Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритиш вақт талабидир

04.12.2015

   

«Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2016 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси* муҳокамаси юзасидан Шуҳрат ШАРАФУТДИНОВ ва Полянте СВЕШНИКОВ, Қонунчилик палатаси депутатлари, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоларининг изоҳлари.


 

«Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2016 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси 2016 йил учун мўлжалланган солиқ сиёсати концепциясига мувофиқ, шунингдек қонун ҳужжатларининг айрим нормаларини аниқлаштириш мақсадида тайёрланган ҳамда Иқтисодиёт вазирлиги, Адлия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан келишилган.

 

Ушбу лойиҳасини тайёрлашда бир қатор хорижий давлатларнинг (МДҲ - Россия Федерацияси, Қозоғистон, Беларуссия ва ҳоказо) солиқ солиш масалаларини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари ўрганилди.

 

Таъкидлаш жоизки, қонун лойиҳаси Интерактив давлат хизматлари  ягона порталида  (русча - ЕПИГУ) 2015 йилнинг 10 ноябридан бошлаб муҳокамага қўйилганлиги муҳим аҳамият касб этади.

 

Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши 2016 йил учун тасдиқланган солиқ сиёсати концепциясини, Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 3 июндаги ЎРҚ-387-сон «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунини амалга ошириш бўйича ҳуқуқий шарт-шароитлар яратади, шунингдек қонун ҳужжатларининг айрим нормаларини аниқлаштириш имконини беради.

 

Батафсил  баён этганда,  36 ўзгартиш ва 8 қўшимчалар назарда тутилмоқда:

 

 52-моддага киритилаётган ўзгартириш вафот этган жисмоний шахснинг фуқароларнинг суғурта бадалларини тўлаш бўйича қарзи жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва қатъий белгиланган солиқда назарда тутилгани каби умидсиз қарз деб эътироф этилишини назарда тутади;

 

 59, 61 ва 62-моддаларга киритилаётган ўзгартиришлар жисмоний шахслар учун солиқ мажбуриятини бажарилишини таъминлаш бўйича чоралар жумласидан давлат солиқ хизмати органлари томонидан мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлаш муддати тугаганидан кейин юбориладиган солиқ қарзини ундириш юзасидан талабнома бекор қилинишини назарда тутади. Якка тартибдаги тадбиркорлар учун мазкур норма сақланиб қолинмоқда, чунки уларга юридик шахслар учун назарда тутилган барча мажбурий ундириш чоралари татбиқ этилади;

96-моддага киритилаётган ўзгартириш давлат солиқ хизмати органи  камерал назорат натижалари бўйича аниқланган тафовутлар асосларини ёхуд аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этмаган солиқ тўловчиларнинг ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш юзасидан судга ариза билан мурожаат этишга ҳақли эканлигини назарда тутади;

 

114-моддага киритилаётган ўзгартириш, кирим қилинмаган товарларни сақлаш, бундан уларнинг қонуний келиб чиқиши тасдиқланган ҳоллар мустасно, кирим қилинмаган товар қийматининг 20 фоизи миқдорида жарима солишга сабаб бўлишини назарда тутади;

 

143, 147 ва 173-моддаларга киритилаётган ўзгартиришлар моддий ёрдам суммаларига солиқ солишда юзага келаётган турли хил талқин этишларни олдини олишга қаратилган бўлиб,  рағбатлантириш хусусиятига эга тўловлар таркибида таътилга қўшимча ҳақлар ва Солиқ кодексининг 178-моддасининг
16-бандида кўрсатилмаган моддий ёрдам ҳисобга олинишини назарда тутади. Ушбу тўловлар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига, ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадалларига тортилади ва шу сабабли фойда солиғини ҳисоблашда чегириш таклиф этилмоқда. Худди шундай норма рағбатлантирувчи хусусиятга эга бўлган бошқа тўловларга нисбатан белгиланган;

 

155 ва 165-моддаларга халқаро шартнома меъёрларини мустақил қўлланиш тартиби киритилиши муносабати билан аниқлаштирувчи хусусиятга эга ўзгартиришлар киритилмоқда;

 

1551–моддага киритилаётган ўзгартиришлар юридик шахслардан олинадиган фойда солиғининг ортиқча тўланган суммасини қайтариш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилишини назарда тутади;

 

178-моддага киритилаётган ўзгартиришлар жисмоний шахсларнинг бошқа даромадлари таркибига киритиладиган моддий ёрдам тушунчасини аниқлаштиришни, яъни мақсадли хусусиятга эга бўлган ҳамда ходимлар билан юз берган шахсий тусдаги воқеалар, ҳодисалар ва тадбирлар билан боғлиқ бўлган тўловларга фақат бола туғилиши, ходим ёки унинг фарзандлари никоҳланиши муносабати билан бериладиган тўловлар киришини назарда тутади;

 

179-моддага киритилаётган ўзгартиришлар:

 

Солиқ кодексининг 178-моддасига киритилаётган ўзгартиришлар муносабати билан аниқлаштирувчи хусусиятдаги ўзгартиришларни;

 

солиқ солинадиган иш ҳақи ва бошқа даромадлари суммаларини олинган ипотека кредитларини ҳамда улар бўйича ҳисобланган фоизларни қоплаш учун йўналтирилганда солиқ солишдан озод этиш бўйича имтиёзни қурувчи шахсларнинг мазкур кредитлар бўйича биргаликдаги қарз олувчи ҳисобланувчи уларнинг оила аъзолари (эр, хотин, ота-она, фарзандлар)га нисбатан татбиқ этишни назарда тутади.  Ушбу ўзгартиришлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 7 январдаги ПҚ-2282-сон “2015 йилда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилиши дастури ва 2016 йилги қурилишнинг асосий параметрлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ киритилмоқда;

 

186-моддага киритилаётган ўзгартиришлар аниқлаштирувчи хусусиятга эга бўлиб, маълумотнома ва идентификация рақами тақдим этилган тақдирда, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммаси илгариги асосий иш (хизмат, ўқиш) жойида олинган даромадлар инобатга олинган ҳолда қайта ҳисоб-китоб қилинишини назарда тутади;

 

187-моддага киритилаётган қўшимча Ўзбекистон Республикасида фаолиятни доимий муассаса орқали амалга ошираётган Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари томонидан йил якуни бўйича ҳисобланган ва амалда тўланган даромадлар суммалари ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммалари тўғрисидаги маълумотларни ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 25 мартига қадар тақдим этилишини назарда тутади;

 

208-моддага киритилаётган ўзгартириш бир хил турдаги хизматларга ягона солиқ солиш тартибини белгилаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг ҳаво кемаларига аэропортларда кўрсатиладиган хизматларни қўшилган қиймат солиғидан озод этилишини назарда тутади. Амалдаги таҳрирга асосан фақатгина чет эл ҳаво кемаларига кўрсатиладиган аэропорт хизматларини қўшилган қиймат солиғидан озод этилган;

 

220-моддага киритилаётган қўшимча илгари ҳисобга олинган қўшилган қиймат солиғи, ҳисобга олиш асбоблари мавжуд бўлмаганда иссиқ сув таъминоти ва марказий иситиш учун тасдиқланган истеъмол нормаларидан ортиқ миқдорда аҳолига етказиб бериладиган иссиқлик энергияси бўйича, ҳисобга олишдан чиқариб ташланишини назарда тутади;

 

222-моддага киритилаётган қўшимча, ҳисобварақ-фактура қоғоз кўринишида ёки электрон ҳужжат шаклида тузилиши мумкинлигини назарда тутади;

 

227-моддага киритилаётган ўзгартириш ноль даражали ставка бўйича солиқ солинадиган оборот ҳисобидан ҳосил бўлган қўшилган қиймат солиғининг ортиқча суммасини қайтартиш тартибини белгилаш ҳамда уни қайтартиш шартларини назарда тутади;

 

 228-моддага киритилаётган ўзгартириш модданинг таҳририни 2015 йил
1 январдан бошлаб киритилган аҳолига кўрсатиладиган газ таъминоти бўйича хизматларга ҚҚСнинг ноль даражали ставка бекор қилиниши муносабати билан мувофиқлаштиришни, шунингдек Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг қайтарилиши лозим бўлган ҚҚСнинг ортиқча суммасини аниқлаш ҳуқуқини аниқлаштиришни назарда тутади;

 

238, 239 ва 240-моддаларга киритилаётган ўзгартиришлар акциз солиғи бўйича ҳисоб-китобни тақдим этиш ва тўлаш ҳар ойда, кейинги ойнинг 10 санасидан кечиктирмай амалга оширилишини назарда тутади;

 

277 ва 293-моддаларга киритилаётган ўзгартиришлар жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлаш тўғрисидаги тўлов хабарномаси солиқ тўловчиларга давлат солиқ хизмати органи томонидан тўлов хабарномаси олинганлиги тўғрисида имзо қўйдирилган ҳолда ёки олганлигини ва олинган санани тасдиқловчи бошқа усулда топширилишини назарда тутади. Талабномани қайта тақдим этилишини олдини олиш учун, тўлов хабарномасига талабнома сифатида қараш таклиф этилади, шу муносабат  билан уни солиқ тўловчи томонидан олиниши муҳимдир;

 

291-моддага киритилаётган ўзгартириш жисмоний шахсларнинг мулкида бўлган яшаш учун мўлжалланмаган жойлар эгаллаган ер участкалари учун жисмоний шахслардан ер солиғи юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлаш учун белгиланган ставкалар бўйича ундирилиши ҳамда уларга Солиқ кодекснинг 290-моддасида назарда тутилган имтиёзлар татбиқ этилмаслиги назарда тутилмоқда;

 

300-моддага киритилаётган ўзгартириш фойда солиғи ва ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бўйича жорий тўловларни тўлашнинг ягона тартибини белгилашни назарда тутиб, унга кўра ҳисобот даврида ушбу солиқлар бўйича солиқ солинадиган базаси энг кам иш ҳақининг икки юз бараваригача миқдорда бўлганда жорий тўловлар тўланмайди;

 

309 ва 310-моддаларга киритилаётган ўзгартиришлар:

 

- Ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадаллари бўйича солиқ ҳисоботини ҳар ойда тақдим этишга ўтишни;

 

- Ўзбекистон Республикасида фаолиятни доимий муассаса орқали амалга ошираётган Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари томонидан йил якуни бўйича ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадаллари бўйича ҳисоб-китоби ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 25 мартига қадар тақдим этишни назарда тутади;

 

311-моддага киритилаётган ўзгартиришлар деҳқон хўжалиги бошлиғи учун суғурта бадалларини тўлашнинг мажбурий тартибини белгилашни назарда тутмоқда. Бунда деҳқон хўжалигининг бошқа аъзолари томонидан суғурта бадалларини ихтиёрийлик асосда тўланиши сақлаб қолинмоқда;

 

329-моддага киритилаётган қўшимча умумий юрисдикция судларида қуйидагиларни давлат божини тўлашдан озод қилишни назарда тутади:

 

- амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қуришда якка тартибдаги қурувчи билан тузилган шартнома бўйича буюртмачи функцияси юклатилган юридик шахсни - қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилиши масалаларида якка тартибдаги иморат қурувчилар билан низоларни ҳал этиш тўғрисидаги даъволар бўйича;

 

- қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қуриш учун имтиёзли кредитлар бериш қонун ҳужжатларига мувофиқ зиммасига юклатилган тижорат банклари - қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилиши учун берилган имтиёзли ипотека кредитлари юзасидан қарз олувчиларнинг кредиторлик қарзларини ундириб олиш тўғрисидаги даъволари бўйича.

 

Ушбу ўзгартиришлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 7 январдаги ПҚ-2282-сон “2015 йилда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилиши дастури ва 2016 йилги қурилишнинг асосий параметрлари тўғрисида”ги Қарорига асосан киритилмоқда;

 

354-моддага киритилаётган қўшимча ўтган йил якунлари бўйича асосий (соҳа) фаолият тури савдо фаолияти ва умумий овқатланиш соҳасидаги фаолият бўлган юридик шахсларларга рўйхатдан ўтган жойидаги давлат солиқ хизмати органига ёзма билдиришни бермаган ҳолда ҳисобот йили бошидан бошлаб қўшилган қиймат солиғини ихтиёрий равишда тўлашга ўтиш ҳуқуқи берилмоқда.

 

Мазкур норманинг киритилиши умумбелгиланган солиқларни тўлашдан ягона солиқ тўловини тўлашга ўтган солиқ тўловчилар учун қўшилган қиймат солиғини тўлаш ҳуқуқини сақлаб қолиш имконияти яратади.

 

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 3 июндаги ЎРҚ-387-сон «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунини амалга ошириш мақсадида ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан:

 

- 84, 145 ва 209-моддаларга киритилаётган ўзгартиришлар ушбу Қонуннинг 24-моддасига мувофиқлаштиришни назарда тутади. Ушбу моддага асосан депозитарий сифатида профессионал фаолият қисқартирилди. Ушбу Қонуннинг 27-моддаси талабларига мувофиқ қимматли қоғозлар бозорида депозитар операцияларни амалга ошириш инвестиция воситачилари томонидан амалга оширилади. Шу билан бирга, Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсининг фаолияти сақланиб қолинмоқда.

 

- 152-моддага киритилаётган  ўзгартиришлар қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиларининг хизматларни реализация қилишдан олинадиган даромадлар таркибидан қимматли қоғозлар эгалари реестрини юритиш бўйича хизматлар кўрсатишдан олинадиган даромадларни ва ҳисоб-китоб-клиринг фаолияти бўйича даромадларни чиқариб ташлашни назарда тутади. Ўзбекистон Республикасининг “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги Қонунининг 24-моддасига мувофиқ Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси ҳисобланмайди. Ушбу Қонуннинг 39-моддасига мувофиқ қимматли қоғозлар эгаларининг реестрларини юритиш Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсининг мутлақ вазифасига киради.

 

-155, 158 ва 179-моддаларга киритилаётган  ўзгартиш ва қўшимчалар Ўзбекистон Республикасининг “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги Қонунининг 16-моддаси учинчи қисмига мувофиқлаштиришни назарда тутади. Ушбу моддага асосан сотувчининг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентининг тузилган битим бўйича даромадларига юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинмайди.

 

-229 ва 330-моддаларга киритилаётган ўзгартиришлар Ўзбекистон Республикасининг “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги Қонунининг
56-моддасига мувофиқлаштиришни назарда тутади. Ушбу моддага асосан қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи инвесторларнинг, қимматли қоғозлар эгаларининг ҳамда давлатнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида давлат божи тўламасдан судда даъво қўзғатишга ҳақлидир.

 

 

Ишончимиз комилки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси  Сенатининг аъзолари  юқорида киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларни қўллаб-қувватлашади.

 

 

*“Norma cайтида жойлаштирилган.

 

 

 

Маъруф  УСМАНОВ  суҳбатлашди ва ёзиб олди.

 

 

 

Мавзу бўйича материаллар:

 

Қонун ижроси депутатлар назоратида

 

Суд қарорларининг ижроси парламент назоратида

 

Парламент юқори палатасининг ялпи мажлиси 2015 йил 3 декабрда бўлиб ўтади