Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак скорректировать зачет НДС на основании статьи 270 Налогового кодекса Как сформировать прочие затраты производственного характера Как разработать график документооборота по экспортной сделке

ЖШДС ҳар доим тўлов манбаида ушлаб қолинадими?

25.02.2016

? Бизнинг кафе бозорда жисмоний шахслардан нақд пулга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилади. Биз бу тўловлардан ЖШДС ушлаб қолишимиз керакми?

 

Келинг, умумий овқатланиш корхонаси бозорда кимдан маҳсулотлар сотиб олишини кўриб чиқамиз.

 

Ўзбекистон Республикаси бозорларида савдо фаолиятини ташкил этиш  қоидаларига1 асосан деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш жисмоний ва юридик шахслар томонидан амалга оширилади. Модомики савол ЖШДС ҳисоблаб ёзишга тааллуқли экан, бизни бозорда савдо қилаётган жисмоний шахслар қизиқтиради. Уларни уч тоифага бўлиш мумкин.

 

Биринчиси – якка тартибдаги тадбиркор (ЯТТ) сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳномага эга жисмоний шахслар. ЯТТдан сотиб олишда ЖШДС ушлаб қолиш билан боғлиқ саволлар вужудга келмайди, чунки у қатъий белгиланган солиқ тўлайди. Мазкур норма СКнинг 169-моддаси билан белгиланган: “Якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятидан олинган, СКнинг 58-бобига мувофиқ қатъий белгиланган солиқ солинадиган даромадлар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг солиқ солиш объекти бўлмайди”. Бироқ юридик шахс ҳисобланмиш умумий овқатланиш корхонаси ҳам хусусий тадбиркордан нақд пулга сотиб ололмайди. Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларига2 асосан чакана савдо – бу савдо соҳасида пировард истеъмолчи учун, тижорат мақсадларида фойдаланиш ҳуқуқисиз аҳолига нақд пулга доналаб ёки унча кўп бўлмаган миқдорда товарлар сотишни назарда тутувчи фаолиятни амалга ошириш. Юридик шахс билан чакана савдони амалга ошириш доирасида нақд пул билан ҳисоб-китоб қилиш имкониятини кўзда тутувчи қоида мавжуд эмас.

 

Иккинчиси – бу деҳқонлар (деҳқон хўжалиги аъзолари). Деҳқон хўжалиги (деҳқон) дегани нима? Бу оилавий майда товар хўжалиги бўлиб, оила аъзоларининг шахсий меҳнати асосида, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш учун оила бошлиғига берилган томорқа ер участкасида қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштиради ва реализация қилади.

 

Қайд қилиш жоизки, деҳқон хўжалигидаги фаолият тадбиркорлик фаолияти жумласига киради ҳамда деҳқон хўжалиги аъзоларининг истагига кўра юридик шахс ташкил этган ҳолда ва юридик шахс ташкил этмасдан амалга оширилиши мумкин (“Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги Қонун). Фаолият юридик шахс ташкил этган ёки этмаган ҳолда амалга оширилишидан қатъи назар деҳқон хўжалиги (деҳқон) қонунчиликда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилади.  Бунда рўйхатдан ўтказувчи орган ариза берувчидан туман ҳокимининг ер участкаси ажратиб бериш тўғрисидаги қарори нусхасини3 талаб қилади. Деҳқон хўжалиги (деҳқон) давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани олади. Юқорида баён қилинганлардан келиб чиқиб, тадбиркорлик субъекти бўлган ҳолда деҳқон хўжалиги  (деҳқон) СКнинг 383-моддасида белгиланган солиқларни тўлайди ва ўзи етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилишдан олган даромадлари бўйича ЖШДС тўловчиси ҳисобланмайди.

 

Учинчи тоифа – бу ўзлари етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини реализация қиладиган жисмоний шахслар. Улар тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи, боғдорчилик, узумчилик ёки полизчилик ширкатларининг бошқарувлари томонидан берилган, реализация қилинадиган маҳсулот жисмоний шахс томонидан унга ёки унинг оила аъзоларига ажратилган ер участкасида етиштирилганлигини тасдиқловчи белгиланган шаклдаги маълумотномага эга бўлишлари керак. Маълумотнома шакли Ўзбекистон Республикаси бозорларида савдо фаолиятини ташкил этиш  қоидаларига иловада4 келтирилган. Маълумотномада мажбурий тарзда жисмоний шахснинг доимий яшаш жойи манзили, ер участкасининг жойлашган жойи ва майдони, бир йилда сотилиши мумкин бўлган ўзи етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг номи ва ҳажми кўрсатилади.  СКнинг 385-моддасига мувофиқ юқорида кўрсатилган бозорларда товарлар, буюмлар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотишни амалга ошираётган жисмоний шахслар ўзини ҳар бир сотиш жойидан савдо қилинган ҳар бир кун учун ёки ҳар бир товар, буюм, чорва мол учун ундириладиган қатъий белгиланган тўлов сифатида намоён қиладиган бир марталик йиғимни тўлайдилар.

 

Эҳтимол, ЖШДСни ўзи етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини реализация қилаётган жисмоний шахсларнинг даромадларидан ушлаб қолиш керакдир? Солиқ кодекси бу саволга ҳам аниқ жавоб беради.

 

СКнинг 178-моддаси билан ҳайвонларни (қорамол, парранда, мўйнали ва бошқа ҳайвонларни, балиқ ва бошқаларни) тирик ҳолда ҳамда уларни сўйиб, маҳсулотларини хом ёки қайта ишланган ҳолда, ипак қурти, чорвачилик, асаларичилик ва деҳқончилик маҳсулотларини табиий ва қайта ишланган ҳолда сотишдан олинган даромадлар тўлов манбаида солиқ солинадиган бошқа даромадлар жумласига киритилган. Бироқ СКнинг 179-моддаси билан чорвачилик, асаларичилик ва деҳқончилик маҳсулотларини табиий ва қайта ишланган ҳолда саноатда қайта ишлашдан ташқари кўрсатилган маҳсулотларни реализация қиладиган жисмоний шахслар даромадлари солиқ солишдан озод қилиниши кўринишидаги имтиёз берилган.  Имтиёз жисмоний шахсда тегишли жойлардаги маҳаллий давлат ҳокимияти органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи, боғдорчилик, узумчилик ёки полизчилик ширкатларининг бошқарувлари томонидан берилган, реализация қилинган маҳсулот жисмоний шахс томонидан унга ёки унинг оила аъзоларига ажратилган ер участкасида етиштирилганлигини тасдиқловчи маълумотнома мавжуд бўлиши шарти билан қўлланиши мумкин.

 

Айнан шу маълумотнома жисмоний шахс томонидан савдони амалга ошириш учун бозордан жой олишда тақдим қилинади, у мавжуд бўлмаганда бу шахс ўз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сота олмайди.

 

Яна битта савол туғилади – умумий овқатланиш корхонаси вакили бозорда сотувчилардан тасдиқловчи ҳужжатларни (деҳқон хўжалигини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳнома ёки қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари шахсий ёрдамчи хўжаликда етиштирилганлиги тўғрисида маълумотнома) талаб қилиши керакми?

 

Солиқ кодексида ҳам, қандайдир бошқа ҳуқуқий ҳужжатда ҳам бундай талаб йўқ. Қонун ижодкори жисмоний шахс бу ҳужжатларсиз бозорда савдо қила олмаслигидан келиб чиққан, чунки уларни бозор маъмуриятига тақдим қилиш бўйича мажбурият белгиланган.

 

Бозорда жисмоний шахсдан нақд пулга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилгандан кейин корхона тегишли ҳужжатларни расмийлаштириши керак. Уларни расмийлаштириш икки мақсадни кўзлайди:

 

- нақд пул маблағларини мақсадли ишлатишни тасдиқлаш ва маҳсулотларни сотиб олиш учун кассадан маблағлар берилган ҳисобдор шахснинг ҳаракатларини назорат қилиш;

 

- бозорда савдони амалга ошириш учун расман рухсатнома олган (тегишинча, бозор маъмуриятига зарур маълумотнома ёки якка тартибдаги тадбиркор гувоҳномасини тақдим қилган) жисмоний шахсдан маҳсулотлар сотиб олинганлигини тасдиқлаш имконияти .

 

Харид қилгандан кейин тузиладиган ҳужжатлар шакли белгиланмаган. Бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ корхона бошланғич ҳужжат шаклини ҳисоб сиёсатида тасдиқлаш ҳуқуқига эга.

 

Амалиётда умумий овқатланиш корхоналари харид далолатномасини тузадилар. Унда маҳсулотлар сотувчисининг паспорт маълумотлари, унинг яшаш жойи, бозорнинг номи ва жойлашган жойи мажбурий кўрсатилади. Тасдиқланган харид далолатномасига асосан бўнак ҳисоботи тузилади, унга кўра харидни амалга оширадиган шахс ишлатилмаган ҳисоботдаги суммани қайтаради.

 

Яна бир жуда муҳим мулоҳаза. СКнинг 187-моддасига мувофиқ жисмоний шахсга даромад тўлайдиган юридик шахс солиқ даври тугаганидан сўнг 30 кун ичида солиқ хизмати органларига асосий бўлмаган иш жойидан даромад олган жисмоний шахслар бўйича белгиланган шаклда маълумотнома тақдим қилиши шарт.

 

Агар умумий овқатланиш корхонаси тўланган даромад суммаларини ҳисоботда кўрсатмаган бўлса ҳамда асосий бўлмаган иш жойидан даромад олган жисмоний шахслар тўғрисидаги маълумотларни тақдим қилмаган бўлса, у ҳолда бу МЖтКнинг 175-моддасига биноан 1 дан 3 ЭКИҲгача маъмурий жарима солинишига сабаб бўлади.

 

Гўзал ИСЛАМОВА, экспертимиз.

 

 

________________

 

1 ВМнинг 28.08.2012 йилдаги 253-сон қарорига 1-илова.

2 ВМнинг 13.02.2003 йилдаги 75-сон қарори.

3 Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйишнинг хабардор қилиш тартиби тўғрисида низом  (Президентнинг 24.05.2006 йилдаги ПҚ-357-сон Қарори).

4 ВМнинг 28.08.2012 йилдаги 253-сон қарорига 1-илова.