Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
  • www.norma.uz
  • Фойдали ахборот
  • 2017 йил январь ойи учун жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ҳисоб-китоби услубияти

2017 йил январь ойи учун жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ҳисоб-китоби услубияти

30.01.2017

.

     2017 йил 1 январдан бошлаб ЖШДСнинг қуйидаги ставкалари амал қилмоқда: ноль ставкали; энг кам ставка – 7,5%; ўртача ставка – 17%; энг юқори ставка – 23% (Президентнинг 27.12.2016 йилдаги ПҚ-2699-сон Қарорига 9-илова).

 

     Январь ойида энг кам иш ҳақи (ЭКИҲ) миқдори 149 775 сўмни ташкил этади (Президентнинг 22.08.2016 йилдаги ПФ-4822-сон Фармони).

 

     Бутун йил давомида ЖШДСни ва ЭКИҲ бараварида назарда тутилган имтиёзларни ҳисоблаб чиқаришда 2017 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра белгиланган ЭКИҲ – 149 775 сўм қўлланади (Солиқ кодекси 186-моддасининг 1-қисми).

 

     2017 йилда фуқароларнинг ШЖБПҲга мажбурий ойлик бадаллари ставкаси ходимга ҳисобланган иш ҳақи (даромад) солиқ солинадиган суммасининг 1%ини, ноль ставкасида (ЭКИҲ 1 баравари) солиқ солинадиган даромад чегирилган ҳолда, ташкил этади (ПҚ-2699-сон Қарорга 9-илова).

 

     ШЖБПҲга мажбурий бадаллар ҳисоблаб ёзилган ЖШДСдан чегирилади (АВ томонидан 6.10.2005 йилда 1515-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 3-банди).

 

     2017 йил учун бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига фуқароларнинг мажбурий суғурта бадаллари ставкаси ходимга ҳисоблаб ёзилган, бадаллар ундириладиган даромад суммасининг 8%и миқдорида белгиланган (ПҚ-2699-сон Қарорнинг 3-банди).

 


Солиқ солинадиган даромад миқдори

 

Солиқ ставкаси

 

149 775 сўмгача

 

0%

 

149 776 сўмдан 748 875 сўмгача

(5 х 149 775)

149 775 сўмдан ортиқ сумманинг 7,5%и

 

748 876 сўмдан 1 497 750 сўмгача

(10 х 149 775)

44 932,5 сўм + 748 875 сўмдан ортиқ сумманинг 17%и

 

1 497 751 сўм ва ундан юқори

 

172 241,25 сўм + 1 497 750 сўмдан ортиқ сумманинг 23%и

 

 

 

I. АНЪАНАВИЙ ҲИСОБ-КИТОБ

 

1-ВАЗИЯТ Ойига ЭКИҲнинг 1 бараваридан ошмайдиган даромадлардан ЖШДС ҳисоб-китоби


Ходима корхонада чорак ставкада ишлайди. Январь ойида у 130 000 сўм иш ҳақи олди.

Жисмоний шахснинг 149 775 сўмгача бўлган даромадига ноль ставкаси бўйича солиқ солинади. Ходиманинг иш ҳақидан ЖШДС 0 сўмни (130 000 х 0%) ташкил қилади.

Ходиманинг иш ҳақидан ШЖБПҲга бадаллар ҳисоб-китобида ноль ставкаси бўйича солиқ солинадиган даромад (ЭКИҲнинг 1 баравари) чегирилиши сабабли ушбу бадаллар ҳисоблаб ўтказилмайди.

Ходиманинг даромадларидан суғурта бадаллари 10 400 сўмга (130 000 х 8%) тенг.

Суғурта бадаллари ушланганидан кейин ходимага 119 600 сўм (130 000 – 10 400) тўланади.

 

2-ВАЗИЯТ Ойига ЭКИҲнинг 5 бараваридан ошмайдиган даромадлардан ЖШДС ҳисоб-китоби


Ходимга январь ойида 630 000 сўм иш ҳақи тўланган.

Олинган даромадга 7,5%лик ставка бўйича солинадиган ЖШДС:

(630 000 – 149 775) х 7,5% = 36 016,88 сўмга тенг.

Январь ойи учун ШЖБПҲга мажбурий бадаллар суммаси 4 802,25 сўмни ((630 000 – 149 775) х 1%) ташкил этади.

Январь ойи учун бюджетга 31 214,63 сўм (36 016,88 – 4 802,25) солиқ ўтказилади.

Мажбурий суғурта бадаллари 50 400 сўмни (630 000 х 8%) ташкил этади.

ЖШДС ва суғурта бадаллари ушланганидан кейин ходимга 543 583,12 сўм (630 000 – 36 016,88 – 50 400) тўланади.

 

3-ВАЗИЯТ Бир ойдаги даромадлар 10 ЭКИҲдан ошмаганда ЖШДС ҳисоб-китоби


Ходимнинг январь ойидаги меҳнатига 920 000 сўм тўланган.

17%лик ставка бўйича солиқ солинадиган даромад суммасини ҳисоб-китоб қиламиз ва январь ойи учун солиқни ҳисоблаймиз:

44 932,5 + (920 000 – 748 875) х 17% = 74 023,75 сўм.

ШЖБПҲга мажбурий бадаллар 7 702,25 сўмни ((920 000 – 149 775) х 1%) ташкил этади.

Январь ойи учун бюджетга 66 321,5 сўм (74 023,75 – 7 702,25) ЖШДС ўтказилади.

Мажбурий суғурта бадаллари 73 600 сўмни (920 000 х 8%) ташкил этади.

Ходим қўлига 772 376,25 сўм (920 000 – 74 023,75 – 73 600) иш ҳақи олади.

 

4-ВАЗИЯТ Бир ойдаги даромадлар 10 ЭКИҲдан ошганда ЖШДС ҳисоб-китоби


Ходимнинг январь ойидаги меҳнатига 1 610 000 сўм ҳақ тўланган.

23%лик ставка бўйича солиқ солинадиган даромад суммасини ҳисоб-китоб қиламиз ва январь ойи учун ЖШДСни ҳисоблаймиз:

172 241,25 + (1 610 000 – 1 497 750) х 23% = 198 058,75 сўм.

ШЖБПҲга мажбурий бадаллар суммаси 14 602,25 сўмга ((1 610 000 – 149 775) х 1%) тенг.

Январь ойи учун бюджетга 183 456,5 сўм (198 058,75 – 14 602,25) ЖШДС ўтказилади.

Январь ойи учун мажбурий суғурта бадаллари 128 800 сўмни (1 610 000 х 8%) ташкил этади.

Ходим қўлига 1 283 141,25 сўм (1 610 000 – 198 058,75 – 128 800) иш ҳақи олади.

 

II. ИМТИЁЗЛАРНИ ҲИСОБГА ОЛГАН ҲОЛДА

 

5-ВАЗИЯТ  Даромаддан ЭКИҲнинг 4 бараварига тенг сумма чиқариб ташланадиган имтиёз қўлланилган ҳолда ЖШДС ҳисоб-китоби


Ходимнинг январь ойидаги меҳнатига 1 610 000 сўм ҳақ тўланган.

● Кодекснинг 180-моддаси 2-қисмига мувофиқ ушбу имтиёзга эга бўлган фуқароларнинг (масалан, 16 ёшдан ошмаган икки ва ундан ортиқ болалари бўлган ёлғиз оналар) жами даромадидан ҳар ойда ЭКИҲнинг 4 бараварига тенг сумма чиқариб ташланади.

Солиқ солинадиган даромадни ҳисоблаймиз:

1 610 000 – 149 775 х 4 = 1 010 900 сўм.

17%лик ставка бўйича солиқ солинадиган даромад суммасини ҳисоблаймиз ва январь ойи учун солиқни ҳисоблаб ёзамиз:

44 932,5 + (1 010 900 – 748 875) х 17% = 89 476,75 сўм.

ШЖБПҲга мажбурий бадаллар 8 611,25 сўмни ((1 010 900 – 149 775) х 1%) ташкил этади.

Бюджетга 80 865,5 сўм (89 476,75 – 8 611,25) ЖШДС ўтказилади.

Мажбурий суғурта бадаллари 128 800 сўмни (1 610 000 х 8%) ташкил этади.

Ходим қўлига 1 391 723,25 сўм (1 610 000 – 89 476,75 – 128 800) иш ҳақи олади.

 

6-ВАЗИЯТ Моддий ёрдам олиш чоғида имтиёзни ҳисобга олган ҳолда ЖШДС ҳисоб-китоби


Ходимнинг январь ойидаги меҳнатига 1 100 000 сўм ҳақ тўланган. Унга фарзандининг туғилганлиги муносабати билан 2 000 000 сўм моддий ёрдам берилган.

● Солиқ кодексининг 179-моддаси 1-бандининг 3 ва 4-хатбошиларига кўра бир йил давомида ЭКИҲнинг 12 бараваригача миқдорда бериладиган қуйидаги моддий ёрдам суммаларига: вафот этган ходимнинг оила аъзоларига ёки оила аъзоси вафот этганлиги муносабати билан ходимга бериладиган тўловлар; ходимга меҳнатда майиб бўлганлик, касб касаллиги ёхуд соғлиққа бошқача шикаст етганлиги билан боғлиқ тўловлар; бола туғилиши, ходим ёки унинг фарзандлари никоҳдан ўтиши муносабати билан бериладиган тўловлар; қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бериш ёки уларни сотиб олиш учун маблағлар бериш тарзидаги тўловларга ЖШДС солинмайди (Солиқ кодексининг 178-моддаси 16-банди). Йил мобайнида ҳисоб-китоб қилишда йил бошида амал қилган ЭКИҲ қўлланилади (149 775 х 12 = 1 797 300 сўм).

Солиқ солинадиган даромад 1 302 700 сўмга (1 100 000 + 2 000 000 – 1 797 300) тенг.

17%лик ставка бўйича солиқ солинадиган даромад суммасини ҳисоблаймиз ва январь ойи учун солиқни ҳисоблаб ёзамиз:

44 932,5 + (1 302 700 – 748 875) х 17% = 139 082,75 сўм.

ШЖБПҲга мажбурий бадаллар суммаси 11 529,25 сўмни ((1 302 700 – 149 775) х 1%) ташкил этади.

Январь ойи учун бюджетга 127 553,5 сўм (139 082,75 – 11 529,25) ЖШДС ўтказилади.

Мажбурий суғурта бадаллари 88 000 сўмни (1 100 000 х 8%) ташкил этади.

Ходим қўлига 2 872 917,25 сўм (1 100 000 + 2 000 000 – 139 082,75 – 88 000) иш ҳақи олади.

 

7-ВАЗИЯТ Қимматбаҳо совға олинганда имтиёзни ҳисобга олган ҳолда ЖШДС ҳисоб-китоби


Ходимнинг январь ойидаги меҳнатига 1 150 000 сўм ҳақ тўланган. Унга 1 400 000 сўмлик ноутбук совға қилинди.

● Солиқ кодексининг 179-моддаси 14-бандига кўра бир йил мобайнида юридик шахслардан ЭКИҲнинг 6 баравари миқдоригача бўлган суммада олинган совғаларнинг қийматига солиқ солинмайди. Бунда йил мобайнида ҳисоб-китоб қилишда йил бошида амал қилган ЭКИҲ қўлланилади (149 775 х 6 = 898 650 сўм).

Солиқ солинадиган даромад 1 651 350 сўмга (1 150 000 + 1 400 000 – 898 650) тенг.

23%лик ставка бўйича солиқ солинадиган даромад суммасини ҳисоблаймиз ва январь ойи учун солиқни ҳисоблаб ёзамиз:

172 241,25 + (1 651 350 – 1 497 750) х 23% = 207 569,25 сўм.

Январь ойи учун ШЖБПҲга мажбурий бадаллар суммаси 15 015,75 сўмга ((1 651 350 – 149 775) х 1%) тенг.

Бюджетга 192 553,5 сўм (207 569,25 – 15 015,75) ЖШДС ўтказилади.

Мажбурий суғурта бадаллари 92 000 сўмни (1 150 000 х 8%) ташкил этади.

Ходим қўлига 850 430,75 сўм (1 150 000 – 207 569,25 – 92 000) иш ҳақи олади.

 

8-ВАЗИЯТ Бир нечта имтиёзни ҳисобга олган ҳолда (ҳар ойда даромаддан ЭКИҲнинг 4 бараварига тенг суммани чегириш, моддий ёрдам ва қимматбаҳо совға олинганда) ЖШДС ҳисоб-китоби


Солиқ кодексининг 180-моддасига кўра имтиёзга ҳақли бўлган ходимга январь ойида 1 150 000 сўм иш ҳақи тўланган. Унга никоҳдан ўтиши муносабати билан 2 000 000 сўм моддий ёрдам кўрсатилган ва 1 000 000 сўмлик қийматга эга совға топширилган.

Қуйидагиларга мувофиқ:

● Солиқ кодексининг 180-моддаси 2-қисмига мувофиқ имтиёз олиш ҳуқуқига эга бўлган ходимнинг солиқ солинадиган даромадидан ҳар ойда ЭКИҲнинг 4 бараварига тенг сумма (149 775 х 4 = 599 100 сўм) чиқариб ташланади;

● Солиқ кодексининг 179-моддаси 1-бандига мувофиқ, бир йил давомида ЭКИҲнинг 12 бараваригача (149 775 х 12 = 1 797 300 сўм) миқдорда бериладиган моддий ёрдам суммасига ЖШДС солинмайди;

● Солиқ кодексининг 179-моддаси 14-бандига кўра юридик шахслардан бир йил мобайнида ЭКИҲнинг 6 баравари (149 775 х 6 = 898 650 сўм) миқдоригача олинган совғаларнинг қийматига ЖШДС солинмайди.

Солиқ солинадиган даромадни аниқлаймиз:

(1 150 000 – 599 100 + 2 000 000 – 1 797 300 + 1 000 000 – 898 650 = 854 950 сўм.

Олинган даромадга 17%лик ставка бўйича солиқ солинади: ЖШДС 44 932,5 + (854 950 – 748 875) х 17% = 62 965,25 сўмга тенг.

ШЖБПҲга мажбурий бадаллар суммаси 7 051,75 сўмни ((854 950 – 149 775) х 1%) ташкил этади.

Бюджетга 55 913,5 сўм (62 965,25 – 7 051,75) солиқ ўтказилади.

Мажбурий суғурта бадаллари 92 000 сўмни (1 150 000 х 8%) ташкил этади.

Ходим қўлига 2 995 034,75 сўм (1 150 000 + 2 000 000 – 62 965,25 – 92 000) олади.

 

III. ОДАТДАН ТАШҚАРИ ҲОЛАТЛАР

 

9-ВАЗИЯТ  Ўриндош ходим даромадларидан ЖШДС ҳисоб-китоби


Солиқ кодексининг 180-моддаси 2-қисмида назарда тутилган имтиёзга эга ўриндош ходимга январь ойида 690 000 сўм иш ҳақи тўланган.

● Асосий бўлмаган иш жойидан ёки бошқа юридик шахслардан олинган даромадларга тўлов манбаида ЖШДСни ҳисоблаб чиқариш Солиқ кодексининг 180-моддасида назарда тутилган имтиёзни қўлламасдан жами даромад суммасидан амалга оширилади (Солиқ кодексининг 186-моддаси 8-қисми).

● Агар асосий бўлмаган иш жойидан ёки бошқа юридик шахслардан даромад оладиган жисмоний шахс бухгалтерияга ундан ЖШДСни энг юқори ставкада ушлаб қолиш ҳақида ариза тақдим этса, у ҳолда даромад тўловчи юридик шахс имтиёзларни қўлламаган ҳолда уни энг юқори ставкада ушлаб қолади (Солиқ кодексининг 186-моддаси 9-қисми). Бундай ариза мавжуд бўлмаган ҳолларда ЖШДС шкала бўйича ушлаб қолинади, солиқ тўловчи эса солиқ органларида ўтган йил учун жами даромадларини кейинги йилнинг 1 апрелига қадар декларациялаши шарт.

 

I. Ўриндош бухгалтерияга ЖШДСни энг юқори ставкада ушлаб қолиш ҳақида ариза тақдим этмаган.

Унинг январь ойида олган даромадига 7,5%лик ставка бўйича солиқ солинади:

ЖШДС (690 000 – 149 775) х 7,5% = 40 516,88 сўмга тенг.

ШЖБПҲга мажбурий бадаллар 5 402,25 сўмга ((690 000 – 149 775) х 1%) тенг.

Январь ойи учун бюджетга 35 114,63 сўм (40 516,88 – 5 402,25) ЖШДС ўтказилади.

Мажбурий суғурта бадаллари суммаси 55 200 сўмни (690 000 х 8%) ташкил этади.

Солиқ ва суғурта бадаллари ушланганидан кейин ходим 594 283,12 сўм (690 000 – 40 516,88 – 55 200) иш ҳақи олади.

 

II. Ўриндош ходим бухгалтерияга ЖШДСни энг юқори – 23%лик ставкада ушлаб қолиш ҳақида ариза тақдим этган.

Ўриндошнинг даромади 1 497 750 сўмдан ошмаслигига қарамай, ходимнинг аризасига кўра унинг бутун иш ҳақига 23%лик ставка бўйича солиқ солинади. Январь ойи учун ЖШДС суммаси 158 700 сўмга (690 000 х 23%) тенг.

Жами иш ҳақидан (ноль ставкаси бўйича солиқ солинадиган даромадни чегирмаган ҳолда) ШЖБПҲга бадаллар (1%) ҳисоблаб ёзилади. Январь ойида уларнинг суммаси 6 900 сўмни (690 000 х 1%) ташкил қилади.

Бюджетга 151 800 сўм (158 700 – 6 900) ЖШДС ўтказилади.

Январь ойи учун суғурта бадаллари 55 200 сўмни (690 000 х 8%) ташкил қилади.

ЖШДС ва суғурта бадаллари ушланганидан кейин ўриндош ходим 476 100 сўм (690 000 – 158 700 – 55 200) иш ҳақи олади.

 

10-ВАЗИЯТ Юридик шахсга турар жойни ижарага берувчи ходимнинг даромадларидан ЖШДС ҳисоб-китоби


Ходимнинг январь ойидаги меҳнатига 690 000 сўм ҳақ тўланган. Ходим Тошкент шаҳрида жойлашган, майдони 50 кв.м бўлган турар жой биносини 1 январдан бошлаб ижарага бериш тўғрисида иш берувчи билан шартнома тузди ва ҳар ойда 900 000 сўм ижара ҳақи олади.

● Жисмоний шахсларнинг турар жойни ижарага топширишдан оладиган даромадларига солиқ солиш ижара (ёллаш) шартномасида назарда тутилган тўловдан келиб чиқиб амалга оширилади, бироқ у турар жойни ижарага берадиган жисмоний шахслар учун белгиланган ижара ҳақи ставкаларидан ҳисоблаб чиқарилган миқдордан кам бўлмаслиги керак (ПҚ-2699-сон Қарорга 26-илова).

● Тошкент шаҳрида бир ойлик ижара тўловининг энг кам миқдори этиб 1 кв.м турар жой учун 4 500 сўм; Нукус ва вилоят бўйсунувидаги шаҳарларда – 3 000 сўм; бошқа аҳоли пунктларида – 1 500 сўм белгиланган.

● Мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадларга 7,5%лик ставка бўйича ЖШДС солинади (Солиқ кодексининг 181-моддаси).

● ШЖБПҲга бадаллар иш берувчи ва ходим ўртасида тузилган меҳнат шартномаси ёки фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома бўйича бажарилган ишлар учун олинган даромадлардан ҳисоблаб ёзилади. Ижара ҳақи тарзидаги даромадлар мулкий даромад бўлганлиги ва ишлар бажариш билан боғлиқ бўлмаганлиги боис, ундан ШЖБПҲга ажратмалар қилинмайди.

Ижара ҳақидан ЖШДС суммасини ҳисоблаймиз. Мазкур ҳолатда унинг энг кам суммаси 225 000 сўмни (4 500 х 50) ташкил этади, у ҳақиқатдаги ижара ҳақидан камлиги боис шартномада назарда тутилган суммадан солиқ ҳисобланади:

900 000 х 7,5% = 67 500 сўм.

Январь ойи учун меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадга 7,5%лик ставка бўйича солиқ солинади:

(690 000 – 149 775) х 7,5% = 40 516,88 сўм.

ШЖБПҲга мажбурий бадаллар 5 402,25 сўмга ((690 000 – 149 775) х 1%) тенг.

Январь ойи учун бюджетга 35 114,63 сўм солиқ (40 516,88 – 5 402,25) ўтказилади.

Мажбурий суғурта бадаллари 55 200 сўмни (690 000 х 8%) ташкил этади.

Солиқ ва мажбурий ажратмалар ушлаб қолинганидан кейин ходимга 1 426 783,12 сўм (690 000 + 900 000 – 40 516,88 – 67 500 – 55 200) тўланади.

 

Ҳисоб-китоб услубиятини экспертимиз, Ўзбекистон солиқ маслаҳатчилари палатаси аъзоси

Муҳиддин ЗАЙНУТДИНОВ тайёрлади.

 

_________________________________

*Январь ойи учун жисмоний шахсларнинг даромадидан олинадиган солиқ ва бошқа мажбурий тўловларнинг ҳисоб-китоб услубияти «СБХ»нинг 26.01.2016 йилдаги 4 (1120)-сонида, февраль ойи учун 23.02.2016 йилдаги 8 (1124)-сонида, март ойи учун 22.03.2016 йилдаги 12 (1128)-сонида, апрель ойи учун 26.04.2016 йилдаги 17 (1133)-сонида, май ойи учун 24.05.2016 йилдаги 21 (1137)-сонида, июнь ойи учун 28.06.2016 йилдаги 26 (1142)-сонида, июль ойи учун 26.07.2016 йилдаги 30 (1146)-сонида, август ойи учун 23.08.2016 йилдаги 34 (1150)-сонида, сентябрь ойи учун 27.09.2016 йилдаги 39 (1155)-сонида), октябрь ойи учун  25.10.2016 йилдаги 43 (1159)-сонида, ноябрь ойи учун 29.11.2016 йилдаги 48 (1164)-сонида, декабрь ойи учун 20.12.2016 йилдаги 51 (1167)-сонида чоп этилган.

Курс валют

2017-08-15
  • USD:4154.36 (+27.91) сум
  • EUR:4895.49 (+16.43) сум
  • RUB:69.02 (+0.62) сум