Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

МЧЖда чиқиб кетган иштирокчининг улуши қолса

24.09.2013

Мен МЧЖ директориман. Биз баъзи жамият иштирокчиларининг қўшимча ҳиссалари ҳисобига устав капиталини кўпайтиришни режалаштиряпмиз. Бироқ МЧЖ иштирокчиларидан бири чиқиб кетганидан кейин жамиятда чиқиб кетган иштирокчининг илгари олинган 5 фоизлик улуши қолди. Жамият бундай вазиятда устав капиталини кўпайтиришга ҳақлими?

 

- Жамият устав капиталини кўпайтириш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли. Мазкур хулоса "Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Қонун (6.12.2001 йилдаги 310-II-сон, бундан кейин - МЧЖ тўғрисидаги Қонун) 18-моддасининг иккинчи қисми билан тасдиқланади. Мазкур меъёрга кўра жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши жамиятнинг устав капиталини кўпайтириш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

Қарор бир овоздан қабул қилинади ва жамият иштирокчиларининг қўшимча ҳиссаларни киритиш тўғрисидаги аризаларига асосланади. Жамиятга қарашли улушлар умумий йиғилишда овоз бериш натижаларини аниқлашда ҳисобга олинмайди (МЧЖ тўғрисидаги Қонун 23-моддасининг биринчи қисми).

Бироқ шуни ҳисобга олиш лозимки, капитални кўпайтиришга у тўлиқ тўланганидан кейингина йўл қўйилади (МЧЖ тўғрисидаги Қонун 16-моддасининг биринчи қисми). Шу тариқа, жамиятда 5%лик улуш мавжуд бўлса, кўпайтириш таомилининг ўзи мумкин бўлмайди.

Шу сабабли жамият аввал МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг 23-моддасига мувофиқ жамиятга тегишли бўлган улушни тақсимлаши керак. Улуш жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг қарорига биноан жамиятнинг барча иштирокчилари ўртасида уларнинг жамият устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларига мутаносиб равишда тақсимланиши ёхуд жамиятнинг барча ёки айрим иштирокчиларига ва (ёки), агар бу жамиятнинг уставида тақиқланган бўлмаса, учинчи шахсларга сотилиши ҳамда тўлиқ тўланиши керак. Фақат шундан кейин капитални кўпайтириш тўғрисида қарор қабул қилиниши нафақат оқилона бўлади, балки уни бажарса ҳам бўлади.

 

* * *

 

 

 

УСТАВ КАПИТАЛИ УЧИНЧИ ШАХСЛАР

ҲИСОБИГА КЎПАЙТИРИЛГАНДА

 

МЧЖ шаклидаги корхонамиз устав капиталини жамият барча иштирокчиларининг қўшимча ҳиссалари, шунингдек учинчи шахслар (инвесторлар)нинг ҳиссалари ҳисобига кўпайтиришни режалаштиряпти. Буни бир вақтнинг ўзида қила оламизми?

 

- Ҳа, қила оласиз.

Устав капиталини жамият барча иштирокчиларининг қўшимча ҳиссалари ва учинчи шахсларнинг ҳиссалари ҳисобига бир вақтда кўпайтириш имконияти "Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Қонун (6.12.2001 йилдаги 310-II-сон, бундан кейин - МЧЖ тўғрисидаги Қонун) 18-моддасининг иккинчи қисмида тўғридан-тўғри назарда тутилган.

Мазкур меъёр жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишига жамият иштирокчиларининг қўшимча ҳисса қўшиш тўғрисидаги аризалари ва учинчи шахсларнинг уларни жамиятга қабул қилиш ва ҳисса қўшиш тўғрисидаги аризалари асосида жамиятнинг устав капиталини кўпайтириш тўғрисида қарор қабул қилиш имконини беради.

Бунинг учун умумий йиғилиш қуйидаги қарорларни қабул қилиши керак:

устав капиталининг кўпайиши муносабати билан жамият уставига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида;

ариза берган жамият иштирокчилари улушларининг номинал қийматини кўпайтириш тўғрисида;

жамият иштирокчилари улушларининг миқдорларини ўзгартириш тўғрисида;

жамиятга янги аъзоларни қабул қилиш тўғрисида;

янги иштирокчилар улушларининг номинал қиймати ва миқдорини белгилаш тўғрисида.

Ушбу қарорларни жамиятнинг барча иштирокчилари бир овоздан қабул қилишлари керак. Бироқ шуни қайд этиш лозимки, МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг 18-моддасига кўра, учинчи шахслар томонидан қўшимча ҳиссалар киритилиши устав билан тақиқланиши мумкин. Бу ҳолда иштирокчиларнинг умумий йиғилиши, санаб ўтилган қарорлар билан бир қаторда, мазкур тақиқни уставдан чиқариб ташлаш тўғрисида қарор ҳам қабул қилиши керак бўлади.

 

* * *

 

 

 

ЖАМИЯТ ИШТИРОКЧИСИ ЯГОНА БЎЛСА

 

Бизнинг МЧЖ ягона муассиси жисмоний шахсдир. МЧЖ йирик битимни амалга оширмоқчи. Йирик битимни амалга ошириш тўғрисида иштирокчининг қарори керакми, у қай тарзда расмийлаштирилиши лозим?

 

- Йирик битимни амалга ошириш учун сизга иштирокчининг қарори зарур. Йирик битим тўғрисида қарорни ягона иштирокчи шахсан қабул қилади ва ёзма равишда расмийлаштиради.

"Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Қонун (6.12.2001 йилдаги 310-II-сон, бундан кейин МЧЖ тўғрисидаги Қонун) 44-моддасига асосан йирик битимни тузиш тўғрисидаги қарор жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши томонидан қабул қилинади. Ушбу масалани ҳал қилиш жамиятнинг уставига биноан жамият кузатув кенгашининг ваколатига ҳам киритилиши мумкин.

Бироқ, МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг 37-моддасига кўра, бир иштирокчидан таркиб топган жамиятда умумий йиғилиш ваколатлари жумласига кирувчи масалалар юзасидан қарорлар жамиятнинг ягона иштирокчиси томонидан якка тартибда қабул қилинади ва ёзма равишда расмийлаштирилади. Тегишинча, ягона иштирокчиси бўлган МЧЖ тузадиган йирик битим тўғрисида қарор қабул қилиш тартибига риоя этилганлигини тасдиқлайдиган ҳужжат бўлиб ушбу иштирокчининг битим содир этилганлиги тўғрисида ёзма тарзда расмийлаштирилган қарори бўлади. Ушбу қарорнинг йўқлигини эса суд МЧЖ тўғрисидаги Қонун 44-моддаси талабларининг бузилиши деб топиши мумкин.

 

* * *

 

 

 

ШАХСИЙ ФИКР МЧЖдан

ЧИҚАРИШ УЧУН АСОС ЭМАС

 

Бизнинг МЧЖ мол-мулкини рақобатчига сотмоқчи. Мазкур битим йирик битим мақомига мослигини ҳисобга олиб, биз уни амалга ошириш тўғрисида қарор қабул қилиш учун иштирокчиларнинг умумий йиғилишини ўтказдик. Иштирокчилардан бири МЧЖ мол-мулкини бозор баҳосидан анча кам нархда рақобатчига сотишга овоз берди. Мен устав капиталининг 20%лик улушига эгалик қиладиган иштирокчилардан бири сифатида мазкур иштирокчининг ҳаракатларига йўл қўйиб бўлмайди деб ҳисоблайман. Унинг йиғилишда аввал-бошдан жамият учун фойдали бўлмаган қарорга овоз бериши мазкур иштирокчини МЧЖдан менинг талабимга кўра чиқариш учун асос бўла оладими?

 

- Ҳатто устав капиталида 20%лик улушга эга бўлган МЧЖ иштирокчисининг талаби йиғилишда аввал-бошдан жамият учун фойдали бўлмаган қарор учун овоз берган (сизнинг ҳолатда МЧЖ мол-мулкини рақобатчига бозор баҳосидан анча кам нархда сотиш бўйича йирик битимни маъқуллагани учун) бошқа иштирокчини МЧЖдан чиқариш учун асос ҳисобланмайди.

"Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Қонуннинг (6.12.2001 йилдаги 310-II-сон, бундан кейин - МЧЖ тўғрисидаги Қонун) 8-моддасига мувофиқ жами улушлари жамият устав капиталининг камида 10%ини ташкил этадиган жамият иштирокчилари ўз мажбуриятларини қўпол бузаётган ёхуд ўз ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан жамиятнинг фаолият кўрсатишига имкон бермаётган ёки уни жиддий тарзда қийинлаштираётган иштирокчини жамиятдан суд тартибида чиқарилишини талаб қилишга ҳақлидирлар.

МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг 44-моддасига кўра бундай битимларни тузиш тўғрисидаги қарор қабул қилинадиган кундан олдинги охирги ҳисобот даври учун бухгалтерия ҳисоботлари маълумотлари асосида аниқланган жамият мол-мулки қийматининг 25%идан ортиқ қийматга эга бўлган мол-мулкни жамиятнинг олиши, тасарруфидан чиқариши ёки жамият бевосита ёхуд билвосита мол-мулкни тасарруфидан чиқариши эҳтимоли билан боғлиқ бўлган битим ёки ўзаро боғлиқ бир неча битим йирик битим деб ҳисобланади. Албатта, агар жамият уставида йирик битимнинг анча юқори миқдори назарда тутилган бўлмаса. Бироқ жамиятнинг одатдаги хўжалик фаолияти жараёнида тузиладиган битимлар йирик битимлар деб эътироф этилмайди.

Йирик битимни маъқуллаш тўғрисидаги қарор жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши томонидан қабул қилинади.

Иштирокчининг жамият фаолиятига имкон бермайдиган ёки уни жиддий равишда қийинлаштирадиган ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги деганда, хусусан, жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишида иштирок этишдан узрли сабабларсиз мунтазам равишда бош тортиб, жамиятни унинг барча иштирокчилари якдиллигини талаб қиладиган масалалар бўйича қарор қабул қилиш имкониятидан маҳрум қиладиган ҳаракатни тушуниш керак.

Жамият иштирокчиси йўл қўйган ҳуқуқбузарлик қўпол ҳуқуқбузарлик ҳисобланиши масаласини ҳал этишда унинг айбдорлик даражасини, жамият учун салбий оқибатлар бошланиши (бошланиши мумкинлиги)ни эътиборга олиш керак.

Сизнинг хатингизда МЧЖ бошқа иштирокчисининг овоз бериши жамият учун аввал-бошдан фойдасиз оқибатларга олиб келган ёки олиб келмаганлиги аниқ эмас.

Фикримизча, иштирокчиларнинг умумий йиғилишида иштирок этиш ва кун тартибининг масалалари бўйича маълум тарзда овоз бериш жамият иштирокчисининг қонуний ҳуқуқидир ва у ўз ҳолича мазкур йиғилишда иштирок этган иштирокчиларни жамиятдан чиқариш учун асос ҳисобланмайди.

Кўчмас мулкни бошқа шахсларга ўтказиш бўйича битимларни маъқуллаб иштирокчининг овоз бериши унга Фуқаролик кодекси ва МЧЖ тўғрисидаги Қонун тақдим этган ҳуқуқдир.

Бундай битимларни маъқуллаш натижасида жамият ишлаб чиқариш фаолиятида фойдаланиладиган мол-мулкдан маҳрум бўлиши ҳолати эса ҳали келгусида унинг фаолиятини албатта тугатиш кераклигидан гувоҳлик бермайди. Унда мазкур мол-мулк бўлишини талаб қилмайдиган бошқа рухсат берилган тадбиркорлик тури билан шуғулланиш имконияти сақланади.

 

Елена ЕРМОХИНА,

эксперт-юристимиз.

Эту тему могут комментировать только зарегистрированные пользователи. В теме действует премодерация комментариев.
Авторизуйтесь или зарегистрируйтесь

Курс валют

2016-12-06
  • USD:3189.93 (+13.77) сум
  • EUR:3434.89 (--15.97) сум
  • RUB:49.72 (+0.57) сум

Вопрос недели

Ташкент – не сельская местность
Я проживаю в г. Ташкенте с родителями, своего жилья не имею. Могу ли я принять участие в программе доступного жилья, если женюсь и решу жить отдельно от родителей?
09.12.16
Просмотры: 366