Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Ҳисоб палатаси бюджетга тушумлар устидан назоратни кучайтиради

16.08.2017

 

Президентнинг 10.08.2017 йилдаги ПФ-5147-сон “Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони имзоланди. Унинг матни давлат раҳбари сайтида жойлаштирилган.

 

Ҳисоб палатаси - олий ташқи аудит ва молиявий назорат органи. У ўз ваколатларини мустақил равишда амалга оширади ва ўз фаолиятида бевосита Президентга бўйсунади ҳамда унга ва Олий Мажлис палаталарига ҳисобдордир.

 

Ҳисоб палатаси Президентга ўз фаолияти, шу жумладан Давлат бюджетига тушумларнинг тўлиқлигини таъминлаш бўйича тизимли равишда ахборот бериб боради.

 

Ҳужжат Ҳисоб палатасининг асосий вазифалари, унинг тузилмаси ва штат жадвалини ўз ичига олади.  Орган ходимларининг чекланган сони 70 нафар, шу жумладан Давлат бюджетига тушумларнинг тўлиқлигини назорат қилиш инспекцияси ходимларининг сони 41 нафарни ташкил этди.

 

Кўрсатилган инспекцияга Президент томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган бошлиқ бошчилик қилади. У Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари ҳисобланади ва мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт таъминоти шарт-шароитлари бўйича Президент Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосарига тенглаштирилади.

 

Бундан ташқари, Ҳисоб   палатасига қуйидаги ваколатлар тақдим этилди:

  • ўзига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун давлат органлари ва ташкилотларнинг маълумотлар базасига кириш;
  • ўз ваколатлари доирасида давлат органлари ва ташкилотларга уларнинг маълумотлар базасидаги номувофиқликларни бартараф этиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;
  • Давлат бюджети даромадлари прогнозининг тўғрилигини баҳолаш, солиқ солинадиган базани кенгайтириш, солиқларнинг тўлиқ йиғилувчанлигини ва солиққа тортиш объектларининг тўлиқ ҳисобга олинишини таъминлаш бўйича ўтказиладиган назорат тадбирларига молия, солиқ ва бошқа органларнинг ходимларини жалб этиш;
  • назорат тадбирлари натижалари бўйича қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш, давлат органлари ва ташкилотларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш, самарасиз солиқ ҳамда божхона имтиёзларини бекор қилиш, солиқ маъмуриятчилиги ва солиқ солинадиган базанинг тўлиқ қамраб олинганлигини яхшилашга қаратилган солиқ ставкаларини ўзгартириш юзасидан таклифлар киритиш;
  • Молия вазирлиги ва ДСҚга, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ҳудудий давлат солиқ ва молия органлари раҳбарларига нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш тўғрисида тақдимномалар киритиш.

 

Келгуси йилдан Ҳисоб палатаси ходимларига имтиёзли шартларда уй-жой харид қилиш учун узоқ муддатли ипотека кредитлари бериш бошланади.

 

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин. 


 Олег Заманов,

 экспертимиз.