Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Рақс марказини қандай очиш мумкин?

24.02.2017

Рақс – бу гўзаллик, сўзсиз мулоқот, санъат, спорт. Бундан ташқари, у стрессга қарши терапия ва организмни ижобий эмоциялар билан бойитиш имконияти. Кайфиятни кўтарувчи ушбу машғулот орқали тадбиркорлик қилиш истагида бўлганлар кўплаб топилади. Аммо бунинг учун нималар кераклигини кўпчилик билмайди.

 

Ушбу бизнес бошланғич капитали кўп бўлмаган, аммо якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланиш иштиёқида бўлганлар учун айни муддао. Даромадбардорлиги ҳам ёмон эмас. Аммо у тўғри ташкил этилган тақдирдагина фойда келтиради.

 

 Бўлажак раққослар?

 

Аввалига марказда бўлажак раққосларни айнан рақснинг қандай йўналишларига ўргатишингизга аниқлик киритиб олишингиз керак бўлади. Битта йўналишни танлаш шарт эмас: биргина мактабда ҳам миллий, ҳам мумтоз, шарқона йўналишлар ва ҳатто бал рақсларини ҳам ўргатиш мумкин.

 

Рақс йўналишларини ташлаш одатда бир нечта омилга боғлиқ бўлади:

  • талаб: сизнинг аудиториянгизда (марказ очиш  учун танлаган жойингизда) айнан қандай рақсларга талаб катта;
  • рақобат: маҳаллий рақс марказлари ўз ўқувчиларига қандай рақс турларини таклиф этмоқда;
  • имкониятлар: қандай йўналишда дарс бера оладиган ўқитувчиларингиз бор;
  • ўз шахсий фикрингиз.

 

Асосан мактаб ўқувчиларини жалб этиш учун очиладиган рақс маркази албатта мактаб ва боғчалар кўп бўлган ҳудудда очилиши айни муддао. Бу мақсадда мактаблар ичидан зални ижарага олинса, арзон ҳам тушади. Дарслардан ташқари вақтда фарзандининг бекорга вақт ўтказимаслигини, қадди-қомати рисоладагидек бўлишини ёки тиббий кўрсатмаларга кўра рақс тавсия этилган ота-оналар фарзандларини бундай рақс тўгарагига “жон-жон” деб беришади.

 

Ҳамма рақсга тушсин!

 

Рақс мактаблари соҳасида сўнгги вақтларда “ёши катталар учун рақс” йўналиши урф бўлмоқда. Яъни ҳаётида умуман рақс тушиб кўрмаган, рақс тушишни ёқтирмайдиган ёки “қудалар олдида шарманда бўлмаслик учун” тўй-ҳашамларда яхшироқ рақс тушишни ўрганиб олишни истовчилар ҳамда рақс тушиб ортиқча вазндан фориғ бўлишни истаганлар учун.

 

Бино танлаш

 

Рақс маҳорати сирларини очиш учун махсус мўлжалланган зал топиш мураккаб масала. Чунки бундай залга муайян талаблар мавжуд, масалан:

 

  • унинг майдони 80 кв.метрдан кичик бўлмаслиги даркор;
  • хона сифатли шамоллатиш ва ҳаво айланиш тизими билан жиҳозланган бўлиши жоиз;
  • рақс билан шуғулланиш учун катта кўзгулар ҳамда махсус балет станоги бўлиши шарт;
  • ёндош хоналар: эркаклар ва аёллар кийиниш хоналари, ҳар бирининг майдони 15 кв.м. дан бўлади;
  • кийиниш хоналарида душ кабиналари;
  • яна бир бино – фойе, унда мижозларни қабул қилувчи маъмур столи жойлашган бўлади;
  • шунингдек, юмшоқ диван жойлаштирилган кичикроқ дам олиш хонаси бўлиши, айни муддао.

 

Рақс марказининг нафақат ички жиҳозлари, балки унинг жойлашган жойи ҳам муҳим. Чеккароқ жойда жойлашган рақс тўгараги ҳам шаҳардагиси сингари муваффақият қозониш имкониятига эга. Иккала ҳолатда ҳам камчиликлар ва ютуқлар мавжуд.

 

Шаҳар марказида

 

Шаҳар марказида жойлашган ҳар қандай ташкилот сингари рақс маркази ҳам нуфузли ҳисобланади, унда ўтказиладиган сабоқларга юқорироқ нарх белгилаш мумкин. Реклама учун катта харажатлар қилишга ҳожат йўқ: кўчага каттароқ ҳажмда илиб қўйилган ёрқин баннернинг ўзи ҳам етарли бўлиши мумкин. Аммо шаҳарда жойлашган офиснинг энг катта камчилиги — ижара ҳақининг баланд бўлиши.

 

Агар рақс марказингиз шаҳарда жойлашадиган бўлса, ижарага жой излашда кун сайин сони ортиб бораётган тренажёр заллари, фитнесс клублардаги ёки шуларга яқин биноларни танласангиз, адашмайсиз. Спорт мажмуаларидан бўш залларни ижарага олиш фикри ҳам яхши. Уларда ювиниш ва кийиниш хоналари дейсизми, улкан кўзгуларми —  барча шароитлар муҳайё. Мижозларни тез орттириб олиш имкониятидан ҳам бебаҳра қолмайсиз.

 

Четда жойлашган марказ

 

Чеккароқ туманда марказ очишга қарор қилган бўлсангиз, ижара ҳақи катта бўлмаслиги аниқлигига амин бўласиз. Рақобат чеккароқ жойларда кучли бўлмаслиги ҳам тайин. Чунки ҳозир чекка жойларда рақс марказлари урфга кирмаган.

 

Чеккароқ жойда очилган марказ ўқувчилари сони, айниқса, дастлабки даврларда камроқ бўлади. Дарслар нархини ҳам анча арзон қилишга тўғри келади. Қолаверса, рекламага анча-мунча маблағ ва вақт ажратиш талаб этилади. Мижозларни кўпайтириш учун муайян кунларда машғулотларни бепул қилиш фойдадан ҳоли бўлмайди.

 

Ходимларни ишга олиш

 

Аслини олганда, агар ўқитувчиларингиз кучли, ўз билимига ишонган, тажрибали бўлса, марказнинг қаерда жойлашгани катта аҳамиятга эга эмас. Ҳатто реклама қилишга ҳам ҳожат йўқ. Шов-шув сиз учун реклама ролини ўтайди. Яхши ўқитувчини  ҳамма бир-бирига мақтаб, тавсия этишни бошлайди.

 

Ҳар қандай ҳолатда ҳам рақслар дастурини шундай тузингки, мижозларингиз уч ҳафта ўтганидан кейин натижаларни яққол сезишсин. Одатда яхши профессионал раққослар уларнинг ёнига ритмга тушиш, оҳангларни пайқаш ва фарқлаш, мувофиқлаштириш бўйича муаммолари бўлган ёки ўта уятчан бўлган ўқувчилар келса ёки ҳаракатларни яхши ўзлаштира олмаса, жазавага тушишади. Аммо улар бир нарсани яхши тушуниб етишлари керак: кимни ўқитаяпсиз, спортчи болаларними ёки спорт рақслари бўйича мусобақада қатнашиши керак бўлганларними ё бўлмаса “Истиқлол” санъат саройида чиқишлар қилиши керак бўлган раққосаларними? Профессионал раққосларга мўлжалланган усулларни оддий ўқувчиларга, энди соҳага қадам қўяётганларга қўллашга уриниш — бизнесни таназзул сари етаклаш билан тенг.

 

Зал бўш қолиб кетмаслиги учун турли вақтларда жадвал бўйича ишлайдиган 3–4 та ўқитувчи керак бўлади. Шунингдек, алмашиб ишлайдиган иккита маъмур зарур: улар мижозлар билан мулоқот қилиши, қўнғироқларга жавоб қайтараши ва абонементларни сотиши зарур. Бинони тартибли ва тоза тутиш учун фаррош керак.

 

Бизнес-режа

 

Ҳар қандай иш сингари рақс марказини ҳам бизнес-режа тузмасдан очиб бўлмайди. Рақс марказидаги дарслар нархини маҳаллий аҳолининг топиш-тутиши, ўқитувчиларга бериладиган маош, ижара ҳақи сингари омиллардан келиб чиқиб белгиланади. Якка тартибда ўтказиладиган дарсларга алоҳида нарх белгиланади.

 

Одатда ҳар бир гуруҳда 10–15 киши сабоқ олади. Рақс маркази ўзини-ўзи қоплаши ва даромад келтириши учун бир кунда камида 5-6 та гуруҳда дарс ўтилиши даркор.

 

Реклама

 

Сизда реклама қилиш, махсус жиҳозланган зални ижарага олиш учун маблағ бўлиши керак холос. Энг яхши реклама — бу флаерлар тайёрлаб тарқатиш, зал номини катта баннерда ёзиш кабилардир.

 

Марказга кўпроқ одам жалб этиш учун одамлар кўп тўпланадиган жойларда кўргазмали чиқишлар қилиш мумкин. Ҳозирда йирик супермаркетларда бу одат анча урф бўлган. Супермаркетнинг масъул ходимлари билан келишган ҳолда йиғилганлар учун томоша қўйиб бериш, ҳатто буни мунтазам равишда ташкил этиш мумкин. Чиқишлар тугагач, хоҳловчиларни таклиф этиш, ташриф қоғозлари тарқатиш ва саволларга жавоб бериш орқали мижоз йиғилади.

 

Ҳозирда бозорда рақс марказлари унчалик кўп эмас. Хизмат сифатига амин бўлсангиз, бўлгани, ҳамма тўсиқларни енгиб ўта оласиз.

 

Юқоридагилардан кўринадики, рақс марказини очиш чиқимли иш эмас, унга кўпроқ серташвиш деб таъриф бериш мумкин. Рақс йўналишларини яхши тушунадиган ва ижодкор одамлар билан ишлашни биладиган одам учун у минимал харажатлар билан яхши бизнесни йўлга қўйиб олиш имкониятидир.

 

Фозила АШУРОВА, мухбиримиз.

 

 

 

Курс валют

2017-10-17
  • USD:8058.77 (+6.69) сум
  • EUR:9515.80 (+65.07) сум
  • RUB:140.84 (+2.32) сум