Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Солиқ текшируви чоғида бинога бузиб кириш қонунийми?

18.10.2016

Солиқ текширувини амалга ошириш чоғида биноларнинг қулфини мажбуран бузиб, ташкилот ҳудудига киришга солиқ органлари вакилларининг ҳуқуқи борми?

 

Йўқ, уларга бундай ҳуқуқ берилмаган.

 

Текширувчиларнинг текшириш, мол-мулк инвентаризациясини ўтказиш, ҳужжатларни ва бошқа мол-мулкни олиб қўйиш учун ҳудудга, ишлаб чиқариш, омбор, савдо ва бошқа биноларга (шу жумладан солиқ тўловчи даромад олиш мақсадида фойдаланаётган жойлар ёки солиқ солиш объектларини сақлаш билан боғлиқ жойлар) кириш ҳуқуқи СКнинг 91-моддаси 12-қисми, 93-моддаси 1-қисмида ҳамда “Давлат солиқ хизмати тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддаси 2-бандида мустаҳкамланган1.

 

Солиқ тўловчи эса текширувчи шахслар текширув ўтказиш тартиби тўғрисидаги қонун кўрсатмаларига амал қилган тақдирда (яъни текширув қонуний бўлиши керак) уларни ўз ҳудуди ва биносига текширувлар ўтказиш учун киритишга мажбур (СКнинг  92-моддаси 3-қисми).

 

Аммо солиқ тўловчи қонунга хилоф равишда бўлса ҳам “чақирилмаган меҳмонлар”ни ўз ҳудудига киритишдан бош тортса, қонун солиқ органларига текширувни амалга ошириш мақсадида унинг биносини бузиб кириш ҳуқуқини бермайди (шу жумладан эшик зулфини, эшик ёки деразаларни бузиб кириш). Бу ваколат доирасидан четга чиқишга киради.

 

Қолаверса, солиқ тўловчига, унинг мол-мулкига  зарар келтириш СКнинг 105-моддасида (текширувчилар томонидан келтирилган зарар ва бой берилган фойдани қоплаш) келтириб ўтилган оқибатларга олиб келиши мумкин.

 

Солиқ органлари бундай солиқ тўловчиларга қуйидагича таъсир ўтказиши мумкин (СКнинг 92-моддаси 5-7-қисмлари):

 

текширувчи шахслар солиқ тўловчининг текширув ўтказиш учун ҳудудга ёки бинога киришларига тўсқинлик қилганлиги ҳақида далолатнома тузишлари лозим. У текширувчилар ва солиқ тўловчи томонидан имзоланади. Агар солиқ тўловчи далолатномани имзолашга рози бўлмаса, унда тегишли қайд қилинади;

 

киришга қаршилик қилиш ҳамда солиқ хизмати ходимларининг ўз вазифасини бажаришига тўсқинлик қилиш қонунда кўрсатилган тартибда жавобгарликка тортилишга сабаб бўлади   (хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 198-моддасида «Ҳокимият вакилининг қонуний талабларини бажармаслик ёки хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш» фуқароларга энг кам иш ҳақининг 0,5 дан 1 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши кўзда тутилган);

 

жавобгарликка тортилиш солиқ текширувини бекор қилиниши учун асос бўлмайди.

 

Бундан ташқари, текширилаётган шахс солиқ текшируви ўтказилишига қаршилик қилса ёки текширувлар ўтказиш учун ҳудуд, биноларга киришга тўсқинлик қилса, солиқ органи унинг банклардаги ҳисоблари бўйича операцияларни тўхтатиб қўйишни сўраб, судга мурожаат этишга ҳақлидир (СКнинг 96-моддаси 2-қисми 2-хатбошиси).

 

Солиқ тўловчи биноларини мажбуран бузиб кириш ёки ҳудудга кириш фақатгина солиқ тўловчи (унинг вакили) бунга рози бўлмаган ҳолатларда эмас, балки шунчаки ўша текширув жойида бўлмаганида ҳам тақиқланади2.

 

Бу ҳаттоки солиқ тўловчи (унинг вакили) ўша жойда бўла туриб, киришга тўсқинлик қилмаган, аммо баъзи сабабларга кўра буни амалга ошира олмаган ҳолатларда ҳам (масалан, калит йўқолган бўлса, дубликати бошқа ерда бўлса, калит сақланаётган ходим жойда бўлмаса ва б.) ҳам тақиқланади.

 

Камол МУЗАФФАРОВ,

эксперт

 


1Солиқ текширувини ўтказаётган давлат солиқ хизмати органи мансабдор шахсларининг қонунда белгиланган ҳоллардан ёки суд қарори асосида амалга ошириладиган ҳоллардан бошқа ҳолларда турар жойларга уларда яшовчи жисмоний шахсларнинг хоҳиш-иродасидан ташқари ёки унга қарши тарзда киришига йўл қўйилмайди (СКнинг 92-моддаси 8-қисми).

2Давлат солиқ хизмати органи солиқ тўловчининг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисидаги ариза билан судга қуйидаги ҳолларда мурожаат қилишга ҳақли (СКнинг 96-моддаси 2-қисми 3-хатбошиси).

Курс валют

2016-12-06
  • USD:3189.93 (+13.77) сум
  • EUR:3434.89 (--15.97) сум
  • RUB:49.72 (+0.57) сум

Вопрос недели

Ташкент – не сельская местность
Я проживаю в г. Ташкенте с родителями, своего жилья не имею. Могу ли я принять участие в программе доступного жилья, если женюсь и решу жить отдельно от родителей?
09.12.16
Просмотры: 339