Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Муаллифлик ҳуқуқларини қандай ҳимоялаш мумкин?

10.10.2016

Ҳозирги кунда муаллифлик ҳуқуқларининг бузилиши мавзуси1 долзарб масалага айланиб бормоқда. Биринчидан, бу янги нарса яратиш учун сарф-харажат қилмасдан фойда ёки ҳатто қўшимча фойда олишнинг осон йўлидир. Ўзининг моддий манфаатлари ҳақидагина бош қотирган фирибгарлар ўз ҳаракатларининг ахлоқ-одобга оид ва қонуний жиҳатлари ҳақида ўйлаб ҳам ўтиришмайди. 

Иккинчидан, замонавий технологиялар маълумотларни кўпайтириш ва тарқатиш жараёнини ўта осон ва арзон ишга айлантириб қўйди.

 

Авваллари муаллифлар ва қонуний ишлаб чиқарувчилар табиий ҳимояга эга эдилар. Булар: техниканинг мураккаблиги, жараённинг машаққатлилиги ҳамда олинган нусханинг таннархи анча қимматга тушиши кабилар эди.

 

Ҳозирги кунга келиб ҳаммаси ўзгарди. Нусхалар арзон, сотувлар эса оригинал нархида (ҳатто кўпроқ!) бўлиши мумкин– шундан қўшимча фойда юзага келади.

 

Келгусида бизни нима кутмоқда? Хорижий матбуотда сайтларда берилаётган алоҳида материллар у ёқда турсин, бутун бошли сайтларни ўғирлашаётгани... кейин ўша ўғирланган сайтларни ҳалол харидорларга пуллашаётгани ҳақида ўқиб, бехосдан қонунчиликнинг реал ҳаёт билан мос келиш-келмаслиги ҳақида ўйланиб қоласан киши. Тўғри, техник ривожланиш давом этмоқда, аммо у билан бирга турли ҳуқуқбузарликлар турлари ҳам ортмоқда. Қонунчилик бу барча ҳуқуқбузарликларнинг кетидан қувиб, ета олаяптими? Сўз муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилишдек нозик масала хусусида борар экан, қонунчилик ҳатто бу ҳодисалардан бироз олдинда юриши керакдек туюлади. Бунга эса шу масала бўйича ривожланган бошқа мамлакатларнинг бой тажрибаси ёрдамида эришишимиз мумкин. Мазкур мақолада бугунги кунда муаллифлик ҳуқуқларининг фуқаролик-ҳуқуқий ҳимояси борасида юртимизда қандай имкониятлар мавжудлиги ҳақида гап кетади.

 

Ҳуқуқбузарликлар ҳақида

 

Асосида муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган асарлардан муаллиф ёки шундай ҳуқуқ эгасининг тегишли рухсатномасини олмасдан фойдаланиш ётган ҳуқуқбузарлик ОАВда одатда “қароқчилик” атамаси билан ифодаланади. Аммо у қонунчиликда ўз аксини топмаган. Амалдаги қонунчиликда бундай ҳолат “контрафакт нусхалар” атамаси билан ифодаланади. Мазкур атаманинг божхона қоидаларининг бузилишлари билан ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бу умуман бошқа юридик тоифага киради:

 

Асарларнинг ва турдош ҳуқуқлар объектларининг такрорланиши ёки тарқатилиши муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни бузган ҳолда амалга ошириладиган нусхалари контрафакт нусхалардир («Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Қонуннинг 62-моддаси, кейинги ўринларда– Қонун).

 

Муаллифлик ҳуқуқлари ва турдош ҳуқуқлар бузилишининг энг кенг тарқалган турларига қуйидагиларни киритиш мумкин: нусха олиш (китоблар, мақолалар, картиналарни қайта кўпайтириш); асарни тарқатиш (ижара, сотув, дастурий таъминотни ўрнатиш ва б.); оммавий намойиш қилиш; асарларни концерт заллари, театр кабиларда оммавий ижро этиш; уни радио, телевидение сингарилар орқали эфирга узатиш; асарни бошқа тилларга таржима қилиш; асарни қайта ишлаш (плагиат). Буларнинг тўлиқ рўйхатини келтиришнинг ҳам иложиси йўқ. Нега десангиз, ҳуқуқбузарлар замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда ўзлаштиришнинг янгидан-янги йўлларини топишмоқда.

 

Яна ҳуқуқбузарликларнинг шундай тоифаси борки, улар ҳар доим ҳам контрафакция билан боғлиқ бўлмайди. Масалан, буларга муаллифлик гонорарини тўламаслик ёки тўлиқ тўламаслик; муаллифнинг тегишли рухсатини олмасдан асарни нашр этиш; ҳақиқий муаллифнинг исмини кўрсатмасдан нашр этиш кабилар киради. Қонуннинг 62-моддасида ҳуқуқбузарликларнинг кенг рўйхати келтирилган, аммо у тўлиқ эмас.

 

Ҳимоянинг ҳуқуқий-фуқаролик усуллари

 

Фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ФК 11-моддасида келтирилган умумий усулларидан ташқари қонунчилик муаллифлик ҳуқуқлари ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилишнинг махсус имкониятларини ҳам кўзда тутади.

 

Қонуннинг 65-моддасига биноан муаллиф, турдош ҳуқуқлар эгаси ёки мутлақ ҳуқуқларнинг бошқа эгаси ҳуқуқбузардан қуйидагиларни талаб қилишга ҳақли:

 

1) ҳуқуқларни тан олишини;

 

2) ҳуқуқ бузилишидан олдинги ҳолатни тиклашини ва ҳуқуқни бузадиган ёки унинг бузилиши хавфини юзага келтирадиган ҳаракатларни тўхтатишини;

 

3) ҳуқуқ эгасининг ҳуқуқи бузилмаган тақдирда, у фуқаролик муомаласининг одатдаги шароитларида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромади миқдоридаги зарарларнинг ўрнини қоплашини. Агар ҳуқуқбузар муаллифлик ҳуқуқи ёки турдош ҳуқуқларни бузиш оқибатида даромадлар олган бўлса, ҳуқуқ эгалари бошқа зарарлар билан бир қаторда бой берилган фойдани бундай даромадлардан кам бўлмаган миқдорда қоплашини;

 

4) зарарлар етказилиши фактидан қатъи назар, ҳуқуқбузарликнинг хусусияти ва ҳуқуқбузарнинг айби даражасидан келиб чиқиб иш муомаласи одатларини ҳисобга олган ҳолда зарарнинг ўрнини қоплаш эвазига тўланиши лозим бўлган товонни тўлашини;

 

5) Қонунда белгиланган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ бўлган, қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа чоралар кўришини.

 

Муаллиф ва ижрочи ўз ҳуқуқлари бузилган тақдирда, ҳуқуқбузардан маънавий зиён қопланишини талаб қилишга ҳақлидир.

 

Муаллифлик ҳуқуқи ёки турдош ҳуқуқлар бузилишининг олдини олиш ёки уни тўхтатиш учун зарур чоралар кўриш натижасида учинчи шахсларга етказилган зарарлар, шунингдек бундай чораларни амалга оширган шахс кўрган зарарлар ҳуқуқбузар ҳисобидан ундириб олиниши керак.

 

Муаллифлик асарлари интеллектуал мулк объектлари қаторига киргани боис ФКнинг интеллектуал мулк объектларига нисбатан мутлақ ҳуқуқларни ҳимоя қилиш усуллари тўғрисидаги 1040-моддаси2дан ҳам фойдаланса бўлади. ФКнинг 1040-моддасига биноан мутлақ ҳуқуқларни ҳимоя қилиш қуйидагилар орқали амалга оширилиши мумкин:

 

1) йўл қўйилган бузиш ҳақидаги маълумотни мажбурий тарзда эълон қилиб, унга бузилган ҳуқуқ кимга тегишлилиги тўғрисидаги маълумотларни киритиш орқали;

 

2) мутлақ ҳуқуқлар қайси моддий объектлар ёрдамида бузилган бўлса, ўша моддий объектларни ҳамда бундай бузиш натижасида яратилган моддий объектларни олиб қўйиш орқали.

 

Шунинг асосида Қонунда ҳуқуқбузарликлар жавобгарлигининг ажойиб бир чораси бор: асарларнинг ва турдош ҳуқуқлар объектларининг контрафакт нусхаларини мусодара қилиш (маҳсулотларнигина эмас). 

 

Қонуннинг 66-моддасига мувофиқ асарларнинг ва турдош ҳуқуқлар объектларининг контрафакт нусхалари, шунингдек, уларни тайёрлаш ва такрорлашда фойдаланиладиган материаллар ва асбоб-ускуналар ҳамда содир этилган ҳуқуқбузарликнинг бошқа воситалари қонун ҳужжатларига мувофиқ суд тартибида мусодара қилинади.

 

Асарларнинг ва турдош ҳуқуқлар объектларининг мусодара қилинган контрафакт нусхалари йўқ қилиниши керак, уларни ҳуқуқ эгасига унинг илтимосига биноан топшириш ҳоллари бундан мустасно.

 

Масалан, агар даврий босма нашр (журнал, газета) мақоланинг муаллифи рухсатисиз ва розилигисиз унинг мақоласини эълон қилса, суд қарорига кўра ушбу ташкилотдан нафақат нашрнинг бутун бошли адади, балки барча босмахона/матбаа ускуналари, босиш бўёғи, принтер ва ҳуқуқбузарликни амалга ошириш йўлида хизмат қилган бошқа жиҳозлар олиб қўйилади. Ушбу чора камида ноширлик фаолиятини тўхтатиб қўяди ва катта харажатларга олиб келади, кам бюджетли бизнес ҳолатида эса – уни умуман тўхтатади.

 

Қандай ҳимояланиш мумкин?

 

Агар ҳимоянинг фуқаролик-ҳуқуқий усуллари хусусида гап борадиган бўлса, у фуқаролик ишлари бўйича тегишли туманлараро судига даъво аризаси берилиши йўли орқали амалга оширилади 3. Ҳуқуқ эгаси ҳуқуқбузарга нисбатан Қонунда белгиланган талаб (ёки бир нечта талаб)ларнинг қай бирини қўйишни танлаб олишга ҳақли. Даъволарнинг тахминий рўйхати:

 

  • мутлақ ҳуқуқнинг тан олиниши ҳақида (масалан, ҳаммуаллифликнинг тан олиниши);
  • жавобгарнинг сохта муаллифлиги фактини ўрнатилиши ҳақида;
  • ҳуқуқнинг бошланғич ҳолати тикланиши (бузилгунга қадар) ҳақида;
  • ҳуқуқни бузаётган ёки келгусида унинг бузилиши хавфини юзага келтирадиган ҳаракатларнинг тўхтатилиши ҳақида;
  • муаллифлик ҳуқуқи бузилиши факти оқибати келтирилган зарарларнинг ўрнини қоплаши ҳақида;
  • бой берилган даромади миқдоридаги зарарларнинг ўрни қопланиши ҳақида;
  • муаллифлик ҳуқуқлари бузилганлиги учун товон тўлаш ҳақида;
  • маънавий зарарни қоплаш ҳақида;
  • гонорар ундириш ҳақида (муаллифлик ҳақи);
  • ҳуқуқбузарликларни содир этиш учун қўлланилган контрафакт нусхалар, материаллар, ускуналарни мусодара қилиш ҳақида. 

 

 

Даъволарни мулкий ва номулкий турларга ажратиш қабул қилинган. Аммо муаллифлик ҳуқуқининг ўзига хослиги шундаки, аниқ муаллифнинг манфаатларини юқоридаги тамойилларга асосан чегаралаш қийин масала. Шунинг учун уларни бирлаштириш ва бир суд жараёни доирасида кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.

 

Қонунчиликка таклиф

 

Кўриб чиқилаётган масалада қонунчилигимизни Россия Федерациясининг шунга ўхшаш қонунчилиги билан қиёслаш натижасида РФ Фуқаролик кодексининг мутлақ ҳуқуқлар бузилиши учун юридик шахслар ва хусусий  тадбиркорларнинг жавобгарлиги ҳақидаги нормаси долзарб эканини англаб етиш мумкин. Унинг мазмуни эса қуйидагича:

 

«1253-модда. Мутлақ ҳуқуқлар бузилиши учун юридик шахслар ва хусусий  тадбиркорларнинг жавобгарлиги

 

Агар юридик шахс интеллектуал фаолият натижаларига ҳамда индивидуаллаштирувчи воситаларга мутлақ ҳуқуқларнинг бир неча марта ёки қўпол равишда бузилишига йўл қўйса, суд мазкур Кодекснинг 61-моддаси 2-бандига кўра юридик шахснинг мутлақ ҳуқуқларнинг бузилишидаги айби тасдиқланган ҳолатда прокурор талабига кўра унинг тугатилиши  ҳақида қарор қабул қилиши мумкин. Агар шундай ҳуқуқбузарликлар фуқаро томонидан у хусусий тадбиркор сифатида амалга ошираётган тадбиркорлик фаолияти мобайнида йўл қўйилган бўлса, қонунчиликда ўрнатилган тартибда суд қарори ёки ҳукми билан мутлақ ҳуқуқлар бузилишида унинг айби мавжуд бўлса, унинг индивидуал тадбиркор сифатидаги фаолияти тугатилиши мумкин».

 

Виждонсиз раҳбарлар ва тадбиркорлар масъулиятини ошириш мақсадида бизнинг қонунчиликка ҳам шундай нормани жорий этиш ўта муҳим масаладек туюлади. Шундай норма қатор бошқа маъмурий ҳамда жиноий ҳуқуқбузарликларнинг (масалан, фирибгарлик, носоғлом рақобат, муаллифлик ёки сайлаш ҳуқуқини бузиш сингари) олдини олган бўлар эди.

 

Зумрад НИЯЗМЕТОВА,

 адвокат.

 


1 Бу ерда ва бундан кейин қулайлик учун  “муаллифлик ҳуқуқлари” атамасидан фойдаланилади, унинг маъноси турдош ҳуқуқларга нисбатан ҳам қўлланишга имкон беради.

2 Интеллектуал фаолият натижаларини яратиш ҳамда улардан фойдаланиш тўғрисидаги шартнома бузилганда мажбуриятларни бузганлик учун жавобгарлик тўғрисидаги умумий қоидалар қўлланилади (ФКнинг 1040-модда 2-қисми).

3 Гап жараённинг икки томони ёки ҳуқуқ эгаси ё бўлмаса қонунбузар жисмоний шахс бўлиши эҳтимоли ҳақида кетмоқда. Бу кўп учрайдиган ҳолатдир. Агар жараённинг икки томон ҳам юридик шахслар бўлса ва ҳуқуқ устидаги низо (моҳиятига кўра) хўжалик суди томонидан кўриладиган бўлса, даъво билан хўжалик судига мурожаат қилинади.

Курс валют

2016-12-06
  • USD:3189.93 (+13.77) сум
  • EUR:3434.89 (--15.97) сум
  • RUB:49.72 (+0.57) сум

Вопрос недели

Подходит ли работа в Ташкенте жителю Ташобласти?
Я прописан и проживаю в Кибрайском районе Ташкентской области, в настоящее время не имею постоянной работы. Говорят, что если зарегистрироваться на бирже труда, то мне должны предложить «подходящую» работу. Смогу ли я таким образом получить работу, например, в Мирзо-Улугбекском районе города Ташкента, до которого мне 5 минут езды? Что вообще означает термин «подходящая» работа?
01.12.16
Просмотры: 1468