Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Қишлоқ хўжалиги экспортчилари учун янги имкониятлар

10.08.2017

Савдо-саноат палатаси «Ўзагросаноатбиржа» АЖ ва бошқа ҳамкорлар билан биргаликда бутун республикадан пойтахтимизга келган тадбиркорлар учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини товар-хом ашё биржалари орқали экспорт қилиш масалаларига бағишланган семинар ўтказди.

 

Президентнинг «Маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларни янада қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (21.06.2017 йилдаги ПҚ-3077-сон) билан маҳаллий тадбиркорларга мустақил равишда экспорт қилиш имконияти берилди. Илгари ушбу секторда «Ўзагроэкспорт» АЖ монопол мавқега эга эди. Семинарда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг маҳаллий экспортчиларига янги узилган мева-сабзавотларни ташқи бозорларга олиб чиқишнинг амалий жиҳатлари, шунингдек ушбу соҳада банд бўлган корхоналарга тақдим этилган қўшимча имтиёзлар ҳақида атрофлича тушунтириш берилди.

 

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раисининг ўринбосари Б.Асадов ишбилармонлик муҳитининг такомиллаштирилиши, ортиқча ва эскирган рухсат бериш тартиботларининг бекор қилиниши ташқи иқтисодий фаолиятни янада либераллаштириш, экспорт ҳажмини ошириш, маҳаллий экспортчиларнинг рақобатдошлиги ва молиявий барқарорлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар мустақил ҳаракат қилиши учун йўл очилган бўлса-да, уларнинг аксарияти механизмлар ва экспортга жўнатиладиган маҳсулотларга қўйиладиган талаблардан бехабар. Агар илгари «Ўзагроэкспорт» компанияси ҳужжатларни тайёрлаш, маҳсулотларни сертификатлаштириш, бошқа мажбурий таомиллар учун жавобгарликни зиммасига олган бўлса, энди бу масалаларнинг барчасини тадбиркорларнинг ўзлари ҳал этишларига тўғри келмоқда.

 

Аслини олганда уларда танлаш имкони мавжуд – мустақил равишда харидорни излаши ва у билан ҳамкорлик қилиши ёхуд воситачиларнинг хизматларига таяниши мумкин. Экспортчиларга бундай ёрдам кўрсатувчи ташкилотлар орасида «Uztrade», «Ўзагроэкспорт» компаниялари, «Ўзагросаноатбиржа» АЖ, Савдо-саноат палатаси, Кичик тадбиркорликни ривожлантиришни кафолатлаш фонди ва бошқалар бор. Айримларининг вакиллари тадбиркорларни ўз хизматлари билан таништирдилар.

 

Семинарда Давлат божхона қўмитаси, Марказий банк мутахассислари ҳам сўзга чиқдилар.

 

– Тадбирнинг асосий мақсади – бўлғуси экспортчиларга янги имкониятлар, шунингдек маҳсулотни олиб чиқиш пайтида амалиётда юзага келадиган муаммоларни ҳал этиш йўллари ҳақида маълумот бериш, – дея қайд этди ССПнинг маҳаллий товарлар, хизматлар ва ишларни экспорт қилишга кўмаклашиш бошқармасининг бошлиғи Ғофуржон Усмонов. – Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини мустақил экспорт қилиш ҳуқуқини берувчи янги вазиятга тўқнаш келган тадбиркорлар ушбу жараённинг барча босқичларини ҳар томонлама ўрганишдан манфаатдор. Бошқа томондан, уларга кўмаклашадиган давлат тузилмалари ва воситачи компаниялар вакилларининг бугунги мулоқот доирасида маҳсулот етиштирувчилар қандай қийинчиликларга тўқнаш келаётганларини билишлари ҳам фойдадан холи эмас. Бу ўзаро ҳамкорлик механизмини яхшилаш чораларини кўришда ёрдам беради.

 

Саида Жонизоқова,

 мухбиримиз.

 

Курс валют

2017-08-15
  • USD:4154.36 (+27.91) сум
  • EUR:4895.49 (+16.43) сум
  • RUB:69.02 (+0.62) сум