6.09.2017 йилдаги ЎРҚ-442-сон "Суриштирув институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонун билан ЖКнинг 148-моддасига тузатишлар киритилди.
ЖКнинг 148-моддаси бўйича жазоланадиган қилмишлар рўйхатидан (меҳнат қилиш ҳуқуқини бузиш) ишга тиклаш ҳақидаги суд қарорини бажармаслик чиқариб ташланди. Ушбу модда бўйича 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари кўзда тутилган эди.
Энди ЖК 148-моддасида алоҳида шарт мавжуд бўлмаганлиги сабабли бундай ҳуқуқбузарликларга ЖКнинг 232-моддаси (суд ҳужжатини ижро этмаслик) қўлланади. Унда анча қатъий жазо чоралари кўзда тутилади. Мансабдор шахсларга – 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш қўлланади.
Эслатиб ўтамиз, ЖКнинг 232-моддасида 2 турдаги қилмишлар назарда тутилган:
1.Муайян ҳаракатларни содир этиш ёхуд уларни содир этишдан ўзини тийиш мажбуриятини юкловчи суд ҳужжатини бажаришдан бўйин товлаш;
2. Суд ҳужжатининг ижро этилишига тўсқинлик қилиш.
МЖтКнинг 1981-моддасига кўра (қарздорнинг ижро ҳужжатини ижро этмаслиги) бўйин товлашни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин давом эттириш жиноят саналади. Ижро этилишига фаол тўсқинлик қилиш эса – дарҳол жиноий тартибда жазоланади.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Самир Латипов.