Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств Как оформить дефекты основных средств

Меҳмонхонани қандай очиш мумкин?

10.02.2017

Худди туризм сингари меҳмонхоналар тарихи ҳам бир неча минг йилликлар илгарига бориб тақалади. Савдо ривожланиши билан савдогарларни бир неча кунга ўз бағрига олиши мумкин бўлган тунайдиган қўноқларга зарурат туғилган. Буюк ипак йўли бўйлаб савдогарлар ва саёҳатчилар учун барпо этилган карвонсаройларни ҳозирги замонавий меҳмонхоналарнинг авлодига менгзаса бўлади.

Сўнгги йилларда юртимизда меҳмонхоналар сони тобора ортиб боряпти. Аммо ҳамёнбоп бўлган ўртача турдаги меҳмонхоналарга эҳтиёж барибир катта, чунки мижозларнинг аксарияти айнан шу турдаги отелларга иштиёқманд. Кичикрок форматдаги меҳмонхонани очиш анчагина салмоқли молиявий сарф-харажатларни, вақт ва саъй-ҳаракатларни талаб этади. Янги меҳмонхонани очиш учун қандай амалларни бажариш кераклигини қисқача кўздан кечириб чиқамиз.

 

Ҳар қандай турдаги меҳмонхонани очиш жараёнида босиб ўтиш зарур бўлган босқичларни бирма-бир кўриб чиқамиз:

 

1-босқич: фаолиятнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклини танлаш.

 

2-босқич: солиқ солиш тизимини белгилаш.

 

3-босқич: бино танлаш ва уни жиҳозлаш. Кичик меҳмонхоналар учун энг оптимал вариант бинони сотиб олиб, қайта планини мослаб, қуришдир. Бўлғуси меҳмонхона учун эски ётоқхонлар бинолари маъқул келади. Улар қайта қуришни камроқ талаб этади, умумий овқатланиш жойлари, кир ювиш, ювиниш хоналарига эга. Каттароқ алоҳида уй ёки коттеж харид қилиш ҳам яхши фикр. Иқтисодий жиҳатдан олиб қараганда меҳмонхона учун бинони ижарага олишдан кўра сотиб олиш фойдалироқ туюлади. Ижара вариантини эса фақат у узоқ муддатга тузилган тақдирдагина кўриб чиқиш мумкин. Чунки шартномани узоқ муддатга тузмасангиз, ҳеч қанча вақт ўтмай, шартнома бекор қилинса, саъй-ҳаракатларингиз зое кетиши мумкин.

 

Турар жойларни сотиб олган тақдирда уни нотурар жойга айлантириш талаб этилади (Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 9 мартдаги қарори билан тасдиқланган Турар жойни нотурар жой тоифасига ўтказишга рухсатнома бериш тартиби тўғрисидаги низом). Бундан ташқари, меҳмонхонага айлантирилиши керак бўлган бинони қуриш, жиҳозлаш ишларида қуриш, санитария, экология ва хавфсизлик нормаларига риоя қилиш талаб этилади.

 

4-босқич: ходимларни танлаш. 10 тагача хонага эга бўлган кичик отель очиш учун: бошқарувчидан ташқари инглиз ва рус тилларини мукаммал эгаллаган администратор (маъмур), фаррош ва техник ходимлар керак бўлади. Бундан сал каттароқ бўлган меҳмонхоналар учун қўриқчилар, администраторлар, фаррошлар таркибини кенгайтириш, бухгалтерия, буюртмаларни қабул қилиш бўлими, менежерлар, маркетинг бўлими ва бошқалар (меҳмонхона раҳбариятининг қарорига кўра) керак бўлади.

 

5-босқич: маркетинг кампаниясини ташкиллаштириш. Бошланғич босқичда мижозларни янги меҳмонхонага жалб этиш учун Интернет, босма ОАВ, радио, вокзал ва аэропортда реклама жойлаштириш кифоя қилади. Бундан ташқари, сайёҳлик фирмалари билан шартномалар имзолаш мумкин. Айниқса, кўплаб сайёҳларни қабул қилишга мўлжалланган шаҳарларимизда (Самарқанд, Хива, Бухоро) бу фойда келтиради.

 

Сайёҳлик ташкилотлари ва отельерларни ўйлантираётган муаммолар билан бу ерда танишинг.

 

Кўрсатиб ўтилган ҳар бир қадам аввалдан таҳлил этиб чиқиш ва самарадорлигини олдиндан баҳолаш, мукаммал бизнес режани тузиб олгандан кейингина амалга оширилади.

 

Меҳмонхонанинг бизнес-режасида энг аввало, қуйидагиларни инобатга олиш даркор:

  • меҳмонхона объектининг мақоми;
  • жойлашуви;
  • хоналари сони;
  • сиғими ва майдони (автотўхташ жойи ва қўшимча хоналар);
  • бино қаватлари;
  • ходимлар штати
  • бир йилда қанча сайёҳларни қабул қилиши, мавсумийлиги;
  • яшаш учун нархлар ва қўшимча хизматлар баҳоси ва бошқалар.

 

Шунингдек, бозордаги меҳмонхоналар сони, уларнинг йўналиши, ўзига хосликлари, жойлашуви, хизматлари тури, хизматларига нархлар билан синчковлик билан танишиб чиқиш зарар қилмайди.

 

Ҳужжатларни тайёрлаш масалалари бўйича батафсил маълумотларни қўлга киритиш учун муқаддам ҳокимиятлар ҳузурида бўлган ва яқинда Адлия вазирлиги тасарруфига ўтган “ягона дарча” марказига юзланиш, солиқ солиш масаласида солиқ инспекциясига мурожаат этиш мумкин. Бу масала ҳам янги бизнес келтириши мумкин бўлган фойда ҳисоб-китоби сингари эътиборни ва вақтни талаб этади.

 

Интерьер

 

Меҳмонхона интерьерини яратиш ўзига хос жараён ҳисобланади, унда ягона қоидалар мавжуд эмас. Бу меҳмонхона эгасининг диди, хоҳиш-истакларига боғлиқ: кимдир оддий, содда европачалашган услубни, кимдур миллийликни танласа, яна кимга шу икки услубни бирлаштириш фикри маъқул келиши мумкин. Аммо энг асосийси унинг қулай, ёруғ шинам ва озода бўлишидир.

 

Муҳим ва иккинчи даражали масалалар

 

Мижозлар меҳмонхонангиздан аримаслигини истасангиз, қуйидаги қоидаларга амал қилиш керак бўлади:

-  ҳар бир хона чиннидек топ-тоза бўлиши даркор;

-  меҳмонларга ҳар доим тоза чойшаблар ва сочиқлар бериш шарт;

-  меҳмонхонанинг ўз автомобиллар тўхташ жойи бўлиши лозим;

-  меҳмонларнинг хавфсизлигини таъминлаш даркор. Бу мақсадда қоровул ёлланади, сигнализация ўрнатилади. Эҳтиёт чиқиш жойи кўзда тутилиши ва ёнғиндан огоҳлантирувчи ускуналар ўрнатилиши жоиз;

-  кичик ёшдаги болалар учун махсус овқатланиш стуллари ва каравотлар ҳақида ҳам унутиб қўйманг.

 

Реклама

 

Реклама қилишнинг иложи ва имкони бор бўлган жойларни қўлдан чиқармасликка тиришинг. Реклама учун энг яхши жой йўл ёқасидаги реклама шитларидир. Уларга кунига юзлаб одамларнинг кўзи тушади.

 

Дадил ғоялар, ижодкорлик ва мулоҳаза билан иш кўриш Сизга ишни йўлга қўйиш ва ривожлантиришга ёрдам беради.

 

Фозила Ашурова, мухбиримиз.