Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzЗадержали выплаты работнику – как рассчитать проценты за задержку выплат Как трактовать компенсацию за задержку выплаты дохода работнику Не пропустите сроки регистрации чеков онлайн-ККТ за апрель для зачета НДС по ним Как предприятию продать квартиру физическому лицу

Нимани қадрлашса, шуни муҳофазалашади: тижорат сири режими

15.11.2016

Тижорат сирини муҳофаза қилиш жуда мураккаб муаммо бўлиб, мамлакатимизда янгилик бўлгани боис амалиётда у кам қўлланилган. Бироқ хорижий давлатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, тижорат сир-асрорларини муҳофазалашнинг самарали тизимини барпо этмасдан туриб хусусий мулк эгасининг манфаатларини ҳимоя қилиб бўлмайди. Тижорат сири режимининг ўрнатилиши тадбиркорликда қийматли бўлган маълумотларни муҳофазалаш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.

Тижорат сири тушунчаси ва бу борадаги бошқа баъзи масалалар Тижорат сири ва давлат органлари сарлавҳаси остидаги материалда кўриб чиқилган.

 

Тижорат сири режими тушунчаси

 

Ҳар қандай маълумот ҳам (ҳатто ўта қиймати баланд бўлса-да) ташкилот фаолиятидаги тижорат сири саналавермайди. Юридик нуқтаи назардан махсус режим ўрнатилган маълумотгина тижорат сири деб тан олиниши мумкин. Режим ўрнатилгунга қадар бундай маълумотни ошкор этиш ҳеч қандай юридик оқибатларга олиб келмайди.

 

“Тижорат сири тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасида (кейинги ўринларда - Қонун) тижорат сири режимини тижорат сиридан фойдаланишни чеклайдиган ҳуқуқий, ташкилий, техник ва бошқа чора-тадбирлар тизими сифатида белгилайди.

 

Маълумот ҳақиқий муҳофазага эга бўлиши учун тижорат сири режимини жорий этишда Қонуннинг 10-моддасида назарда тутилган жами мажбурий чора-тадбирларни бажариш зарур. Бошқа ҳолатда тижорат сири режими ўрнатилган деб ҳисобланмайди.

 

Тижорат сири муҳофазасини таъминлаш бўйича мажбурий чора-тадбирларни 3 гуруҳга ажратиш мумкин, булар:

 

  • ҳуқуқий;
  • ташкилий;
  • техник.

 

Қонун тижорат сиридан фойдаланишни чекловчи бошқа чора-тадбирларни қўллаш имкониятини ҳам назарда тутади. Бундай чоралар муайян ташкилотнинг фаолият хусусиятидан келиб чиққан ҳолда белгиланади (Қонуннинг 10-моддаси 2-қисми).

 

Бошқа чораларга, масалан, психологик чоралар киради.

 

Ҳуқуқий чоралар

 

Тартибга солишнинг йўналганлиги бўйича ҳуқуқий чора-тадбирларини шартли равишда ички ва ташқига ажратиш мумкин.

 

Ички чора-тадбирлар:

 

1) Тижорат сирини ташкил этувчи маълумотларнинг рўйхати ва ҳажмини аниқлаш (Қонуннинг 10-моддаси 1-қисми).

 

Ушбу мақсадда ёки алоҳида ҳужжат (рўйхат, буйруқ)ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ёхуд махсус Тижорат сири тўғрисидаги низомга алоҳида бобни киритиш зарур.

 

2) Тижорат сири билан муомалада бўлиш тартибини белгилаш ва бундай тартибга риоя этилиши устидан назорат ўрнатиш (Қонуннинг 10-моддаси 1-қисми). 

 

Бунинг учун мазкур маълумот билан муомала қилиш тартибини  тартибга  солувчи  (сақлаш, кўпайтириш, узатиш, йўқ қилиш ва ҳ.к.) локал норматив ҳужжатни (масалан, Тижорат сири тўғрисида низом), бундай тартибга риоя қилиш устидан назорат бўйича чоралар, у бузилган тақдирда жавобгарликни тасдиқлаш зарур.

 

Эслатиб ўтамиз, ходимлари тижорат сиридан фойдаланадиган корхоналар ва ташкилотлар учун тижорат сири режимига риоя этилиши бўйича Намунавий низом тасдиқланган ва кучга кирган.

 

3) Тижорат сиридан фойдаланишга ижозат олган шахсларни ҳисобга олиш (Қонуннинг 10-моддаси 1-қисми).

Тижорат сирини сақлайдиган маълумотлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга шахслар рўйхати кўрсатилган буйруқни эълон қилиш зарур. Тижорат сиридан фойдаланиш ҳуқуқига эга шахслар реестри юритилишини ташкил этиш ҳам мақсадга мувофиқ бўларди. Бунда маълумотлар хажми (турли ходимларда у фарқ қилиши мумкин) ва бошқа муҳим изоҳлар кўрсатилиши (яъни журнал тутилиши) керак.

 

4) Ходимларни тижорат сирини ташкил этувчи маълумотлар рўйхати, тижорат сири режими ва уни бузганлик учун жавобгарлик чоралари билан тилхат олган ҳолда таништириш (Қонуннинг 11-моддаси 1-қисми).

 

Яъни ташкилотнинг юқорида тилга олинган барча қабул қилинган ички ҳужжатлари (Низом, буйруқлар) ўз меҳнат вазифаларини бажариш учун тижорат сиридан фойдаланиши зарур бўлган ходимга тилхат олган ҳолда таништириш учун берилиши керак.

 

5) Меҳнат шартномалари ва фуқаролик-ҳуқуқий шартномалардаги махсус бандлар1 (Қонуннинг 11-моддаси 4-қисми).


Меҳнат шартномаси (контракт) ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартнома қуйидагиларни назарда тутиши керак:

  • ходимнинг ва тижорат сири мулкдори ёки конфидент бўлган иш берувчининг тижорат сири муҳофаза қилинишини таъминлаш бўйича мажбуриятлари;
  • меҳнат шартномаси (контракт) ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартнома бекор қилингандан кейин собиқ ходим тижорат сирини ошкор этмаслиги шарт бўлган муддат.

 

Амалиётда баъзи ташкилотлар тижорат сирини ошкор этмаслик ҳақида алоҳида мажбуриятни расмийлаштиришади. Аммо 2014 йил 11 сентябрда Қонун қабул қилиниши билан бундай шартни айнан меҳнат ва фуқаролик-ҳуқуқий шартномаларда назарда тутиш талаби киритилди. Бинобарин, янги шартномани имзолашда мазкур талабни унга киритиш ёки амалдаги шартномага қўшимча келишув тузиш керак.


Ташқи чора-тадбирлар:


 

 

 

1) Амалий ҳамкорлар билан шартномалар ёки битимларда махсус бандлар (тижорат сирини ошкор қилмаслик тўғрисида)ни кўзда тутиш.

 

Ташқи ҳуқуқий чора-тадбирлар хўжалик юритувчи субъектлар томонидан савдо-иқтисодий, илмий-техник, валюта-молиявий ва бошқа амалий муносабатларда зарурий саналади. 


 

Бунга мос ҳолда, ҳуқуқий чора-тадбирлар орасида алоҳида битимлар тузиш ёки шартномаларга алоҳида бандларни киритишни қайд қилиб ўтиш мумкин. Унда тарафлар тижорат сирини ташкил этувчи маълумотларнинг тавсифини ва рўйхатини, шунингдек унинг муҳофаза қилинишини таъминлаш бўйича ўзаро мажбуриятларни алоҳида шартлашиб олади (Қонуннинг 13-моддаси).


2) Тижорат сири мулкдори ва конфидент ўртасидаги шартнома (Қонуннинг 14-моддаси, 9-моддаси).


 

 

 

Қонунчилик мулкдорнинг шартнома асосида ўзининг тижорат сирини бошқа юридик ёки жисмоний шахсга (конфидент) эгалик қилиш ёки фойдаланиш учун топширишга йўл қўяди. Бунда уларнинг ҳар иккиси тижорат сирини муҳофаза қилиши шарт. Мазкур шартнома мулкдор ва конфидент ўртасидаги ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларни тартибга солувчи ўта муҳим ҳужжат саналади.

 

 

 

3) Давлат органларига тижорат сирини тақдим этиш ва унинг конфиденциаллигини таъминлашнинг ҳуқуқий имкониятлари Тижорат сирини қандай ҳимоялаш мумкин? деб номланган материалда келтирилган.

 

Зумрад НИЯЗМЕТОВА,

адвокат.



 

 

1Маҳфийлик ҳақидаги қоидаларни фуқаролик-ҳуқуқий шартномаларга киритиш тижорат сири режимини ўрнатишнинг зарурий шартидир.



 

 

 

 

 

 

 

kadrovik.uz

Курс валют

2024-04-24
  • USD:12705.00 (+0.00) сум
  • EUR:13543.53 (+0.00) сум
  • RUB:136.11 (+0.00) сум

Читайте в свежих номерах