Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Пул топишнинг ғайриоддий усуллари

28.11.2016

Кўпчилигимиз оддий, қизиқарли бўлмаган ишларда ишлаймиз. Кимдир супермаркетда, ким мактаб ёки боғчада, яна кимдир соат 9:00 дан 18:00 гача офисда умрини ўтказади. Аммо янгиликка интилувчан, қизиқарлилик тарафдори бўлганлар учун бугунги бироз телбароқ бўлган дунёда ғайриоддий вазифалар ёки лавозимлар албатта топилади.

Умуман олганда, пул топишнинг ғайриоддий усуллари талайгина. Уларнинг барчаси одамларнинг қанчалик тадбиркор бўлиши мумкинлигини исботлайди. Баъзи усуллар мутлақо қонуний ҳисобланса-да, кўпчиликка шубҳали, ақлга сиғмайдиган даражада телбанамо туюлади. Гарчи шаън, шарм-ҳаё, обрў-эътиборни ҳеч қандай пул билан ўлчаб бўлмаса ҳам, одамларнинг пул топиш учун қанчалик “узоққа” бориши мумкинлиги одамни баъзан ҳайратга солиши мумкин.

 

Аввалги мақоламизда пул ишлашнинг одатий учта усули билан таништирган эдик. Энди эса пул топишнинг энг ғайриоддий, ажойиб ва таажжубли йўллари билан таништириш вақти етди.

 

Осиялар

Япониянинг йирик шаҳарларида аҳоли жуда кўп. Айниқса, эрталабки ҳамма ишга отланган тиғиз вақтларда бу яққол сезилади. Шаҳар четидаги одам кўп бекатлар лиқ тўлади. Игна тушишига жой қолмайди.

 

Тўла вагонга сизни итариб киргазиб қўйишлари учун кимгадир пул тўлашларини тасаввурингизга сиғдира оласизми? Японияликлар учун бу одатий, ҳар куни учрайдиган ҳол.

 

Шаҳар чеккасидаги бекатлар осия деб аталувчи ходимларни ишга олишади. Ходимларнинг вазифаси вагонларга иложи борича кўпроқ одамларни итариб киргазиб қўйишдан иборат. Ҳа, айтганча, осияларнинг яна бир вазифаси бор – бу вагондаги оломон орасидан ёриб чиқмоқчи бўлган йўловчиларни чиқариб олиш.

 

Профессионал йиғичи


Бу касб айниқса, Африкада оммалашган, улар анча вақтдан бери маданиятнинг ажралмас бўлаги ҳисобланади. Профессионал йиғичиларни яхшилаб йиғлаб бериши учун, атрофдагилар вафот этган одам жуда муҳим ва обрў-эътиборли одам экан, деб ўйлашсин дея махсус ёллашади. Осиёнинг баъзи мамлакатларида ҳам бундай қойилмақом йиғлаб берувчилар касбини эгаллаганларни топиш мумкин. Гарчи Ғарбда бу хизмат оммалашмаган бўлса ҳам профессионал йиғичиларни изловчи компаниялар онда-сонда учраб туради.

 

Энг харидоргир тупроқ  


Қурувчилик ишларида бу хизматдан ҳамма жойда кенг қўлланилади. Аммо ҳозир гап бу хусусда эмас. Ирландиялик Пат Берк исмли одам ҳақиқий бизнесмендек фикрласангиз, имконсиз нарсанинг ўзи йўқ эканини исботлади.

 

У АҚШда яшаётган ирландиялик иммигрантларнинг авлодлари ҳақида кўп ўйларди. Ахийри улар вафот этгач, ҳақиқий ирланд тупроғини қабрларига сепиш керак, деган тўхтамга келди. Ҳар бир ўрами $15 дан тупроқни пуллай бошлади. Тупроқ эса унга мутлақо текинга тушарди. Унинг бизнеси муваффақият қозонди. Ҳозирги кунда у асос солган қабр учун тупроқ ташиш билан шуғулланувчи компаниянинг савдо ҳажми $1 млн.ни ташкил этмоқда!

 

Профессионал уйқучи 


Биз фойдаланаётган барча маҳсулотлар бозорга чиқишдан олдин синчковлик билан текширилади. Каравот, матраслар ҳам шу жумладан.

 

Сотувга чиқаришдан олдин уларда ухлаб, текширишлари учун компаниялар махсус ходимларни ёллашади. Мириқиб ухлаётганликларини текшириш учун уйқу вақтида уларнинг юрак уриши доимий тарзда текшириб турилади.

 

Яна бир мисол: ўтган йили Хельсинкидаги Hotel Finn отели бўш ишчи ўринларини эълон қилди. Унда меҳмонхонанинг 35 та хонасида ухлаб, уларнинг уйқу учун қанчалик қулайлигини текшириб кўриши керак бўлган профессионал уйқучи лавозими ҳам бор эди.

 

Бу бўш иш ўрнига 600 дан ортиқ одам талабгор бўлганига ажабланмаса ҳам бўлади! Бизда шундай лавозим эълон қилинса, қанча одам унга илинишини истаган бўларди, деб ногоҳон ўйга толасан киши...

 

Овқат ейиш


Ишониш қийинку-я, лекин овқат ейиш ва семириш ҳам пул келтириши мумкин экан. Семиз одамларнинг таом тановул қилишини томоша қилишга қизиқувчилар кўпчиликни ташкил этар экан. Огайо штатидан Донна Симпсон ўз олдига дунёдаги энг оғир ва салмоқли аёл бўламан деб мақсад қўйган. Унинг ўз сайти бор, унга обуна бўлганлар эса, овқат ейишини кўриш учун пул тўлашади. Пуллар озиқ-овқат сотиб олишга сарфланади.

 

Жанубий кореялик Дива исмли аёл ҳар куни овқат тайёрлаши ва уни ейишини онлайн тарзда реал вақт режимида трансляция қилади. Бу машғулот унга ойига $9 минг келтиради.

 

Сотиладиган дўстлар

 

Ҳақиқий дўст сотилмайди дейишади. Аммо ҳозир ҳамма нарса сотиладиган ва сотиб олинадиган замонда яшаяпмиз. Масалан, дўстни ҳам соатбай ижарага олса бўлади. Ижарага олинувчи дўстнинг баҳоси арзон эмас, соатига 50 доллар.

 

Тўғри-да, кимгадир пул керак, кимдир эса дўсти билан дилдан суҳбатлашгиси, ичидаги бор-йўқ кечинмаларини дастурхон қилиб тўкиб солгиси келади. Нима ҳам дердик. Ҳайратдан ёқа ушлаймиз, холос. Сизга эса бундай дўстга кунингиз, йўғе... соатингиз тушмаслигини тилаб қоламиз.

 

Тақир бош — реклама учун жой


Калбошлар сочлар уларни барвақт тарк этганидан афсусланиб, армонда юришади. Ана шундайлардан бири америкалик Брендон Чикотси ўз камчилигидан бўшаб қолган чўнтаклари учун фойдали ва ўринли фойдаланиш йўлини излаб топди.

 

У тақир бошидаги махсус реклама учун ажратилган жойни кунига 320$ га сотади. Яъни, бу одам кал бошман, дея ҳаётдан ҳафа бўлиб, азият чекиб ўтирмасдан, камчилигини пассив даромадга айлантира олди ва бунинг ортидан ойига (диққат қилинг!) 10000$ ишлаб топади!

 

Реклама берувчиларнинг унга қўядиган ягона талаби – бутун иш куни мобайнида одам гавжум ерларда сайр қилиш, холос. Ана шунака, одам пул топиш учун қўлига кетмон олиб, тер тўкиб, икки букилиб, қора меҳнат қилиши мутлақо шарт эмас экан. Салгина топқирлик бўлса бас.

 

Соч савдоси

 

Бугун сочларни сунъий йўл билан ўстириш жуда оммалашган. Бу эса ўз навбатида табиий сочларга (яъни бўялмаган ва кимёвий таъсир кўрсатилмаган) бўлган талабни тобора оширмоқда. Европа ва АҚШдаги сунъий сочларни ўстирувчи ва парик ишлаб чиқарувчи компанияларга маҳаллий аёллар ҳам сочларини топширсалар-да, табиий сочларнинг аксариятини улар Осиё қитъасидан олишади. Масалан, ҳиндистонлик аёлларнинг кўпчилиги сочларини сотиш учун махсус ўстиришади ва бунинг ортидан яхшигина пул ишлашади.

 

Футболка кийиш

 

Ғоя жуда оддий. У шундай жаранглаяптики, ҳатто ҳеч қачон пул топишга ёрдам бера олмайдигандек. Аммо 2005 йилда АҚШлик Джейсон Сэдлер исмли одам компанияларнинг логотипи туширилган футболкаларни кийгани учун унга пул тўлашлари мумкинлиги ҳақида ўйлаб қолди. У кийиб олган футболкасига логотипи туширилган компания ҳақида атрофдагиларга сўзлаб беришни ҳам таклиф эта бошлади. Фикр компанияларга ёқиб тушди. Мижозлари кўпайиб кетган Седлер унга ўхшаб футболка кийиб юриш учун яна тўртта ходимни ёллашига тўғри келди. Орадан 5 йил ўтиб, у ўз хизматлари нархини икки баробар оширди. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, ҳозирда у йилига $500 минг ишламоқда!

 

Компьютер ўйинлари

 

Компьютер ўйинлари кундалик ҳаётнинг ажралмас қисмига айланиб бораётган бир пайтда ота-оналар болаларни улардан асраш учун ҳаракатларни бошлашди. Ҳақиқатан ҳам у ҳеч қандай ижобий натижага олиб келмайди, вақтнинг беҳуда сарфлангани қолади, холос.

 

Буни қарангки, компьютер ўйинлари саноати бугунги кунга келиб дунё бўйича энг қизиқарли ва даромадли технологиялардан бирига айланиб улгурди. Ҳозирда бу соҳадаги халқаро мусобақалар ҳам анъанавий равишда ҳар йили ўтказилади. Мусобақалар онлайн режимида миллионлаб ўйин ихлосмандларига намойиш этилади ва уларга катта пул тикилади. Масалан, жаҳондаги энг йирик ана шундай мусобақалардан бири — The International да 2014 йилги мукофот пули $10 млн.ни ташкил этган эди.

 

Ўзгалар ўйлаб топган ғоялар асосида пул топиш йўлларини кўриб чиқдик. Энди эса илҳом келиб, баъзи яратувчан инсонларнинг масалаларга қанчалик ижодкорона ёндашиши билан ҳам таништириб ўтишга қарор қилдик.

 

Лаш-луш музейи

 

Германияда топқирлик тушунчаси бироз бошқачароқ тушунилади. Роберт Пот асос солган лаш-луш музейи бунга яққол мисол. Муассасага келувчилар нафақат пластик идишлар ва мутлақо ярамайдиган буюмларни, балки ҳақиқатан ҳам қимматбаҳо экспонатларни ҳам топишлари мумкин.

 

Гап шундаки, музейга асос солишидан олдин тадбиркор бу одам шаҳардаги ободончилик ишларига масъул фирмага узоқ вақт раҳбарлик қилган эди. Ҳа, ҳаёти мобайнида у озмунча нарса кўрмади, энди кўрганлари билан ўртоқлашмоқда. Ҳозирда унинг муассасаси Германиядаги энг кўп одам келадиган музейлардан бирига айланган. Кўринишидан, бу мамлакатда лаш-луш, ишлатилаверганидан эскириб, чириб кетган буюмларни топиш анқонинг уруғи шекилли.

 

Пулли қучоқлашиш

 

АҚШда одамларга қучоқлашишлар камлик қилиши ҳақида ўйлаб қолган чикаголик тадбиркор вокзал платформаларида одам қўллари шаклидаги қучоқловчи аппаратларни ўрнатди. Улар қўлингизга дўстона қисиш, қучоқлаш билан бирга салом беради, оқ йўл тилаб, овоз чиқаради. Текинга эмас, албатта. Ҳозир ҳатто қўл бериб кўришиш ҳам пулга чақилади. Айтиш керакки, автоматларнинг бозори анча чаққон. Ёлғизланиб қолган йўловчилар автоматларни кўпроқ одамларга ўхшаш кўринишда ясашни илтимос қилишмоқда. Қучоқлашганда темир-терсак ботмасин, дейишаётган бўлса керак.

 

Энди ўзингиз бир ўйлаб  кўринг: яна қанчадан-қанча ғоялар ҳаётга жорий этилмай, ҳавода, ҳаёлларда муаллақ турибди. Ҳатто аввал янгичароқ бизнес бошлаш учун ғоя топа олмаётган бўлсангиз ҳам юқоридагиларни ўқиб чиққач, янги фикр хаёлингизни чулғай бошлаган бўлса ажаб эмас. Ижодкорликдан тўхтамасангиз бас, ҳали кашф этилмаган имкониятлар, чўққилар олдинда сизни кутиб тургани аниқ.

 

 

Мавзуга оид материал:

 

Пул ишлаш усуллари

 

 

 

Курс валют

2016-12-06
  • USD:3189.93 (+13.77) сум
  • EUR:3434.89 (--15.97) сум
  • RUB:49.72 (+0.57) сум

Вопрос недели

Ташкент – не сельская местность
Я проживаю в г. Ташкенте с родителями, своего жилья не имею. Могу ли я принять участие в программе доступного жилья, если женюсь и решу жить отдельно от родителей?
09.12.16
Просмотры: 288