Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

Савдо ҳажмини оширишда қўл келадиган 5 усул

21.10.2016

Тижорат билан шуғулланувчи ташкилотларни ҳар доим бир савол қийнайди: савдо-сотиқ ҳажмини қандай ошириш керак. Қуйида энг ишончли ва самарали усуллардан 5 тасини тақдим этамиз.

 

Тижорат азал-азалдан ўз ишини йўлга қўйиш, бой-бадавлат бўлишнинг энг оммабоп тури сифатида одамларни қизиқтириб келган. Савдо кўпайгани сайин пул ортгани боис турли даврлар савдогарларини молни тезроқ сотиш масаласи ташвишга солган. Улар ўйлаб топган усулларнинг эса баъзилари муваффақият калитини қўлларига тутказган бўлса, бошқалари мутлақо фойда бермаган.

 

Савдо ҳажми нимага боғлиқ?

 

Тижорат билан шуғулланувчи ҳар қандай ташкилот, хоҳ у кичик дўконча бўлсин, хоҳ маҳсулотни ҳам сотувчи, ҳам ишлаб чиқарувчи йирик корхона бўлсин айнан савдо-сотиқ бўлимининг фаолияти компания муваффақиятини таъминлаб берган. Савдо кўп бўлаяптими — демак, ҳамма ишлар тўғри бажарилаяпти, тушаяптими — бу уларнинг ҳажмини ошириш манбаларини излаш даркор дегани. Аҳвол ўта таранглашиб колгандагина мақсад савдо айланмасини ошириш эмас, мавжуд мижозларни ҳам йўқотиб қўймаслик асосий мақсадга айланади.

 

Йирик компаниялар ҳам, майдалари ҳам битта умумий хатога йўл қўйишади: савдо тушганида раҳбарият бу учун жавобгар бўлган бўлимлар ёки бевосита сотувчиларни айблайди. Бу эса нотўғри.

 

Чунки савдогар ёки менежер қанчалик малакали ва мулойим бўлмасин, харидор товарни сотиб олмайди, қачонки:

 

  • дўконда товарлар тури кўп бўлмаса – ўзига керакли нарсани топа олмайди;
  • товарларни етказиб беришда узилишлар бўлиб турса – ҳозир дўконлар жуда кўп, сизда унинг пайдо бўлишини кутиб ўтирмай, дарров бошқасидан харид қилиш мумкин;
  • савдо залидан кир ёки нохуш ҳид таралса;
  • товар реклама қилинмаса.

 

 

«Агар мижозинг ҳақида қайғурмасанг, бошқаси қайғуради...”

 

Савдо ҳажмини оширишнинг замонавий усуллари нимага асосланган?

 

Савдо ҳажмини ошириш мумкин, қачонки:

 

  • мижозлар сони оширилса.
  • ҳар бир мижознинг ўртача чеки оширилса.

 

Сизда мавжуд бўлган муаммодан келиб чиққан ҳолда бир ёки бир нечта йўналишда ҳаракатларни бошлаб юборинг.

 

Мижозлар сонини ошириш

 

Мижозлар камлигидан ёки бозорга яқиндагина кириб келган янги компаниялар ёхуд рақобат ва ички муаммолар сабаб харидорларини шиддат билан йўқота бошлаган анчадан бери мавжуд фирмалар азият чекади.

 

Кўпинча раҳбарлар ва менежерлар компания ишини тубдан янгилаш, товарлар ассортиментини ўзгартиришга киришиб кетишади. Натижада эски мижозлар кета бошлайди. Асосийси, янги мижозлар кетидан қувиб, эскиларини йўқотиб қўймаслик.

 

Агар йўқотадиган нарсангиз бўлмаса, (масалан, шундоқ ҳам мижозлар жуда кам бўлса), кескин ўзгаришларга кўл уриш мумкин, албатта.

 

Аксинча бўлса туб янгиланишларни қўлламаган маъқул.

 

Ўртача чекни ошириш

 

Айтайлик, сизнинг йигирматадан ортиқ доимий мижозларингиз бор, аммо улар ҳар куни биттадан буханка нон сотиб олишади, холос. Қўшни тадбиркор рақибингизда эса атиги уч доимий мижози бор, аммо ҳар куни улар дўкондан 50-100 минг сўмлик харид қилишади.

 

Қўшнининг даромади анча кўпроқ эканлиги тайин.

 

Сиз мижозларингизни дўконингиздаги нафақат нон, балки бошқа маҳсулотлар ҳам жуда мазали эканига ишонтиришингиз зарур.

 

Тажрибали тадбиркорлар фақат биттагина йўналиш билан чегараланмасликни (яъни, фақат мижозлар сонини оширишга диққатни жалб этиш ёки янги мижозларга эътибор қаратмасдан, эскиларини кўпроқ товар олишга ундаш), балки барча жиҳатларни инобатга олишни маслаҳат беришади.

 

Савдони оширишнинг муваффақият олиб келиши аниқ бўлган усуллари жуда кўп, аммо биз улар орасидан энг ишончли 5 тасини танлаб олдик:

 

1.  Бозорни синчковлик билан ўрганиш

 

Тижорат ўйламасдан қилинадиган ҳаракатларни хушламайди.

Сиз замонавий бозордаги ўзгаришларни, рақобатчиларингизнинг муваффақият тарихи, мағлубият сабабларини ўрганишингиз ва олган маълумотларингизни ўз бизнесингизга мослаштиришингиз даркор.

 

Ёзма стратегик режа тузиб чиқинг.

 

2.   Товарингизни реклама қилинг

 

Ҳа, реклама аввалгидек, савдо двигатели, ҳеч нарса ўзгаргани йўқ.

 

Агар тўлақонли телевизион ёки радио реклама роликларини суратга тушириш ва намойиш этишга қурбингиз етмаса, бошқа усуллардан фойдаланинг, масалан, газета эълонлари, ижтимоий тармоқлар, электрон мактублар, мижозларни телефон орқали хабардор этиш, флаер, визиткалар тарқатиш сингари.

 

3.  Баҳолар қайишқоқ бўлиши керак

 

Баъзи дўконлар товарларни арзон нархларда сотиб юборишдан олдин қандай йўл тутишларини биласизми? Улар аввалига нархларни масалан, 20–40% оширишади-да, кейин харидорларни жозибадор эълонлар билан ўзларига оҳанрабо каби тортишади: «Барча товарларга 50% чегирма!».

 

Молиявий томондан деярли ҳеч қандай зиён кўрмайсиз, “чегирма” сўзи эса мижозларни яшин тезлигида дўконингизга чорлай бошлайди.

 

4.  Кўпроқ акциялар ўтказинг

 

Кўп харидорлар акцияларни жуда яхши кўришади.

Айниқса, чет давлатларда топқир ва изланувчан ишбилармонлар “ҳафта нархи”, “қизғин таклиф”, “мавзуга оид кунлар”, “балларни ошириш учун купонлар” каби ранг-баранг йўналишларга оид акциялари билан донг таратишган.

 

5.  Компания ишига ўзгаришлар киритинг

 

Айнан қайси жиҳат оқсаётганига эътибор қаратинг. Савдо айланмаси ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, ўзидан ўзи тушиб кетмайдику ахир. Балки компания ишини ортга сураётганлар эринчоқ сотувчилардир, ёки товарлар ассортименти эскириб қолганмикин, нархларингиз рақобатчиларингизникидан кўра баландроқдир, хоналарни таъмирлаш вақти келмадими, дўкон номини ўзгартириш керакдир...

 

Ҳа, яна бир нарса ёдингиздан чиқмасин, савдо айланмаси қай аҳволда бўлмасин, 90% ҳолатларда уни камида икки карра ошириш мумкин. Бунинг учун ўрганиш, изланиш ва янги ғояларга кунига 2-3 соат вақт сарфлаш етарли!

 

Фозила Ашурова, мухбиримиз