Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

МЧЖда улуш: номинал ва ҳақиқий қиймати

28.07.2016

“Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Қонун икки тушунчадан фойдаланади: улушнинг номинал ва ҳақиқий қиймати. Бу икки тур ўртасидаги фарқ нимада, улар қандай аниқланади ва қандай ҳолатларда қўлланади?

Улушнинг номинал ва ҳақиқий қиймати тушунчаси1 

 

Қонуннинг 14-моддасига кўра жамият устав фонди (устав капитали) унинг иштирокчилари улушларининг номинал қийматидан таркиб топади.

 

Жамият иштирокчисининг жамият устав фондидаги (устав капиталидаги) улушининг миқдори фоизларда ёки каср кўринишида белгиланади. Жамият иштирокчиси улушининг миқдори унинг улуши номинал қиймати билан жамият устав фондининг (устав капиталининг) нисбатига тенг бўлиши керак.

 

1-мисол. Устав фондининг 100% миқдори 10 млн сўмни ташкил қилади. Битта иштирокчининг номинал қиймати 3 млн сўмни, иккинчи иштирокчининг номинал қиймати эса 7 млн сўмни ташкил қилади. Тегишинча, улушнинг номинал қиймати билан  устав фондининг нисбати тегишинча устав фондининг 30% ва 70% ни ташкил қилади.

 

Яъни, жамиятнинг таъсис ҳужжатларида иштирокчи (таъсисчи) устав фондига киритишга тайёрлаётган ёки киритган улушининг айнан  номинал қиймати  сақланади. Бошқача айтганда, уставда (ва таъсис шартномасида) декларацияланадиган улушнинг қиймати номинал қиймат дейилади.

 

Бироқ қонунчилик яна бир тушунчани –улушнинг ҳақиқий қийматини сақлайди. Кўринадики, бу жамият ўз фаолияти жараёнида молиявий жиҳатдан ривожланиши (фойда олади, ТМБ, шу жумладан узоқ муддатли активларни сотиб олади) ёки аксинча, зарар кўриши ва сарф-харажат қилиши билан боғлиқ. Яъни улушнинг номинал қиймати ҳақиқатда жамиятнинг ҳақиқий молиявий ҳолатига мос келмаслиги мумкин.  Улушнинг ҳақиқий қиймати номинал қийматидан (устав ва таъсис шартномасида декларацияланган) юқори ёки паст бўлиши мумкин.

 

Қонуннинг 14-моддаси тўртинчи қисмига биноан жамият иштирокчиси улушининг ҳақиқий қиймати жамият соф активлари қийматининг унинг улуши миқдорига мутаносиб бўлган бир қисмига мос бўлади.

 

2-мисол.  Жамият устав фондининг миқдори 10 млн сўм, соф активлари эса 100 млн сўм. Битта иштирокчи улушининг миқдори устав фондининг 30%ини, унинг улушининг номинал қиймати 3 млн сўмни, улушининг ҳақиқий қиймати эса 30 млн сўмни ташкил қилади. Иккинчи иштирокчи улушининг миқдори устав фондининг 70%ини, унинг номинал қиймати 7 млн сўмни, улушнинг ҳақиқий қиймати эса 70 млн сўмни ташкил қилади.

 

Жамиятнинг молиявий фаолиятида зарар кўрилган тақдирда улушнинг ҳақиқий қиймати унинг номинал қийматидан паст бўлади.

 

Эслатиб ўтамиз, агар иккинчи ва ҳар бир кейинги молия йили тугаганидан кейин жамият соф активларининг қиймати унинг устав фондидан (устав капиталидан) кам бўлиб қолса, жамият ўзининг устав фондини (устав капиталини) ўзининг соф активлари қийматидан ошмайдиган миқдоргача камайтирилишини эълон қилиши ва бундай камайтиришни белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиши шарт (Қонуннинг 19-моддаси бешинчи қисми).

 

Агар иккинчи ва ҳар бир кейинги молия йили тугаганидан кейин жамият соф активларининг қиймати жамиятнинг давлат рўйхатидан ўтказилиши санасидаги ҳолатга кўра ушбу Қонунда белгиланган устав фондининг (устав капиталининг) минимал миқдоридан кам бўлиб қолса, жамият тугатилиши керак (Қонуннинг 19-моддаси олтинчи қисми).

 

 

Улушнинг  номинал ва ҳақиқий қийматини аниқлаш

 

Улушнинг номинал қийматини аниқлаш осон  – уставнинг (унга киритилган барча ўзгартиришлар билан) тегишли бандини ўқиб чиқиш кифоя.

 

Улушнинг ҳақиқий қийматини жамиятнинг бухгалтерлик балансисиз аниқлашнинг иложи йўқ. Умумий қоидага кўра2,  жамият иштирокчисининг жамият устав фондидаги улушининг ҳақиқий қиймати у ёки бошқа воқеа содир бўлишидан олдинги  охирги ҳисобот даври учун жамиятнинг бухгалтерия ҳисоботлари маълумотлари асосида аниқланади3.  Яъни ЯСТ тўловчилари ҳисобланадиган аксарият жамиятлар учун – охирги йиллик солиқ ҳисоботи асосида.

 

Улушнинг ҳақиқий қийматини аниқлаш учун мажбуриятлар бириктирилмаган (мажбуриятлардан тозаланган) жамият мол-мулкининг баланс қийматини – жамият соф активларининг умумий суммасини билиш зарур.

 

Соф активлар бухгалтерлик баланси (солиқ органига топширилган охирги) маълумотлари асосида қуйидаги формула бўйича аниқланади: жамиятнинг жами активлари минус жамиятнинг барча мажбуриятлари = жамиятнинг соф активлари.

 

Ушбу соф активларнинг умумий суммасидан иштирокчи улуши миқдорига мутаносиб тарзда жамият соф активлари қийматининг бир қисми ҳисоблаб чиқарилади. Ушбу сумма улушнинг ҳақиқий қиймати ҳисобланади.

 

3-мисол. Жамият соф активларининг умумий қиймати 100 млн сўм. Жамият иштирокчисининг улуши уставга биноан устав фондининг 30%и миқдорида белгиланган. Тегишинча, ушбу улушга мутаносиб тарзда соф активларнинг бир қисми 30 млн сўмни ташкил қилади. Бу улушнинг ҳақиқий қиймати.

 

Шундай қилиб, улушнинг ҳақиқий қийматини аниқлаш учун аниқ алгоритм мавжуд:

 

1.жамиятнинг охирги ҳисобот даврини аниқлаймиз;

 

2.жамиятнинг охирги баланси бўйича соф активларнинг умумий суммасини ҳисоблаб чиқарамиз;

 

3.соф активларнинг умумий суммасидан иштирокчи улушига мутаносиб тарзда (уставга асосан) бўлган қисмини ҳисоблаб чиқарамиз.

 

 

Қандай ҳолларда номинал ва ҳақиқий қиймат қўлланади

 


Улушнинг номинал қиймати жамиятнинг таъсис ҳужжатларида устав фондининг умумий миқдори ва ҳар бир иштирокчининг улуши қиймати аниқланадиган ҳолатда қўлланади. Жамият ташкил этилаётганда декларацияланади ва баъзан  иштирокчиларнинг хоҳиши ёки зарурат туфайли ўзгартирилади.

 

Улушнинг номинал қиймати иштирокчи ўз улушини сотганда ҳам қўлланади.

 

Улушнинг ҳақиқий қиймати Қонунда кўрсатилган қуйидаги ҳолларда қўлланади:

 

- қачонки жамият иштирокчисининг талабига биноан жамият унга қарашли улушни олишга мажбур бўлса4. Бунда жамият ўзининг иштирокчисига бу улушнинг (улуш бир қисмининг) жамиятнинг иштирокчиси шундай талаб билан мурожаат этган кундан олдинги охирги ҳисобот даври учун жамиятнинг бухгалтерия ҳисоботлари маълумотлари асосида аниқланадиган ҳақиқий қийматини тўлаши ёки жамият иштирокчисининг розилиги билан унга худди шундай қийматдаги мол-мулкни асли ҳолида бериши шарт (Қонуннинг 22-моддаси иккинчи қисми).

 

- агар қуйидагилар сабабли иштирокчи улуши жамиятга ўтса:

 

- жамиятни таъсис этиш чоғида иштирокчи устав фондига  ўз ҳиссасини ўз муддатида тўлиқ миқдорда қўшмаган бўлса;

 

- иштирокчи томонидан устав фондига киритилган мол-мулкдан фойдаланиш ҳуқуқи муддат ўтгунга қадар тугатилганлиги учун у томондан унинг ўрнига пул товони муддатида тақдим қилинмаган бўлса. Бунда жамият иштирокчисига улушнинг бир қисмини (мол-мулк жамият фойдаланишида бўлган муддатга) у қўшган ҳиссанинг қисмига мутаносиб равишдаги қисмининг ҳақиқий қийматини  тўлаши ёки иштирокчининг розилиги билан унга худди шундай қийматдаги мол-мулкни асли ҳолида беришга мажбур. Улуш бир қисмининг ҳақиқий қиймати ҳиссани қўшиш ёки товонни тақдим этишнинг муддати ўтадиган кундан олдинги охирги ҳисобот даври учун жамиятнинг бухгалтерия ҳисоботлари маълумотлари асосида аниқланади (Қонуннинг 22-моддаси учинчи қисми).

 

- қачонки жамиятдан чиқарилган ёки ундан чиқиб кетган жамият иштирокчисининг улуши жамиятга ўтса. Бунда жамият шундай иштирокчига улушининг чиқарилиш ёки чиқиб кетиш санасидан олдинги охирги ҳисобот даври учун жамиятнинг бухгалтерия ҳисоботлари маълумотлари бўйича аниқланадиган ҳақиқий қийматини тўлаши ёки мазкур иштирокчисининг розилиги билан унга худди шундай қийматдаги мол-мулкни асли ҳолида бериши шарт (Қонуннинг 22-моддаси бешинчи қисми).

 

- агар жамиятнинг уставига мувофиқ улушнинг ўтиши ёки тақсимланиши фақат бошқа иштирокчиларнинг розилиги билан амалга оширилиши мумкин бўлса, улуш жамиятга ўтади:

 

мерос ва юридик шахсларнинг ҳуқуқий ворислиги ҳолларида улушнинг ўтиши ёки тақсимланишига розилик жамият иштирокчилари томонидан рад этилганда,

 

қачонки жамиятнинг иштирокчиси бўлган юридик шахс тугатилган тақдирда, унинг кредиторлари билан ҳисоб-китоб тугалланганидан сўнг қолган унга қарашли улуш тугатилаётган юридик шахснинг иштирокчилари ўртасида тақсимланади. Бунда жамият вафот этган жамият иштирокчисининг меросхўрларига, қайта ташкил этилган жамият иштирокчиси бўлган юридик шахснинг ҳуқуқий ворисларига ёки жамият иштирокчиси бўлган тугатилган юридик шахснинг иштирокчиларига тегишинча вафот қилиш, қайта ташкил этилиш ёки тугатилиш кунидан олдинги охирги ҳисобот даври учун жамиятнинг бухгалтерия ҳисоботлари маълумотлари асосида аниқланадиган улушнинг ҳақиқий қийматини тўлаши ёхуд уларнинг розилиги билан уларга худди шундай қийматдаги мол-мулкни асли ҳолида бериши шарт (Қонуннинг 22-моддаси олтинчи қисми).

 

 

- иштирокчининг қарзлари бўйича ундирув унинг улушига (улуши бир қисмига) қаратилган тақдирда5, жамият кредиторларга иштирокчи улушининг (улуши бир қисмининг) ҳақиқий қийматини тўлашга ҳақлидир (Қонуннинг 24-моддаси иккинчи қисми).

 

Иштирокчи улушининг ҳақиқий қиймати уни сотишда ҳам қўлланади.

 

Улушни олди-сотди битими амалга оширилаётганда  улушнинг номинал ва ҳақиқий қиймати қўлланади. Бу ҳақда кейинги материалимизда батафсил сўз юритамиз.

 

 

Зумрад НИЯЗМЕТОВА, адвокат.

 

Мавзу бўйича материал:


“Жавоб берамиз!” Маълумот хизмати: корхона фойдасини тақсимлаш

 


1 Материалда барча баён этилганлар улуш қисмига қўлланилиши мумкин.

2 Қаралсин. Қонуннинг 22, 24-моддалари.

3 Улушнинг ҳақиқий қиймати аниқланадиган воқеа, масалан жамиятдан чиқишда иштирокчига улушни тўлаш учун. Қуйида матн бўйича ҳар бир ҳолат батафсил кўриб чиқилади.

4 Жамиятнинг уставида жамият иштирокчисининг улушидан (улушининг бир қисмидан) учинчи шахслар фойдасига воз кечиш тақиқланган бўлса, жамиятнинг бошқа иштирокчилари эса уни олишни рад этса, шунингдек улушдан (улушнинг бир қисмидан) жамиятнинг иштирокчиси ёки учинчи шахс фойдасига воз кечиш рад этилган тақдирда, агар бундай розиликни олиш зарурлиги жамиятнинг уставида назарда тутилган бўлса, жамият иштирокчисининг талабига биноан жамият унга қарашли улушни (улушнинг бир қисмини) олишга мажбур (Қонуннинг 22-моддаси иккинчи қисми).

5 Кредиторларнинг талабига биноан жамият иштирокчисининг қарзлари бўйича ундирувни жамият иштирокчисининг жамият устав фондидаги (устав капиталидаги) улушига (улушининг бир қисмига) қаратишга қарзларни қоплаш учун жамият иштирокчисининг бошқа мол-мулки етарли бўлмаганда фақат суднинг қарори асосида йўл қўйилади (Қонуннинг 24-моддаси биринчи қисми).

Курс валют

2016-11-29
  • USD:3176.16 (+18.66) сум
  • EUR:3450.86 (+0.97) сум
  • RUB:49.15 (+0.65) сум

Вопрос недели

Подходит ли работа в Ташкенте жителю Ташобласти?
Я прописан и проживаю в Кибрайском районе Ташкентской области, в настоящее время не имею постоянной работы. Говорят, что если зарегистрироваться на бирже труда, то мне должны предложить «подходящую» работу. Смогу ли я таким образом получить работу, например, в Мирзо-Улугбекском районе города Ташкента, до которого мне 5 минут езды? Что вообще означает термин «подходящая» работа?
01.12.16
Просмотры: 718