Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

Янги ходимни ишга олиш санъати

01.03.2017

Бизнесдаги энг қимматбаҳо ресурс – бу бошқарув остида иш бажарувчи ходимлардир. Ходимларни танлаб, ишга олиш HR-менежерларнинг асосий вазифаларидан бири. Тўғри танлов ишлаб чиқаришни кенгайтириш, даромадларни оширишга ёрдам беради. Нотўғри танлов эса ходимларнинг ҳадеб алмашинавериши, малакасининг етарли бўлмаслиги сабабли келиб чиқадиган зарарлар кабиларга олиб келади. Қуйида энг яхши номзодларни танлашда сизга ёрдам берувчи амалий маслаҳатлар билан танишиб чиқамиз.

6 маслаҳат

 

  • Имкониятингиз бўлса, бўш иш ўрнига иложи борича кўпроқ номзодларни кўриб чиқинг;
  • Резюме ва тавсияларни синчковлик билан ўрганинг;
  • Ҳар бир номзод билан бирга ишлаганлар билан суҳбатлашинг;
  • Номзоднинг шахси ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлиш имкониятини берувчи тестлар ўтказинг;
  • 5 йилдан кейин ўзини ким деб тасаввур қилиши ҳақида савол беринг. Шу тариқа уни пул ёки касбий ривожланишдан қай бири кўпроқ қизиқтиришини билиб оласиз.
  • Ходимларни ишга олишга ички сезгиларингизга эътибор қаратинг, ҳақиқатан ҳам ишнинг уддасидан чиқа оладиганларни танланг.

 

Сизга ўзи ким керак?

 

Кўпчилик учун янги ходим топишнинг энг яхши усули — танишларнинг тавсияси ҳисобланади. Бу ҳақиқатан ҳам тажрибали ходимни топиш имконини беради. Лекин барибир номзодларни излашнинг энг қулай ва оммабоп усули эълон бериш бўлиб қолмоқда.

 

Одатда компаниялар ходим излаётганда кадрлар агентликларидан ташқари газеталар, оммавий Интернет сайтларга мурожаат этишади. Ҳаётимиз “компьютерлашгани” сайин uzjobs.uz, olx.uz, myjob.uz, superjob.uz, rabota.uz, ishkop.uz, resume.uz каби сайтлар сони тобора кўпайиб бормоқда. Бундан ташқари, компанияларнинг Facebook ижтимоий тармоғи орқали ходим излашлари  ҳам урфга айланиб улгурди. Компания имкониятларидан келиб чиқиб, бу усуллардан бирортасини танлаш мумкин.

 

Ходимни излашдан аввал у эгаллайдиган вазифанинг тавсифини батафсил ёзиб чиқиш керак. Ходимга қўйиладиган талаблар алоҳида ёзилади. Ишнинг нималардан иборат экани ёзганларингиздан дарров билиниши керак. Тўғри келтирилган тавсифлар сизга зарур ходимларни танлаб олишга ёрдам беради.

Юзлаб резюмеларни кўриб чиқишга вақтингизни кетказмасликни истасангиз, эълонларни аниқ, тушунарли қилиб ёзинг. Бу мос келмайдиган номзодларни чиқариб ташлабгина қолмай, ишингизни анча енгиллаштиради.

 

Энг зўрларини танланг

 

Резюмеларни йиғиб олгандан кейин уларни бўш иш ўрни тавсифи билан таққослаб кўриш талаб этилади. Бу кераксиз номзодларни саралаш учун керак. Ўзингизга ёққан резюмеларни белгилаб, бир четга олиб қўйинг.

 

Номзодларга бермоқчи бўлган саволларингизни олдиндан тайёрлаб қўйсангиз, нур устига аъло нур. Даъвогарларнинг махсус билимлари борлигини текшириш мақсадида бўш иш ўрни вазифаларидан келиб чиққан ҳолда савол берган маъқул.

 

Улар билан ёш, ирқ, миллат, ижтимоий мақом билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилмасликка ҳаракат қилинг. Бунинг ўрнига номзоднинг шахсий фазилатлари, тажрибаси, қобилиятлари ва келажак режалари хусусида суҳбатлашинг. Танлаётганингизда фақат одамнинг шахсий сифатларига қараб эмас, балки бўш иш ўрнига унинг қанчалик мос келишига эътибор қаратишга интилиш даркор.

 

Деярли барча номзодлар суҳбат чоғида бериладиган саволлар билан яхши таниш, булар одатда:

  • Нега аввалги жойингизда ишдан бўшагансиз?
  • Сизга бу иш нимаси билан қизиқ?
  • 5 йилдан кейин нима билан шуғулланасиз?
  • Кучли ва кучсиз томонларингиз қайсилар?
  • Сўнгги иш жойингизда сизга нималар кўпроқ ёқарди?
  • Сизга ёқмаган жиҳатлар қайсилар?

 

Бундай саволлар жуда яхши. Лекин сиз номзод кутмаган саволларни ҳам бериб кўринг, масалан қуйидагиларни:

  • Энг ҳурмат қилган раҳбарингиз ҳақида сўзлаб беринг. Нега уни энг яхши деб ҳисоблайсиз?
  • Энг ёмон кўрган раҳбарингиз ким? Нега уни ёмон деб санайсиз?
  • Раҳбар сизга ёрдам  бериш учун нима қилиши керак?
  • Муаммолар ечимига қандай ёндашасиз?
  • Ишдаги бирор мунозара ва унинг ечимига қандай ёндашганингиз ҳақида сўзлаб беринг.
  • Аввалги раҳбарингиз янада муваффақият қозониш учун нималар қилиши керак эди?
  • Келгуси йилда қандай малакаларга эга бўлишни истардингиз?

 

Қулай муҳит яратиш

 

Суҳбат ўтказиладиган жой тинч, осуда бўлиши, ҳеч ким ҳалал бермаслиги даркор. Бошқа нарсаларга чалғимасликка ҳаракат қилинг, акс ҳолда номзод сизни тарбиясиз деб ҳисоблаши мумкин. Суҳбат чоғида номзод асабийлашиши ёки ноқулайликни ҳис қилиши мумкин. Сизнинг вазифангиз унга ўзини эркин тутишига ёрдам беришдан иборат. Бунинг учун меҳмондўст, очиқчеҳра бўлишингиз талаб этилади.

Шунда:

  • номзод ҳақида сизда тўғри фикр шаклланади;
  • табиий жавоблар оласиз;
  • ташкилот ҳақида яхши таассурот қолдирасиз.

 

Кўпроқ тингланг

 

Олдиндан тайёрланган саволлар рўйхати ёдингиздан кўтарилмасин. Суҳбат ўтказувчилар учун одатий бўлган бир хатони содир этмасликка ҳаракат қилинг: кўп гапирманг. Кўпроқ тинглашга тиришинг. Асосан номзод сўзлаши керак.

 

Даъвогарнинг тажрибаси, маълумоти, қобилиятлари, унинг ишга бўлган муносабати, мақсадлари, табиати, қадриятлари хусусида қанча кўп маълумот тўпласангиз, шунча яхши.

 

Қизиқарли ва муҳим туюлган маълумотларни қайд қилиб боринг, бу келгусида асқатиши мумкин. Шунингдек, суҳбат вақтида юзага келган саволларни ёзиб олиб, суҳбатдош сўзини тугатгач, уларни беришингиз мумкин. Номзодни чалғитмаслик учун тез ва қисқа қайдлар қилиш даркор.

 

Номзодга сизга савол беришига имконият яратинг. Бамаъни саволлар унинг фикрлаш доирасида ҳақида тасаввур ҳосил қилишга ёрдам беради. Даъвогарнинг қуйидагича саволларига жавоб беришга тайёр туринг:

  • Сидқидилдан бажарилган иш қандай рағбатлантирилади?
  • Компаниянинг қадриятлари ва ундаги одоб қоидалари нималардан иборат?
  • Қандай касбий ўсишга умид қилиш мумкин?
  • Компаниянинг бозордаги аҳволи қанчалик барқарор?

 

Сўнгги маълумотлар

 

Компаниядаги ўзига хос қонун-қоидалар, ходимларга қўйиладиган талаблар ҳақида маълумотларни суҳбат сўнггида берган маъқул. Агар булар ҳақида суҳбат бошида сўзласангиз, номзодга сизга маъқул келадиган тўғри жавобларни танлаб, қайтаришга ёрдам берган бўласиз.

 

Вакансия ва компания ҳақида рост сўзланг. Агар қандайдир салбий жиҳатлар бўлса, айтиб беринг. Номзодлар бўлажак ишнинг ўзига хосликлари ва ундан нималарни кутиш мумкинлигини билиш ҳуқуқига эга.

 

Ойлик иш ҳақи, иш тартиби, компания томонидан тақдим этиладиган имтиёзлар ҳақида гапириб беринг. Ишга қабул қилиш жараёнининг кейинги босқичи ҳақида айтинг. Даъвогарнинг компания фаолиятига билдираётган қизиқиши учун ташаккур билдириб, суҳбатни якунланг.

 

Номзодни баҳолаймиз

 

Фикрларни бир ерга жамлаш ва номзодга баҳо бериш вақти келди. Бунинг учун суҳбат вақтида қолдирган қайдларингизга мурожаат этишингиз мумкин. Номзодга нисбатан адолатли бўлишга тиришинг. Олдинги номзодлар тажрибаси билан таққосланг. Ишни қанчалик уддалашини тасаввур қилиб кўринг. Чиқарган ҳар бир хулосангиз асосли ва далилли бўлсин.

 

Ходимни тўғри танлаш учун ёдда тутиш лозим бўлган 3 та савол қуйидагилардан иборат:

 

  1. Ходим ишни эплай оладими?
  2. Ишлашни истаяптими?
  3. Ишни бошлаганидан кейин у қанчалик мослашувчан, эпчил ва уддабуррон бўла олади?

 

Энг яхши ходимларни танлаш компаниянинг самарали фаолият юритишида муҳим роль ўйнайди. Уларни компаниянинг муваффақият калити, десак муболаға бўлмайди. Яхши ходимлар тиришқоқлик билан излаш ва асраб-авайлаш керак бўлган хазина мисолидир.

 

Фозила АШУРОВА, мухбиримиз.