолари ҳақида маълумотнома;
  • қарз олувчининг асосий иш жойидан берилган сўнгги 12 ойдаги даромади ҳақида маълумотнома;
  • сотувчи (қурувчи)нинг турар жойга мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нотариал тасдиқланган нусхалари;
  • сотувчидан хонадонни сотиб олиш бўйича келишув;
  • ШЖБПҲ  китобчаси ва СТИР нусхаси.
  • Ички кредит сиёсатидан келиб чиқиб, банк қўшимча ҳужжатларни сўраши мумкин.

 

Қайси банк кредит беради?

 

Бугунги кунда ипотека кредитлари «Ипотека банк», ТИФ Миллий банки, «Қишлоқ қурилиш банк», «Асака банк», «Халқ банки», «Ўзсаноатқурилишбанк» каби кўплаб банклар томонидан берилмоқда. Айтиш керакки, ҳар бир банкнинг ипотека кредити бўйича бир нечта дастурлари мавжуд бўлиб, талабгор уларнинг ўзига мосини танлаб олиши мумкин. Банклар томонидан таклиф этилаётган ипотека кредити муддатлари 10 йилдан 15 йилгача бўлган даврни қамраб олади. Имтиёзли даврлар 12 ойдан 36 ойгача бўлган муддатни ташкил этади. Бошланғич тўлов 25 фоиздан кам бўлмаслиги керак. Бундан ташқари, дастлабки тўловнинг миқдорига қараб фоиз ставкалари ўзгариши мумкин. Яъни, бошланғич тўлов қанча кўп миқдорда амалга оширилса, фоиз миқдори шунча кам бўлади. Кредит миқдори эса ЭКИҲнинг 2500-3000 бараваригача бўлган суммани ташкил этади.

 

Кредитни ҳам квартира олиш учун, ҳам  уй қуриш ва таъмирлаш учун олишнинг имкони мавжуд

 

Ипотека дастурларида қурилиши давом этаётган уйлардаги хонадонларни сотиб олиш учун кредит олиш имконияти ҳам назарда тутилган. Ягона истисно — гаров сифатида қарз олувчининг номига расмийлаштирилган бошқа бир кўчмас мулкни кўрсатиш керак бўлади.

 

Ипотека кредити кимга берилади?

 

Ипотека кредитлари фақат жисмоний шахсларга — 18 ёшдан пенсия ёшигача бўлган Ўзбекистон фуқароларига берилади. Кредит олиш учун талабгор ишлаётган бўлиши зарур. Тошкент шаҳридан хонадон сотиб олиши учун эса пойтахт пропискасига ҳам эга бўлиши керак.

 

Кредит олувчининг расмий даромади ипотека кредитини олиш учун етарли бўлмаган ҳолатларда биргаликдаги қарз олувчини тўловга жалб қилиш мумкин.

 

Масалан, биргаликдаги қарз олувчи сифатида турмуш ўртоғи ёки бошқа қариндошлари қатнашади. Фақатгина уларнинг фамилияси ва прописка манзили қарз олувчи билан бир хил бўлиши керак.

 

Кредит калькуляторлари

 

Ипотека кредитлари дастурлари бўйича суммаларни ҳисоблаб чиқиш учун деярли ҳар бир банкнинг “кредит калькуляторлари мавжуд. Мана, уларнинг баъзилари:

Ипотекабанк, Асакабанк, Қишлоқ қурилиш банк, ТИФ миллий банки калькуляторлари.

 

Ариза банкка топширилганидан кейин кредит бериш ёки бермаслик ҳақида қарор чиқарилади. Масала ижобий ҳал бўлса, мижоз ва банк ўртасида битим тузилади. Кўчмас мулк шартномада гаров тариқасида акс этади.

 

Банк билан тузилган битимнинг қуйидаги бандларига алоҳида эътибор қаратиш тавсия этилади:

 

  • бошланғич тўлов суммаси;
  • ипотека тўлови муддатини узайтиришнинг максимал муддати (у тугаши билан банк жарималар қўллаши мумкин);
  • ипотекани олаётган шахсга қўйиладиган талаблар;
  • тўланадиган энг юқори сумма;
  • мажбурий суғурталар сони.

 

Киритилиши мажбурий бўлган дастлабки тўловдан ташқари ипотека кредити олиш жараёнида қуйидаги харажатлар қилинади:

  • уй-жой ёки квартира нархини баҳолаш билан боғлиқ харажатлар;
  • олди-сотди шартномаси (нотариус, БТИ) ва турар-жойга бўлган кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш билан боғлиқ харажатлар;
  • ипотека шартномасини расмийлаштириш (нотариус, БТИ) билан боғлиқ харажатлар;
  • гаровга қўйилган турар-жой мулкини суғурталаш билан боғлиқ харажатлар;
  • ипотека кредитини банкнинг ўрнатилган тарифлари бўйича расмийлаштириш билан боғлиқ харажатлар.

 

Айтиш жоизки, ёш оилаларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган имтиёзли ипотека имтиёзли давр (унда кредит олувчи асосий қарз суммаси ўзгаришсиз қолгани ҳолда фақат фоизларни тўлаши мумкин бўлади) ва фоиз ставкасининг пастлиги билан ажралиб туради.

 

Бундан ташқари, 2017–2020 йилларда “Арзон уй-жойлар” дастури бўйича юртимизда 50 мингга яқин кўп хонадонли уйлар қурилиши режалаштирилган. Мазкур дастур бўйича бошланғич тўлов миқдори 12,5%гача тушиши кутилмоқда. Фоизлар Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси даражасида сақланиб қолади (ҳозирда - 9%).

 

Яна бир нарсани ёддан чиқармаслик керакки, ҳар қандай молия-кредит ташкилоти сингари банк ҳам тижорат ташкилотидир. У биринчи навбатда турли мақсадларга йўналтирилган кредитлар орқали даромад олишни кўзлайди.

 

Шу ўринда ипотека кредитлари борасида назаримизда муаммоли бўлган бир масала мавжуд. Хабарингиз бор, жорий йил бошида Марказий банк қайта молиялаштириш ставкаси ўзгартирилмаслиги, у 2015 йилнинг январь ойидаги даражада — яъни 9 фоиз миқдорида сақланиб қолишини эълон қилган эди (батафсил — бу ерда).

 

2014 йилгача мазкур ставка 10 фоизни, бундан аввалги йилларда бундан ҳам юқори (12%, 14%, 16%) миқдорларни ташкил этган. Аммо банкларда амалдаги кредит бўйича қайта молиялаштириш ставкасини тушириш амалиёти мавжуд эмас. Яъни бир неча йил илгари 16 фоиз бўйича қайта молиялаштириш ставкаси белгиланган истеъмолчилар учун ҳозиргача ўша ставка амал қилади. Фикримизча, қайта молиялаштириш ставкаси туширилганида, ипотека кредитлари ставкаси ҳам шунга мос равишда ўзгарса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

 

Фозила Ашурова, мухбиримиз.

 

 

Курс валют

2017-08-15
  • USD:4154.36 (+27.91) сум
  • EUR:4895.49 (+16.43) сум
  • RUB:69.02 (+0.62) сум