Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

Апелляция хўжалик судлари нима учун керак?

02.11.2016

Республикамиздаги хўжалик судлари тизимида минтақавий апелляция судларини ташкил этишга қарор қилинди (2016 йил 21 октябрь, ПФ-4850-сон). Янги шарҳимиз — хўжалик ишлари бўйича суд иш юритиш тизимининг ривожланиши нуқтаи назаридан қабул қилинган қарорнинг мантиғи хусусида.

Энг аввало, бир саволни берайлик: нега шу пайтгача мамлакатимизда хўжалик апелляция судлари бўлмаган?

 

Умуман олганда, хўжалик судлари тизимининг шаклланиш даврида ўша вақтда амалда бўлган қонунчиликда суд қарорлари устидан апелляцион шикоят механизми мавжуд эмас эди. Шу сабабли “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг дастлабки таҳририда вилоят даражасидаги хўжалик судларига (Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик суди, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри хўжалик судлари) биринчи инстанцияда ва назорат тартибида ишларни кўриб чиқиш ваколати берилган эди.

 

Ушбу механизм жорий этилиши билан 2001 йилда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида ўтказилган ислоҳот натижасида суд ваколатлари қайта тақсимланди. Вилоят хўжалик судлари биринчи инстанцияда низоларни ҳал этиш  ҳуқуқини сақлаб қолган ҳолда апелляция тартибидаги шикоятларни (протестлар) кўриб чиқиш ваколатини ҳам қўлга киритди.

 

Шу тариқа, бугунги кунга қадар мавжуд бўлган амалиётга асос солинди. Унга кўра бир суд аввалига низо бўйича қарор қабул қилади, кейин эса апелляция жараёнида ўзи қабул қилган қарорнинг қонунийлиги ҳамда асосли экани масаласини қайта кўриб чиқади.

 

Албатта, бундай ёндашув қатор сабабларга кўра қайта кўриб чиқишни талаб этади.   

 

Биринчидан, апелляциянинг мустақил суд инстанцияси сифатида ҳақиқатан ҳам мустақиллигини таъминлаб бериш жоиз. Юриспруденция назарияси нуқтаи назаридан қараганда, дастлабки қарорни чиқарган суднинг ўзи чиқарган қарори бўйича апелляция шикоятини ҳам ўзи кўриб чиқиши ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимидаги институционализм тамойилларига тўғри келмайди. Чунки бу тизимга кўра ҳокимият тизимидаги у ёки бу орган ўз фаолияти устидан ўзи назорат қилиш вазифасини амалга ошира олмайди.    

Иккинчидан, судьялар штатининг чегараланганлиги ҳам таъсир этади. Маълумки, хўжалик ишлари биринчи инстанцияда судьянинг якка ўзи томонидан, апелляцион тартибда эса уч нафар судьядан иборат ҳайъат томонидан кўриб чиқилади. Тасдиқланган штат сонидан келиб чиқадиган бўлсак, ҳар бир вилоят судида ўртача ҳисобда 8 нафар судья тўғри келади (судьяларнинг аниқ сони хўжалик судининг бандлигига таъсир этувчи омиллардан келиб чиқиб белгиланади. Республикамизда судьяларнинг чекланган сони раислар ва уларнинг ўринбосарларини қўшиб ҳисоблаганда – 124 киши).

 

Апелляция инстанцияси чиқарилган қарорни бекор қилиш ва ишни қайта кўришга юбориши мумкин. Қонун бундай қайта кўришлар сонини чекламайди, судьялар тегишли асослар мавжуд бўлган ҳолатларнинг барчасида ушбу ваколатдан фойдаланиш ҳуқуқига эга (ХПКнинг 170-моддаси 2-бўлими). Шу билан бирга биринчи инстанцияда ишни кўриб чиққан судьяга апелляция ҳайъати мажлисларида қатнашиш ман этилади ёки бунинг акси.

 

Бундан келиб чиқадики, амалда апелляцион инстанция ишни икки маротаба қайтарса, учинчи сафар уни кўриб чиқадиган одамнинг ўзи қолмайди. Ушбу ҳолатда иш бошқа судга топширилиши керак (ХПКнинг 33-моддаси, 2-қисми). Аммо қайси судга? Агар даъвогар ва жавобгар мамлакатимизнинг бошқа-бошқа минтақалари вакили бўлса, қарама-қарши томонга топширилиши тушунарли (яъни, дастлаб жавобгарнинг яшаш жойи бўйича кўрилган бўлса, энди даъвогарнинг яшаш жойи бўйича кўрилади ёки бунинг акси). Аммо иккала томон ҳам бир вилоятда яшаса, бу масала тушунарсиз бўлиб  қолади.

 

Ишнинг бир хўжалик судидан бошқасига ўтказилиш масаласини Олий хўжалик суди раиси ҳал этади. Бу эса ишнинг кўриб чиқиш муддатини чўзиб юборади ва томонлар қўшимча харажат қилишларига тўғри келади (масалан, бошқа вилоятга бориш учун йўлкира ёки видеоконференцалоқа учун тўлов).

 

Бизнинг фикримизча, юқорида айтиб ўтилган қарорнинг қабул қилинишига айнан шу масалалар сабаб бўлган. Хўжалик судлари тизимида алоҳида апелляция судларини ташкил этиш апелляцион инстанциянинг адолатлилиги борасидаги шубҳаларни олдини олади ва амалда унинг қонуний ваколатларини рўёбга чиқаришдаги алоҳида тўсиқларни бартараф этади.  

 

Таҳририятдан: Умумжаҳон амалиётида ишнинг суд тизими доирасида вертикал бўйлаб: пастдан тепага  қараб “юриши” назарда тутилади. Қуйи суд қарори юқори суд томонидан қайта кўриб чиқилади. Суд эгаллаб турган позиция фақат унинг ваколатларидан эмас, балки унинг ҳудудий белгисидан ҳам келиб чиққан ҳолда белгиланади.

 

Хўжалик судлари иерархиясини белгилашда туман (шаҳар) ёки туманлараро судларни тузиш  мақсадга мувофиқ эмас, деб топилди. Бу қарор кўп жиҳатдан ўша вақтда мамлакатда иқтисодий муносабатларнинг ривожланиш даражасини ҳам акс эттирган. Ўтган давр ичида бу кўрсаткичлар сезиларли даражада ўзгарди: мамлакат иқтисодиёти ўсмоқда, йирик ва кичик корхоналар сони ортиб бормоқда, банк ва кредит-пул секторидаги механизмлар ривожланмоқда.

 

Айтиб ўтилганларни инобатга олиб ва судларнинг кейинги ихтисослашувидаги ўзгаришларни эътиборга олган ҳолда яқин келажакда хўжалик судлари сони ҳудудий белгига кўра ҳам ортиши ҳеч гап эмас.

 

Олег ЗАМАНОВ,

экспертимиз

 

Мавзуга оид материал:

 

Судьялар ўз лавозимини муддатсиз эгаллаши мумкин