Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzЗадержали выплаты работнику – как рассчитать проценты за задержку выплат Как трактовать компенсацию за задержку выплаты дохода работнику Не пропустите сроки регистрации чеков онлайн-ККТ за апрель для зачета НДС по ним Как предприятию продать квартиру физическому лицу

Суд иши: даъво аризаси орқага қайтарилди

29.07.2016

Ишни суд муҳокамасига тайёрлашда хўжалик суди Хўжалик процессуал кодексининг (ХПК) 122-моддасида кўзда тутилган ҳаракатларга киришади. Бунинг натижасида, у даъвони суд иш юритувига қабул қилиши, уни қабул қилишни рад этиши, балки даъво аризасини қайтариши ҳам мумкин. Суд амалиёти мисолида даъвони қайтариш тартиби ва асосини кўриб чиқамиз.

Пудрат ташкилоти хўжалик судига қурилиш пудрати шартномаси тузишга мажбур қилиш ва халқаро спорт мусобақалари ўтказишга тайёргарлик кўриш чоғида объектда бажарилган қурилиш-монтаж ишлари қийматини ундириш тўғрисида даъво аризаси билан мурожаат қилди. Ўз талабларини асослашда даъвогар даъвога кўрсатилган тадбирни ташкил қилиш ва ўтказиш масалалари бўйича ҳукумат йиғилиши баённомаси нусхасини илова қилди. Суд кўрсатилган ҳужжатларни кўриб чиқиб, ХПКнинг 118-моддаси 1-бандига асосан даъво материалларини даъвогарга қайтариш тўғрисида ажрим чиқарди.

 

ХПКнинг 112-моддаси 5-бандига биноан даъвогар аризада даъво талабларининг асосларини тасдиқловчи далилларни кўрсатиши керак. Тегишли ҳужжатли далилларнинг нусхалари даъвога илова қилинади ва илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхатида кўрсатилади. Ишни судда кўришга тайёрлаш пайтида судья далилларнинг дахлдорлиги ва уларга йўл қўйилиши мумкинлигини текшириши керак (ХПКнинг 122-моддаси 4-банди).

 

ЭСЛАТИБ ЎТАМИЗ!  Дахлдорлик шуни англатадики, хўжалик суди кўрилаётган ишга дахлдор бўлган далилларнигина қабул қилади (ХПКнинг 58-моддаси). Бошқача айтганда дахлдорлик – бу даъвогар ўз талабларини тасдиқлайдиган у ёки бошқа далилларнинг фактлар билан боғлиқлигидир.

 

Далилларга йўқ қўйилиши таърифи ХПКнинг 59-моддасида ифодаланган. Унда шундай дейилади: “ишнинг ҳолатлари қонун ҳужжатларига мувофиқ муайян далиллар билан тасдиқланиши керак бўлса, бошқа далиллар билан тасдиқланиши мумкин эмас”. Масалан, автомототранспорт воситалари билан битим шартлари оддий ёзма шартнома ва ҳ.к. билан эмас, балки нотариал тартибда тасдиқланган шартнома билан тасдиқланиши керак.

 

Келтирилган мисолда суд тақдим қилинган ҳукумат йиғилиши баённомасининг дахлдорлиги ва йўл қўйилиши юзасидан кўриб чиқди. Пировардида судья баённома билан тайёргарлик ишларини ўтказиш учун харажатлар сметаси тасдиқланганлигини ўрнатди. Бюджетдан молиялаштиришни ажратиш тўғрисидаги масаласи ҳал қилиш мақсадида унда ишларнинг тури ва туси, шуннигдек уларнинг қиймати белгиланган. Суд эътиборни шунга қаратдики, даъвогар томонидан бажарилган ишлар сметада кўзда тутилмаган, кўрсатилган баённомага мувофиқ эса, сметага киритилмаган харажатлар бюджетдан тўланмайди. Бинобарин, даъво аризасига илова қилинган баённома амалда пул маблағларини ундириш тўғрисидаги талабларга дахл қилмайди, демакки, тегишли далил сифатида қабул қилиниши мумкин эмас.

 

Даъвогарнинг иккинчи талаби – шартнома тузишга мажбур қилишни кўриб чиқиш қолди. Ҳукумат йиғилишининг ўша баённомасида ўтказилаётган спорт тадбирининг ташкилотчиси кўрсатилган. Бироқ ташкилотчининг ваколатлари тайёргарлик ишларига умумий раҳбарлик қилиш ва мувофиқлаштириш билан чекланган бўлиб, уларга ҳақ тўлаш масалаларига боғлиқ эмас. Шунга қарамай, даъвогар бажарилган монтаж ишларининг буюртмачиси сифатида айнан турнир ташкилотчисини шартнома тузишга мажбур қилишни талаб қилган.

 

Даъво аризасини қайтариш тўғрисидаги ажримда қайд қилинганидек, агар шартнома тузиши мажбурий бўлган тараф уни тузишдан бош тортса, иккинчи тараф уни шартнома тузишга мажбур қилиш талаби билан судга мурожаат қилишга ҳақли. Кўрсатилган ҳолларда Даъвогар даъво аризасига тузишга мажбур этилган шартнома лойиҳасини илова қилиши шарт1.

 

Фуқаролик кодексининг (ФК) 377-моддаси олтинчи қисмига кўра мажбурий бўлган тараф мажбурияти ФК ёки бошқа  қонунларда кўзда тутилиши мумкин.

 

Мана шундай ҳолатларнинг айримлари:

 

шартноманинг барча асосий шартларини ўз ичига олган, таклиф киритаётган шахснинг жавоб қайтарган ҳар қандай шахс билан таклифда кўрсатилган шартлар асосида шартнома тузишга бўлган хоҳиш-иродаси билиниб турган таклиф оферта (оммавий оферта) ҳисобланади (ФКнинг 369-моддаси иккинчи қисми);

 

агар савдога фақат шартнома тузиш ҳуқуқи қўйилган бўлса, бундай шартномани тарафлар савдо тамом бўлганидан ҳамда баённома расмийлаштирилганидан кейин кечи билан 20 кунда ёки хабарда эълон қилинган бошқа муддатда имзолашлари керак (ФКнинг 380-моддаси 10-қисми) ва бошқалар.

 

Яъни даъвогар топширилган аризада шартнома тузиш мажбуриятини тартибга соладиган қонун нормаларини кўрсатиши лозим эди. Кўриб чиқилаётган ҳолатда бундай қилинмаган, бундан келиб чиқадики мазкур талаб ҳам асоссиздир.

 

Шундай қилиб, кўриб чиқилаётган ҳолатда даъво аризасининг қонун билан ўрнатилган  шакли ва мазмунига риоя қилинмаган, бу эса унинг қайтарилишига сабаб бўлган.

 

Даъвогар кейинчалик қандай йўл тутиши керак? Учта вариант мавжуд. Бошланишига қонунчилик нуқтаи назаридан баён қилинган далилларни судга тақдим қилишнинг аниқ имконияти бор ёки йўқлигини аниқлаб олиш керак.  

 

«А» вариант.  Даъвогар биринчи инстанция суди далилларига рози бўлмасдан, қайтариш тўғрисидаги олинган ажримни апелляция, кассация ва назорат тартибида  шикоят қилишга ҳақли.

 

«Б» вариант.  Даъво аризасининг қайтарилиши у билан иккинчи марта хўжалик судига умумий тартибда мурожаат қилишга тўсқинлик қилмайди. Шунинг учун ўрнатилган дахлдорлик ва йўл қўйилиши мезонларига жавоб берадиган далилларни тўплаб, даъвони такроран юбориш имконияти мавжуд.

 

«Б» вариант.  Агар зарур далилий базани тўплаш имконияти бўлмаса, судга даъво топширишда тўланган давлат божини қайтариш керак.

 

Давлат божини тўлаш, тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлашнинг айрим нозик жиҳатлари ҳақида кейинги материалларимизнинг бирида батафсил сўз юритамиз.

 

Олег ЗАМАНОВ, экспертимиз. 

 

 

Мавзуга доир материал:

 

Суд иши: исботламадингми – талаб қилма!

Суд иши: даъвога шошилди ва ютқазди

 

 

 


1 ОХС Пленумининг “Хўжалик шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилишни тартибга солувчи фуқаролик қонун ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида” 18.12.2009 йилдаги 203-сон қарорининг 12-банди. 

 

kadrovik.uz

Курс валют

2024-04-24
  • USD:12705.00 (+0.00) сум
  • EUR:13543.53 (+0.00) сум
  • RUB:136.11 (+0.00) сум

Читайте в свежих номерах