Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Сарафан радиоси бизнесда қандай “ишлайди”?

15.11.2016

Хорижда сарафан радиоси атамасини кенг қўллашади. Бу атаманинг қаердан, қандай келиб чиққани ҳали-ҳануз номаълумлигича қолмоқда. Сарафан радиоси оғиздан-оғизга ўтувчи рекламадир: оддийроқ қилиб айтганда, миш-миш. Фақат у асосланган, ижобий фикр-мулоҳазалардан иборат бўлади. Ишингиз, хизматингиз, маҳсулотингиз, иқтидорингизнинг тилларда достон бўлиши ва бунинг натижасида хизмат ва товарларингизга бўлган талабнинг ошишидир. Сарафан радиоси сиз тадбиркор бўлсангиз, ўз бизнесингизни юритаётган бўлсангиз, жуда асқатади.

Сарафан радиоси аслида ҳар бир ишнинг кўзини билган тадбиркор, бизнесменнинг орзуси. Бўлмасам-чи!? Мижозлари сони борган сари ортиб, яна уларнинг ҳам бошқаларни етаклаб келаверишини қайси раҳбар орзу қилмайди дейсиз?!

Аммо, гап шундаки, кўпчилик рекламанинг бу турини тартибсиз тарзда, ўз-ўзидан вужудга келади, уни назорат қилиб бўлмайди, деб ҳисоблайди ва адашади... Ҳар қандай тадбиркор сарафан радиосини йўлга қўйиш у ёқда турсин, уни бемалол назорат қилиш ҳам мумкин.

 

Рекламанинг бепул тури

 

Кўп тадбиркорлар сарафан радиосини ўзига бўйсундиришга уриниб келишган. Масалан, хориждаги йирик-йирик компаниялар машҳур шахслар, ўз фикри орқасидан бошқаларни эргаштира оладиганларга ўз товарларини таклиф этишган. Етакчилар уларнинг товарларини мақташи ва натижада, бир талай мижозлар унга эргашиб, товарлар ва хизматлардан фойдалана бошлашига ишонишган. Аммо ҳаммаси улар ўйлаганчалик осон бўлиб чиқмади. Етакчилар текинга ўз тавсияларини беришни исташмади.

Кейинроқ эса тадбиркорлар истеъмолчини ҳайрон ва лол қолдириш фикридан воз кечишди ва бутун эътиборларини сифатли хизмат кўрсатишга қаратишди. Чунки маҳсулот ёки хизмат ҳақиқатан ҳам одамга маъқул келса, у ҳақда шундоқ ҳам таниш-билишларига айтиб бериши тайин.

 

Ижобий ва салбий жиҳатлар

 

Ҳар қандай реклама сингари сарафан радиосининг ҳам салбий, ҳам ижобий жиҳатлари мавжуд. Келинг, уларни бирма-бир таҳлил қилиб, кўриб чиқамиз.

 

Ижобий томонлар:

  • мижозларнинг ўзи сизнинг иш жойингизга излаб келишади;
  • бепул  қудратли рекламага эга бўласиз;
  • мижозлар оқими кундан кунга ортиб боради;
  • брендингиз танила бошлайди.

 

Салбий томонлар:

  • компаниянгиз ҳақидаги гап-сўзлар тарқалишини назорат қила олмай қолишингиз мумкин;
  • оғиздан-оғизга ўтаётган гап-сўзлар бузиб етказилиши, ҳақиқатга тўғри келмай қолиши ҳеч гап эмас;
  • агар мижознинг хизматларингиздан кўнгли тўлмаса, у битта қўймай, барча мижозларингизни бундан хабардор этади.

 

Дарҳақиқат, салбий ахборот ижобийсидан кўра, тезроқ тарқалади. Чунки одамнинг табиати шунака: у яхшидан кўра, ёмон хабар билан тезроқ ўртоқлашгиси келади.

 

Қандай бўйсундириш мумкин? 

 

Бу қийинроқ масала, аммо уддасидан чиқса бўлади. Агар истеъмолчилар ташкилотингиз ҳақида фақат ижобий фикрларни билдиришини истасангиз, қуйидаги қоидаларга амал қилишингиз керак.

 

1-қоида. Ҳис-ҳаяжон ва кечинмалар “ясаш”

 

Сарафан радиоси фақат ҳиссиётлар тўлиб-тошгандагина ишлашга тушади. Мижоз компаниянгизга илк маротаба ташриф буюрганида кучли ижобий таассурот олиши учун ҳаракат қилишингиз керак.

Масалан, мижоз соч олдиргани келди-ю, сиз унга қўшимча равишда бепул бошни уқалаб қўйишни ёки махсус даволовчи соч тўкилишига қарши восита билан сочларини ювишни буюрдингиз. У бундан хурсанд бўладими? Бўлганда қандоқ!

Мижоз дўконга фен олгани келса-ю, товар хусусиятлари ҳақида маълумот беришни сўраганида сотувчи қўпол муомала қилса-чи? Харид қилай деб турган ерида, олмасдан дўконингиздан чиқиб кетиши ҳеч гап эмас.

 

2-қоида. Хона безатилишига эътибор қилиш

 

Ҳозир замон шунака, кийимга, ташқи кўришингга қараб муомала қилишади. Компаниянинг ташқи кўриниши ҳам шу жумладан. Кир-чир, чирк, чанг, жиҳозлари йиртилган, синган, бир аҳволда компанияга бир маротаба иши тушиб, мажбур бўлиб келган одам ҳам иккинчи карра ўйланиб киради.

Ёп-ёруғ, ёғ тушса ялагудек тоза хонага кирган одамнинг эса баҳри-дили очилади, дили ёришади. Ходимлари озода кийинган, хушмуомала бўлса, ўтиришга жой кўрсатиб, чойми, кофеми таклиф этса-ку, қайта-қайта айнан шу ерга келгинг келаверади. Раҳбар энг аввало ўзини компаниясининг биринчи мижози дея қарашни ўрганиши керак.

 

3-қоида. Сифатли хизмат кўрсатиш

 

Мана, энг асосий бандга ҳам етиб келдик. Хизматингиз сифатли бўлсама, ҳеч ким ҳеч қачон компаниянгизга иккинчи маротаба эшик қоқиб келмайди. Танишларига тавсия этишини-ку, гапириб ўтиришнинг ҳам ҳожати йўқ.

 

4-қоида. Мижозни ҳеч қачон алдаманг

 

Ёдингизда бўлсин, офисингиз қанчалик дид билан безатилган бўлмасин, қанчалик мижозлар билан илиқ муомала қилманг, агар уларни алдаб, ёлғон сўзласангиз, тез орада ҳамма ишларингиз ортга кетади, хонавайрон бўласиз.

Мижозлар сизнинг қулоқларига лағмон илишингизни эмас, хизматингиз ёки товарингизни деб келишган.

Масалан, Туркияга ҳамёнбоп бўлган арзон саёҳатни таклиф эта туриб, унинг шароитларини худди беш юлдузлик меҳмонхонаникидек осмонларга олиб чиқиб мақтасангиз, амин бўлаверинг, мижоз нафақат ўзи бошқа қайтиб келмайди, балки барча сизнинг компаниянгиз томон қадам ташлаётган таниш-билишлари ва ҳатто нотанишларини бу йўлдан қайтаради.

 

5-қоида. Мижозларингизни хурсанд қилинг

 

Гарчи бу бандни сўнггиси сифатида келтираётган бўлсак-да, аҳамияти жиҳатидан у етакчи ўринларга сазовор. Мижозларга совға қилишда қурумсоқлик, хасислик қилманг. Ҳар қандай кичик эътибор мижознинг сизга нисбатан ижобий ҳисларини уйғотади ва уни сизнинг фирмангизга янада қаттиқроқ боғлайди.

 

Агар кўрсатиб ўтилган 5та қоидага оғишмасдан, виждонан амал қилсангиз, сарафан радиоси мисли кўрилмаган куч билан сизнинг фойдангиз учун ишлай бошлайди. Сизга эса ижобий акс-садолар оқимини назорат қилиб туриш қолади, холос.

 

 

 

Курс валют

2016-11-29
  • USD:3176.16 (+18.66) сум
  • EUR:3450.86 (+0.97) сум
  • RUB:49.15 (+0.65) сум

Вопрос недели

Подходит ли работа в Ташкенте жителю Ташобласти?
Я прописан и проживаю в Кибрайском районе Ташкентской области, в настоящее время не имею постоянной работы. Говорят, что если зарегистрироваться на бирже труда, то мне должны предложить «подходящую» работу. Смогу ли я таким образом получить работу, например, в Мирзо-Улугбекском районе города Ташкента, до которого мне 5 минут езды? Что вообще означает термин «подходящая» работа?
01.12.16
Просмотры: 648