Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

Уйни воситачисиз сотиш усуллари — баҳолаш

03.07.2017


Уйни сотиш учун унинг эгаси риелторлик агентликларига, воситачиларга (маклер) мурожаат этиши ёки харидорни излашга шахсан ўзи киришиши мумкин. У ҳолда битимнинг барча босқичларини ўзи назорат қилишига тўғри келади. 

 

Аммо риелторнинг кўмагисиз уйни сотишга киришган одам  ўз имкониятлари ва кучига баҳо бериб кўриши жоиз. Чунки харидор топиш билан бирга уй олди-сотдиси билан боғлиқ ҳужжатларни юридик жиҳатдан тўғри расмийлаштириш ҳам талаб этилади.

 

Афзалликлар ва камчиликлар

 

Аввалига воситачисиз уй сотишнинг салбий ва ижобий жиҳатларини қуйидаги жадвалда кўриб чиқамиз:

 

Таққослаш кўрсаткичи

Индивидуал сотиш

Риелтор ёрдамида сотиш

1.                 

Қўшимча ҳаражатлар

Йўқ 

Риелтор хизмати учун уй нархидан фоиз тўлаш керак

2.                 

 

Яшаш майдонини баҳолаш

Аниқ эмас

Аниқ

3.                 

Битим тузишда юқори психологик ва жисмоний босим

Юқори

Мавжуд эмас. Барча жараёнлар риелторнинг зиммасида

4.                 

Ҳужжатларни нотўғри расмийлаштириш хавфи

Энг юқори даражада

Энг паст даражада

5.                 

Сотиш жараёнининг тезлиги

Паст

Юқори

 

Агар сотиш жараёнининг қайсидир босқичида кўчмас мулк эгаси жараён тўхтаб қолди деган фикрга келса, исталган вақтда ўз ишининг устасига уни топшириши мумкин.

 

Баҳолаш мезонлари

 

Уйни икки хил усулда баҳолаш мумкин. Биринчиси муайян сумма эвазига ушбу хизмат турини таклиф этувчи махсус фирмаларга мурожаат этиш.

Иккинчиси — Интернет ёрдамида мустақил равишда баҳолаш. Бунинг учун маҳаллий аҳоли ўз уйини сотиш учун жойлаштирадиган барча сайтлар ва газеталарни варақлаб чиқиш керак. Ҳозирда сайтлар орқали уйларни сотиш тобора оммалашмоқда. Кўчмас мулк савдоси билан шуғулланувчи сайтлардан қуйидагиларни тавсия этишимиз мумкин:

  • Olx.uz
  • Uybor.uz
  • 1000kvartir.uz
  • shahar.uz
  • zor.uz  ва бошқалар.

 

Бундан ташқари ижтимоий тармоқларда ҳам уй олди-сотдисига мослашган саҳифалар ва каналлар кўпаймоқда. Энг оммавийлари Фейсбук тармоғидаги “Тошкентдаги квартиралар”, “Ўзбекистонда кўчмас мулк” кабилардир.

 

Айтиш керакки, мазкур сайтларда уйлар бўлимларга ажратилган бўлиб, у ерда излаш функцияси анча осон. Эълон жойлаштириш учун сайтда рўйхатдан ўтишнинг ўзи кифоя қилади. Алоҳида пул тўлаб, улар томонидан таклиф этилаётган қўшимча хизматлардан фойдаланиш мумкин. Масалан, эълонни алоҳида рамкага олиш, рангга бўяб акс эттириш, энг биринчилардан қилиб сайтда кўрсатиш каби.

 

Сайтлардан рўйхатдан ўтиб, ўзингизникига ўхшаш бўлган уйларнинг нархлари билан танишиб чиқишингиз ва ўз уйингизнинг тахминий баҳосини чиқаришингиз мумкин.

 

Эълон берганингиздан кейин ҳеч қанча ўтмай, кетма-кет қўнғироқлар келиб тушаверса, уй нархини бироз кўтариш мумкин. Аксинча, харидор топилавермаса, бироз туширишга тўғри келади.

 

Баҳолашда адашмаслик учун қуйидаги мезонларни инобатга олиш тавсия этилади.

 

1. Хоналар сони

Ушбу мезон ҳам харидор, ҳам сотувчи учун энг асосийси саналади. Хоналар сони қанча кўп бўлса, унинг нархи шунча баланд бўлади. Аммо шу билан бирга кўп квартирали уйлардаги бир ёки икки хонали квартиралар харидоргир ҳисобланади, уларни ҳеч қандай воситачисиз осонгина сотиш  мумкин. Уч ва тўрт ва ундан кўп хонали уйларнинг сотилиши учун одатда кўпроқ вақт талаб этилади.

 

2.  Лойиҳаси

Хоналарнинг жойлашуви ҳам уй нархига таъсир этмай қолмайди. Ҳовлили уйларда ювиниш хонаси, ҳожатхона ётоқхонага яқин бўлиши, ёзги ошхона мавжудлиги кабилар роль ўйнаса, квартираларда хоналарнинг алоҳида-алоҳида бўлиши (бир хонага иккинчи хонадан кирилмайди) асосий эътиборни тортади.

 

3.  Ошхона ҳажми

 

Катта оила уй сотиб олаётганида ошхонанинг кенглигига эътибор қаратади. Оиланинг барча аъзолари билан тамадди қилишга қулай бўлишини исташади.

 

4.  Уйнинг қавати

 

Одатда кўпквартирали уйларнинг биринчи ва охирги қаватида яшовчилар уйларини ўртадаги қаватдагилардан 10-15 фоиз арзонроққа пуллашади. Бу биринчи қаватда ертўла сабаб полнинг совуқлиги, зараркунандаларнинг осонгина уйга кириши билан боғлиқ бўлса, охирги қаватда том билан боғлиқ муаммолар, лифтнинг ишламай қолиши кабилар билан боғлиқ.

Ҳовлили уйларда қаватлари қанча кўп бўлса, унинг нархи шунча ошади.

 

5.  Бино тури ва қурилган йили

 

Кўп йиллар олдин қурилган уйларнинг нархи пасайиб бораётгани ажабланарли ҳолат эмас. Муздек деворлар, лифтларнинг мавжуд эмаслиги, қаватларнинг кўп эмаслиги — буларнинг барчаси нархга салбий таъсир кўрсатмай қолмайди. Харидорлар кўпроқ ғиштли уйларни афзал кўришади.

Ҳовлили эски уйларни сотиш ҳам бироз қийинчилик туғдиради. Бундай ҳолатларда воситачи хизматига мурожаат этган маъқул.

 

6.  Уй атрофидаги ҳудуд

 

Шаҳар марказидаги кўчмас мулк ҳар доим бошқа жойлардагидан қиммат бўлган. Уй жойлашган ҳудудга яқин жойда мактаб, боғча кабиларнинг бўлиши сотилиш жараёнини тезлаштириш йўлида хизмат қилади. Бундан ташқари, қуйидагиларнинг бўлиши уйнинг нархига ижобий таъсир кўрсатмай қолмайди:

  • Касалхона
  • Бекат
  • Дўкон
  • Кўнгилочар марказлар.

 

7.  Таъмирланганлик 

 

Агар уй сотишдан олдин таъмирланса, уни сотиш имконияти автоматик равишда камида 10 фоизга ортади. Масалан, атрофдаги ҳудуди ободонлаштирилган нисбатан янги қурилган уйларда 3000 000 сўм сарфлаб, таъмирлаш ишларини олиб борган бўлсангиз, уйнинг нархига ҳеч иккиланмай, 5000 000 сўмгача устама ҳақ қўйишингиз мумкин. Аммо эски уйларда таъмир ишларига сарфланган сумманинг ўзини уй нархига қўшиш, яъни қўшимча нарх қўймаган маъқул.

 

8.  Газ, электр энергияси, сув

 

Одамлар тобора қулайликларга кўникиб бораяпти. Ҳозирда ҳатто кўп қаватли хонадонларда ҳам марказий эмас, балки индивидуал иситиш тизимига эга хонадонлар сони ортаяпти

 

9.  Санузел

 

Санузел жойлашуви ҳам квартира нархини белгилашда роль ўйнайди. Ҳожатхона ва ваннахонаси алоҳида-алоҳида қилиб қурилган хонадонларни афзал кўрувчилар кўп топилади. Бунинг устига халқимиз жуда меҳмондўст. Айниқса каттароқ тадбирлар вақтида бир хонада уйғунлашган санузел меҳмонларга ҳам, мезбонлар учун ҳам ноқулайликлар туғдириши. Алоҳида санузел уй сотилишини тезлаштирувчи омиллардан бири саналади.

 

Уйни баҳолаб бўлгандан кейин унинг сотилиши ҳақидаги эълонларни тарқатиш ва энг асосийси ҳужжатларни йиғиш масаласи кўндаланг бўлади. Навбатдаги мақоламизда уй олди-сотдиси учун зарур ҳужжатларни йиғиш ҳақида сўз юритамиз.

 

 

Фозила Ашурова, мухбиримиз.