Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

2016 йилда амнистия қандай қўлланади?

04.11.2016

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи тақдимномасига мувофиқ, инсонпарварлик тамойилига амал қилиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 80-моддаси 10-бандига ва 93-моддаси 23-бандига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 12.10.2016 йилдаги Қарори (кейинги ўринларда Амнистия тўғрисидаги Қарор) билан амнистия эълон қилинди.

АМНИСТИЯ (грекча amnestia – гуноҳдан ўтиш, кечириш) – жиноят содир этган номуайян шахслар доирасининг жиноий жавобгарлик ёки жазодан тўлиқ ёки қисман озод этиш ёҳуд жазони юмшатиш ёки жазони ўтаганлардан судланганликнинг олиниши.

 

Ҳужжатга кўра, жиноятни содир этган маълум шахслар тоифаларига жиноий-ҳуқуқий таъсир чораларини қўлламасдан тузалиш имконияти берилади ёки бундай чоралар қўлланилган шахсларнинг аҳволи енгиллаштирилади.

 

1. Шундай қилиб, Амнистия тўғрисидаги Қарорнинг 1-бандига мувофиқ қуйидаги маҳкумлар жазодан озод этилади: 

 

а) аёллар;

 

“а” банди ёши, фуқаролигидан қатъи назар барча аёлларга тааллуқлидир;

 

б) жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар;

 

“б” банди фуқаролигидан қатъи назар жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахсларга таллуқлидир;

 

в) 60 ёшдан ошган эркаклар;

 

мазкур банд фуқаролигидан қатъи назар 1956 йилнинг 13 октябргача таваллуд топганларнинг барчасига тааллуқлидир.

 

г) чет давлатлар фуқаролари;

 

Фуқаролик ҳам миллий паспортлар бўйича, ҳам бошқа ҳужжатлар билан, шу жумладан тегишли давлатлар элчихоналари ёки консуллик муассасаларининг расмий тасдиқномалари бўйича белгиланади. Амнистияга тушган шахсларнинг фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаган тақдирда у улар доимий яшайдиган давлатининг амалдаги қонунчилиги асосида белгиланади.

 

Ўзбекистон фуқаролигига мансублик 02.07.1992 йилдаги 632-XI-сон “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддасига мувофиқ белгиланади. Унга кўра қуйидагилар Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари бўладилар:

 

"1) келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий ҳолатидан, ирқи ва миллатидан, жинси, маълумоти, тили, сиёсий қарашлари, диний эътиқоди, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, ушбу Қонун кучга кирган вақтда Ўзбекистон Республикасида доимий яшаб турган, бошқа давлатларнинг фуқаролари бўлмаган ҳамда Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлиш истагини билдирган шахслар;

 

2) давлат йўлланмаси билан Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ишлаётган, ҳарбий хизматни ўтаётган ёки ўқиётган шахслар, агар улар Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида туғилган бўлсалар ёки доимий яшаганликларини исбот қилган бўлсалар, бошқа давлатларнинг фуқаролари бўлмасалар ва ушбу Қонун кучга кирганидан кейин кечи билан бир йил ичида Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлиш истагини билдирган бўлсалар;

 

3) Ушбу Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини олган шахслар".

 

“Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти, паспорт олингунга қадар эса — туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ёки шахснинг фуқаролигига доир маълумотлар бўлган ўзга ҳужжат — Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжатлар деб ҳисобланади.

 

“Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган шахснинг чет давлат фуқаролигига мансублиги тан олинмайди.

 

“Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Қонуннинг 11-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшаб тургани ҳолда Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган ва чет давлат фуқаролигига мансублигини исботлайдиган далиллари бўлмаган шахслар фуқаролиги бўлмаган шахслар деб ҳисобланади.

 

Амнистия тўғрисидаги Қарор асосида жиноий жавобгарлик ёки жазодан озод этилган чет давлатлар фуқаролари Вазирлар Маҳамасининг 21.11.1996 йилдаги 408-сон Қарорига мувофиқ мамлакатдан чиқариб юборилади 1.

 

д) Амнистия тўғрисидаги Қарор кучга киргунга қадар қонунда белгиланган тартибда I ёки II гуруҳ ногиронлари, шунингдек, сил касаллигининг фаол шаклига чалинган (1 ва 2 гуруҳ диспансер ҳисоби) деб эътироф этилган шахслар. 

 

Амнистия тўғрисидаги Қарор кучга киргунга қадар қонунда белгиланган тартибда I ёки II гуруҳ ногиронлари деб тан олинган шахсларга ушбу банд тааллуқлидир. Шунингдек, Амнистия тўғрисидаги Қарор кучга киргунга қадар ижрони таъминлаш ёки яшаш жойи бўйича даволаш муассасалари хулосасига кўра, қонунчиликда белгиланган тартибда сил касаллигининг фаол шаклига чалинган деб эътироф этилганларга ҳам (диспансер ҳисобида 1 ва 2 гуруҳ) мазкур банд тегишлидир2.

 

Амнистия тўғрисидаги Қарорнинг 1-бандида кўзда тутилган ҳаракатлар қуйидаги шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди:

 

  • Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддасида (“Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш”) назарда тутилган жиноятни содир этган ва етказилган моддий зарарни тўлиқ қопламаган;
  • Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддасида (“Фирибгарлик”) назарда тутилган жиноятни содир этган ва етказилган моддий зарарни тўлиқ қопламаган;
  • Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси учинчи қисми “д” бандида (“Қасддан баданга оғир шикаст етказиш жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлса”) назарда тутилган жиноятни содир этган;
  • ўта оғир жиноятни содир этган шахслар. Ўта оғир жиноятларга 10 йилдан кўп муддатга ёки бир умрлик озодликдан маҳрум этиш тарзидаги жазо белгиланган қасддан содир этилган жиноятлар киради;
  • тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун ҳукм қилинган.

 

2. Амнистия тўғрисидаги Қарорнинг 2-бандига кўра, қуйидаги шахслар жазодан озод этилади:

 

- эҳтиётсизлик орқасида жиноят содир этган шахслар;

 

- ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятларни қасддан содир этганлиги учун биринчи марта ҳукм қилинган шахслар.

 

Ўз-ўзига ишониш ёки бепарволик орқасида содир этилган ижтимоий хавфли қилмиш эҳтиётсизлик орқасида содир этилган жиноят деб топилади. 

 

Агар жиноятни содир этган шахс ўз хулқ-атвори қонунда назарда тутилган ижтимоий хавфли оқибатлар келтириб чиқариши мумкинлигига кўзи ета туриб, эҳтиёткорлик чора-тадбирларига онгли равишда риоя этмаган ҳолда бундай оқибатлар келиб чиқмаслигига асоссиз равишда умид қилган бўлса, бундай жиноят ўз-ўзига ишониш оқибатида содир этилган деб топилади. 

 

Агар жиноят содир этган шахс ўз хулқ-атвори қонунда назарда тутилган ижтимоий хавфли оқибатлар келтириб чиқариши мумкинлигига кўзи етмасада, лекин кўзи етиши лозим ва мумкин бўлса, бундай жиноят бепарволик орқасида содир этилган деб топилади.

 

Ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятларга қасддан содир этилиб, қонунда 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар, шунингдек эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, қонунда 5 йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар киради

 

Унча оғир бўлмаган жиноятларга қасддан содир этилиб, қонунда 3 йилдан ортиқ, лекин 5 йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар, шунингдек эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, қонунда 5 йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар киради.

 

Масалан, ЖКнинг 165-моддаси 1-қисмида (“Товламачилик”) келтирилган жиноят унча оғир бўлмаган жиноятлар қаторига киради. Чунки у 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланишни назарда тутади.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 18.09.2015 йилдаги 13-сон “Судланганлик ҳолати тугалланиши ва олиб ташланишига оид қонунчиликни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги Қарорининг 4-бандига кўра, судланганлик ҳолатининг тугалланиши ва қонунда белгиланган тартибда олиб ташланиши жиноятлар мажмуи, такроранлигини ва рецидив жиноятни истисно этувчи ҳолат ҳисобланади.

 

Пленум Қарорининг 5-бандига мувофиқ судланганлик ҳолати тугалланган ёки олиб ташланган пайтдан бошлаб шахс судланмаган ҳисобланиб, ушбу шахс томонидан жиноят содир этилганлиги факти ва унинг учун судланганлик билан боғлиқ барча ҳуқуқий оқибатлар қатъиян ва сўзсиз бекор бўлади.

 

ЖКнинг 77-моддасига мувофиқ судланганлик муддатининг ўтиб кетганлиги ёки судланганликнинг олиб ташланиши муносабати билан унинг барча ҳуқуқий оқибатлари бекор бўлади.

 

Шу тариқа қонунчиликка мувофиқ судланганлик муддати тугаши ёки судланганликнинг олиб ташланиши биланоқ унинг барча ҳуқуқий оқибатлари бекор қилинади. Шу боис амнистия актини қўллашда қонунчилик томонидан белгиланган тартибда  олиб ташланган ёки тугаган судланганлик ҳисобга олинмаслиги керак.

 

Амнистия тўғрисидаги Қарорнинг 2-бандининг амал қилиниши қуйидаги маҳкум шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди:

 

  • Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддасида (“Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш”) назарда тутилган жиноятни содир этган ва етказилган моддий зарарни тўлиқ қопламаган;
  • Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддасида (“Фирибгарлик”) назарда тутилган жиноятни содир этган ва етказилган моддий зарарни тўлиқ қопламаган;
  • тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун ҳукм қилинган.

 

 3. Амнистия тўғрисидаги Қарорнинг 3-бандига мувофиқ Озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниб, ўталмай қолган жазо муддати уч йилдан кўп бўлмаган, ҳукми Амнистия тўғрисидаги Қарор эълон қилинган кунга қадар қонуний кучга кирган маҳкумлар жазодан озод қилинади.

 

Амнистия тўғрисидаги Қарорнинг 3-банди содир этилган жиноятнинг оғирлик даражасидан, белгиланган жазо муддатидан қатъи назар озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган, Қарор эълон қилинган кунда муддатни тўлиқ ўташига 3 йилгача  муддат қолган маҳкумларга ҳамда озодликдан маҳрум этиш нисбатан енгил жазо билан алмаштирилганларга тегишлидир.

 

Амнистия тўғрисидаги Қарорнинг 3-бандининг амал қилиши қуйидаги шахсларга татбиқ этилмайди:

 

  • Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддасида (“Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш”) назарда тутилган жиноятни содир этган ва етказилган моддий зарарни тўлиқ қопламаган;
  • Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддасида (“Фирибгарлик”) назарда тутилган жиноятни содир этган ва етказилган моддий зарарни тўлиқ қопламаган;
  • Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси учинчи қисми “д” бандида (“Қасддан баданга оғир шикаст етказиш жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлса”) назарда тутилган жиноятни содир этган;
  • тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун ҳукм қилинган.
  • ЖКнинг 97-моддасида (“Қасддан одам ўлдириш”) кўзда тутилган жиноятни содир этганлар;

 

4. Амнистия тўғрисидаги Қарорнинг 4-бандига мувофиқ тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун биринчи марта озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган шахслар жазодан озод этилади.

 

Тузалиш йўлига қатъий ўтган шахсларга ёши, жинси ва фуқаролигидан қатъий назар Амнистия тўғрисидаги Қарорнинг 4-банди қўлланилиши мумкин, қачонки:

 

1) Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар вазирлигининг тегишли ҳулосаси;
2) содир этган жиноятидан сидқидилдан пушаймон экани ҳақидаги ёзма аризаси;
3) жазоларни ижро этиш муассасаси маъмуриятининг маҳкум пушаймонлигини ҳаракатлари билан исботлагани  ҳақидаги хулосаси;
4) маҳкумнинг яқин қариндошлари ва унинг яшаш жойи бўйича фуқаролар ўз-ўзини бошқариш органининг ёзма кафолат хати бўлса.

 

5. Амнистия тўғрисидаги Қарорнинг 5-бандига кўра мазкур Қарорнинг 1-бандида қайд этилган шахслар томонидан содир этилган жиноятлар тўғрисидаги барча ишлар тугатилади.

 

Амнистия тўғрисидаги Қарорнинг 5-бандини қўллашда ЖК 68-моддаси3 яъни, шахснинг жиноий жавобгарликдан озод этилишига асосланган ҳолда,  Қарорнинг 1 ва 7-бандларида белгиланган истиснолардан ташқари қўшимча тафтиш ва Амнистия тўғрисидаги Қарорнинг  1-бандида санаб ўтилган шахслар томонидан содир этилган жиноятлар ҳақидаги жиноий ишлар материаллари тўхтатилади.

 

Таъкидлаш жоизки, Амнистия тўғрисидаги Қарорнинг  қўлланилиши масаласи жиноий жараён даражасидан қатъи назар фақат суд томонидан ҳал этилади

 

Суриштирувчи, терговчи жиноят ишини қўзғаш рад этилишига сабаб бўлувчи қўшимча тафтиш материаллари бўйича ҳамда Амнистия тўғрисидаги Қарорга мувофиқ тугатилиши керак бўлган жиноий ишлар бўйича судга Амнистия тўғрисидаги Қарорни қўллаш ҳақидаги илтимоснома киритиш бўйича прокурорга тақдимнома киритади ва унга қўшимча текширув ёки жиноий иш материалларини беради.

 

Қонунчилик бундай тақдимномага амнистия акти қўлланилиши масаласи кўриб чиқилаётган шахснинг аризасини илова қилишни кўзда тутгани боис суриштирувчи, терговчи унга ариза бериш ҳуқуқини олдиндан тушунтириб бериши даркор. Бу ҳақда баённома тузилади (22.12.2006 йилдаги 16-сон Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг Қарори). 

  

Амнистия актини қўллаш тўғрисидаги ариза терговга қадар текширув қайси шахсга нисбатан ўтказилаётган бўлса, ўша шахс, гумон қилинувчи ёки айбланувчи томонидан, терговга қадар ўтказилган текширувнинг, суриштирувнинг ва дастлабки терговнинг исталган босқичида берилиши мумкин (ЖПКнинг  -моддаси).

 

Агар шахс судгача бўлган даврда у ёки бу сабабларга кўра ариза беришдан бош тортса, (ЖПКнинг  -моддаси) ва ушбу аризани судга иш бориб етганидан кейин ёзса, амнистия акти асосида жиной ишни тўхтатиш масаласини суд ЖПКнинг 2-,  - ва -моддаларига мувофиқ ҳал этади. Иш судга айблов хулосаси билан тушгандан кейин амнистия акти қабул қилинган тақдирда ҳам масала худди шу йўл билан ҳал этилади (22.12.2006 йилдаги  16-сон Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг Қарорининг 15-банди).

 

Жабрланувчининг Қарор қўлланилишига розилиги керак бўлмайди. Агар жабрланувчи суриштирувчи, терговчининг тақдимномаси, прокурорнинг илтимосномаси, суднинг амнистия актини қўллаш ажримига рози бўлмаса, у умумий асосларда шикоят аризасини бериши мумкин.

 

ЖПКнинг 587-моддаси 2-қисмига кўра агар бир нечта шахсга нисбатан жиноят иши бўйича улардан лоақал биттаси амнистия актининг таъсир доирасига тушса, унга нисбатан жиноят ишининг қисми амнистия актини қўллаш тўғрисида судга илтимоснома киритиш учун алоҳида иш юритишга ажратилиши мумкин.  

 

Шу тариқа прокурор суриштирувчининг, терговчининг тақдимномаси асослилигини текшириб, унга рози бўлган тақдирда, амнистия актига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги ёки жиноят ишини тугатиш ҳақидаги илтимосномани терговга қадар ўтказилган текширув материаллари ёхуд жиноят иши билан бирга судга юборади.

 

Прокурор илтимосномани терговга қадар ўтказилган текширув материаллари ёки жиноят иши унга келиб тушган кундан эътиборан беш суткадан кечиктирмай судга юбориши лозим. 

 

Жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги ёки жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги илтимосномани судга юбориш учун асослар бўлмаган тақдирда, прокурор терговга қадар ўтказилган текширув материалларини ёки жиноят ишини суриштирувчига ёхуд терговчига қайтариш ҳақида асослантирилган қарор чиқаради. Прокурорнинг қарори устидан юқори турувчи прокурорга шикоят берилиши мумкин (ЖПК 589-модда).

 

Суд мажлиси илтимоснома жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги терговга қадар ўтказилган текширув материаллари ёки жиноят иши билан бирга судга келиб тушган пайтдан эътиборан ўн суткадан кечиктирмай ўтказилади. (ЖПК 590-модда).

 

Суд прокурор ҳамда манфаатдор шахслар билан биргаликда прокурорнинг илтимосномасини кўриб чиқади ва қўллаш ҳақида ёки прокурорнинг  илтимосномасини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида ажрим чиқаради. 

 

Бир вақтнинг ўзида суд манфаатдор шахсларга қабул қилинган қарорнинг устидан шикоят қилиш тартибини тушунтириб беради.

 

Суднинг ажрими ижро этиш учун прокурорга, маълумот учун эса амнистия актини қўллаш ҳақидаги масала қайси шахсга нисбатан қўйилган бўлса, ўша шахсга, гумон қилинувчига, айбланувчига, жабрланувчига (фуқаровий даъвогарга), ҳимоячига ва қонуний вакилга юборилади. 

 

Агар жабрланувчи (унинг ўлими муносабати билан унинг яқинлари) қарши бўлса, амнистия акти бўйича жиноят иши тўхтатилмайди. Бу ҳолатда жиноий иш бўйича иш юритиш умумий ҳолатда давом этади ва асослар мавжуд бўлган тақдирда суд айбланувчини жазодан озод этиш ёки жазони тайинламасдан(ЖПК 463-модда 2 ва 3-қисм)  айблов ҳукмини ёхуд оқлов ҳукмини эълон қилади (22.12.2006 йилдаги  16-сон Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми Қарорининг 15-банди).

 

Суриштирув, тергов босқичида ёки судда жиноят ишининг амнистия акти асосида тугатилиши жиноят натижасида етказилган мулкий зиённи қоплаш тўғрисидаги масаланинг жиноят процессида ҳал этилиши имкониятини истисно этади. 

 

Жиноий ишда фуқаролик даъвосининг мавжуд бўлиши суднинг амнистия акти асосида жиноий ишни тўхтатиш ҳақидаги ажримда даъвонинг кўриб чиқилмаганини кўрсатиб ўтади. Бир вақтнинг ўзида ЖПКнинг 276-моддасининг 5-қисмида манфаатдор шахсларга уларнинг фуқаролик суд иш юритуви тартибида шундай аризани тақдим этиш ҳуқуқи тушунтириб берилади.

 

Маълумот учун: ЖКнинг 77-моддасига мувофиқ содир этган жинояти учун ҳукм этилган ва жазо тайинланган шахс маҳкум ҳисобланади. Аммо қонунчиликка кўра, унга нисбатан жазо тайинланган тақдирда ҳам суд ЖКнинг 69-71-моддаларига биноан ва амнистия актини қўллаган ҳолда уни кўрсатилган жазодан озод қилиш ҳукмини чиқарса, у шахс судланмаган саналади.

 

Шахсга нисбатан амнистия актига асосан жазо тайинланмасдан айблов ҳукми чиқарилган ҳолда ҳам у судланмаган ҳисобланади. 

 

Жиноятчига нисбатан амнистия акти қўлланилиши ҳақидаги илтимосномани судга киритиш учун прокурорга тақдимномани муассаса бошлиғи ёки жазони ижро этиш органи раҳбари киритади. У тақдимнома билан биргаликда прокурорга айбланувчининг шахсий ишини ҳам беради. Ҳарбий хизматчиларга нисбатан прокурорга тақдимномани ҳарбий қисм ёки интизом қисми командири киритади.  

 

Жазони ижро этиш муассасасининг ёки жазони ижро этувчи бошқа органнинг маъмурияти тегишли асос бўлган тақдирда, маҳкумга нисбатан амнистия актини қўллаш тўғрисидаги илтимосномани судга киритиш ҳақида прокурорга тақдимнома юбориши шарт. (Жиноят-ижроия кодекси (кейинги ўринларда ЖИК) 166-модда).

 

Маҳкумнинг шахсий иши билан бирга тақдимномани ўрганиб чиққан прокурор розилик билдирган тақдирда амнистия акти қўлланилиши ҳақидаги илтимосномани судга киритади.

 

Суд прокурор ҳамда манфаатдор шахслар билан биргаликда прокурорнинг илтимосномасини кўриб чиқади ва қўллаш ҳақида ёки прокурорнинг  илтимосномасини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида ажрим чиқаради.

 

Бир вақтнинг ўзида суд манфаатдор шахсларга қабул қилинган қарорнинг устидан шикоят қилиш тартибини тушунтириб беради.

 

Маҳкумнинг амнистия акти асосида жазодан озод этилиши прокурорнинг илтимосномасига кўра жиноий ишлар бўйича туман (шаҳар) суди, маҳкумнинг жазони ўташ жойи бўйича округ, ҳудуд ҳарбий суди  томонидан амалга оширилади.

 

Амнистия тўғрисидаги Қарорнинг 5-бандида кўзда тутилган ҳаракатлар қуйидаги шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди:

 

  • Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддасида (“Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш”) назарда тутилган жиноятни содир этган ва етказилган моддий зарарни тўлиқ қопламаган;
  • Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддасида (“Фирибгарлик”) назарда тутилган жиноятни содир этган ва етказилган моддий зарарни тўлиқ қопламаган;
  • Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси учинчи қисми “д” бандида (“Қасддан баданга оғир шикаст етказиш жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлса”) назарда тутилган жиноятни содир этган;
  • ўта оғир жиноятни содир этган шахслар. Ўта оғир жиноятларга 10 йилдан кўп муддатга ёки бир умрлик озодликдан маҳрум этиш тарзидаги жазо белгиланган қасддан содир этилган жиноятлар киради;
  • тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун ҳукм қилинган.

 

6. Қарорнинг 6-бандига кўра Қарор асосида озод қилинмайдиган шахсларга ўталмай қолган жазо муддати қисқартирилади:

 

а) қасддан содир этган жинояти учун ўн йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинганларнинг ўталмай қолган жазо муддати — учдан бир қисмига; 

 

б) қасддан содир этган жинояти учун ўн йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинганларнинг ўталмай қолган жазо муддати тўртдан бир қисмига.

 

Қарорнинг 6-бандини қўллашда 2016 йилнинг 13 октябридан бошлаб жазо муддатининг тугашигача қолган қисми қисқартирилади.

 

Амнистия тўғрисидаги Қарорнинг 6-банди озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмаган қисми ахлоқ тузатиш ишлари билан алмаштирилганлар ҳамда шартли равишда озодликни чеклаш жазоси қўлланганларга ҳам тааллуқли.

 

Қарорнинг 6-бандининг амал қилиши қуйидаги маҳкумларга нисбатан қўлланилмайди:

 

  • Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддасида (“Қасддан одам ўлдириш”) назарда тутилган жиноятни содир этганларга;
  • тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун ҳукм қилинганларга.

 

 

7. Амнистия тўғрисидаги Қарорнинг 7-бандига кўра,  ушбу Қарорнинг амал қилиши қуйидаги шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди: 

 

  • узоқ муддатга ёки умрбод озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинган;;
  • ўта хавфли рецидивист деб топилган;
  • жиноий уюшма таркибида жиноят содир этган;
  • жазони ўташ тартибини мунтазам равишда бузаётган;
  • афв этиш ёки амнистия тартибида илгари жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод қилинган ва яна қасддан жиноят содир этган;
  • ўлим жазоси афв этиш тартибида озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазога алмаштирилган.

 

Озодликдан маҳрум қилишнинг узоқ муддати 20-йилдан ортиқ, аммо 25-йилдан кўп бўлмаган муддат этиб белгиланган ва у фақат жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш, (ЖК 97-модда 2-қисм) ҳамда терроризм (ЖК 155-модда 3-қисм) учун тайинланади.

 

Умрбод озодликдан маҳрум қилиш фавқулодда жазо чораси бўлиб, маҳкумни махсус тартибли жазони ижро этиш колониясига жойлаштириш орқали жамиятдан муддатсиз ажратиб қўйишдан иборатдир.

 

Умрбод озодликдан маҳрум қилиш фақат жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш, (ЖК 97-модда 2-қисм) ҳамда терроризм (ЖК 155-модда 3-қисм) учун тайинланади.

 

Умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси аёлга, ўн саккиз ёшга тўлмасдан жиноят содир этган шахсга ва олтмиш ёшдан ошган эркакка нисбатан тайинланиши мумкин эмас.

 

Беш йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин бўлган қасддан янги жиноят содир этиш ўта хавфли рецидив жиноят деб топилади:

 

а) илгари ўта оғир жинояти учун ёки икки марта оғир жинояти учун ҳукм қилиниб, уларнинг ҳар бири учун беш йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган шахс томонидан ўта оғир жиноят содир этилиши;

 

б) илгари оғир жинояти учун икки марта ҳукм қилинган ёки олдин-кейинлигидан қатъи назар, оғир ёки ўта оғир жиноятлар учун уларнинг ҳар бирига беш йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган шахснинг оғир жиноят содир этиши.

 

Суднинг ҳукми билан шахс ўта хавфли рецидивист деб топилиши мумкин.

 

Жиноий уюшма ташкил этиш, яъни жиноий уюшма ёхуд унинг бўлинмаларини тузиш ёки унга раҳбарлик қилиш, шунингдек, уларнинг мавжуд бўлиши ва ишлаб туришини таъминлашга қаратилган фаолият  

 

ЖКнинг 242-моддасида  кўзда тутилган жиноятлар учун маҳкум этилган шахслар жиноий уюшма таркибида жиноят содир этган шахслар саналади.

 

Жазони ўташ тартибини мунтазам равишда бузаётган шахслар деб қуйидагилар тан олинади:

 

а) жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятидан иккита ёки ундан ортиқ интизомий жазо олган бўлса ва уларнинг муддати Амнистия тўғрисидаги Қарор эълон қилинган кунгача тугамаган ва олиб ташланмаган маҳкумлар;

 

б) озодликни чеклаш кўринишидаги жазо озодликни маҳрум этишга алмаштирилган маҳкумлар;

 

в) тузатиш ишлари тарзидаги жазо озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум этишга алмаштирилган маҳкумлар;

 

г) жарима тарзидаги жазо тузатиш ишлари ёки озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум этиш билан алмаштирилган шахслар;

 

д) ҳукмни билан белгиланган жазони ўташ учун юборилган шартли равишда маҳкум қилинганлар;

 

е) манзил колонияларидан тегишли тартибдаги колонияларга ўтказилган ёки қайтарилган маҳкумлар;

 

ж) жазони ўташ вақтида ижро муддати сурилган ёки синов муддати даврида қасддан жиноят содир этган шахслар.

 

Шу билан бирга:

 

  • "б", "в", "д", "е" бандларида келтирилган шахслар фақат ҳибсга олинган ёки озодлик чекланган вақтдан кейин бир йилдан кам муддат ўтган бўлса, жазони ўташ тартибини мунтазам равишда бузаётган шахслар ҳисобланади;

 

  • "г" бандида келтирилган шахслар фақат суднинг жарима тарзидаги жазо тузатиш ишлари ёки озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум этиш билан алмаштирилиши ҳақидаги ажрими чиққанига бир йилдан кам муддат ўтган бўлса, жазони ўташ тартибини мунтазам равишда бузаётган шахслар ҳисобланади;

 

  • "ж" бандида келтирилган шахслар (жазони ўташ вақтида озодликдан маҳрум этиш тарзидаги жазони ўташ вақтида қасддан жиноят содир этган шахслардан ташқари), ҳукм қонуний кучга кирган кундан бошлаб икки йилдан ортиқ вақт ўтган бўлсагина Амнистия тўғрисидаги Қарор қўлланилиши мумкин.

 

Назарда тутинг, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг: 22.12.2006 йилдаги 16-сон “Судлар томонидан амнистия актларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги Қарори 24-бандида шундай дейилган

 

«Амнистия акти татбиқ этилмайдиган шахслар доираси амнистия актида белгиланади ва у қатъий бўлиб, кенгайтирилган ҳолда талқин қилиниши мумкин эмас.

 

Шахсни жазони ўташ тартибини муттасил бузувчи деб топиш масаласини ҳал этишда судлар Жиноят-ижроия кодексининг ушбу масалани алоҳида жазо турлари бўйича тартибга солувчи нормаларига риоя этишлари керак. 

 

Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, ЖК 77-моддаси, ЖИК 5-моддасига мувофиқ қамоққа олиш тариқасида эҳтиёт чораси қўлланилган шахслар жазо ўтовчи ҳисобланмайдилар. Шунинг учун ҳам уларнинг ҳукм қонуний кучга киргунга қадар намоён этган хулқ-атворлари уларни жазони ўташ тартибини муттасил бузувчи деб топиш масаласи ҳал этилаётган пайтда инобатга олиниши мумкин эмас. Ушбу қоида суднинг қонуний кучга кирган ҳукми бўйича қамоқ ёки озодликдан маҳрум этиш тариқасидаги жазони ўтаётган вақтда янги жиноят содир этганлиги учун эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган шахсларга нисбатан тадбиқ этилмайди.

  

8. Амнистия тўғрисидаги Қарорнинг 1, 2, 3, 5-бандлари амал қилиши ЖК 167-моддасида (“Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш”) ва ЖК 168-моддасида (“Фирибгарлик”) назарда тутилган жиноятни содир этган ва етказилган моддий зарарни тўлиқ қопламаган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди

 

9. Амнистия тўғрисидаги Қарорнинг 1, 2, 3, 5 ва 6-бандлари тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун ҳукм қилинганларга нисбатан тадбиқ этилмайди (ЖК 150-16321621612162242244244124422443-моддалари).

 

Тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этган шахслар деганда мансабга совуққонлик билан қараш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва унинг доирасидан четга чиқиш, ҳаракатсизликка йўл қўйиш оқибатида ушбу жиноятларнинг содир этилишига имкон берган мансабдор шахслар, ҳокимият вакиллари ҳамда хизмат ваколатларига эга бўлган шахслар ҳам тушунилади.

 

Юқорида қайд қилиб ўтилган масала жиноий ишлар дастлабки суриштирув бочқичида бўлган ва суд томонидан ҳали кўриб чиқилмаган шахсларга ҳам тааллуқлидир.

 

10. Амнистия тўғрисидаги Қарор билан асосий жазодан озод этилган маҳкумлар қўшимча жазолардан озод этилмайди.

 

ЖКнинг жазолар тизимида асосий ва қўшимча жазолар мавжуд.

 

ЖКнинг  43-моддасига мувофиқ  маҳкумларга асосий жазолардан ташқари ҳарбий ёки махсус унвондан маҳрум қилиш тарзидаги қўшимча жазо ҳам қўлланилиши мумкин.

 

Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш фақат асосий жазо сифатидагина эмас, балки қўшимча жазо тариқасида ҳам қўлланилиши мумкин.

 

11. Амнистия тўғрисидаги Қарор асосида жазодан озод этилган шахсларнинг ижтимоий мослашуви ва ҳимояси чора-тадбирларини амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни ўз вақтида ва самарали ҳал қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати органлари, адлия ва судлар органлари, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари ҳамда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбарлари жумласидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри ҳудудий комиссиялари тузилмоқда.

 

12. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри ҳокимликларининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

 

  • жазодан озод этилган шахсларни рўйхатга олиш ва иш билан таъминлаш;
  • ёлғиз, ёрдамга муҳтож шахсларни ногиронлар ва қариялар уйларига жойлаш;
  • вояга етмаганларни ота-оналар, васийлик органлари ва зарур ҳолларда тегишли таълим муассасалари назоратига топшириш.

 

13. Туман ва шаҳарлар ҳокимларига ҳудудий комиссиялар ва жамоат бирлашмалари билан ҳамкорликда Амнистия тўғрисидаги Қарор асосида жазодан озод этилган шахслар, айниқса, вояга етмаганларга тарбиявий таъсир узлуксизлигини таъминлаш юклатилган.

 

14. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тегишли қўмита ва комиссияларига сенаторлар, депутатлар, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари иштирокида Амнистия тўғрисидаги Қарорнинг қўлланилиши жараёнларини ошкоралигини таъминлаш мақсадида парламент ва жамоатчилик назоратини таъминлашни ташкиллаштириш топширилган.

 

15. Амнистия тўғрисидаги Қарорнинг амалга оширилишини таъминлаш масъулияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига топширилган.

 

16. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Амнистия тўғрисидаги Қарорнинг аниқ ва бир маромда ижро этилиши учун назоратни таъминлайди.

 

17. Амнистия тўғрисидаги Қарор эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради ва 3 ой давомида ижро этилиши лозим.

 

Ахтам Ҳикматов, адвокат.

 

 


1 Жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод этилган чет давлат фуқароларини рўйхатдан ўтказиш ва мамлакатдан чиқариб юборишни Қарор асосида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда таъминлайди.

2 Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда диспансер ҳисобида бўлган жазодан озод этилган 1 ва 2 гуруҳ сил касалига чалинганларни Қарор асосида рўйхатга олиш ва махсус даволаш муассасаларига йўналтиришни таъминлайди.

3ЖКнинг 68-моддаси (Амнистия акти асосида жавобгарликдан озод қилиш)да келтирилишича, «Жиноят содир этган шахс амнистия акти асосида жавобгарликдан озод қилиниши мумкин».

 

 

Мавзуга оид материаллар:

 

Судьялар ўз лавозимини муддатсиз эгаллаши мумкин

 

Амнистия акти қандай бўлади?