Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzМожет ли иностранное юрлицо торговать на местных маркетплейсах без регистрации в Узбекистане Что делать, если при выставлении ЭСФ возникает ошибка «Покупатель не является вашим клиентом» Как учесть передачу материалов по договору займа Как предприятиям оптовой и розничной торговли работать с маркированными прохладительными напитками

Меҳнат ҳақини тартибга солиш – муҳим ва ҳаётий масала

04.04.2016

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши бўлим мудири Маҳмуджон ИСАЕВнинг таҳлил ва тавсиялари.

 

Маълумки, бозор иқтисодиёти шароитида меҳнат ҳақини тартибга солиб туриш асосан локал ҳужжатлар воситасида амалга оширилади. Меҳнат ҳақи миқдорини бевосита марказлаштирилган тартибда давлат томонидан белгилаш фақат бюджет тармоқлари ходимлари учун қўлланилади.

 

Давлат қуйидаги йўналишларда меҳнат ҳақи масалаларига таъсир кўрсатади:

 

энг кам иш ҳақини ўрнатиш;

 

Ягона тариф сеткасини ҳамда айрим бюджет тармоқлари учун тармоқ тариф   сеткаларини жорий этиш;

 

меҳнат ҳақи структурасини белгилаш, унинг маълум шаклларини жорий этиш ва миқдорини индексация қилиш.

 

Энг кам меҳнат ҳақи кафолатлари

 

Иш ҳақи миқдорига таъсир кўрсатувчи энг муҳим омил – умумдавлат миқёсида ўрнатиладиган энг кам меҳнат ҳақи кафолатидир.

 

Кўплаб мамлакатларда (АҚШ, Франция, Испания, Канада, Бельгия, Португалия, Австралия, Янги Зеландия, Исроил ва бошқалар) энг кам меҳнат ҳақи давлат томонидан (одатда энг кам соатбай иш ҳақи кўринишида) белгилаб қўйилади. Айни пайтда қатор бошқа мамлакатларда (Италия, Швейцария, Австрия, Норвегия, Дания, Ирландия) умумдавлат миқёсида меҳнат ҳақи минимуми ўрнатилмайди.

 

Ўзбекистон Республикасида энг кам иш ҳақи миқдори давлат раҳбари Фармонлари билан ўрнатилади.

 

Юртбошимизнинг  «Ўзбекистон Республикасининг 2012 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида» 2011  йил 30  декабрдаги ПҚ-1675-сон Қарорига биноан 2012 йилнинг 1 январидан бошлаб:

 

меҳнатга ҳақ тўлаш Ягона тариф сеткасининг бошланғич разряди этиб биринчи разряд белгиланди, нулинчи разряд бекор қилинди;

 

мамлакатнинг барча ташкилотларида  меҳнат ҳақи миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг Ягона тариф  сеткаси бўйича биринчи разряддан  кам  бўлмаган ҳолда белгиланди.

 

Шунга биноан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг (кейинги ўринларда - Кодекс) 155-моддасига тегишли ўзгартиришлар киритилиб, меҳнат ҳақининг энг кам миқдори қуйидагича  белгилаб қўйилди:

 

“Муайян давр учун белгиланган меҳнат нормасини ва меҳнат вазифаларини тўлиқ бажарган ходимнинг ойлик меҳнат ҳақи қонун ҳужжатларида Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг биринчи разряди бўйича белгиланган миқдордан оз бўлиши мумкин эмас.

 

Меҳнат ҳақининг энг кам миқдорига қўшимча тўловлар, устамалар, рағбатлантириш тарзидаги тўловлар, нормал иш вақтидан четга чиққан ҳолда бажарилган    ишлар    учун    оширилган    миқдорда     тўланадиган    ҳақлар     (157, 158-моддалар), шунингдек район коэффициентлари (153-модданинг тўртинчи қисми) қўшилмайди”.

 

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 26  августдаги ПФ-4751 сон Фармонига биноан 2015  йилнинг 1 сентябридан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида энг кам иш ҳақи 130 240 сўм  миқдорида белгилаб қўйилган.

 

Шунга асосан ҳисоблаб чиқилган Ягона тариф сеткаси бўйича 1-разряд ставкаси (яъни энг кам меҳнат ҳақи)  322 474,24 сўмни ташкил этади.

 

Айни пайтда, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар учун энг кам меҳнат ҳақи белгилашнинг алоҳида қоидалари ўрнатилган.

 

Ўзбекистон   Республикаси    Адлия    вазирлигида 2000 йил 29   сентябрда 975-сон билан рўйхатдан ўтказилган “Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарда иш ҳақи фондини шакллантириш тўғрисида Низом”га биноан  бундай корхоналарда барча ходимлар учун меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш жорий этилиши ва унинг энг кам миқдори корхона қандай тармоққа қарашли эканлиги ва фаолият турига боғлиқ ҳолда  белгиланади. Меҳнатга соатбай ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори календарь йил учун белгиланади ва ҳар йили қайтадан кўриб чиқилади.

 

Хорижий сармоя ва инвестициялар иштирокидаги корхоналарда муайян давр учун белгиланган меҳнат меъёрини ва меҳнат мажбуриятларини тўлиқ бажарган ходимларга тўланадиган ҳақ иш соатларининг миқдорига ва тармоқдаги ходимлар ўртача разрядининг тариф коэффициентига кўпайтирилган меҳнатга соатбай ҳақ тўлашнинг энг кам даражасидан кам бўлиши мумкин эмас.

 

Меҳнат ҳақи миқдори,  шакли ва тизимлари

 

Кодекснинг 153-моддасига биноан  меҳнат ҳақининг миқдори иш берувчи билан ходим ўртасидаги келишувга биноан белгиланади. Меҳнат ҳақи қонун ҳужжатлари билан белгиланган энг кам миқдордан оз бўлиши мумкин эмас ва унинг энг кўп миқдори бирон бир тарзда чекланмайди.

 

Бюджетдан молиялаштириладиган тармоқларда меҳнат ҳақи миқдорини белгилаш учун асосан Меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича Ягона тариф сеткаси қўлланилади.

 

Айни пайтда баъзи бюджет тармоқларида  тармоқ тариф сеткалари ҳам жорий этилган.

 

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари билан меҳнатга ҳақ тўлашнинг тармоқ тизимлари жорий этилган. 

 

Хўжалик ҳисобидаги айрим тармоқлар (ёқилғи-энергетика комплекси, темир йўллари, авиация, махсус қурилиш ва ҳоказолар)да ҳам тармоқ тариф сеткалари тармоқ келишувлари воситасида жорий этилган.

 

Хўжалик ҳисобидаги мустақил корхоналарда локал тариф сеткалари жорий этилиши мумкин.

 

Кодексининг 153-моддасига биноан меҳнат ҳақи шаклини ва тизимини танлаш ҳуқуқи меҳнат жамоаларининг ўзига берилган бўлиб, жамоа шартномалари ва касаба уюшмаси билан келишиб қабул қилинадиган бошқа локал ҳужжатларда акс эттирилади.

 

Маълумки, Ўзбекистонда меҳнатга ҳақ тўлашнинг асосан вақтбай ва ишбай шакллари ҳамда тариф тизими ва тарифсиз тизим қўлланилади.

 

Тарифсиз тизим асосан кичик бизнес субъектларига хос ҳолат бўлиб, баъзида меҳнат ҳақи миқдорини ходим қўшган меҳнат ҳиссасига боғлиқ бўлмаган омилларга боғлаб қўйиши мумкин. Масалан официантлар, сотувчилар меҳнатида комиссион тизим қўлланилади.

 

Шунинг учун ҳам касаба уюшмалари тариф тизимининг тарафдори ҳисобланади ва ҳар бир ходимнинг ўз разряди ва тариф коэффициенти бўлишини ҳимоя қилади.

 

 

Меҳнат ҳақининг таркибий қисмлари

 

Тариф тизими бўйича тўланадиган меҳнат ҳақининг таркибида иккита: тариф қисми ва тарифга қўшимча қисмлар мавжуд.

 

Меҳнат ҳақининг тариф қисмига ходимнинг тариф ставкаси (лавозим маоши ёки ишбай баҳолар бўйича ҳақ) ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган устама ва қўшимча ҳақлар киради.

 

Меҳнат ҳақининг тарифга қўшимча қисмига ҳар қандай кўринишдаги устамалар, қўшимча тўловлар, компенсациялар, мукофотлар ва ҳоказолар киради.

 

Ушбу таркибий қисмларнинг фарқи шундаки, меҳнат ҳақининг тариф қисми – бу кафолатланган қисм ҳисобланади ва унинг миқдорини пасайтириш имкониятлари қонун ҳужжатлари билан чекланган.

 

Меҳнат ҳақининг тарифга қўшимча қисми эса, одатда меҳнатнинг якуний  натижалари билан боғлиқ бўлиб, иш унумдорлиги пасайганда ушбу туркумга кирувчи тўловлар автомат тарзда камайтирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.

 

Шу боис ҳам касаба уюшмалари иш ҳақи фондининг тариф қисми, яъни кафолатланган қисми, юқори бўлишининг тарафдори.

 

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2002 йил 19  мартдаги “Иш ҳақи ўз вақтида тўланишига доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 88-сон қарорида қуйидагилар белгилаб қўйилган:

 

“Хўжалик бирлашмалари, мулкчилик шаклларидан қатъи назар хўжалик ҳисобидаги корхоналар ва ташкилотлар раҳбарлари:

 

меҳнатга ҳақ тўлаш тариф сеткаларининг рағбатлантирувчи ролини оширишни, меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасининг тариф қисми ва тарифга қўшимча қисмлари ўртасидаги мақбул нисбатни таъминлашни ҳисобга олган ҳолда меҳнатга ҳақ тўлашнинг тариф сеткаларини бир ой муддатда қайта кўриб чиқсинлар;

 

ҳар бир ходимни тегишли даврда унга тўланадиган иш ҳақининг таркибий қисмлари, ушлаб қолинган пул миқдорлари ва унинг асослари, шунингдек тўланадиган умумий пул суммаси тўғрисида мажбурий тартибда ёзма шаклда  хабардор қилсинлар”.

 

Меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасининг тариф қисми ва тарифга қўшимча қисмлари ўртасидаги мақбул нисбат тармоқ келишувларида ва жамоа шартномаларида белгиланиши ва 50:50 дан кам бўлмаслиги тавсия этилади.

 

Меҳнат ҳақи масалаларида жамоа-шартномавий ҳужжатларнинг аҳамияти

 

Миллий меҳнат қонунчилигида жамоа шартномалари ва келишувлари воситасида меҳнат ҳақи масалаларини ҳал этиш учун кенг имкониятлар яратилган.

 

Жумландан, Меҳнат кодексига биноан жамоа шартномалари воситасида қуйидаги масалалар ҳал қилиниши лозим:

 

меҳнат ҳақи шакли ва тизимлари, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар, рағбатлантириш тарзидаги тўловларни белгилаш (153-модда);

 

иш вақтидан ташқари ишлар ҳамда дам олиш кунлари ва байрам кунларидаги ишлар учун тўланадиган ҳақнинг аниқ миқдори (157-модда);

 

тунги вақтдаги ва кечки сменадаги иш учун тўланадиган ҳақнинг аниқ миқдори (158-модда);

 

ходимнинг айби билан тайёрланган қисман яроқсиз маҳсулот учун камайтирилган ишбай баҳолар (159-модда);

 

меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари, иш берувчининг айби билан ходимга ҳақ тўлаш кечиктирилганлиги учун жавобгарлик (161-модда);

 

иш берувчи ва меҳнат жамоаси манфаатларига доир вазифаларни бажариш вақтида ходимга бериладиган кафолатлар (166-модда);

 

ходимнинг  иш билан боғлиқ қўшимча харажатларини (хизмат сафари даврида ва кўчиб юриш билан боғлиқ ишларда, бошқа жойдаги ишга кўчиб борганда, ходимга тегишли мол-мулкдан фойдаланганлик учун) компенсация қилиш шартлари ва тартиби (170-модда);

 

меҳнат учун рағбатлантириш турлари, уларни қўлланиш тартиби, афзаллик ва имтиёзлар бериш (180-модда).

 

Касаба  уюшмаларининг меҳнат ҳақи соҳасидаги вазифалари

 

Касаба уюшмасининг ташкилот сифатидаги энг муҳим иқтисодий мақсади – ходимларнинг меҳнат  ҳақи ва даромадларини юксалтиришга кўмаклашишдир.

 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси фаолиятининг 2016 - 2020 йилларга мўлжалланган стратегик йўналишларига биноан Федерация ва унга аъзо ташкилотлар бир қатор вазифаларни амалга оширадилар.

 

 

Халқаро меҳнат стандартларини кенг жорий қилган  ҳолда: 

 

меҳнат муносабатлари соҳасини янада эркинлаштиришга, мажбурий ва болалар меҳнатига йўл қўйилмаслигига, қишлоқ хўжалигида мавсумий ходимлар эркин ёлланишига эришиш;

 

иш берувчилар томонидан ходимларнинг иш вақти меъёрларига ва таътилга чиқиш ҳуқуқларига қатъий риоя этилишини таъминлаш, бунда касаначиларга, мавсумий ходимларга, кичик бизнес субъектлари ходимларига, маъмурий бошқарув функцияларига эга ходимларга алоҳида эътибор қаратиш;

 

энг кам иш ҳақи миқдорини белгилаш бўйича уч томонлама маслаҳатлашувлар ўтказиш механизмини яратиш;

 

меҳнат соҳасида камситмаслик, тенг ҳуқуқлар ва тенг имкониятлар, тенг аҳамиятли меҳнат учун тенг ҳақ тўлаш принципларига қатъий амал қилинишига эришишни ўз олдиларига вазифа қилиб қўядилар.

 

Ишончимиз комилки,  башарти  иш берувчи ва ушбу соҳада  фаолият олиб борадиган мутахассис (бухгалтерия ҳисоб-китоб бўлимларининг  ходимлари) касаба фаоллари келтирган изоҳларни ўрганишса ҳамда талаб этишса, ижобий натижа аниқ бўлади: меҳнат низолари анча камаяди ва меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий  манфаатлари тегишли  тарзда рағбатлантирилади.

 

Маъруф Усманов суҳбатлашиб, ёзиб олди.

 

        

 

Мавзу бўйича материаллар:

 

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига 20 йил

 

Муносиб меҳнат – муҳофаза қилинган ва хавфсиз меҳнат!

 

Ходимларга  ҳисоблаб ёзиш бўйича ҳисоб-китобми? Бу осон!

 

Юқори ижтимоий ҳимояга муҳтожлар учун белгиланган имтиёзлар

 

 

“Жавоб берамиз!” Маълумот хизматидан жавоблар:

 

Ходим иш ҳақи сақланмаган ҳолда меҳнат таътилида бўлган тақдирда ЖШДС қандай ушланади?

 

Ишчи бир давлат ташкилотида тўлиқ ставка асосида ишлайди. У қўшимча равишда бошқа-бир давлат ташкилотида фуқаролик-ҳуқуқий меҳнат шартномаси асосида ишлаши мумкинми? Мумкин бўлса асослари қандай?

 

Иш йили давомида таътилларни ходим 4 марта 3 кунлик ва 1 марта 12 кунлик қисмга бўлиб олиши мумкин ёки мумкин эмаслиги тўғрисида илмий шарҳ олинишида амалий ёрдам кўрсатишингизни сўраймиз

kadrovik.uz

Курс валют

2024-04-23
  • USD:12711.00 (+0.00) сум
  • EUR:13538.49 (+0.00) сум
  • RUB:136.31 (+0.00) сум

Читайте в свежих номерах