Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Ўзбошимчалик билан қурилган иморат қандай қонунийлаштирилади

08.08.2016

? Мен уйнинг ёнига яна битта хона қурдим. Қонун бўйича мен уни қандай тўғри расмийлаштиришим мумкин?

Сизнинг саволингиздан келиб чиқиб тахмин қилиш мумкинки, ер участкаси уй-жой қуриш учун ажратилган, шунинг учун жисмоний шахснинг якка тартибда қурилган уй-жойга мулк ҳуқуқини эътироф этиш тартибини кўриб чиқамиз. Бунда қуйидагилар белгиловчи фактор бўлади:

 

иморат қурилган ер участкасининг тегишлилиги ва мақсадли фойдаланиш;

 

уни қуришда архитектура ва қурилиш меъёр ва қоидаларига риоя қилиш;

 

Гарчи саволда ер участкасининг мулкдори (эгаси) кўрсатилмаган экан, икки вариантни кўриб чиқамиз.

 

I. Ер участкаси хонани қурган шахсга тегишли эмас

 

Белгиланган тартибда қурилиш учун ажратилмаган ер участкасида иморат қуриш ўзбошимчалик билан қурилган иморат деб эътироф этилади. 

 

Умумий қоидага кўра, ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга мулк ҳуқуқини ололмайди (Фуқаролик кодексининг (ФК) 212-моддаси иккинчи қисми). Бундай иморат ҳуқуқлари бузилган шахснинг ёки тегишли давлат органининг даъвоси билан суднинг қарорига асосан бузиб ташланади.

 

Истисно тариқасида шахс ўзига қарашли бўлмаган ер участкасида ўзбошимчалик билан иморат қурган бўлса, унинг бу иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи суд томонидан башарти мазкур участка шу шахсга қурилган иморат учун белгиланган тартибда бериладиган бўлса эътироф этилиши мумкин (ФКнинг 212-моддаси 4-қисми).

 

Муҳим! Ушбу ҳолатда ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш содир бўлган, бу фуқарога 5 дан 10 ЭКИҲгача жарима солишга сабаб бўлади1. Кўрсатилган ҳаракатлар маъмурий ундирув қўлланилгандан кейин бир йил мобайнида такрор содир этилганда айбдорга нисбатан жиноий жазо қўлланади2.

 

Яъни қурилган хонага мулк ҳуқуқини эътироф этиш учун судга мурожаат қилиш зарур. Даъво аризасига унда иморат қурилган ер участкасини тақдим қилиш тўғрисидаги ҳоким қарорини илова қилиш мақсадга мувофиқдир. Даъво топшириш пайтида бундай қарор бўлмаслиги ҳам мумкин. Шунда суд ишни кўришга тайёрлаш босқичида тақдим этилган даъвога бўлган муносабатини аниқлаш учун ҳокимиятни арз қилинган талаб тўғрисида хабардор қилади. Агар муҳокама чоғида даъвогарга ер участкаси ажратишга рад этилса, у бундай рад этиш юзасидан судда низолашиши мумкин. Бундан ташқари, ҳокимлик ўзбошимчалик билан қурилган иморатни бузиш тўғрисида қарши даъво баён қилиши мумкин. Рад этиш юзасидан шикоят, шунингдек қарши даъво дастлабки даъво аризаси билан биргаликда кўрилади3.

 

Судлар томонидан жумладан ер участкаси ажратилган, аммо у якка тартибда уй қуриш мақсадида эмас, балки бошқа мақсадда ажратилган, шунингдек ажратишнинг белгиланган тартиби бузилган ҳолларда ҳам мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисидаги даъво кўрилади.

 

Суднинг ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисидаги қонуний кучга кирган қарори тегишли ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос бўлади. Бунинг учун бир ой мобайнида иморат жойлашган жойдаги туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасига мурожаат қилиш зарур4. Ўзбошимчалик билан қурилган хонани легаллаштириш жараёни кўрсатилган орган томонидан кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома берилиши билан тугайди.

 

II. Ер участкаси хонани қурган шахсга тегишли

 

Агар иморат якка тартибда уй-жой қуриш учун белгиланган тартибда ажратиб берилган ер участкасида ўзбошимчалик билан қурилган бўлса, мулк ҳуқуқини эътироф этиш суддан ташқари тартибда амалга оширилади.

 

Мазкур ҳолатда даъво билан арз қилинганда, Фуқаролик-процессуал кодекс (ФПК) 152-моддасининг 1-бандига асосан уни қабул қилиш рад этилади, агар иш қўзғатилган бўлса ФПК 100-моддасининг 1-бандига кўра иш юритиш тугатилади (иш судга тааллуқли эмас) ва аризачига ушбу талаб билан тегишли ҳокимиятга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилади5. Мулк ҳуқуқини эътироф этиш кўриб чиқилаётган ҳолатда ФКнинг 212-моддасида кўзда тутилмаганлигига судлар эътиборини қаратган ҳолда Олий хўжалик суди Пленуми ҳам худди шу нуқтаи назарда бўлади.

 

Қурилиши тугалланган хонани фойдаланишга қабул қилиш керак. Бунинг учун тегишли ариза билан туман ҳокимлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциясига (кейинги ўринларда – Инспекция) мурожаат қилиш лозим.

 

Иморат техник хатловдан ўтказилгандан кейин ҳокимлик ҳузурида ташкил этилган доимий фаолият юритувчи қабул қилиш комиссияси жойнинг ўзига бориб фойдаланишга қабул қилиш далолатномасини келишади. Кейин Инспекция кадастр, архитектура ва қурилиш органлари билан келишув бўйича уйни фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси лойиҳасини ҳокимга киритади. Ҳоким томонидан тасдиқланган далолатномани Инспекция кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш учун юборади, шундан сўнг кадастр органи гувоҳнома беради.

 

Муҳим! Ўзбошимчалик билан қуриш аниқланганда Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси мансабдор шахслари томонидан далолатнома тузилади ва қурилишни тўхтатиш тўғрисида кўрсатма берилади. Бир вақтнинг ўзида ушбу ҳужжатларнинг нусхалари аниқланган иморатнинг кейинги тақдирини (бузишгача) ҳал қилиш учун ҳокимликка юборилади7.

 

Иккала ҳолатда ҳам иморатни қуришда архитектура ва шаҳарсозлик меъёрларига риоя қилиш муҳим аҳамият касб этади. Шундай қилиб, фақат фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига хавф солмайдиган иморатлар мулкка расмийлаштирилади.

 

 

Бу масаладаҚурилишэлектрон маълумотнома тизими ёрдам беради.

 

 

Олег ЗАМАНОВ, экспертимиз.    

 

 

 


1 Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси.

2 Жиноят кодексининг 229-1-моддасига биноан ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш 50 дан 100 ЭКИҲгача жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 6 ойгача қамоқ билан жазоланади.

3 Олий суд Пленумининг “Якка тартибда қурилган уйга бўлган мулк ҳуқуқи билан боғлиқ низолар бўйича суд амалиёти тўғрисида” 24.09.2004 йилдаги 14-сон қарорининг 24-банди.

4 7.01.2014 йилдаги 7-сон Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у ҳақда тузилган битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида низомнинг 8-банди.

5 Олий суд Пленумининг “Якка тартибда қурилган уйга бўлган мулк ҳуқуқи билан боғлиқ низолар бўйича суд амалиёти тўғрисида” 24.09.2004 йилдаги 14-сон қарорининг 3-банди.

6 2.07.2009 йилдаги 184-сон Туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари томонидан якка тартибда уй-жой қуриш (реконструкция қилиш)ни амалга оширишга

рухсатномаларни расмийлаштириш, лойиҳаларни ваколатли органларда бир жойнинг ўзида келишиш тартиби тўғрисида низом.

7 30.12.2006 йилдаги 272-сон Якка тартибдаги уй-жой қурилиши тўғрисида низомнинг VII бўлими 

 

 

 

Курс валют

2016-12-06
  • USD:3189.93 (+13.77) сум
  • EUR:3434.89 (--15.97) сум
  • RUB:49.72 (+0.57) сум

Вопрос недели

Ташкент – не сельская местность
Я проживаю в г. Ташкенте с родителями, своего жилья не имею. Могу ли я принять участие в программе доступного жилья, если женюсь и решу жить отдельно от родителей?
09.12.16
Просмотры: 269