Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Халқаро-ҳуқуқий муносабатларда парламентнинг иштироки

20.10.2015

Парламентаризм институти кенгайиши ва ривожланиши билан парламентларнинг халқаро муносабатлардаги роли борган сари салмоқли бўлиб, ваколатлари  кенгайиб бормокда.


 

Парламентнинг давлат механизмида тутган ўрни ҳақида гапирадиган бўлсак, Ж. Локк ва Ш. Монтескье каби давлат ҳокимиятининг бўлиниши ғояси тарафдорлари унинг ваколатларини асосан қонун ижодкорлигини амалга ошириш билан чеклашга интилишган. Ж. Ж. Руссо эса давлат ҳокимиятининг яхлитлиги ҳақида сўз юритади ва қонунчилик органининг ижроия ҳокимиятни назорат қилиш ғоясини илгари суради.

 

 

Замонавий парламент – бу қонун қабул қилиш функциясини амалга оширувчи давлат ҳокимиятининг олий вакиллик органи.

 

 

Ҳозирги давр парламентлари ўз анъанавий функциялари, яъни қонунлар қабул қилиш, уларнинг ижроси устидан назорат ўрнатиш каби функциялар билан бирга халқаро фаолият билан ҳам шуғулланамоқдалар ва бу борада бошқа институтлар – давлат раҳбари, ҳукумат, дипломатик ва консуллик хизмати билан бир қаторда давлатнинг ташқи сиёсий органи сифатида ҳам фаолият олиб бормоқда.

 

 

Парламент ўз ваколатлари доирасида давлатнинг ташқи сиёсатига таъсир кўрсатиб, ташқи алоқаларни тартибга солувчи қонунларни ишлаб чиқиш ва қабул қилишда фаол иштирок этади. Шунингдек, ташқи сиёсий муносабатларни амалга оширувчи мансабдор шахслар, элчилар ва халқаро ташкилотлардаги доимий вакилларни тайинлаш ҳам парламент ваколатига киради.

 

 

Бундан ташқари, халқаро шартномаларни ратификация қилиб, ушбу шартномаларнинг қонуний кучга киришини таъминлайди. Демак, парламент нафақат у ёки бу давлатнинг ички сиёсатида, балки ташқи сиёсати ва халқаро муносабатларида ҳам муҳим роль ўйнайди.

 

 

Парламентлараро алоқалар хилма-хил шакл ва усулларга эга бўлиб, ушбу жараёнда, айниқса, турли давлатларнинг парламентарийлари ўртасидаги ўзаро алоқалар алоҳида ўрин тутади. Бундай алоқаларнинг доимийлиги ва ишончлилиги ўзаро манфаатли ҳамкорлик юритиш, бир-бирини яхши тушуниш, икки томонлама ишончни мустаҳкамлаш ҳамда ўзаро алоқаларни ривожлантириш ва кенгайтириш сари интилиш мавжудлигидан далолат беради.

 

 

Парламентарийлар ўртасидаги профессионал алоқалар, уларнинг давлатлараро ва бошқа даражадаги музокаралар жараёнида фаол иштирок этиши ўзаро муносабатларда мавжуд бўлган ёхуд юзага келиши мумкин бўлган баъзи салбий ҳолатларни бартараф этишга хизмат қилади. Бундай алоқалар, шунингдек, томонларнинг ўзаро позицияларини яқинлаштиришга, давлатлараро муносабатларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилинишига олиб келади.

 

 

Мустақил мамлакатимиз томонидан миллий давлатчилигимизнинг бой тарихий тажрибасидан келиб чиқиб, демократия ва ижтимоий адолат принципларига асосланган, умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормаларига амал қилган ҳолда олиб борилаётган ташқи сиёсат бутун дунё ҳамжамияти эътирофига сазовор бўлмокда.

 

 

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ  Парламентимиз – Олий Мажлиснинг парламентлараро ҳамкорлигини мамлакатимиз миллий манфаатларини жаҳон ҳамжамиятида илгари суришда энг самарали механизмларидан бирига айлантириш  долзарб вазифа ҳисобланади.

 

 

Ўз манфаатлари ва халқаро ташаббусларни илгари суришда парламентлараро ҳамкорликдан фойдаланиш халқаро амалиётда кенг тарқалган бўлиб, кўпгина мамлакатлар парламентлари ушбу амалиётни қўллаб келмокда.

 

 

Юртбошимиз томонидан халқаро майдонда мамлакатимизнинг миллий манфаатларини ҳимоя қилиш ва илгари суришда Ўзбекистон парламенти аъзоларининг ролини ошириш зарурлиги бир неча бор таъкидланган эди.

 

 

Дарҳақиқат, халкаро ҳамкорликнинг эътироф этилган ва мустақил шаклларидан бири бўлган парламентлараро ҳамкорлик Ўзбекистоннинг минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича ташаббусларини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. Парламентлараро алоқаларни ривожлантириш Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлар билан ўзаро муносабатларининг ҳуқуқий асосини шакллантиришга кўмаклашиши жиҳатидан ўзаро ишончни чуқурлаштириш, принциплар яқинлигини, мавжуд муаммоларга нисбатан ёндашувлар бир-бирига мос келишини таъминлаш асосидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим роль ўйнаши мумкин ва лозим.

 

 

Бу соҳага оид қонунлар мажмуасини барпо этиш, халқаро шартномалар ва конвенцияларни ратификация қилиш ҳам парламентлар томонидан халқаро масалаларни ҳар томонлама ва чуқур ўрганилишини, таҳлил этилишини, тегишли эксперт ва мутахассисларни мунтазам равишда жалб қилишни тақозо этади.

 

 

Давлат раҳбарининг шу йил 23 январдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасида ҳам таъкидланганидек, қонун лойиҳаларини хорижий ҳуқуқий амалиёт билан ҳар томонлама чуқур қиёсий таҳлил қилиш асосида уларни муҳокама этиш, тайёрлаш ишларини сифат жиҳатидан янада юқори босқичга кўтариш лозим.


 

Президентимиз томонидан белгилаб берилган ушбу вазифалардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2015 йилга ва кейинги йилларга мўлжалланган ташкилий-ҳуқуқий тадбирлари, қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил ишлари дастурида Қонун лойиҳаларини ҳар томонлама, чет эл ҳуқуқий амалиётини чуқур қиёсий таҳлил этиш асосида ишлаб чиқиш бўйича ишларни тубдан яхшилаш бўйича аниқ чора-тадбирлар режаси белгилаб олинди ва бу борада бир қатор ишлар амалга оширилди.

 

 

Хусусан, чет эл ва халқаро тажрибани ўрганишнинг ягона услубияти ишлаб чиқилди. Ушбу ягона услубиятда Қонун лойиҳаларининг тараққий этган чет мамлакатларда қабул қилинган ўхшаш қонунлар моделлари билан чуқур қиёсий таҳлил қилинишини таъминлаш бўйича тавсиялар белгиланди.

 

 

Шунингдек, қонун ижодкорлиги ишида қиёсий таҳлил усулларидан фойдаланиш бўйича демократик мамлакатлар парламентларининг қонун ижодкорлиги тажрибасини ўрганишга бағишланган халқаро семинарлар, давра суҳбатлари, тадбирлар ўтказиш, қабул қилинаётган қонун лойиҳаларини таҳлил қилиш ва эксперт баҳосини олиш учун чет эллик экспертларни жалб этиш лозимлиги белгиланди. Ва энг асосийси хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш натижаларига кўра таҳлилий материалларни тайёрлаш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

 

 

Қонун ижодкорлиги жараёнида чет эл ҳуқуқий амалиёти билан қиёсий таҳлил этилишини ташкил этишга қаратилган чора-тадбирлар парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолиятини тубдан яхшилашга кўмаклашади.

 

 

Ушбу чора-тадбирларни амалга оширишда биринчи ўринда парламентлараро алоқалар доирасини янада кенгайтириш муҳим аҳамият касб этади. Чунки айнан парламентлараро алоқалар, ўзаро ҳамкорлик гуруҳлари орқали ҳорижий мамлакатлар қонунчилик тажрибаси бўйича ишончли маълумотлар олиш имкони бўлади, шунингдек мазкур мамлакатларнинг соҳа бўйича мутахассис ва экспертларини ҳамда парламент аъзоларини қонун лойиҳалари муҳокамасига жалб этиш имконини беради.

 

 

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ўз фаолиятининг илк йилларидан бошлаб Европа, Осиёнинг кўплаб давлатлари парламентлари билан фаол ҳамкорлик олиб бормоқда.

 

 

Хусусан, бугунги кунда Ўзбекистон ташаббуси билан чет эл парламентларида мамлакатимиз билан ҳамкорлик бўйича Европа Иттифоқи парламенти, Бельгия, Канада, Япония, Жанубий Корея, Латвия, Буюк Британия, Италия, Франция каби давлатларнинг парламентлари билан парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари фаолият кўрсатмоқда. Бугунги  кунда шунингдек Польша, Озарбайжон, Қозоғистон, Хитой Халқ Республикаси, Сингапур давлатларининг парламентлари билан парламентлараро ҳамкорлик гуруҳларини тузиш борасида ҳам ишлар амалга оширилмоқда.

 

 

Ушбу ҳамкорлик гуруҳлари кўмагида парламент делегацияларининг ўзаро ташрифлари амалга оширилмоқда, ҳамкорликда конференция, семинар ва давра суҳбатлари ўтказилиб, Ўзбекистонда содир бўлаётган демократик жараёнлар, мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиёти ҳақида хорижлик шерикларга холис маълумотлар берилмоқда.

 

 

Зеро ҳозирги кунда парламентлараро ҳамкорлик мамлакат ташқи сиёсатининг муҳим ресурси бўлиб, миллий манфаатларни илгари суриш ва уларни ҳимоя қилишда катта аҳамият касб этиши билан бир қаторда, мамлакатимиз қонунчилигини янада такомиллаштиришда муҳим бир база сифатида ҳам хизмат қилиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда, ушбу ҳамкорликни янада жадаллаштириб бориш максадга мувофикдир.

 

 

Шу билан бирга, мамлакатимиз парламентининг халқаро ҳамкорлигини юксалтириш йўлида ҳали олдинда бир қатор вазифалар турганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Республикамиз парламентининг халқаро алоқаларини янада кенгайтириш йўлида талайгина имкониятлар мавжуд бўлиб, уларнинг ишга солиниши, шубҳасиз, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада оширишга катта ҳисса бўлиб қўшилади.

 

 

Хусусан, парламентлараро ҳамкорликнинг самарадорлигини таъминлаш мақсадида, шунингдек Олий Мажлис фаолиятининг тизимли хусусиятда бўлишини таъминлаш учун парламентлараро ҳамкорликнинг ҳам ҳуқуқий асосларини, ҳам уни амалга ошириш бўйича амалий фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида Олий Мажлиснинг бошқа мамлакатлар парламентлари ва халқаро парламент ташкилотлари билан мулоқот ва ҳамкорлик гуруҳларини тузиш бўйича ишларни янада ривожлантириш;  Ўзбекистон ва хориж мамлакатлари парламентларида Олий Мажлис вакиллари иштирокида қонунчиликни янада такомиллаштириш масалаларига бағишланган тадбирлар (давра суҳбатлари, брифинглар, семинарлар) ўтказишни кенг йўлга қўйиш; парламентлараро ҳамкорликнинг ҳолати ва тараққиётини мунтазам равишда таҳлил қилиб бориш мақсадида парламентлараро ҳамкорлик мониторинги механизмини  яратиш; Олий Мажлиснинг парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари аъзоларининг парламентлараро фаолият бўйича ҳисоботларини нашр қилиш амалиётини йўлга қўйиш каби масалалар шубҳасиз мамлакатимизда сўнгги йилларда изчил равишда ривожланаётган парламентимизнинг қонун ижодкорлиги фаолияти даражасининг янада оширилишига хизмат қилади.

 

 

Ф.Ф.ЭШМАТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Халқаро ишлар ва парламетлараро

 алоқалар қўмитасининг  аъзоси, ю.ф.н.

 

 

 

 

 

Курс валют

2016-12-06
  • USD:3189.93 (+13.77) сум
  • EUR:3434.89 (--15.97) сум
  • RUB:49.72 (+0.57) сум

Вопрос недели

Подходит ли работа в Ташкенте жителю Ташобласти?
Я прописан и проживаю в Кибрайском районе Ташкентской области, в настоящее время не имею постоянной работы. Говорят, что если зарегистрироваться на бирже труда, то мне должны предложить «подходящую» работу. Смогу ли я таким образом получить работу, например, в Мирзо-Улугбекском районе города Ташкента, до которого мне 5 минут езды? Что вообще означает термин «подходящая» работа?
01.12.16
Просмотры: 1377