Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Пенсиядан чегирма қилиниши устидан шикоят бериш мумкин

15.03.2016

ТАҲРИРИЯТДАН: Амалиётда хато натижасида пенсиядан ортиқча чегирма қилиш ҳоллари учраб туради. Бизнинг материалимиз пенсионерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш усулларига бағишланган.

 

Вазият: Мактаб ўқитувчиси бўлган аёл 2004 йилда ёшга (50 ёш, 25 йилдан ортиқ махсус стаж) доир имтиёзли пенсияга  чиқди. Унинг 1982 ва 1988 йилларда туғилган икки нафар фарзанди бор. 2014 йил декабрь ойида 3 ёшга тўлгунча болани парваришлаш таътилларида бўлиш вақти, лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан 3 йил иш стажи ҳисобга олиниши асосида унинг пенсияси миқдорини камайтиришди (шунингдек ортиқча тўланган суммани ҳам чегирма қилишди).  Модомики унинг фарзанди икки нафар экан, демакки, ортиқча сумма тўланган. Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимининг пенсия ва нафақа тайинлаш бўйича комиссияси ўз қарорида бу асосни тўғридан-тўғри кўрсатди. Пенсионер бундай қарорга рози бўлмай унинг устидан Пенсия жамғармасининг юқори бўғинига шикоят берди. Бироқ унга хат орқали берилган жавобда ортиқча суммалар 55 ёшда умумий белгиланган пенсия ёшига тўлганда у ёшга доир имтиёзли пенсиядан оддий пенсияга ўтказилганлиги натижасида юзага келганлиги тўғрисида маълум қилинган. Ким айбдор ва нима қилиш керак?

 

АДВОКАТ ШАРҲИ

 

Пенсия жамғармаси ходимларининг айби билан пенсиядан ғайриқонуний қилинган чегирмалар, улар томонидан кўп миқдордаги суммага хато қилиниши кекса кишилар елкасига оғирлик бўлиб тушиши керак эмас. Мансабдор шахсларнинг, хато содир этилган бўлсада, қонунга зид ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиниши мумкин ва керак.


 

Саналарга эътибор қаратинг

 

Ёшга доир имтиёзли пенсия (50 ёшда, умумий белгиланган ёшдан 5 йил олдин пенсияга чиқиш) 2004 йилда тайинланган, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида” 3.09.1993 йилдаги Қонуннинг 37-моддаси «ж» бандига эса 22.12.2010 йилдаги ЎРҚ-272-сон Қонун билан ўзгартиришлар киритилган.

 

37-модда. Иш стажига қўшиб ҳисобланадиган меҳнат фаолияти турлари

Қуйидагилар иш стажига қўшиб ҳисобланади:

ж) бола 3 ёшга тўлгунча болани парваришлаш таътилларида бўлиш вақти, лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан 3 йил.

 

Қонунчиликка 2010 йилда киритилган бу ўзгартириш кўриб чиқилаётган ҳолатга нисбатан қўлланилиши керак эмас, чунки аёл пенсияга аввал, яъни 2004 йилда чиққан.

 

“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида” Қонуннинг 31-моддасига1 асосан  норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар орқага қайтиш кучига эга эмас ва улар амалга киритилганидан кейин юзага келган ижтимоий муносабатларга нисбатан татбиқ этилади, ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

 

Қонуннинг амал қилиши у амалга киритилгунга қадар юзага келган ижтимоий муносабатларга нисбатан фақат бу тўғридан-тўғри қонунда кўзда тутилган тақдирдагина татбиқ этилади.

 

Агар қонун содир этилган пайтда жавобгарликка сабаб бўлмаган ёки енгилроқ жавобгарликка сабаб бўлган хатти-ҳаракатлар учун юридик ва жисмоний шахсларнинг жавобгарлигини жорий этишни ёхуд кучайтиришни назарда тутса ёхуд юридик ва жисмоний шахсларга моддий зарар етказса, қонунга орқага қайтиш кучини бериш мумкин эмас.

 

Модомики “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида” Қонуннинг2 (кейинги ўринларда – Қонун) 37-моддаси «ж» бандини  ўзгартиришда қонуннинг орқага қайтиш кучига ҳеч қандай шарт йўқ экан, бинобарин, уни татбиқ этиш ва шу асосда аллақачон тайинланган пенсия миқдорини камайтириш ноқонуний ҳисобланади.

 

 

Қарорлар қабул қилиш ваколатлилиги

 

Қонуннинг 65-моддасига асосан пенсиялардан чегирмалар Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг қарорига биноан қилиниши мумкин.

 

Бинобарин,  албатта қарор чиқарилиши керак. Уни қабул қилиш учун ваколатли орган сифатида қонун фақат бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман ёки шаҳар бўлимини, яъни пенсия иши юритиладиган ўша бўлимни белгилаган. Амалиётда қарор расмийлаштирилади.

 

Бундай қарор пенсиядан чегирма қилиш учун ягона қонуний ҳужжат ҳисобланади.

 

Ундан рози бўлинмаган ҳолатда айнан шу ҳужжат устидан судга шикоят берилади.

 

Бинобарин, агар қарор аллақачон қабул қилинган ва унда пенсиядан чегирма қилиш учун муайян асос келтирилган бўлса, у ҳолда фақат хат билан уни бекор қилиш мумкин эмас.

 

Ҳатто хат Пенсия жамғармасининг юқори бўғинидан чиққан тақдирда ҳам бундай ҳаракат ғайриқонуний ҳисобланади, чунки бу қарор қабул қилишнинг лозим бўлмаган тартиботи ва бундай хат асосида пенсиядан пулларни чегирма қилиш мумкин эмас.

 

 

Ким айбдор ва нима қилиш керак?

 

Юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда, Пенсия жамғармаси ходимларининг  ҳаракатлари ғайриқонуний ҳисобланади ва бундай қарор устидан судга шикоят берилиши лозим. Бу ҳолатда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузаётган мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоят берилади.

 

Бироқ суд ҳимоясининг бошқа варианти ҳам бор. Амалиётда Пенсия жамғармаси органлари томонидан ўз хатоларини тўғридан-тўғри ёзма равишда тан олишларига дуч келинган. Қонуннинг 65-моддасига ҳавола қилган ҳолда мансабдор шахслар жамғарма ходимларининг техник ёки ҳисобга доир хатолари сабабли чегирма қилинишини ёзишади ва тан олишади.

 

Ҳақиқатан, қонун ҳисобга доир ёки бошқа техник хато қилинганлиги оқибатида бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлими қарори асосида чегирма қилиниши имконини беради. Лекин бунда айбдор бўлган ходимлар ўз хатти-ҳаракатлари учун жавобгарликка тортилишлари керак.  Кўринадики, жазога тортилмасликка бўлган ишончлари туфайли кўп сонли хатолар содир бўлаётир.

 

Ўзининг ҳимояси учун пенсионер регресс даъво механизмидан фойдаланиши мумкин. ФКнинг 1001-моддаси биринчи қисмига мувофиқ бошқа шахс томонидан етказилган зарарни тўлаган шахс бу шахсга нисбатан, агар қонунда бошқача миқдор белгиланмаган бўлса, тўланган товон миқдорида қайта талаб қилиш (регресс) ҳуқуқига эга.

 

Агар пенсионернинг пенсиясидан Пенсия жамғармаси ходимининг хатоси туфайли сумма чегирма қилинган тақдирда пенсионер ушбу суммани айбдор ходимдан ундириш тўғрисида судга ўз даъвосини беришга ҳақли.

 

Шуни ҳам эътиборга олиш жоизки, регресс мажбуриятлар бўйича даъво муддати асосий мажбурият бажарилган пайтдан ўта бошлайди (ФКнинг 154-моддаси).

 

Шу билан бирга ҳам маънавий зарар учун компенсация, ҳам адвокат гонорари4 харажатларини, ҳам даъво беришда тўланган давлат божини ундириб олишга ҳаракат қилиб кўриш керак.

 

 

Зумрад НИЯЗМЕТОВА, адвокат.

 

 

Мавзуга доир материаллар:

 

Пенсияни пластикка ўтказиш – ихтиёрий иш

 

Кўчмас мулкни устав фондига киритаман. Ким мумкин эмас деб айтди?

 

 

 

_______________________________________________________________________________________________________

1 2000 йил 14 декабрдаги (2012 йил 24 декабрдаги янги таҳрири).

 

2 3.09.1993 йилдаги.

 

3 Регресс даъво – бу асосий мажбурият бўйича қарздорнинг учинчи шахсга унинг айби билан (учинчи шахснинг айби билан) кредиторга тўланган пул суммасини қайтариш тўғрисида қайта талаб қилиши. Яъни кимдир бошқа шахс томонидан келтирилган зарарни қоплаган ва энди уни айбдордан ундирмоқда.

 

4 Ҳал қилув қарори қайси тарафнинг фойдасига чиқарилган бўлса, суд шу тарафга иккинчи тарафдан вакилнинг ёрдами учун тўлашга кетган харажатларни оқилона миқдорларда ундириб беради. Агар ҳал қилув қарорига биноан ҳақли бўлиб чиққан тарафга адвокат белгиланган тартибга мувофиқ бепул ёрдам кўрсатган бўлса, бу сумма бошқа тарафдан адвокатлар бюроси (ҳайъати, фирмаси) фойдасига ундирилади.

Курс валют

2016-12-06
  • USD:3189.93 (+13.77) сум
  • EUR:3434.89 (--15.97) сум
  • RUB:49.72 (+0.57) сум

Вопрос недели

Ташкент – не сельская местность
Я проживаю в г. Ташкенте с родителями, своего жилья не имею. Могу ли я принять участие в программе доступного жилья, если женюсь и решу жить отдельно от родителей?
09.12.16
Просмотры: 348