Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

Жажжи миллионер ёки болаларга молиявий саводхонликни қачондан ўргатиш керак?

30.12.2016

Фарзандингизга нафақат умумий ўрта таълим мактабларида бериладиган билим асослари, балки кунма-кун ўргатилиб, одат тарзига киритиб бориш зарур бўлган молиявий саводхонлик сабоқлари ҳам жуда асқатади. Саъй-ҳаракатларингиз мевасини эса кўп кутиб ўтирмайсиз. Ҳадемай, ўсиб-улғайган фарзандингиз топган пулини ўз ўрнида ақл билан сарфлаши, уни кўпайтириш йўлларини излаши, меҳнати маҳсулининг баракалилиги билан сизни қувонтиришни бошлайди.

Ўтган сафарги материалларимизда пул ишлаш йўллари, пул топишнинг ғайриоддий усуллари, ёш миллионерлар бойлигини қандай сарфлаши каби мавзуларда сўз юритган эдик. Энди эса навбат кичкинтойларга.

 

Пул қадрини билмас бола

Фарзандларимиз дўкон пештахтаси олдида “уни олиб беринг, буни истайман” деб хархаша қилишганда “пуллар осмондан ёғилмайди, кўчадан териб олаётганим йўқ, пул заводим йўқ” қабилида жавоб қайтарган вақтларингиз бўлгани аниқ. Баъзан жаҳлингиз ҳам чиқади: пуллар қаердан келаяпти деган савол устида бошқотириб ўтирмайди-я, ахир, уларни топиш осонми, эртаю-кеч тер тўкиб меҳнат қилиш керак, пул қадрини билмайдиган бола бўлмасайди ҳали...

 

Дастлабки сабоқ 

Келаси сафар яна шундай вазият юзага келганида, яъни ўғил ёки қизингиз қўярда-қўймай дўкондан бирор нима олиб беришни сўраганида, ушбу вазиятдан унга молиявий сабоқ бериш мақсадида фойдаланиб  қолинг. Йўл-йўлакай ҳамёнингиздаги пул қаердан пайдо бўлгани, биринчи марта ишлаб топган пулингиз, уни қандай сарфлаганингиз ҳақида сўзлаб беринг. Бу бола учун биринчи дарс бўлади. Уйга боргач эса  секин-аста мустақил равишда пул топиш, харжлаш, жамғариш, бировлар билан бўлишиш асосларини ўргата бошлайсиз. Биз эса бу йўлда сизга ёрдам беришга ҳаракат қиламиз.

 

Асосларга қайтиш

Аввалига қулай вақтни топиб, пуллар қандай пайдо бўлгани, дастлаб пулларнинг ўрнига нима воситасида савдо қилингани, пул ким томонидан ўйлаб топилгани ҳақида гапириб беринг. Кейинги сабоқларда асосий масалаларга ўтасиз: катталар пулларни ишга бориб-келиб топишади. Аммо жамиятда “даромад” сўзининг маъноси  фақатгина ҳар кунлик офисга бориб-келиш ҳисобига олинадиган пулда мужассам эмас. Масалан, турли сармоялар ёки олинадиган совғалар бўлиши ҳам мумкин.

 

“Банк” ўйини

 

Шунингдек, банкларда пулларни сақлаш эвазига ҳам даромад  олинади.

Дарвоқе, фарзандингиз учун илк банк ўзингиз бўлишингиз мумкин. Аммо “банк” да сақлаши учун у пулни ишлаб топиши керак. Бола билан биргалашиб ўйланг: қандай мураккаб бўлмаган ишни бажариб у мустақил равишда озгина пул ишлаши мумкин. Кир, идиш-товоқ ювиш, уй ҳайвонларини боқиш, гулларга сув қуйиш, овқатлангандан кейин ошхонани йиғиштириш сингари уй ишларини бажариш учун пул ишлаш таклифини бериб кўринг.  Унинг шу тариқа ишлаб топган пулини эса сиз, яъни “банк” жамғариб, кўпайтириб берасиз. Натижада болага асқатувчи бирор нарса сотиб олиб бериш мумкин.

 

Пул топишнинг йўли — бизнес


Одамлар бирор киши буюрган ишларни бажариш йўли билан, компания ёки ҳукумат вазифаларини бажариш орқали даромад топишларини бола билиши керак. Булардан ташқари, ўз бизнесини йўлга қўйиш мумкинлиги ҳақида фарзандингизга албатта сўзлаб беринг.

 

Бола бошқаларга ишлайдиган ходим ким-у, ўзи иш жойлари яратиб, иш билан таъминлаб берувчи иш берувчи ўртасидаги фарқни яхши тушуниб олиши даркор. Демак, одам ўзи ҳам бошқаларга ишлаши ва бир вақтнинг ўзида атрофдагиларни иш билан таъминлаши ҳам мумкин.

 

“Тадбиркорлар” ўйини

 

Баъзи машҳур тадбиркорларнинг ҳаёт йўли ҳақида сўзлаб беринг. Масалан, 10 яшар боланинг баъзи бизнесменлар ва улар яратган компаниялар ҳақида маълумотларга эга бўлиши зарар қилмайди, аммо фойдали бўлиши шубҳасиз.

 

Оила даврасида таниқли бизнесменлар ва улар асос солган компаниялар номини топиш ўйинини ўйнаса бўлади.

 

Катта бўлсанг, ким бўласан?

 

Баъзан болалардан катта бўлганларида қандай касб эгаси бўлишни исташлари ҳақида сўраймиз. Бу саволнинг зоҳирида асосан боланинг эгаллаган касбини севиши, унга меҳр қўйиши ва бахтли бўлиши ётади. Дунёда касблар кўп. Одатда болалар ўзлари билмаган касблар ҳақида кинолардан, китоб ва компьютердан билиб олишади.

 

1-топшириқ.

 

Боладан у эгаллаши мумкин бўлган касбларни мустақил равишда таҳлил этиб чиқишини сўранг. Шу касбларни эгаллаган катталар билан суҳбатлашсин, ўзига хос интервью олсин.

 

Саволлар эса қуйидагича бўлиши мумкин: Бу вазифани уддалаш учун қандай малакаларга эга бўлиш керак? Болаликдаги орзуларининг келгусида айнан шу касбни эгаллашига таъсири бўлганми? Яхши мутахассисга айланиш учун қандай тайёрланиши, нималарга ўқиши талаб этилган? Ҳар кунги ишида ойлик маошдан ташқари яна нималар хуш ёқади?

 

Ҳамма яхши нарсалар — болаларга

 

Вақт учқур отдек ўтиб бормоқда. Бир неча йиллар муқаддам мавжуд бўлган касблар энди йўқолиб бораяпти. Чунки эҳтиёж йўқ, талаб йўқ. Қайсидир касблар ўзгарди, яна қайсилари янги пайдо бўлди.

 

2-топшириқ.

 

Болага шундай вазифа беринг: уйни айланиб чиқсинда, масалан, 20-30 йил муқаддам ҳеч бир хонадонда мавжуд бўлмаган нарсаларни топсин. Унга ўзингиз ҳам ёрдам беринг. Болага у ёки бу янги буюмнинг қандай келиб чиққани ҳақида сўзлаб беринг.

 

Микротўлқинли печь, уяли телефон, рақамли фотоаппарат, ноутбук сингарилар мана шу рўйхатга тушиши тайин. Ушбу кашфиётлар дунё юзини кўриши билан пайдо бўлган янги касблар ҳақида фарзандингизга айтиб беринг. Токи у бир кун келиб бугун ҳатто хаёлининг бир учига келмайдиган касб-корни эгаллаши мумкин эканини тушунсин!

 

Келажак қандай бўлиши ҳақида ўйлаб кўрсин. Фантазия қилсин: келажакда қандай саёҳат қиламиз (масалан, учувчи автомобилларда), тўловларни қандай қилиб амалга оширамиз (масалан, электрон ускуналар орқали) ва бошқалар. Бола келажакда қандай касбларга талаб катта бўлиши мумкин экани ҳақида мулоҳаза юритсин.

 

Ёзиш, чизиш, ўқиш, ҳисоблаш сингари асосий малакалар ҳар доим керак бўлиб қолаверади, аммо ижодикорона ёндашув, ўзгаришларга тез мослашувчанлик каби қобилиятларнинг аҳамияти ортишини англасин. Бутун ҳаёти давомида ўқиб-ўрганиши лозимлигини уқтиринг. Бир сўз билан айтганда, билим — дунёни ўзгартиришга қодир энг кучли қурол эканини англаб етишига ёрдам беринг.

 

 

Фозила Ашурова, мухбиримиз