Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Адвокатлар бизнес текширувларида иштирок этадилар

08.02.2016

Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, ИИВ, ДСҚ ва ДБҚнинг қўшма қарори (АВ томонидан 28.01.2016 йилдаги 2757-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Қўзғатилган жиноят ишлари бўйича тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишларда адвокатларнинг мажбурий иштирокини таъминлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

 

Ҳужжат билан қўзғатилган жиноят ишлари бўйича текширишлар уларни ўтказишнинг барча босқичларида тадбиркорлик субъектларининг ваколатли вакиллари томонидан жалб этилган адвокатлар албатта иштирок этган ҳолда (тадбиркорлик субъектлари томонидан ушбу ҳуқуқнинг рад этилиши ҳоллари бундан мустасно) амалга оширилиши белгиланди.

 

Суриштирув ва тергов органлари томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш учун қўзғатилган жиноят ишининг мавжудлиги асос бўлади. Бунда текшириш тадбиркорлик субъектининг фақат қўзғатилган жиноят иши билан боғлиқ фаолиятини қамраб олиши мумкин бўлиб, бу ҳақда текширишни тайинлаш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган бўлиши лозим.

 

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширишлар, шу жумладан муқобил текширишлар ўтказилишидан олдин, тадбиркорлик субъектининг ваколатли вакилига текширишни тайинлаш тўғрисидаги қарор тақдим қилинади.

 

Тадбиркорлик субъектининг ваколатли вакили текширишни тайинлаш тўғрисидаги қарор билан таништирилгандан сўнг, унга адвокат жалб этиш ҳуқуқи тушунтирилади, бу ҳақда баённома тузилади. Баённома уч нусхада тузилиб, жалб этилган мансабдор шахслар, тадбиркорлик субъектининг ваколатли вакили ва адвокат томонидан имзоланади.

 

Бунда адвокат хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқининг рад этилиши уни текширишнинг кейинги босқичларига жалб этиш учун монелик қилмайди.

 

Агар тадбиркорлик субъекти томонидан адвокатни жалб этиш истаги билдирилган бўлса, текширишни бошлаш адвокат етиб келгунга қадар 24 соатга тўхтатиб турилади. Адвокат музкур муддат ўтгандан кейин ҳимоя қилишга киришмаган тақдирда, текшириш унинг иштирокисиз бошланади.

 

Тадбиркорлик субъекти жиноят иши бўйича гумон қилинувчи ёки айбланувчи тариқасида ишга жалб этилган тақдирда, уни адвокат билан таъминлаш Жиноят-процессуал кодекси асосида амалга оширилади.

 

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишда ушбу субъектнинг бирор-бир ходимининг адвокати жиноят ишида иштирок этаётганлигидан қатъи назар, текширишда иштирок этиш учун адвокатни жалб этиш ҳуқуқи таъминланиши лозим.

 

Бироқ адвокат қуйидаги ҳолларда юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги топшириқни қабул қилишга ҳақли эмас:

 

муайян иш бўйича юридик ёрдам кўрсатаётган ёки илгари юридик ёрдам кўрсатган шахсларнинг манфаатлари ишни олиб боришни сўраб мурожаат этган тадбиркорлик субъектининг манфаатларига зид келса;

 

судья, прокурор, терговчи, суриштирув ўтказувчи шахс, жамоат айбловчиси, суд мажлиси котиби, эксперт, мутахассис, жабрланувчининг, фуқаровий даъвогарнинг, фуқаровий жавобгарнинг вакили, гувоҳ, холис, таржимон сифатида иштирок этган бўлса;

 

ишни дастлабки тергов қилишда ёхуд судда адвокатнинг қариндоши бўлган мансабдор шахс иштирок этган ёки иштирок этаётган бўлса;

 

бевосита ёки билвосита шу ишдан шахсан манфаатдор бўлса, бу ҳол унга тадбиркорлик субъектининг манфаатларига зид келса.

 

Тадбиркорлик субъектлари томонидан жалб этилган адвокатларга юридик ёрдам кўрсатганлиги учун ҳақ тўлаш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

 

Ҳужжат Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўпламининг 1.02.2016 йилдаги 4-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.

 

Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва изоҳлар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

 

«Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида янги» шарҳини

эксперт-юристимиз  

Елена ЕРМОХИНА 
тайёрлади.

Курс валют

2016-11-29
  • USD:3176.16 (+18.66) сум
  • EUR:3450.86 (+0.97) сум
  • RUB:49.15 (+0.65) сум

Вопрос недели

Подходит ли работа в Ташкенте жителю Ташобласти?
Я прописан и проживаю в Кибрайском районе Ташкентской области, в настоящее время не имею постоянной работы. Говорят, что если зарегистрироваться на бирже труда, то мне должны предложить «подходящую» работу. Смогу ли я таким образом получить работу, например, в Мирзо-Улугбекском районе города Ташкента, до которого мне 5 минут езды? Что вообще означает термин «подходящая» работа?
01.12.16
Просмотры: 779