Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Янги авлод ҳужжати

24.09.2013

Паспорт масалалари

 

 

"NORMA" газеталари бирлашган таҳририяти" ташкил этган ва 5 сентябрда ўтказилган амалий семинар кўп фикр-мулоҳазаларга сабабчи бўлди. Маърузачилар номига яна саволлар "ёғдирилди". 12 сентябрда эса таҳририят ўз саволларига жавоб олиш ва Ўзбекистон Республикасининг паспорт тизимини яхшироқ билиб олишни хоҳлаган иштирокчиларнинг яна бир гуруҳини тўплади. Бугунги сонда чоп этилаётган савол-жавоблар термасида кўпчилик учун муҳим бўлган мавзу - биометрик паспортга алоҳида эътибор берилган.

 

Янги авлод паспортларини жорий этиш зарурати нима сабаб билан юзага келди?

 

- Эгаларининг биометрик маълумотлари қайд этилган паспортларни бериш иши Президентнинг "Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" (23.06.2009 йилдаги ПФ-4117-сон) ва "Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" (5.01.2011 йилдаги ПФ-4262-сон) фармонларига мувофиқ амалга ошириляпти. Буни Ўзбекистон Республикаси Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ИКАО) аъзоси ҳисобланиши ва, бинобарин, унинг барча талабларига риоя этиши ва тавсияларини бажариши шартлиги тақозо этди. Биометрик маълумотларга эга паспортлар халқаро фуқаро аэронавигацияси хавфсизлигини таъминлаш, шахсни тасдиқловчи ҳужжатларнинг қалбакилаштирилишига қарши ҳимоя даражасини ошириш, шунингдек Давлат чегарасидан ўтишда шахсни тезкор ва аниқ идентификациялаш механизмларини такомиллаштириш, халқаро авиаташишлар сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида жорий этилмоқда.

 

* * *

 

 

Биометрик паспорт эски намунадаги паспортдан нимаси билан фарқ қилади?

 

- Биометрик паспортда 36 саҳифа бор (эски намунадаги паспортда - 32 саҳифа), ҳимоя қатлами кучайтирилган, бу эса қалбакилаштириш имкониятини мураккаблаштиради. Паспортнинг орқа муқовасида жойлаштирилган махсус қурилма (чип)га фуқаронинг биометрик маълумотлари киритилган. Бу халқаро аэропортлар ва чегарадаги ўтиш пунктларида назоратдан ўтаётганда шахсни идентификациялашни енгиллаштиради ва тезлаштиради, шунингдек фуқаролар хавфсизлигини ва нохуш ҳолларнинг олдини олишни таъминлашга хизмат қилади.

 

* * *

 

 

Мен 49 ёшдаман, ҳозиргача эски намунадаги паспортимдан фойдаланаман. Ундан фойдаланишим қанчалик қонуний? Умуман олганда уни алмаштиришим шартми?

 

- Президентнинг ПФ-4262-сон Фармонига мувофиқ паспорт олиш ёшига етган барча фуқаролар 2015 йил 31 декабргача биометрик паспорт олишлари шарт.

Тегишинча, 2015 йил 31 декабргача сиз эски паспортингизни янги биометрик паспортга алмаштиришингиз лозим.

 

* * *

 

 

Биометрик маълумотларга эга паспорт қанча муддатга берилади?

 

- Ўзбекистон Республикасининг паспорти республика фуқаросига 10 йил муддатга; 16 ёшга тўлмаган ва хорижда ўқишни хоҳлаган шахсга 5 йилга; фуқаролиги бўлмаган шахсга ҳаракатланиш ҳужжати 5 йилга; 16 ёшга тўлмаган фуқаролиги бўлмаган шахсга ҳаракатланиш ҳужжати ҳам 5 йилга берилади.

 

* * *

 

 

Янги ишхонада ишга жойлашиш чоғида биометрик паспорт бўлиши талаб этилмоқда. Бундай талаб қанчалик қонуний?

 

- Мазкур талаблар қонуний эмас, чунки Президентнинг ПФ-4262-сон Фармонига мувофиқ эски намунадаги паспорт 2015 йил 31 декабргача ҳақиқийдир.

 

* * *

 

 

Синглим вақтинча хорижда яшаяпти. Биометрик паспорт олиш учун у қаерга мурожаат қилиши керак?

 

- Хорижда доимий яшовчи ёки таълим олаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари биометрик паспорт олиш учун Ўзбекистон Республикасининг тегишли дипломатик ваколатхоналари ва консулхоналарига мурожаат қилишлари мумкин.

 

* * *

 

 

Агар фуқаро 21 ёшда бўлса, у паспортни 10 йил муддатга бериладиган биометрик паспортга алмаштиргач, 25 ёшга тўлганда паспортни яна алмаштириши керак бўладими?

 

- Ўзбекистон Республикасининг паспорт тизими тўғрисидаги низомга кўра Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспорти 10 йил муддатга берилади.

Эски тизимнинг 25 ва 45 ёшга тўлганда паспортни алмаштириш тўғрисидаги қоидаси Ўзбекистон Республикаси тўлақонли аъзо бўлган Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотининг талаблари муносабати билан бундан буён амал қилмайди.

Шу сабабли мазкур фуқаро паспортни 10 йилдан кейин, яъни 31 ёшга тўлганда алмаштиради.

 

* * *

 

 

3 йилдан кейин бутун оиламиз билан хорижга дам олиш мақсадида чиқмоқчимиз. Ўғлимиз 9 ёшда. У қандай ҳужжатларга кўра биз билан бирга чиқади?

 

- Хорижга ўқиш, халқаро спорт ва ижтимоий тадбирларда иштирок этиш, даволаниш, доимий яшаш жойига бориш, дам олиш учун чиқилганда, шунингдек ота-оналари, ҳомийлари, васийлари республикадан ташқарига узоқ муддатли хизмат сафарига чиққанда 16 ёшга тўлмаган шахсларга амал қилиш муддати 5 йилдан кўп бўлмаган биометрик паспорт берилади (Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспортини ва 16 ёшга тўлмаган шахслар учун фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳаракатланиш ҳужжатини бериш тартиби тўғрисида низом).

 

* * *

 

 

Хорижий давлат фуқароси бўлган, ўша ерда туғилган дугонам Ўзбекистон фуқаролигини олмоқчи. ЎзР фуқаролигига қабул қилиш қандай амалга оширилади? Ушбу масала қанча вақт мобайнида кўриб чиқилади?

 

- "Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги Қонуннинг (2.07.1992 йилдаги 632-XII-сон) 17-моддасига мувофиқ чет эл фуқаролари уларнинг илтимосномаларига кўра қуйидаги шартларга асосан ЎзР фуқаролигига қабул қилинишлари мумкин:

1) чет эл фуқаролигидан воз кечиш;

2) сўнгги 5 йил давомида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаганлик. Ушбу қоида Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлиш истагини билдирган шахсларга, башарти улар шу ерда туғилган ва ҳеч бўлмаса ота-онасидан бири, буваси ёки бувиси унинг ҳудудида туғилганлигини ва бошқа давлатларнинг фуқароси эмаслигини исботласа, тааллуқли бўлмайди;

3) қонуний тирикчилик манбаларининг мавжудлиги;

4) Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини тан олиш ва бажариш.

1, 2 ва 3-бандларда қайд этиб ўтилган талаблар алоҳида ҳоллардагина Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига биноан Ўзбекистон Республикаси олдида буюк хизматлари ёки фан, техника ва маданият соҳасида катта ютуқлари бўлган, шунингдек Ўзбекистон Республикасини қизиқтирадиган касб ёхуд малакага эга бўлган айрим шахсларга нисбатан ҳисобга олинмаслиги мумкин.

ЎзР фуқаролигига қабул қилиш тўғрисидаги ҳужжатларни кўриб чиқиш муддати - 1 йил (Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисида низом, бундан кейин - Фуқаролик тўғрисида низом).

 

* * *

 

 

Ўзбекистон фуқароси бўлган қариндошим ўқиш учун Лондонга кетди, у ерда Буюк Британия фуқароси бўлган қиз билан танишди. Улар турмуш қуришди, тез орада фарзандли бўлишади. Агар бола хорижда туғилган бўлса, Ўзбекистон фуқаролигини олиши мумкинми?

 

- "Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги Қонуннинг 14-моддасига кўра ота-онасининг фуқаролиги ҳар хил бўлиб, улардан бири бола туғилган пайтда Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлган бўлса, агар бу вақтда ота-она Ўзбекистондан ташқарида доимий истиқомат жойига эга бўлса ҳам, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида туғилган боланинг фуқаролиги ота-онанинг ёзма тарзда ифодаланган келишуви билан белгиланишига йўл қўйилади.

Шу сабабли аёлнинг нотариал тасдиқланган розилиги ва фуқароликни олиш тўғрисида ёзма ариза мавжуд бўлса, болангиз Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиши мумкин.

 

* * *

 

 

 

ЎСМИР САМОЛЁТДА БИР ЎЗИ УЧСА...

 

Агар 13 яшар болада биометрик паспорт бўлса, у бир ўзи халқаро йўналишларда уча оладими?

 

Люба.

 

- Вояга етмаган шахснинг хорижга чиқишига рухсатномани расмийлаштириш чоғида унинг ота-онаси хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига, бошқа ҳужжатлардан ташқари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бирга яшайдиган ота-онанинг хорижга чиқишга нотариал тасдиқланган розилиги ҳамда фуқарони кузатиб борувчи шахснинг нотариал тасдиқланган мажбуриятини тақдим этадилар (Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспортини ва 16 ёшга тўлмаган шахслар учун фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳаракатланиш ҳужжатини бериш тартиби тўғрисидаги низомнинг 29-банди, ВМнинг 7.07.2011 йилдаги 200-сон қарори билан тасдиқланган).

Шу тариқа сиз авиакомпанияга мурожаат қилишингиз ва боланинг учиши учун шартнома тузишингиз зарур. Авиакомпания уни кузатиб борувчи шахсни белгилайди. Шундан сўнг шартномани хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмасига тақдим этиш зарур.

Вояга етмаган бола учаётганда аэропортда 3 нусхада "Ташишга сўров" расмийлаштирилади. Унинг бир нусхаси вояга етмаган шахсни кузатиб борувчи шахсга топширилади ва у болани жўнатиш аэропортида ташувчининг жавобгарлигига топшириш далилини тасдиқлаш учун хизмат қилади. Сўровнинг иккинчи нусхаси экипажга топширилади ва болани тайинланган аэропортда қабул қилувчи ташувчининг вакилига топширишни расмийлаштириш учун хизмат қилади. Учинчи нусхаси кузатиб борилаётган боланинг чиптасига илова қилинади ва болани кутиб олувчига топшириш далилини тасдиқлаш учун хизмат қилади.

 

Жавобларни экспертимиз

Санжар ХЎЖААҲМЕДОВ тайёрлади.

 

--------------------

 

 

 

РЕСПУБЛИКАДА ОЛИЙ МАЪЛУМОТЛИ

БЎЛИШ ҚАНЧАГА ТУШАДИ

 

ЎзР олий ва ўрта махсус таълим вазирининг буйруғи билан янги 2013-2014 ўқув йилида тўлов-контракт асосидаги ўқитиш тўлови миқдорлари белгиланди.

 

Таълим қийматининг мазкур миқдорлари ҳар йили Молия вазирлиги томонидан ОЎМТВ ва бошқа манфаатдор вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари билан келишган ҳолда республика олий таълим муассасаларидаги ўқитиш харажатлари ва Вазирлар Маҳкамаси қабул қилган қарорларини ҳисобга олган ҳолда белгиланади (ВМнинг 20.08.2009 йилдаги "Республика олий таълим муассасаларини молиявий жиҳатдан янада мустаҳкамлаш чоралари тўғрисида"ги 237-сон қарорининг 2-банди).

Қонун ҳужжатлари билан белгиланганидек, олий таълим муассасаларида ўқитишнинг тўлов миқдори ЭКИҲ ўзгариши муносабати билан ҳар йили ўзгаради. Бироқ зарурат туғилганда ўқув йили ўртасида ҳам ўзгартиришлар киритилиши мумкин, бу ҳақда янги тўлов миқдори амал қила бошлашидан бир ой аввал хабар берилиши керак. Агар тўлов миқдори ўқув йили мобайнида ошса, тўлов фақатгина ўқув йилининг қолган муддати учун қайта ҳисоб-китоб қилинади.

Тўлов миқдори жисмоний ёки юридик шахс (мутахассис буюртмачиси) томонидан талаба билан имзоланган шартномага (контрактга) кўра тўлиқ ёки қисман тўланади. Бунда биринчи курс талабалари белгиланган тўлов миқдорининг 50 фоизидан кам бўлмаган қисмини 15 сентябргача тўлашлари шарт. Юқори курслар талабалари олий ўқув юрти ҳисобварағига ўқитиш қийматининг ярмини 1 октябргача киритишлари керак. Иккинчи қисми ўқув йилининг 1 мартигача, яъни янги ўқув семестри бошидан, таълим курсидан қатъи назар, барча талабалар томонидан тўланади.

Контракт асосида ўқитиш қийматига талабанинг ўзлаштириш рейтингига қараб тайинланадиган стипендия ҳам киради. Битирув курси талабалари ёз ойлари учун стипендия олмасликлари муносабати билан таълимнинг сўнгги ярим йиллиги учун тўлов миқдори 0,75 ўзлаштириш коэффициенти билан июль ва август учун стипендиялар миқдорига камайтирилади (ОЎМТ вазирининг АВ томонидан 26.02.2013 йилда 2431-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ўқитишнинг тўлов-контракт шакли ва ундан тушган маблағларни тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 12-26-бандлари).

Шу тариқа, 2013 йил 1 сентябрдан республика олий таълим муассасаларида таълим тури, шакли ва йўналишидан қатъи назар уни тўлашнинг қуйидаги миқдорлари белгиланган (млн сўмда):

 


 

Таълим йўналиши

 

Бакалавриат

(кундузги

шакли)

 

Бакалавриат

(сиртқи шакли)

 

Иккинчи

ихтисослик

 

Магистратура

 

Гуманитар таълим

 

 

 

 

 

- педагогика

 

4,6

 

 

4,9

 

4,9

 

- маданият

 

5,4

 

2,130

 

5,9

 

5,9

 

- шарқшунослик, филология

 

5,0

 

 

5,4

 

5,4

 

- халқаро муносабатлар

 

6,7

 

 

7,4

 

7,4

 

- табиатшунослик

 

4,6

 

 

4,9

 

4,9

 

Ижтимоий фанлар, иқтисодиёт, ҳуқуқ

 

 

 

 

 

- журналистика

 

5,0

 

 

5,4

 

5,4

 

- иқтисодиёт ва бизнес

 

6,0

 

 

6,6

 

6,6

 

- халқаро иқтисодиёт ва бизнес

 

6,7

 

 

7,4

 

7,4

 

- юриспруденция

 

6,7

 

 

7,4

 

7,4

 

Технологиялар ва ишлаб чиқариш

 

 

 

 

 

- инженерия

 

4,6

 

1,540

 

4,9

 

4,9

 

- ахборот хавфсизлиги, АКТ

 

5,0

 

1,830

 

5,4

 

5,4

 

- архитектура

 

5,4

 

 

5,9

 

5,9

 

- қурилиш

 

5,0

 

 

5,4

 

5,4

 

Соғлиқни сақлаш соҳасида

 

 

 

 

 

- соғлиқни сақлаш

 

6,0

 

 

6,6

 

6,6

 

- ижтимоий таъминот

 

4,6

 

 

4,9

 

4,9

 

Хизмат кўрсатиш соҳасида

 

 

 

 

 

- сервис

 

5,0

 

 

5,4

 

5,4

 

- спорт

 

4,6

 

 

4,9

 

4,9

 

- транспорт

 

5,0

 

 

5,4

 

5,4

 

- табиатни муҳофаза қилиш

 

4,6

 

 

4,9

 

4,9

 

 

Буйруқ матни билан ОЎМТВнинг edu.uz сайтида танишиш мумкин.

 

Римма СОЛОДОВНИКОВА,

эксперт-юристимиз.

 

--------------------

 

 

 

ХОРИЖДА ЎҚИШ НУФУЗЛИ ИШГА

ЖОЙЛАШИШГА КАФОЛАТ БЎЛМАЙДИ

 

Бухоро шаҳридаги коллежни муваффақият билан тугатгандан кейин мен Интернет орқали хорижда ўқишни танладим. Манчестер университетида (Буюк Британия) "молиявий менежмент" мутахассислиги бўйича бакалавриатни тугатдим ва Ўзбекистонга қайтдим. Ҳозир олган мутахассислигим бўйича иш қидиряпман. Бироқ дипломим Ўзбекистон Республикасида тасдиқланмаганлиги учун маҳаллий иш берувчиларнинг кўпчилиги мен олган бакалавр даражасини тан олишмаяпти.

Марҳамат қилиб айтсангиз, дипломим тасдиғини қандай қилиб олишим мумкин?

 

Даврон А-ев.

Бухоро вилояти.

 

- Хорижда ўқиб келган шахслар қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда маълумот тўғрисидаги ҳужжатларни нострификациялаш таомилидан ўтишлари лозим. У Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ҳамда уларни нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тартиби тўғрисида низом (ВМнинг 25.07.2000 йилдаги 283-сон қарорига 2-илова) билан белгиланган.

Хорижий давлатларда берилган олий таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни нострификациялаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази (бундан кейин - ваколатли орган) томонидан амалга оширилади.

Бунда шуни таъкидлаш лозимки, кооперация ва (ёки) мақсадли ўқитиш ("Умид" жамғармаси тавсияси билан, ҳукуматлараро битимлар орқали ва бошқалар) асосида хорижий давлатларнинг таълим тўғрисидаги олинган ҳужжатларини тан олиш ва нострификациялаш тўғридан-тўғри текширувсиз амалга оширилади ва тегишли ҳужжат билан расмийлаштирилади.

Дипломни нострификациялаш учун ваколатли органга қуйидагиларни тақдим этиш лозим:

q нострификациялаш тўғрисида ариза;

q маълумот тўғрисидаги ҳужжат ва унинг иловасининг асл нусхаси (ўтилган ўқув курслари ва уларнинг ҳажми, олинган якуний баҳолар, амалиёт, курс ва битирув малака ишлари рўйхати, ўқув жараёнининг бошқа бажарилган талаблари кўрсатилиши лозим);

q маълумот тўғрисидаги ҳужжат ва унинг иловасининг Ўзбекистон Республикаси давлат тилига нотариал тасдиқланган таржимаси.

Ариза берувчи шунингдек ўз тайёргарлиги ҳақида бошқа ҳужжатларни (таълим олишнинг кейинги даражалари, касбий фаолият билан шуғулланиш мумкинлиги, амалий тажриба ҳақида ҳужжатларни) ҳам тақдим этишга ҳақлидир. Бироқ уларнинг ҳаммаси Ўзбекистон Республикаси давлат тилига нотариал тасдиқланган ҳолда таржима қилинган бўлиши керак.

Эквивалентликни аниқлаш таомили махсус комиссия томонидан олинган таълимни Ўзбекистон Республикасининг давлат таълим стандартларига мувофиқлигини экспертиза қилиш йўли билан амалга оширилади. Ваколатли орган эксперт комиссиясининг хулосасига асосан таълим тўғрисидаги ҳужжатнинг эквивалентлиги ёки уни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади. Ижобий қарор қабул қилинган тақдирда ариза берувчига махсус гувоҳнома берилади.

Шуни таъкидлаш лозимки, нострификация пулли асосда амалга оширилади. Ҳужжатларни кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш муддати барча зарур ҳужжатлар тақдим этилган кундан бошлаб 1 ойдан ошмаслиги керак.

Баъзи ҳолларда ариза берувчининг розилиги билан ўқув режаларидаги тафовутларни топшириш ташкил этилиши мумкин.

Шу тариқа, агар сиз кооперация ва (ёки) мақсадли ўқиш асосида таълим олмаган бўлсангиз, олинган дипломнинг эквивалентлигини аниқлаш таомилидан ўтишингиз лозим.

Қўшимча ахборотни ваколатли органнинг dtm.uz веб-сайтидан олишингиз мумкин.

 

Алексей НИЯЗМЕТОВ,

юрист.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Эту тему могут комментировать только зарегистрированные пользователи. В теме действует премодерация комментариев.
Авторизуйтесь или зарегистрируйтесь