Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Меҳнат муносабатлари жамоатчилик назорати остида бўлиши шарт

23.06.2016

Яқинда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси ҳамкорлигида “Меҳнат соҳасида жамоатчилик назоратини такомиллаштириш истиқболлари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

 

Тадбир иштирокчилари жамоатчилик назоратининг субъекти, объекти, шакллари ва бошқа муҳим жиҳатларини белгилаб берувчи “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси билан таништирилиб, лойиҳанинг асосий қоидалари ишчи тартибда муҳокама этилди.

 

Амалдаги қонунларга биноан касаба уюшмалари меҳнат, меҳнатни муҳофаза қилиш ва касаба уюшмалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини олиб борадилар.

 

 

Меҳнат қилиш ҳуқуқи амалга оширилиши устидан жамоатчилик назорати.

 

Фуқароларнинг меҳнат қилиш, ишни, касбни эркин танлаш, адолатли ва муносиб меҳнат шароитларида ишлаш борасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш касаба уюшмаларининг энг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.

 

Сўнгги йилларида касаба уюшмаларига фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларнинг мазмуни ҳам тубдан ўзгарди. Яъни, илгари мурожаатларнинг акасарияти моддий ёрдам кўрсатиш, йўлланма ажратиш масалаларига оид бўлган бўлса, бугунги кунда уларнинг 68%га яқинини жамоа шартномаларида белгиланган меъёрларга риоя этиш, ишдан ноқонуний бўшатиш, ишлаб чиқаришда қулай ва бехатар меҳнат шароитларини яратиш масалалари ташкил этмоқда.

 

2011-2015 йиллар давомида касаба уюшмалари томонидан фуқаролардан келиб тушган жами 57.254 та мурожаат кўриб чиқилиб, уларнинг 51.031 таси ҳал этилди. Шундан 20.483 таси қаноатлантирилди, 30.548 та мурожаатга эса тушунтириш берилди.

 

2013 йилдан бошлаб касаба уюшмалари тизимида жорий этилган «Ишонч телефонлари» воситасида 7.625 нафар фуқарога ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида бепул ҳуқуқий хизмат кўрсатилди.

 

Шунингдек, ходимларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш мақсадида касаба уюшмалари томонидан судларга даъво аризалари, иш берувчиларга ҳамда давлат органларига тақдимнома киритиш амалиёти кенг жорий этилди. Хусусан, ўтган 5 йил давомида касаба уюшмалари томонидан судларга жами 361 та даъво аризалари ва иш берувчиларга 1.980 та тақдимнома киритилиб, бунинг натижасида 5.354 нафар шахснинг қонуний ҳуқуқлари тикланишига эришилди.

 

Шунингдек касаба уюшмалари Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенциялари ижроси бўйича назорат механизмида иштирок этадилар.

 

 

Бандликка кўмаклашиш мақсадида янги иш ўринлари яратилиши устидан ҳам жамоатчилик мониторинги ўрнатилган.

 

Янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурларини амалга оширишга, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштиришга кўмаклашиш ҳамда бу борада жамоатчилик назоратини ташкил қилиш ишлари давом эттирилди.

 

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида касаба уюшмалари фаоллари томонидан 3 минг 449 та корхона ва ташкилотда ташкил этилиши белгиланган 26 минг 787 та янги иш ўрни ҳақиқатда яратилганлиги ўрганиб чиқилди.

 

Ўрганиш натижаларига асосан ўз вақтида яратилмаган иш ўринлари бўйича тегишли чора кўриш учун иш берувчилар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликдаги ишлар олиб борилмоқда.

 

Шунингдек, ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун банд қилиб қўйилган иш ўринларига фуқароларнинг талабига кўра 15 минг 408 нафари ишга жойлаштирилди.

 

«Бўш иш ўринлари ярмаркалари»ни ўтказиш режа-жадвали асосида республика бўйича ўтказилган 225 та меҳнат ярмаркасида касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этди, ушбу ярмаркаларда қарийб 12,4 мингта корхона 64,9 мингта бўш иш ўрни билан қатнашиб, 11 минг 583 нафар фуқарога ишга жойлашиш учун йўлланмалар берилди.

 

Мамлакатимизда 2016 йилда ташкил этиладиган янги иш ўринларининг ҳаққонийлигини ўрганиш ҳамда иш ўринларида коллеж битирувчиларининг қўнимлилигини мониторинг қилиш йўлга қўйилди. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнидаги ўрганиш натижасида 75 минг 249 та корхонага 218 минг 851 нафар 2015 йилги коллеж битирувчилари ишга жойлашганлиги ўз тасдиғини топди.

 

Шунингдек, Федерация Кенгаши томонидан расмий бандлик афзалликларига бағишланган постер ва буклет тайёрланиб, аҳоли гавжум жойлар ва бозорларда тарқатиш, шунингдек таълим муассасаларида ташкил этилаётган ўқувларда фойдаланиш учун ҳудудий бирлашмаларга етказилди.

 

 

Жамоа шартномалари ва келишувлари бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш касаба уюшмаларининг ўта муҳим ва ўзига хос вазифаларидан бири  ҳисобланади.


Жорий йилнинг 18 февралида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўртасида 2014-2016 йиллар учун тузилган Бош келишувнинг 2015 йилги ижроси уч томонлама комиссия томонидан муҳокама этилди ҳамда 2016 йил учун вазифалар белгиланиб олинди.

 

Бугунги кунда республика бўйича 95 та тармоқ келишуви, 14 та ҳудудий келишув, бевосита корхона ва ташкилотларда 122 минг 619 та жамоа шартномаси амал қилмоқда.

 

2015 йилда касаба уюшмалари аъзолари меҳнатидан фойдаланувчи 123 минг 450 та юридик шахснинг 99,3%ида жамоа шартномалари тузилган бўлиб, бу 2014 йилга нисбатан 13 минг 250 тага, яъни 1,2%га ортишига эришилди.

 

2016 йил учун жамоа шартномасининг янги макети ишлаб чиқилиб, Федерация Кенгашининг интернет порталига, “norma.uz” сайтига жойлаштирилди, «Ишонч» ва «Ишонч-Доверие» газеталарида давлат ва рус тилларида чоп этилди.

 

Касаба уюшмалари томонидан жамоа келишувлари ва шартномалари лойиҳаларини жамоатчилик экспертизасидан ўтказиш таомили жорий этилгани уларнинг сифатини яхшилаш ва ижтимоий юкланмасини кучайтириш имконини берди.

 

Жумладан, “Кексаларни эъзозлаш йили” дастури доирасида республика бўйича жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 91610 нафар кексаларга 35 млрд. 400 млн. 929,2 минг сўмлик ижтимоий кўмак берилди.

 

Қатор тармоқ ва ҳудудларда жамоа шартномаси иш ҳақи миқдорини оширишнинг самарали воситасига айланмоқда. Чунончи, республика бўйича 6785 та хўжалик ҳисобидаги корхона ва ташкилотларда жамоа шартномалари асосида ягона тариф сеткасида белгиланган разрядлар коэффициенти кўтарилган бўлиб, бу орқали 904 минг 805 нафар ходимнинг иш ҳақлари оширилишига эришилган, бу эса жамоа-шартномавий муносабатлар билан қамраб олинган жами ходимларнинг 21 %ини ташкил этади.

 

 

Меҳнатга ҳақ тўлаш соҳасида жамоатчилик назорати.

 

Айни пайтда бу йўналишда фермер хўжаликлари, тўқимачилик саноати, ўрмон хўжалиги, қурилиш, автотранспорт соҳаларидаги баъзи ташкилотларда ходимларга Ягона тариф сеткасининг 1-разряди яъни 322474 сўмдан ҳам кам маош тўланаётганлиги аниқланиб иш берувчиларга тақдимномалар киритилмоқда.

 

Ҳар чорак якунлари бўйича иш ҳақидан муддати ўтган қарздорлик юзасидан касаба уюшмалари ва Давлат статистика қўмитасининг маълумотлари солиштирилиб қарздорлик миқдори таҳлил қилиб келинмоқда.

 

Жорий йилнинг 1 апрели ҳолатига кўра, республика бўйича иш ҳақидан муддати ўтган қарздорлик 77 млрд. 329,4 млн. сўмни ташкил этди ва ушбу кўрсаткич 1 январь ҳолатига нисбатан 747,8 млн. сўмга камайди.

 

Иш ҳақидан муддати ўтган қарздорликни ундириш мақсадида иш берувчилар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, тижорат банклари, ҳуқуқий инспекциялар, прокуратура ва суд органларига 118 марта мурожаат қилиниб, 28,4 млрд. сўм ўз вақтида тўланмаган иш ҳақи ундириб берилишига эришилди.

 

Ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номига “Иш ҳақи тўловларидан муддати ўтган қарздорликнинг аҳволи тўғрисида таҳлилий хат”лар киритиб борилади.

 

Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги жамоатчилик назоратини амалга ошира бориб 2015 йил давомида касаба уюшмалари томонидан 4 минг 300 та корхона ва ташкилотларда меҳнат муҳофазаси аҳволи ўрганиб чиқилди, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари бузилиши муносабати билан иш берувчиларга 1 минг 623 та тақдимномалар киритилди, камчиликларнинг 80 фоизи жойида бартараф этилди.

 

 

Ижтимоий ҳимоя соҳасидаги жамоатчилик назорати.

 

Мазкур йўналишда меҳнат муносабатларида ногиронлар ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш борасида 36 соатлик иш ҳафтасини жорий этмаслик, 30 календарь кундан иборат асосий узайтирилган таътилларни бермаслик, даромад солиғи бўйича имтиёзлар ўрнатмаслик, иш ўринларини махсус тартибда шаҳодатдан ўтказмаслик каби  камчиликлар  аниқланиб бартараф этилишига эришилди.

 

Шунингдек касаба уюшмалари вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари ўз вақтида тўланиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширадилар.

  

 

 

Маҳмуджон  ИСАЕВ,

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг

меҳнаткашлар ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими мудири

 

 

Мавзуга доир материаллар:


Юқори ижтимоий ҳимояга муҳтожлар учун белгиланган имтиёзлар

 

Ташкилотда жамоа шартномаси ҳаммага зарур

 

Муносиб меҳнат – муҳофаза қилинган ва хавфсиз меҳнат!

 

        

      

 

“Жавоб берамиз!” Маълумот хизматидан жавоблар:

 

Ходимнинг Банк-молия академиясида ўқиши даврида унинг ўртача ойлик иш ҳақи қандай ҳисобланади?    Ходимнинг Банк-молия академиясида ўқиши даврида унга байрам саналари учун мукофот тўловлари амалга ошириладими?

 

Асосий ишдан озод этилмаган касаба уюшма қўмита раислари ва ҳисобчиларига жамоатчилик асосида ...

 

Ходим иш ҳақи сақланмаган ҳолда меҳнат таътилида бўлган тақдирда ЖШДС қандай ушланади?

 

Ишчи ва ходимларга йил ёки чорак мобайнида қандай миқдорда мукофот тўлаш мумкин? Мукофот бўйича солиқни ҳисоблаб чиқариш тартиби қандай?

Курс валют

2016-12-06
  • USD:3189.93 (+13.77) сум
  • EUR:3434.89 (--15.97) сум
  • RUB:49.72 (+0.57) сум

Вопрос недели

Ташкент – не сельская местность
Я проживаю в г. Ташкенте с родителями, своего жилья не имею. Могу ли я принять участие в программе доступного жилья, если женюсь и решу жить отдельно от родителей?
09.12.16
Просмотры: 277