Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzЗадержали выплаты работнику – как рассчитать проценты за задержку выплат Как трактовать компенсацию за задержку выплаты дохода работнику Не пропустите сроки регистрации чеков онлайн-ККТ за апрель для зачета НДС по ним Как предприятию продать квартиру физическому лицу

Қарзни ундириш осон иш эмас

17.05.2016

Олдинги шарҳимизда биз керакли бизнес-ҳамкорларни сақлаб қолиш, амалдаги санкциялар остига тушмаслик ва шу билан бирга қонун доирасидан чиқмасдан пайдо бўлган қарздорлик юзасидан нима қилиш кераклиги ҳақида ёзгандик. Бироқ ҳар доим ҳам шундай бўлавермайди ҳамда кўп ҳолларда қарздорларни барча қонуний усуллар билан “силкитишга” тўғри келади. Мавзунинг давомида - ундириш бўйича қандай чораларни кўриш мумкинлиги ва кредиторлар амалиётда дуч келадиган эҳтимолий муаммолар хусусида.


 

Илгари қайд қилганимиздек, қарз мажбуриятларини бошқариш ишида тизимли ёндашув зарур. Қарз мавжудлиги, унинг миқдори ва пайдо бўлган санасини ўрнатиб, уларни сўндириш усулларини танлаш керак.

 

Қарздор билан музокара олиб бориш йўли билан масалани ҳал қилишга уриниб кўриш мумкин. Муҳокама жараёни кўпинча низоларни судгача ҳал қилиш усули сифатида тарафлар томонидан тузилган шартномада кўрсатилади.

 

 

Қандай талабномалар?

 

Агар муҳокамалар натижа бермаса, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”1 Қонун қарздор номига талабнома йўллаш имконини беради.

 

Қайд қилиш жоизки, талабнома расмий ҳужжатдир, уни расмийлаштиришга жиддий ёндашиш лозим. Талабномада кўрсатиладиган маълумотлар рўйхати кўрсатилган Қонуннинг2 17-моддасида сақланади.

 

Ёдда тутинг: талабнома билдириш хатини белгиланган талабларга тўлиқ мувофиқ равишда тузиш муҳим – низоли вазиятнинг натижаси, эҳтимол,  қарздорга йўлланган талабнома қанчалик тўғри ва асосланганлигига боғлиқдир.

 

Агар бундай мажбурият суд жараёнига дастлабки қадам сифатида қонун ёки тарафлар шартномаси билан кўзда тутилган бўлса, талабнома юборишга риоя қилиниши керак. ХПКнинг 118-моддасига биноан  низоларни тартибга солишнинг даъво қўзғаш тартибини бузиб топширилган даъво аризаси қайтарилади.

 

Қонунчиликка биноан талабнома юбориш тартиби қуйидаги:

 

акциядорнинг ўзига тегишли акцияларни қайтариб сотиб олиш бўйича;

 

юкни темир йўл орқали ташишда ташувчига;

 

йўловчилар ва багажни ташишдан вужудга келадиган низолар бўйича талабномалар учун мажбурийдир.

 

Бироқ ҳатто бошқа ҳолатларда ҳам қарздорга талабнома йўллашни рад этишни тавсия қилмаймиз: хат жўнатиш узоқ вақт талаб қилмайди, лекин бу келгусида ишни судда кўриб чиқишни жиддий жадаллаштириши мумкин.

 

«Norma» компанияси экспертлари томонидан ишлаб чиқилган хўжалик шартномалари бўйича талабномалар намуналари билан “Корхона юристи” дастурида танишиш мумкин.

 

Бинобарин, башарти қарздор ўз қарзини ихтиёрий равишда сўндириш ниятида бўлса, талабнома юбориш тартибидан маъно бор. Қасддан тўламайдиганларга нисбатан у кутилган натижани бериши амри маҳол.

 

Қоидага кўра, олинган талабномага жавобда қарздор вақтинчалик молиявий қийинчиликлар сабабли тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш тақдим этишни сўрайди, бу эса қарз эътироф этилганлигидан гувоҳлик беради ёки талабномани эътиборсиз қолдириб, сукут сақлайди ёхуд кредиторга қарши талабнома, олайлик уларнинг тўлиқ қийматини тўлаш бўйича талабнома ўрнига етказиб берилган товарларнинг сифати бўйича талабнома йўллайди.

 

Агар тўлашни кечиктириш  муддати ўтгандан кейин қарздор  талабномани тўлиқ бажармаса (ёки бўлиб-бўлиб тўлаш жадвалини бузса), шунингдек охирги икки ҳолатда кредитор суд муҳокамаси ташаббуси билан чиқишига тўғри келади.

 

 

Судлашамиз...

 

Кредитор томонидан судга мурожаат қилишнинг икки усули бор: суд буйруғи бериш тўғрисида ариза ёки даъво аризаси билан.

 

Муддатлар ва суд харажатлари миқдорлари бўйича буйруқ тартибида иш юритиш – анча манфаатли тартибот. Қўшимча равишда ижро ҳужжати олиш заруратининг йўқлигини ижобий жиҳат деб ҳисоблаш мумкин, чунки суд ҳужжати шундай ҳужжат ҳисобланади ва ижрога мустақил тақдим қилинади.

 

Маълумот учун: суд буйруғи кредиторнинг пул суммасини ундириш ёки ундирувни қарздорнинг мол-мулкига қаратиш ҳақидаги ёхуд қарздордан низосиз талаблар бўйича мол-мулкни талаб қилиб олиш тўғрисидаги аризаси бўйича судья чиқарган ҳужжатдир (ХПКнинг 102-моддаси).

 

ХПКнинг 103-моддаси талабини инобатга олиб, қарз ёзма равишда тасдиқланган ҳужжатга эга бўлган ҳолда судга буйруқ тартибида иш юритиш тартибида дебиторлик қарзини ундириш учун  мурожаат қилиш мумкин. Шундай қилиб, буйруқ бериш тўғрисидаги аризага қарздор қарз суммасини тан олганлигини ва икки томонлама расмийлаштирилган ўзаро ҳисоб-китобларнинг таққослаш далолатномасини илова қилиш керак бўлади. Бундан ташқари, ОХС3 Пленумининг тушунтиришича, кредитор суд буйруғини бериш тўғрисида ариза берганида қарздорга аризанинг нусхасини топшириши шарт ҳамда судга “боғланиш” далилини, яъни  қарздор - ташкилот раҳбари ёки ходимининг нусхада муҳр (штамп)4 билан тасдиқланган имзосини тақдим қилиши шарт.

 

Кичик бизнесга муҳрдан фойдаланишни рад этиш ҳуқуқини берадиган қонунчиликдаги сўнгги ўзгаришлар туфайли, фикримизча, бу нормага тузатиш киритиш зарур.

 

Ариза тарафларни чақирмасдан судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.  Ҳаммаси бўлиб барча жараёнга бир ойдан кам вақт кетади. Ариза беришда тўланадиган давлат божи даъво аризаси билан мурожаат қилгандагидан ярим баравар кам, агарда ундирувчи кичик бизнес жумласига кирса бу ундан ҳам камни ташкил қилади.

 

Эслатиб ўтамиз, Давлат божи ставкаларига5 асосан  кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари давлат божини белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида давлат божи тўлайдилар. Шундай қилиб, кичик бизнес вакили суд буйруғи бериш тўғрисида ариза билан мурожаат қилганда ҳақиқатда тасдиқланган ставканинг 25 фоизи миқдорида тўлашга тўғри келади.

 

Агар қарздор суммани тасдиқлашни рад этса ёки белгиланган муддатларда берилган буйруқни бекор қилиш тўғрисида ариза берган бўлса, шунингдек қарздорнинг амалдаги жойлашган жойи номаълум бўлса,  даъво аризасини тайёрлаш лозим.

 

Даъво тартибида иш юритиш кўпроқ вақт талаб қилади. Судга ариза берилган пайтдан бошлаб, то суд томонидан қабул қилинган қарор кучга киргунга қадар қарийб уч ой ўтиши мумкин. Суд харажатлари юки ошади: давлат божи тўлашдан ташқари суддаги ўз вакилига ҳақ тўлаш бўйича харажатларни амалга ошириш лозим. Эҳтимол, экспертизани тайинлаш ёки гувоҳлар, таржимонларни ишда иштирок этишга жалб қилишга ҳам тўғри келиши мумкин.

 

Қайд қилиш жоизки, мамлакатимизда судлов ишларини юритиш охирги вақтда жиддий равишда либераллаштирилмоқда, хусусан, АКТ фаол жорий қилинмоқда: эндиликда электрон шаклда ариза бериш ва суд ҳужжатларини олиш, ишни кўриб чиқиш жараёнини эса видеоконференцалоқа режимида ўтказиш мумкин. Оқибатда судга кўпроқ мурожаат қила бошланди.

 

Бироз статистика: Олий хўжалик суди расмий сайтида эълон қилинган маълумотларга кўра, жорий йилнинг I чорагида республика хўжалик судлари томонидан  5 349 суд буйруқлари берилди, худди шу давр учун биринчи инстанцияда кўриб чиқилган хўжалик низоларининг умумий миқдори эса 27 мингтадан ошди.

 

 

 

 

Жараённи ютдингиз – кейинчи?   

 

Суд муҳокамасида ютиб чиқиш асло кредиторга унинг муаммоларини ҳал қилинишини кафолатламайди.  Суд қарори кучга кирганда ижро варақасини олиш ва уни ижрога тақдим қилиш керак. Бу билан махсус ваколатли орган – Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти ходимлари шуғулланади. Бу босқичда ундирувчи учун охирги натижани кутишдан бошқа деярли чора қолмайди.  Баъзан эса жуда узоқ кутишга тўғри келади. Суд қарори узоқ ижро этилмаслигининг сабаби бир нечта.

 

Биринчидан, суд ижрочиларининг иш билан бандлиги уларга ижро ҳужжатлари талабларини белгиланган муддатларда6 бажариш имконини бермайди. Эҳтимол, ундирувчиларнинг ўзига бевосита манфаатдор шахс сифатида катта қонуний ваколатлар берилиши ҳақида ўйлаб кўриш керакдир.

 

Иккинчидан, навбатдаги қарздор билан ишлаш жараёнида суд ижрочилари зарур маълумотлар олиш учун турли орган ва ташкилотларга, олайлик банклар, ЙҲХББ, солиқ ёки кадастр органлари ва бошқаларга мурожаат қилишга мажбурлар. Мавжуд идоралараро ўзаро ҳамкорлик тизими доирасида бу сўровлар бериш йўли билан амалга оширилади, уларни тайёрлаш, қайта ишлаш ва кўриб чиқишга қимматли вақт сарфланади. Тегишинча, хусусан ахборотнинг тезкорлигини таъминлаган ҳолда ундан фойдаланиш тизимини модернизациялаш керак.

 

Учинчидан, ижро иш юритилши тўғрисидаги қонунчилик такомиллашмоқда, шубҳасиз, эришилган натижаларда тўхташга ҳали эрта. Нима учун, олайлик, қарздор-корхоналар ягона реестрини жорий қилиб, уни минтақалар бўйича кесимда барча фойдаланиши учун эълон қилиш мумкин эмас? Қора рўйхатлар деб номланадиган тизим, бир томондан унга киритилган шахслар учун яхши мотивация ҳисобланса, бошқа томондан эса шу қарздорларнинг бўлғуси контрагентлари томонидан анча муҳим қўшимча ахборот олиниши имконини беради. 

 

 

Суд ҳужжатини ижро этиш бутун ундирув жараёнининг якуний ва ҳал қилув босқич эканлигини ҳисобга олиб, суд талабларини у ёки бошқа сабабларга кўра бажармаслик аввал кредитор томонидан қилинган барча саъй-ҳаракатларни чиппакка чиқаради. Шу билан бир вақтда бу қонунчилик қарздорлар зарарига ишлаши кераклигини билдирмайди – мазкур масалада энг муҳими иккала томон манфаатлари даражаси тенглигини ҳисобга олган ҳолда оқилона балансга эришишдир.

 

Кўрганимиздек,  дебиторлик қарзини ундириш – осон жараёнлардан эмас: узоқ вақтни, қўшимча ташкилий ва молиявий харажатларни талаб қилади ҳамда доим бир неча бизнес-тузилмалар манфаатлари тўқнашуви билан боғлиқ.

 

***

 

Биз атайин бу шарҳда ҳакамлик муҳокамаларига дахл қилмадик, чунки сайтимизда  бу мавзуга етарлича эътибор қаратамиз. Ҳакамлик судлари ва ҳакамлик иш юритуви қоидалари ҳақида бу ерда ёки бу ерда ўқиш мумкин.

 

Эҳтимол, доимий ўқувчиларимизнинг маълум доирасига шарҳ “кашфиёт” бўлмагандир, бироқ, бизнесда дебиторлик қарзини бошқариш мавзуси долзарблигини ҳисобга олиб, биз турли фаолият соҳалари ва барча шаклдаги тадбиркорлик учун мос келадиган ягона алгоритмни ифодалашга қарор қилдик. Ишонамизки, кимгадир, айниқса, бизнесда илк қадамини қўяётган, бундай муаммога биринчи марта дуч келган  янги тузилмалар барибир керакли маълумот олади. Қолганларга эса шарҳ, эҳтимол, зарар қилмайди. Айтилганидек: Такрорлаш билимнинг онасидир.

 

Кейинги шарҳимизда биз ушбу мавзу бўйича материаллар циклини тугаллаймиз ҳамда қарздор-корхоналар банкротлиги ва айрим бошқа масалаларни кўриб чиқамиз.

 

 

Олег ЗАМАНОВ,  экспертимиз. 

 

 

Мавзуга доир материал:

 

Дебиторлик қарзи: ундириш мумкин эмас, кечиб юборилсин!

 

 

 

 


1 29.08.1998 йилдаги 670-I-сон Қонун.

 

2 Мазкур нормага биноан талабномада қуйидагилар кўрсатилади: талабнома тақдим қилган хўжалик юритувчи субъектнинг ва у тақдим қилинган субъект номи; талабномани тақдим қилиш санаси ва унинг рақами; талабнома тақдим қилиш учун асос ҳисобланадиган ҳолатлар; талабномада баён қилинган ҳолатларни тасдиқлайдиган далиллар; ариза берувчининг талаблари; талабнома суммаси ва унинг ҳисоб-китоби, ариза берувчининг тўлов ва почта реквизитлари; талабномага илова қилинадиган ҳужжатлар рўйхати.

 

3 Суд буйруғи бериш тўғрисидаги ишларни кўришда ўзбекистон республикаси хўжалик процессуал кодекси нормаларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида” Олий хўжалик судининг 5.12.2013 йилдаги 254-сон қарорининг 9-банди.

 

4 Қонунчиликдаги кичик бизнесга муҳрдан фойдаланишни рад этиш ҳуқуқини берадиган сўнгги ўзгаришлар туфайли, фикримизча, бу нормага тузатиш киритиш зарур.

 

5 Вазирлар Маҳкамасининг 3.11.1994 йилдаги 533-сон қарори билан тасдиқланган.

 

6 “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида” 29.08.2001 йилдаги 258-II-сон Қонуннинг 30-моддасига асосан ижро ҳаракатлари_ва ижро ҳужжатининг талаблари ижро ҳужжатининг ихтиёрий ижро этилиши учун белгиланган муддат тугаган кундан эътиборан кўпи билан икки ой муддат ичида суд ижрочиси томонидан амалга оширилиши ва ижро этилиши керак.

kadrovik.uz

Курс валют

2024-04-24
  • USD:12705.00 (+0.00) сум
  • EUR:13543.53 (+0.00) сум
  • RUB:136.11 (+0.00) сум

Читайте в свежих номерах