Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

«Ташаббус-2017» танлови ғолиблари эълон қилинди

24.05.2017

Тошкентда ҳар йили ўтказиладиган «Ташаббус-2017» кўрик-танлови якунлари чиқарилди. «Йилнинг энг яхши тадбиркори» номинациясида "Torimed Pharm" фармацевтика корхонаси раҳбари Аҳаджон Шукуров ғолиб бўлди. Аҳмад Арабов «Йилнинг энг яхши ҳунарманди» деб эътироф этилди. Фахриддин Исмоилов «Йилнинг энг яхши фермери» деб эълон қилинди.

 

«Ташаббус» танлови  Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича Дастурни рўёбга чиқариш соҳасидаги асосий тадбирдир. Илк маротаба 1996 йилда ўтказилган. 21 йил давомида танловда 200 минг нафардан кўп киши иштирок этди, уларнинг 49,3%и тадбиркорлар, 22,1%и фермерлар ва 25,5%и ҳунармандлардир.

 

2017 йилда ҳудудий босқичларда 576 та тадбиркорлик субъекти иштирок этди. Улардан 41 нафар  киши республика босқичи иштирокчисига айланди.

 

Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон фермерлар уюшмаси,  “Ҳунарманд” халқ усталари, ҳунармандлар, рассомлар уюшмаси қатор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ва молиявий кўмагида кўрик-танловнинг асосий ташкилотчилари бўлишди.

 

Асосий номинациялардаги уч нафар совриндордан ташқари қўшимча 12 номинацияда ғолиблар аниқланди. Ҳар бир иштирокчининг фаолияти «Ташаббус-2017» кўрик-танлови тўғрисидаги низомда кўзда тутилган кўп сонли мезонларни инобатга олган ҳолда баҳоланди.

 

«Энг яхши масъулиятли ижтимоий шерик” номинацияси ғолиби  – “Ўткир полвон” фермер хўжалиги раҳбари Диёра Эрматова (Жиззах вилояти):

 

-Биз фермерлик билан шуғулланишни отамиз раҳбарлигида 2002 йилда бошладик.  Дастлабки йилларда 27 га ерга пахта ва буғдой экдик. 2010 йилда сутни қайта ишлаш бўйича ишлаб чиқаришни очдик. Бунинг учун кредит олиб, Россияда асбоб-ускуналар харид қилдик. 2011 йилда Германия наслидаги 100 бош сигир сотиб олдик ва 8 турдаги сут-қатиқ маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ўзлаштирдик, ҳозир - 16 турдаги. Маҳсулотлар Жиззах вилоятида сотилади. Фаолият кенгайтирилганлиги боис 34 та иш ўрни яратилди. Бугунги кунда хўжалик 100 га ердан фойдаланмоқда, бунда унинг бир қисми озуқа экинларига ажратилади. Хўжалик бизнесни ривожлантириш учун олган иккила кредит қайтарилди. Яқин истиқбол учун режада -  сут берадиган моллар бош сонини ошириш ва янги қишлоқ хўжалиги техникасини харид қилиш.

 

Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, танлов ўтказилган дастлабки йилларда  асосан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасида  ишловчилар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирадиган фермерлар  ва керамика маҳсулотлари бўйича ҳунармандлар иштирок этишарди. Йил сайин иштирокчиларнинг фаолият йўналишлари кенгайиб бормоқда. Инчунун, жорий йилда экспортга мўлжалланган маҳсулотлар, фармацевтика, тўқимачилик буюмлари ишлаб чиқариш соҳасидаги тадбиркорлар, шунингдек иқтисодиётнинг бошқа тармоқларидаги мувафақиятли тадбиркорлар тақдим қилинди.

 

Қайд этиш жоизки, бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ички маҳсулот тузилмасидаги улуши 2000 йилдаги 31%дан  2016 йил якунларига кўра 56,7%гача ўсди. Мазкур секторда саноат маҳсулотларининг учдан бири, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 98%и ишлаб чиқарилади, шунингдек мамлакатдаги банд аҳолининг 77%дан зиёди ишлайди

 

Саида Жонизоқова, мухбиримиз.

 

Курс валют

2017-08-15
  • USD:4154.36 (+27.91) сум
  • EUR:4895.49 (+16.43) сум
  • RUB:69.02 (+0.62) сум