Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Қандай текширувларга дучор бўлмаслик мумкин?

15.03.2017

Қонунчиликка ташкилотлар мунтазам равишда солиқ ёки бошқа мажбурий тўловларни тўламаган тақдирда режали текширувларни ўтказиш имконини берувчи норма киритилди. Шу боис қатор саволлар келиб чиқадики, уларнинг баъзиларига мазкур шарҳда жавоб беришга ҳаракат қилиб кўрамиз, шунингдек, ифодаланган хулосалардан келиб чиққан ҳолда тадбиркорларга тавсиялар берамиз.

Қонунчилик билан имтиёзли даврлар белгиланган бўлиб, ушбу даврларда янги тадбиркорлик субъектларида улар фаолиятининг режали текшируви ўтказилмайди.

 

Шу тариқа, янги ташкил этилган кичик бизнес субъектлари ҳамда фермер хўжаликлари давлат рўйхатидан ўтган пайтдан бошлаб 3 йил мобайнида улар молия-хўжалик фаолияти, жумладан, солиқлар бўйича режали равишда текширилмайди. Агар улар акциз тўланадиган маҳсулотлар ишлаб чиқарса ёки уларнинг фаолияти бюджет ва марказлаштирилган маблағлар ва ресурслардан мақсадли фойдаланиш билан боғлиқ бўлса, ушбу муддат 2 йилни ташкил этади.

 

Аммо бу йилдан бошлаб назорат органларининг амалиётига янги қоида киритилди. Энди кўрсатиб ўтилган субъектлар юқорида кўрсатилган даврлар мобайнида режали текширувдан ўтказилиши мумкин. Бу молиявий йил мобайнида улар томонидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни мунтазам равишда тўламаслик ҳолатида рўй бериши мумкин.

 

Мамлакатимизнинг қатор қонун ҳужжатлари мазкур муҳим шарт билан тўлдирилди. Аммо бизнес-ҳамжамиятда унинг амалда рўёбга чиқарилиши билан боғлиқ саволлар туғилиши мумкин. Ўқувчиларимиз ҳукмига алоҳида жиҳатлар бўйича ўз қарашларимизни баён этамиз. Гапни терминологиядан бошлаймиз.

 

Тўламаслик ёки бўйин товлаш: фарқ нимада?

 

Маъмурий (МЖтК 174-моддаси) ва жиноий (ЖК 184-моддаси) қонунчиликда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан қасддан бўйин товлаганлик учун жавобгарлик кўзда тутилган. Бўйин товлаш – фойдани (даромадни) ёки бошқа солиқ солиш объектларини яшириш (камайтириб кўрсатиш) ёки аниқ қасддан содир этилган ғайриқонуний ҳаракатлар, масалан, тақдим этилиши мажбурий бўлган солиқ ҳисоботи ёки бошқа ҳужжатларни тақдим этмаслик ва ҳ.к.

 

Шу боис “солиқ тўлашдан бўйин товлаш” ва “солиқ тўламаслик” тушунчалари ўртасида тенглик белгисини қўйиш мумкинми? Фикримизча, уларни фарқлаш даркор.

 

Масалан, Беларусь Республикаси қонунларига кўра жиноий жазоланадиган бевосита қасднинг мавжуд бўлиши мажбурий ҳисобланган солиқ тўлашдан бўйин товлашдан фарқли ўлароқ, уларни тўламаслик, шу жумладан эҳтиётсизлик орқасида тўламаганлик учун  маъмурий жарима кўзда тутилган. Яъни, солиқ тўловчи ўз мажбурияти ҳақида унутган бўлса ёки ўз-ўзига ишониб, уни тўлашни кейинроққа қолдирган бўлса, ҳуқуқбузарлик таркиби ва пировардида, бунинг учун жазо аниқ мақсадга йўналтирилган солиқ базасини яшириш ёки қасддан камайтиришга қараганда ўзгача бўлади. Хусусан, хорижий қонун чиқарувчи қиёсланаётган тушунчалар ўртасидаги чегарани шундай қўяди.

 

Нисбатан яқинда (2014 йилда) Ўзбекистоннинг МЖтК 175-моддасида шунга ўхшаш норма акс эттирилган эди.

 

Иккита мисолни кўриб чиқамиз.

 

1-мисол. Стационар савдо шохобчаси сотувчиси фиксал хотирали назорат-касса машинасидан фойдаланмаган ҳолда харидорларга чек бермасдан нақд пул тушумини яширган. Бу жорий солиқ даврида корхонада фойда (даромад)нинг бир қисми яширилган, ундан тегишли солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар тўланмаган, дегани.

 

2-мисол. Ташкилот банкка солиқларни тўлаш тўғрисида  тўлов топшириқномасини йўллади. Аммо изчиллик тартибида бошқа талаблар қоплангани туфайли унинг депозит ҳисобварағида пул маблағлари етишмагани боис топшириқномалар бажарилмади. Натижада солиқ тўловлари бюджетга келиб тушмади – солиқ тўловчи томонидан мажбуриятлар ижро этилмади.

 

Иккала ҳолатда ҳам солиқ тўламаслик ҳолати мавжуд, аммо биринчи ҳолатда солиқ тўлашдан бўйин товлашдан иборат қонунга хилоф ҳаракатлар яққол кўриниб турган бўлса, иккинчисида – ҳуқуқбузарлик таркиби мавжуд эмас.

 

Бундан ташқари,  солиқ тўлашдан бўйин товлаш узоқ муддат мобайнида мажбуриятларни бажармаслик, яъни давомий ҳуқуқбузарликни назарда тутишини эътиборга олиш даркор. Агар назорат тадбирлари давомида ташкилот олинаётган даромадларнинг бир қисмини 3 ой мобайнида яшириб келаётгани аниқланса, айбдорларни жавобгарликка тортиш учун у бутун чорак мобайнида бўйин товлаган солиқларнинг умумий суммаси ҳисобланади. Агар ундирув қўлланилгандан кейин ҳам бўйин товлаш ҳолати такрорланса, бундай ҳаракатлар такрорий ҳуқуқбузарлик таркибини ҳосил қилади.

 

Шу тариқа, солиқ тўлашдан бўйин товлашга мос ҳолда (ҳар қандай бошқа ҳуқуқбузарликка сингари) такрорийлик квалификация белгисидан фойдаланилади. Умуман олганда, “мунтазамлик” атамаси солиқ тўлашдан бўйин товлаш контекстида деярли ишлатилмайди.

 

Мунтазам равишда деганда, қоидага кўра, муайян вақт мобайнида икки ёки ундан кўп маротаба содир этилган ҳаракат тушунилади. Бундай давр бизнинг ҳолатимизда молиявий йил билан, яъни 1 январдан  31 декабргача доирада чегаралангани боис, фикримизча,  умумий қоида мунтазамлик белгисини талқин қилиш мақсадида қўлланилиши мумкин.

 

Биринчи хулоса. Кўриб чиқилаётган мақолада гап солиқ тўловчи солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни уни келтириб чиқарган сабаблардан қатъи назар тўламаганлиги ёки қасддан содир этганлиги ҳолати устида бормоқда. У мунтазам равишда деб тан олиниши учун 1 январдан 31 декабргача бўлган даврда икки ёки ундан кўп маротаба такрорланиши керак.

 

Хусусан, янгилик киритган ҳолда қонун чиқарувчи назорат органларига текширувлардан озод этилган даврдан ғаразли ниятда фойдаланган ҳолда ғайриқонуний фаолият билан шуғулланаётган субъектларни  аниқлаш имкониятини берди.

 

Солиқларни тўламаслик объектив сабабларга кўра қонуний асосларда рўй бераётган ҳолатларга нисбатан шартларнинг мавжуд эмаслиги (масалан, солиқ имтиёзларидан фойдаланиш, солиқ мажбуриятлари бажарилишини кечиктириш, қонунчиликда белгиланган тартибда юридик шахснинг ўз фаолиятини тўхтатиб туриши, тугатиш жараёнида бўлиши ва бошқалар билан боғлиқ) қонунга риоя этувчи тадбиркорларнинг назорат органлари назари доирасига тушиши хавфини кўзда тутади. 

 

Текширув қачон келади?

 

Шубҳасиз, бизнес вакилларининг аксариятини масаланинг амалий жиҳатлари қизиқтириши шубҳасиз. Шу боис текширувнинг қачон келиши ва у қайси даврни қамраб олиши ҳақида сўз юритамиз.

 

Юридик шахслар — тадбиркорлик субъектлари молия-хўжалик фаолиятининг режали текширувлари (ревизия) жорий йил учун режага мувофиқ ўтказилади. Келгуси йил учун жадвал Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш республика кенгаши томонидан режалаштирилаётган йилдан олдинги йилнинг 20 ноябригача тасдиқланади.

 

Бироқ, назорат органларининг таклифларига кўра, тасдиқланган режа-жадвалга қўшимчалар киритилиши мумкин. Бунда шу каби таклифларда солиқларни тўламаслик ёки солиқ тўлашдан бўйин товлаш тариқасидаги солиқ қонунчилигининг бузилиши фактлари албатта кўрсатилиши шарт.

 

Изоҳ: материалда таърифланган текширувлар жадвалини шакллантириш ва унга қўшимчалар киритиш тартиби ёзилиш санасида долзарб ҳамда Назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган, тадбиркорлик субъектлари — юридик шахслар фаолиятини текширишларни мувофиқлаштириш тартиби тўғрисида низом ҳамда Назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган, тадбиркорлик субъектлари — юридик шахслар фаолиятини текширишларни мувофиқлаштириш тартиби тўғрисида низомнинг амалдаги таҳририга мувофиқдир. Қонунчиликдаги тадбиркорлик субъектларини текширишга тааллуқли сўнгги ўзгартиришлар туфайли мазкур низомлар ўзгартирилиши мумкин.

 

Энди текширилаётган давр ҳақида. СКнинг 91-моддасига биноан тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишлар фақат солиқ тўловчининг текширув ўтказилаётган йилдан бевосита олдинги кўпи билан беш календарь йилдаги фаолиятини қамраб олади.

 

Мазкур мақолада фақат янги ташкил этилган тадбиркорлик субъектлари, яъни фараз қилинаётган текширувгача камида уч йил ўтгандан кейин рўйхатдан ўтказилган тадбиркорлик субъектлари хусусида сўз бораётганини инобатга олсак, текшириладиган давр, чамаси, рўйхатдан ўтказилган санадан бутун вақтни қамраб олади.

 

Шубҳасиз, бунда қонунчилик билан тартибга солинган текширувларни ўтказиш тартиботига қатъий риоя қилиш мажбурийдир. Ушбу саволга жавоб излашда «Текширув: А дан Я гача» дастрий маҳсулотидан фойдаланиш анча енгиллик яратади.

 

Иккинчи хулоса. Молия-хўжалик фаолиятини режали текширишлар солиқлар ёки мажбурий тўловларни мунтазам равишда тўламаслик ҳолати аниқланганидан кейин жорий йилда ҳам, келгуси йилда ҳам ўтказилиши мумкин. Бунда ташкилотнинг рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб бутун фаолияти даври қамраб олинади.

 

Барча айтилганларни хулосалаймиз: агар янги ташкил этилган тадбиркорлик субъекти муайян пайтда солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўламаса, бу факт уларни тўлашдан қасддан бўйин товлаш ҳисобланишидан қатъи назар, унинг фаолияти ҳатто қонун билан белгиланган имтиёзли даврда ҳам режали текширилади. Аммо тўламаслик ҳолати мунтазам тусга эга бўлиши, яъни 1 январдан 31 декабрга қадар икки ва ундан кўп маротаба содир этилган бўлиши жоиз. Мазкур ҳолатда субъект белгиланган тартибда текширувлар режа-жадвалига киритилган бўлиши, текширувнинг ўзи қонунчилик талабларига тўлиқ мувофиқ ҳолда ўтказилиши даркор. 

 

Ўз совуққонлигингиз натижасида юқорида шарҳлаган норма таъсири остига тушмаслик учун биз қуйидагиларни тавсия этамиз:

 

  • солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлиқ ҳажмда тўлаш, бунинг устига, бир молиявий йил мобайнида (1 январдан 31 декабрга қадар) уни бир неча маротаба тўламасликка йўл қўймаслик;

 

  • солиқларни тўлаш учун етарлича маблағ бўлмаган тақдирда солиқ мажбуриятини бажаришнинг бошқа усулларини излаш, масалан, уни бажаришни кечиктириш, ундирувни дебиторлик қарзига қаратиш ва ҳ.к.

 

  • давлат органларини, хусусан солиқ хизматини ташкилотни солиқ мажбуриятларидан озод этувчи асослар (имтиёз, фаолият тўхтатиб турилиши, тугатилиши ва ҳ.к.) мавжудлиги ҳақида белгиланган муддатларда огоҳлантириш ва бу ҳақда тегишли ёзма тасдиққа эга бўлиш.

 

 

Олег ЗАМАНОВ,

экспертимиз.

 

Курс валют

2017-10-17
  • USD:8058.77 (+6.69) сум
  • EUR:9515.80 (+65.07) сум
  • RUB:140.84 (+2.32) сум