Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак исправить 4 типичные ошибки с онлайн-ККТ в комиссионной торговле Когда могут оштрафовать при несвоевременном представлении налоговой отчетности Как предприятию оценить свою платежеспособность и финансовую устойчивость Как оформить дополнительный ЭСФ Как оформить дополнительный ЭСФ
  • www.norma.uz
  • Бизнинг шарҳлар
  • Ўзбекистон тижорат банкларида банк назоратининг халқаро стандартларини қўллаш амалиёти

Ўзбекистон тижорат банкларида банк назоратининг халқаро стандартларини қўллаш амалиёти

20.01.2016

 

Маълумки, молиявий бозорларнинг глобаллашуви назорат органларининг ўзаро муносабати ва халқаро даражада ахборот алмашинуви бўйича янги вазифаларни юзага келтиради. Шу муносабат билан, банк назорати соҳасида бошқа молиявий бозорларда бўлгани каби қатор халқаро стандартлар ишлаб чиқилиши ва жорий қилиниши лозим.

 

Халқаро банк назоратининг қуйидаги иккита асосий мақсади мавжуд:

 

1. Кредит институтлари хусусий капитали миқдори ва сифатига қўйиладиган талабларни ишлаб чиқиш;

 

2. Банк таваккалчиликларини бошқариш ва назорат қилиш бўйича талаблар ва тавсиялар ишлаб чиқиш.

 

 

Банкларни тартибга солиш ва назорат қилиш жараёнига актив таъсир қилувчи – халқаро стандартларни жорий қилувчи муҳим ташкилот банк назорати бўйича Базель қўмитасидир (БНБҚ).

 

Қўмита 1974 йилда G10 давлатлари марказий банклари томонидан Швейцариянинг Базель шаҳрида Халқаро ҳисоб-китоблар банки (Bank  for International Sattlements) қошида ташкил этилиб, дастлабки ҳужжатни (Concordat on cross-border supervision) 1975 йилда чоп қилди. Базель қўмитаси ўзи ишлаб чиқадиган стандартларни бошқа халқаро меъёрларни ишлаб чиқувчи ташкилотларнинг талабларига мувофиқлаштириш  мақсадида жаҳоннинг кўплаб ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади.

 

Банк назорати бўйича Базель қўмитаси (БНБҚ) асосан қуйидаги ҳужжатлари билан машҳур:

 

  • Назорат бўйича халқаро келишув (Concordat on cross-border supervision 1975)
  •  Базель I (1988)
  •  Бозор таваккалчилиги бўйича тузатиш (Market risk amendment 1996)
  •  Базель II (2004)
  •  Базель 2.5 (2009)
  •  Базель III (2010)
  •  Самарали банк назоратининг асосий тамойиллари (Core Principles for Effective Banking Supervision (revised 2010))

 

1988 йилда банк капиталининг етарлилигини баҳолаш тизими бўлган “Капитални ҳисоблаш ва капитал стандартлари бўйича халқаро конвергенция” (Базел I) ҳужжатини ишлаб чиқиш БНБҚ фаолиятида муҳим қадам бўлди.Тижорат банклари устидан назорат қилиш стандартлари Қўмитанинг “Банк фаолияти устидан самарали назоратнинг асосий тамойиллари” (Базель тамойиллари) номли тавсиявий тусга эга бўлган  ҳужжатда ўз аксини топган.

 

БНБҚ Базель I стандартининг асосий тамойилларини ишлаб чиқишда қуйидагиларга асосланди:

 

1. назоратнинг асосий мақсади молиявий тизимнинг барқарорлигини таъминлаш ва унга ишончни ошириш, пировардида омонатчилар ва кредиторларнинг йўқотиш таваккалчилигини энг паст даражага тушириш;

 

2. назорат органлари томонидан юқори малакали корпоратив бошқарувни рағбатлантириш ҳамда очиқ бозорни ва назоратни ривожлантириш орқали бозор интизомининг таъминланишига имкон яратилиши зарур;

 

3. назорат органи ўз вазифасини муваффақиятли бажариши учун оператив мустақилликка эга бўлиши, кузатиш, шунингдек жойида текшириш ўтказиш йўли билан тегишли маълумотларни йиғиш имкониятига эга бўлиши, шу билан бирга ўз қарорларига мажбурий тус бериш ваколатига эга бўлиши лозим;

 

4. назорат органлари банк фаолиятининг моҳияти тўғрисида яхши тасаввурга эга бўлиши ва имкони борича назоратидаги банклар ўзлари қабул қилаётган таваккалчиликларни бошқаришига эришиши лозим;

 

5. самарали назорат қуйидагиларни, яъни алоҳида банклар томонидан қабул қилинаётган таваккалчиликлар миқдори ва характери баҳоланишини ва бу баҳоларга назоратнинг хусусияти мос келишини талаб қилади;

 

6. назорат органлари қуйидагиларга ишонч хосил қилиши лозим: банк ўзи қабул қилган таваккалчиликларга мос равишда ресурсларга эга бўлиши, хусусан капитал етарлилиги, юқори малакали бошқарув ҳамда назорат ва ҳисоб тизимини шакллантириш;

 

7.  назорат органлари ўзаро узвий ҳамкорликда ишлаши зарур.

 

Базель I ҳужжати регуляторлар (аксарият давлатларда Марказий банк) томонидан банклар устидан назоратнинг унификациялашган умумжаҳон тизимини яратишда асос вазифасини бажарди.

 

Мамлакатимизда 1998 йилда Базель қўмитасининг мазкур тавсиялари ҳамда халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда, тижорат банклари фаолиятини тартибга солувчи меъёрий ҳужжатлар мажмуи ишлаб чиқилди.

 


Тижорат банкларини рўйхатга олиш ва лицензия бериш қоидаларини, банк капиталининг етарлилиги ва ликвидлигига қўйилган талабларни, активлар сифатини таснифлаш ва улар бўйича эҳтимолий йўқотишларга қарши захиралар яратиш талабларини, банклар ва уларга дахлдор шахслар билан ўтказиладиган операцияларга қўйилган талаблар ҳамда бир қарздор ёки ўзаро дахлдор қарздорлар гуруҳига тўғри келувчи таваккалчиликнинг энг юқори даражасини белгиловчи меъёрий ҳужжатлар шулар жумласидандир.

 

Банк капиталининг етарлилигини баҳолашнинг янги ёндашувларини ривожланиши натижаси ўлароқ, 2004 йил 26 июнда банк назорати бўйича Базель қўмитасининг янгиланган ҳужжати –БазельII қабул қилинди.

 

Базель II стандартлари банк таваккалчиликларини бошқариш тизимини ва банк назорати тизимини ривожлантиришга қаратилган ва самарали банк назоратининг энг муҳим тамойилларини амалга оширишнинг аҳамиятли элементларини ўз ичига олади. Базель II ҳужжати учта асосий компонентга (Pillar 1, 2, 3) бўлинган. Уларнинг биринчиси (Pillar 1) капитал етарлилигига қўйилган энг кам талабларни ўрнатади; иккинчиси (Pillar 2) банкнинг капитал етарлилигини назорат қилишни ташкил этишга қаратилган; учинчиси (Pillar 3) эса бозор интизомига риоя этиш, транспарентлик тамойилини йўлга қўйиш ва банклар томонидан қабул қилинадиган таваккалчиликларни очиб бериш бўйича масалаларга бағишланган. Шунингдек, Базель II ҳужжати кредит таваккалчилигига алоҳида (стандартлашган, ички рейтингга асосланган) ёндашувларни таклиф этади.

 

Жаҳон ҳамжамиятида Базель II стандартлари 2006 йил декабр ойида расмий кучга кирди.

 

Банк назорати бўйича Базель қўмитаси 2007-2008 йиллардаги жаҳон молиявий инқирозидан олинган сабоқлар натижасида дастлаб 2009 йил декабрь ойида “Банк секторини барқарорлигини ошириш” маслаҳат ҳужжатини (Consultative document), кейинчалик, аниқроғи 2010 йил декабрда Базель III: Ликвидлилик таваккалчилигини ҳисоблаш, мезонлар ва мониторинг бўйича халқаро стандартларни(Basel III: International framework for liquidity risk measurement, standards and monitoring) ва Базель III: Янада барқарор банклар ва банк тизимини тартибга солишнинг глобал стандартларини (Basel III: A global regulatory framework for more resilient banks and banking systems ) чоп этди.

 

БНБҚга кўра, Базель III стандартларининг иккита асосий мақсади мавжуд:

 

  • янада барқарор банк тизимини шакллантириш мақсадида банк капитали ва ликвидлигини бошқариш бўйича халқаро меъёрларни такомиллаштириш;
  • банк секторининг молиявий ва иқтисодий инқирозлар оқибатларини бартараф этиш қобилиятини яхшилаш, пировардида бундай муаммоларни иқтисодиётнинг молиявий секторидан реал секторига ўтиш таваккалчилигини камайтириш.

 

Бу мақсадларга эришиш учун Базель III стандартлари қуйидаги асосий йўналишлар бўйича бўлинади:

 

1.  капитални ислоҳ қилиш (шу жумладан, капиталнинг сифат ва миқдори, барча таваккалчиликларни инобатга олиш, қарз юки коэффициентини, консервация ва контрциклик буфер капитали тушунчаларини жорий этиш);

 

2.  ликвидлиликни ислоҳ қилиш (қисқа (LCR) ва узоқ (NSFR) муддатли);

 

3.  молиявий тизимни барқарорлигини такомиллаштиришга қаратилган бошқа элементлар.

 

Базель III стандартлари 2019 йилгача босқичма-босқич жорий қилиниши белгиланган (1-диаграмма).


 

 

 

Мамлакатимизда банк тизимини тартибга солиш ва назорат қилишни халқаро тан олинган андозаларга мос равишда такомиллаштириш мақсадида доимий ишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон банк тизимида капиталнинг етарлилик даражаси таваккалчиликни ҳисобга олган ҳолда ҳисобланган активларнинг 23,7 фоизини ташкил этмоқда. Бу банк назорати бўйича Базель қўмитаси томонидан белгиланган стандарт кўрсаткичидан қарийб 3 баравар кўпдир.

 

Давлат раҳбарининг 2010 йил 26 ноябрдаги “2011-2015 йилларда Республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги ПҚ-1438-сон Қарори қабул қилиниб, унда молия-банк фаолиятининг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш, шунингдек, Базель қўмитаси томонидан белгиланган халқаро стандартлар талабларига мувофиқ тижорат банкларини янада капиталлаштириш ва ликвидлигини ошириш, республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришиш устувор йўналишлар этиб белгиланди.

 

Бугунги кунда мамлакатимизнинг барча тижорат банклари “Фитч Рейтингс”, “Мудис” ва “Стандарт энд Пурс” каби етакчи халқаро рейтинг агентликларининг “барқарор” баҳоларига эга. Таъкидлаш жоизки, республикамизнинг етакчи банклари – Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, “Асака банк”, “Ипотека-банк”, “Ўзсаноатқурилишбанк”, “Агробанк” ва “Ипак йўли” банки бир йўла иккита етакчи халқаро рейтинг агентликларининг “барқарор” рейтинг баҳоларини олган.

 

Юртимизда банк назорати самарали йўлга қўйилганлигининг халқаро ҳамжамият томонидан ҳам тан олиниши мамлакат банк тизимига бўлган ишончни оширишнинг асосий омилларидан биридир.

 

Бинобарин, 2015 йилнинг апрель ва май ойларида юртимизда бўлган Халқаро валюта жамғармаси миссияси “Ўзбекистон иқтисодиёти Европа ва Россиядаги иқтисодий фаолликнинг сустлиги, шунингдек, нефть нархининг пастлиги билан изоҳланадиган қийин ташқи шароитда ҳам ўз барқарорлигини намоён этмоқда. Пул-кредит сиёсати ҳам мосланувчанлик даражасида сақланиб турибди. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 2014 йилнинг январь ойидан асосий ставкани, қайта молиялаштириш ставкасини 12 фоиздан 9 фоизга туширди. Иқтисодиётда кредитлар ҳажми юқорилигича қолмоқда.

 

Банк сектори барқарорлик, изчил капиталлашув ва юқори ликвидлик даражасини сақлаб қолмоқда. 2014 йилда гаров таъминотини рўйхатга олишнинг марказлаштирилган тизими жорий этилгани молиявий ресурслардан фойдаланишни кенгайтириш имконини берди”, деб баёнот бериши фикримизнинг яққол далилидир.

 

Мамлакат банк тизимининг барқарор ва самарали фаолият юритишини таъминлаш масаласи бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмади. Юртбошимизнинг 2015 йил 6 майдаги “Тижорат банкларининг молиявий барқарорлигини янада ошириш ва уларнинг ресурс базасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2344-сон Қарорининг қабул қилиниши билан юртимиз банк тизимини ривожлантиришнинг келажакдаги режалари белгилаб берилди.

 

Хусусан, мазкур Қарор билан Марказий банкка банк назорати бўйича Базель қўмитасининг Базель-III стандартларини 2015-2019 йилларда босқичма-босқич жорий этилишини таъминлаш юклатилди.

 

Жумладан, қуйидагиларни ўз ичига олувчи банкларнинг ликвидлилигини ва капитал монандлигини, шунингдек уларни бошқариш усуллари ва механизмларини белгиловчи меъёрий талабларни Базель-III стандартлари асосида янада такомиллаштириш вазифаси берилди:

 

юқори ликвидли активларнинг кейинги 30 кун ичидаги жами соф чиқимга нисбати сифатида аниқланувчи ликвидлиликни қоплаш меъёри коэффициентини (ЛҚМК – LCR) жорий қилиш ва унга минимал талабни 100% миқдорида белгилаш;


барқарор молиялаштиришнинг мавжуд суммасини барқарор молиялаштиришнинг зарур суммасига нисбати сифатида аниқланувчи соф барқарор молиялаштириш меъёри коэффициентини (СБММК – NSFR) жорий қилиш ва унга энг кам талабни 100% миқдорида белгилаш;


капитал таркибини ўзгартиришни жорий қилиш ва регулятив капитал монандлик коэффициентининг энг кам миқдорини 10%дан 14,5%га босқичма-босқич ошириш;


таваккалчиликка тортилган жами активларнинг 3%дан кам бўлмаган миқдорда консервация буфери ташкил қилинишини ҳисобга олган ҳолда биринчи даражали капитал монандлик коэффициентининг энг кам миқдорини 5%дан 11%га босқичма-босқич ошириш;


капитал  монандлигини аниқлаш  мақсадида операцион ва бозор таваккалчиликларини баҳолаш усулларини такомиллаштириш.

 

Шунингдек, Қарорда БНБҚ тавсия қилган “Самарали корпоратив бошқарув тамойиллари”ни банк фаолиятига жорий қилиш ҳамда йиллик ва оралиқ молиявий ҳисоботларни  банкларнинг веб-сайтларида жойлаштириш ва банк сири тўғрисидаги қонунчилик доирасида бошқа йўллар билан банк фаолияти тўғрисидаги маълумотларни очиқлигини (ошкоралигини) янада ошириш белгиланган.

 

Мазкур қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, Марказий банк томонидан Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармасининг халқаро экспертлари билан биргаликда республика банк назоратига оид меъёрий ҳужжатларни халқаро стандартлар, шу жумладан банк назорати бўйича Базель қўмитасининг янги тавсиялари асосида такомиллаштирилмоқда.

 

Президентнинг 2015 йил 6 майдаги ПҚ-2344-сон Қарори доирасида Марказий банкнинг айрим низомларига ўзгартиришлар киритилди, айримлари эса тубдан қайта кўриб чиқилиб, янги таҳрири қабул қилинди.

 

Жумладан қуйидаги меъёрий ҳужжатлар қайта кўриб чиқилиб, Базель қўмитаси талаблари асосида қайта қабул қилинди:

 

Марказий банк томонидан “Тижорат банклари капиталининг монандлигига қўйиладиган талаблар тўғрисида”ги Низом ишлаб чиқилиб, Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил 6 июлда  2693-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

 

Марказий банкнинг ушбу Низоми Базель қўмитасининг янги тавсияларига босқичма-босқич ўтишни назарда тутади.

 

Хусусан, банкнинг I даражали капитали (T1 –Tier 1) икки қисмга, яъни I даражали асосий капитал (CET1 –Common Equity Tier 1) ва I даражали қўшимча капиталга (AT1 –Additional Tier 1) бўлинди. I даражали асосий капитал (CET1) регулятив капиталнинг (TC – Total capital) 60 фоизидан кам бўлмаслиги ҳамда I даражали капитал (T1) регулятив капиталнинг (TC) 75 фоизини ёки ундан кўпини ташкил этиши кераклиги белгиланган.

 

Банк I даражали асосий капитали таркибига тўлиқ тўланган ва муомалага киритилган оддий акциялар, тақсимланмаган фойда ва девальвация захираси киритилган.

 

Шунингдек, барқарор капитал базасини шакллантириш мақсадида, регулятив капиталдан қилинган чегирмалар I даражали капиталдан чегирилади.

 

Банк капиталини ошириш мақсадида ҳамда Базель III тавсияларига мувофиқ, ҳар бир банкда молиявий-иқтисодий инқирозлар юзага келганда, эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун жами активларнинг 3%дан кам бўлмаган миқдорда консервация буфери ташкил қилинишини ҳисобга олган ҳолда банкнинг регулятив капиталини, I даражали капиталини ва I даражали асосий капиталини йилма-йил ошириб бориши кўзда тутилган.

 

Жумладан, 2016 йил 1 январдан бошлаб регулятив капиталнинг монандлик коэффициенти (К1)нинг энг кичик даражаси 0,115 (11,5 %) миқдорида белгиланган бўлиб, банклар таваккалчиликни ҳисобга олган ҳолдаги активларнинг 3%и миқдоридаги капитални консервация қилиш буферини ҳисобга олган ҳолда ушбу кўрсаткич 2017 йил январдан 0,125 (12,5 %), 2018 йил 1 январдан 0,135 (13,5 %) ва 2019 йил 1 январдан бошлаб К1 нинг энг кичик даражасини 0,145 (14,5 %) миқдорида таъминлашлари лозим.

 

Капиталнинг монандлик даражаси талаблари билан бир қаторда банклар I даражали капитални номоддий активларни чегириб ташланган ҳолда балансдан ташқари воситалар ва  ҳосилавий (дериватив) воситалар қўшилган умумий активлар суммасига нисбати сифатида аниқланадиган левераж коэффициентига (Leverage ratio) риоя этишлари керак.

 

Яъни:

 

К3 = I даражали капитал / (Умумий активлар+Балансдан ташқари воситалар + Ҳосилавий (дериватив) воситалар — Номоддий активлар). Левераж коэффициентининг энг кичик даражаси 0,06 (6 %)га тенг.

 

“Тижорат банкларининг ликвидлилигини бошқаришга қўйиладиган талаблар тўғрисида”ги Низом Марказий банк Бошқарувининг 2015 йил 22 июлдаги 19/14-сон қарорига  асосан тасдиқланган ҳамда Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил 13 августда 2709-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

 

Мазкур низомда банк ликвидлигини бошқариш талаблари, ликвидликни бошқариш стратегияси, усуллари ва ликвидликни баҳолаш масалалари батафсил ёритиб берилган.

 

Шунингдек, низомда банклар ўзларининг ликвидлилик ҳолатларини ҳар чоракда камида бир марта стресс тестларидан ўтказишлари лозимлиги, стресс тестларининг якуний натижаси бўйича таваккалчиликни бошқариш стратегиясини тўғрилаб боришлари кераклиги ва стресс тестларининг натижаларидан келиб чиқиб кутилмаган стресс ҳолатларида қўшимча маблағлар билан таъминлаш режаларини ишлаб чиқишлари зарурлиги белгиланган.

 

Низомдаги асосий ўзгариш сифатида жорий ликвидлилик коэффициентидан (ЖЛК) ташқари 2016 йил 1 январдан бошлаб ликвидлиликни қоплаш меъёри коэффициенти (ЛҚМК – LCR (Liquidity Coverage Ratio)) ҳамда 2018 йил 1 январдан бошлаб соф барқарор молиялаштириш меъёри коэффициентининг (СБММК - NSFR (Net Stable Funding Ratio)) жорий этилишини қайд этиш лозим. Ушбу кўрсаткичлар қуйидагича ҳисобланади:

 

а)   ЖЛК = Жорий активлар / Жорий мажбуриятлар * 100% > 30%

 

Бунда,

 

жорий активлар - тўлов муддати 30 кунгача бўлган банкнинг ликвидли активлари ва қўйилмалари, бундан муддати узайтирилган ёки қайтариш муддати ўтган кредитлар мустасно;

 

жорий мажбуриятлар - талаб қилиб олингунча ва ижро этиш муддати 30 кунгача бўлган мажбуриятлар.

 

 

б) ЛҚМК =  Юқори ликвидли активлар / Кейинги 30 кун ичидаги жами соф чиқим * 100% > 80%

 

ЛҚМК 2017 йил 1 январдан бошлаб 90%дан, 2018 йил 1 январдан бошлаб 100%дан кам бўлмаслиги лозим.

 

в) СБММК = Барқарор молиялаштиришнинг  мавжуд суммаси / Барқарор молиялаштиришнинг  зарур суммаси * 100% > 100%

 

Бунда,

 

Барқарор молиялаштиришнинг мавжуд суммаси:

 

-банк регулятив капитали;

 

-амалдаги қайтариш муддати 1 йил ва ундан ортиқ бўлган банк мажбуриятлари;

 

-қайтариш муддати белгиланмаган бошқа депозитлар ва қарз маблағлари суммасининг 30%и;

 

-қайтариш муддати 1 йилдан кам бўлган бошқа депозитлар ва қарз маблағлари суммасининг 30%и;

 

Барқарор молиялаштиришнинг зарур суммаси:

 

- қайтарилишига 1 йил ва ундан ортиқ муддат қолган банк активлари, шу жумладан муаммоли кредитлар ва номолиявий активлар (ер участкалари, бинолар, мебель, компьютерлар ва автоуловлар);

 

-суд жараёнида бўлган ёки белгиланган тартибда ундирилмаган активлар;

 

-қайтариш муддати 1 йилдан кам бўлган бошқа активлар суммасининг 30%и, қайтариш муддати 1 йилдан кам бўлган ёки муддатсиз ликвидли активлар бундан мустасно;

 

-балансдан ташқари моддалардаги мажбуриятларнинг 15 %и.

 

Ушбу низомларга асосан мамлакатимиз банклари Базель-III стандартларига босқичма-босқич ўтишини қуйидаги жадвалда кўришимиз мумкин:

 

1-жадвал. Ўзбекистонда тижорат банклари ликвидлигига ҳамда капитал етарлилигига қўйилган талабларнинг кучга кириш санаси.

 

 

 

Кўрсаткичлар

Кучга кириш санаси

01.09.2015

2016

2017

2018

2019

Регулятив капитал, (К1)*

10%

11,5%

12,5%

13,5%

14,5%

I даражали капитал, (К2)*

7,5%

8,5%

9,5%

10,5%

11%

I даражали асосий капитал

6%

7%

7,5%

8,5%

9,5%

Левераж коэффициенти, (К3)

6%

6%

6%

6%

6%

Жорий  ликвидлик  коэффициенти, (ЖЛК)

30%

30%

30%

30%

30%

Ликвидлиликни қоплаш меъёри коэффициенти, (ЛҚМК)

 

80%

90%

100%

100%

Соф барқарор молиялаштириш меъёри коэффициенти, (СБММК)

 

 

 

100%

100%


* капитални консервация қилиш буферини ҳисобга олган ҳолда.


3. “Тижорат банкларида активлар сифатини таснифлаш ва активлар бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун захиралар шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги Низом Марказий банк Бошқарувининг 2015 йил 13 июндаги 14/3-сон қарори билан тасдиқланган ва Адлия вазирлиги томонидан  2015 йил 14 июлда 2696-сон билан рўйхатдан ўтказилган.


Мазкур низомда активларни таснифлаш тоифаларининг номлари жумладан, “яхши” кредитлар – “стандарт” кредитларга, “стандарт” кредитлар – “субстандарт” кредитларга, “субстандарт” кредитлар – “қониқарсиз” кредитларга ўзгартирилган.


Банклар солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўлангандан сўнг қолган фойда ҳисобидан ушбу низом кучга кирган санадан эътиборан ажратилиб, ҳисобот санасига “стандарт” сифатида таснифланган кредитлар (активлар) қолдиғига 1 % миқдорида захиралар ташкил қилиниши жорий қилинди.


Мазкур захира банк капитали таркибида яратилади ва бу банкнинг молиявий барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

 

Низомда тижорат банклари томонидан корхоналарнинг қимматли қоғозларига қилинган инвестицияларини таснифлашнинг аниқ омиллари кўрсатилган. Жумладан,

 

  • охирги бир йил давомида тижорат банкига даромад келтирмаган инвестиция – “қониқарсиз” сифатида;
  • охирги икки йил давомида тижорат банкига даромад келтирмаган инвестиция – “шубҳали” сифатида;
  • охирги уч йил давомида даромад олинмаган инвестиция–“умидсиз” сифатида таснифланади.

 

Юқорида келтирилган қоидаларнинг жорий қилиниши тижорат банклари томонидан муддати ўтган, суд жараёнидаги кредитларни ундириш ва банк балансига олинган мол-мулкларни сотиш бўйича чораларни янада кучайтиради ва банкларнинг молиявий барқарорлигини ошириш имкониятини яратади, пировардида тижорат банкларининг омонатчилари ва кредиторларининг манфаатларини янада ҳимоя қилиниши таъминланади.


Шу билан бирга ПҚ-2344-сон Қарор доирасида Марказий банкнинг “Тижорат банкларининг корпоратив бошқаруви тўғрисида”ги Низомига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.


Қайд этиш лозимки, Базель қўмитаси тижорат банкларини назорат қилишнинг самарали йўналишларини белгиловчи бошқа меъёрларни ҳам ишлаб чиқувчи халқаро ташкилот ҳисобланади.


Хусусан, банк аудитини такомиллаштириш ва уни банк менежменти ҳамда назоратидаги ролини ошириш мақсадида халқаро амалиётни ўрганган ҳолда банклар учун тавсия аҳамиятига эга бўлган ҳужжатларни чоп этади.


Жумладан, Базель қўмитаси томонидан 1998 йилдан буён банк ички аудити бўйича янги стандартлар жорий қилиниб, уларни замон талабларига мос равишда янгилаб келинмоқда.


Хусусан, Базель қўмитасининг Аудит кичик гуруҳи томонидан 1998 йил сентябрь ойида “Ички назорат тизимининг стандартлари”, 2001 йил август ойида “Банкларда ички аудит ва банк назорати органининг аудит билан алоқалари”, 2011 йил декабрь ойида “Банкларда ички аудит хизмати” Консультатив ҳужжати чоп қилинган.


Аудит кичик гуруҳи томонидан 2011 йил декабрь ойида “Банкларда ички аудит хизмати” Консултатив ҳужжати ҳамда унга Базель қўмитасига аъзо давлатлар Марказий банклари ва йирик банклари томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида 2012 йил июнь ойида “Банкларда ички аудит хизмати” деб номланган якуний ҳужжатни чоп этди.

 

Мазкур ҳужжат қуйидаги уч қисмга бўлинган 20 та принципдан ташкил топган. Биринчи қисм “Ички аудит хизматига тааллуқли назорат аломатлари”, иккинчи қисм “Банк назорат органи ва ички аудит хизмати ўртасидаги муносабатлар” ҳамда учинчи қисм “Ички аудитни банк назорат органи томонидан баҳоланиши”. Бундай талқин банк муассасаларида кучли ички аудит хизматини ташкил этишга хизмат қилади. Шунингдек, ҳужжат банк ички аудиторларини миллий ва халқаро профессионал стандартларга риоя қилиш ва уларни ривожига ўз ҳиссасини қўшишни рағбатлантириб, пировардида чуқур ўйланган ички аудит стандартларини ва тартибларини ишлаб чиқишга ёрдам беради.

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан юқорида келтирилган меъёрий ҳужжатларни қабул қилиниши билан республикамиз банк тизимида капитал монандлилиги ва ликвидлилик кўрсаткичлари ҳисоб-китоби ва уларга қўйилган энг кам талаблар банк назорати бўйича Базель қўмитаси талабларига мувофиқлаштирилди.

 

Шунингдек, банк корпоратив бошқарув тизими ҳам Базель қўмитаси талаблари асосида такомиллаштирилиши Ўзбекистон Республикаси банк тизимида корпоратив бошқарувнинг самарасининг ошишига хизмат қилади.

 

 

Санжар НОСИРОВ

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки

Банкларни инспекция қилиш департаменти

 бош инспектори

 

Нурбек РИЗАЕВ

Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси

"Бухгалтерия ҳисоби, таҳлил ва аудит" кафедрасининг мудири

 

 

 

 

 

 

 

 

 

kadrovik.uz

Курс валют

2024-04-23
  • USD:12711.00 (+0.00) сум
  • EUR:13538.49 (+0.00) сум
  • RUB:136.31 (+0.00) сум

Читайте в свежих номерах