Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Банкларда депозит операциялари янги йўриқномага асосан амалга оширилади

13.09.2015

2015 йил 6 майдаги ПҚ–2344-сон «Тижорат банкларининг молиявий барқарорлигини янада ошириш ва уларнинг ресурс базасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорига мувофиқ Марказий банк Бошқарувининг қарори (Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил 26 августда 2711-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан янги Ўзбекистон Республикаси банкларида депозит операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Йўриқнома тасдиқланди. Илгари амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси банкларида депозит операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (рўйхат рақами 2205, 2011 йил 4 март), шунингдек унга ўзгартиришлар ва қўшимчалар 2015 йил 2 декабрдан ўз кучини йўқотган деб топилди.

 

Белгиланишича, банк филиалининг омонат бўлинмаси таркибида аҳоли омонатлари операциялари устидан сўнгги назоратни амалга ошириш учун иш ҳажмидан келиб чиққан ҳолда алоҳида сўнгги назоратчи штат бирликлари ташкил этилиши лозим. Шу муносабат билан ўрнатилишича, сўнгги назоратчи бир вақтнинг ўзида назоратчи вазифасини ҳам бажариши мумкин эмас.

 

Шундай меъёр чиқариб ташландики, унга кўра агар омонатга қўйилганлиги омонат дафтарчаси, омонат сертификати ёки банк томонидан омонатчига берилган, қонунга мувофиқ белгиланган банк қоидаларида ва банк амалиётида қўлланиладиган иш муомаласи одатларида бундай ҳужжатлар учун назарда тутилган талабларга жавоб берадиган бошқа ҳужжат билан тасдиқланган бўлса, банк омонати шартномасининг ёзма шаклига риоя қилинган ҳисобланарди. Бундан шундай хулоса келиб чиқадики, омонатчи ва банк ўртасида алоҳида банк омонати шартномаси тузилиши керак.

 

Аниқлаштирилишича, агар банкнинг банк операцияларини бажариш ҳуқуқини берувчи лицензияси Марказий банк томонидан чақириб олинса, фуқаролар омонатлари «Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида»ги Қонун (2002 йил 5 апрель, 360-II-сон) талаблари асосида мазкур банкнинг маблағлари фуқароларнинг банкдаги омонатлари бўйича ҳақ тўлашга етмаган тақдирдагина қоплаб берилади.

 

29801 – «Мижозлар билан ҳисоб-китоблар» ва 29896 – «Бошқа мажбуриятлар» ҳисобрақамларидан транзит ҳисобрақамлари сифатида фойдаланиш тақиқланди.

 

Янги Йўриқноманинг янгиликларидан бири банклар томонидан омонатчиларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида электрон пластик омонат карталари жорий этилишининг мумкинлигидир. Бундай карталардан фойдаланиш омонатчилар томонидан ихтиёрий танланади.

 

Янги Йўриқноманинг ўзига хос хусусиятларидан яна бири банк филиалларида (омонат кассаларида) «Омонатчилар бурчаги» ташкил этилишининг зарурлигидир. Демак, унда қуйидагилар бўлиши шарт:

 

банкларда омонат операциялари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва банк Бошқарувининг ички тартиб-қоидалари нусхалари ёки улардан кўчирмалар;

 

омонат турлари бўйича банк ички сиёсатида белгиланган маълумотлар, қабул қилинаётган омонатлар шартлари тўғрисида умумий маълумотлар (рўйхат, жадвал ва бошқа кўринишларда) ҳамда оммавий шартнома намуналари;

 

омонат операциялари бўйича яратилган интерактив хизмат турлари тўғрисида маълумот;

 

ишонч телефонлари рўйхати;

 

бошқа омонат кассаларнинг манзиллари ва телефон рақамлари тўғрисида маълумот;

 

«Омонатчиларнинг шикоят ва таклифларини қайд этиш дафтари» ҳамда «Аҳоли омонатлари бўйича нақд пул маблағларининг берилишида омонатчиларнинг мурожаатларини қайд этиш дафтари».

 

Белгиланишича, банклар мижозлардан қабул қилинган пул маблағлари, шу жумладан аҳоли омонатларининг мавжудлигини, уларнинг омонат дафтарчалари (сертификатлар)га* мувофиқлигини ҳар чоракда камида бир марта текширишлари лозим. Банклар аҳоли омонатларининг мавжудлигини, уларнинг омонат дафтарчалари (сертификатлар)га мувофиқлигини текширишда «Банк сири тўғрисида»ги Қонун талабларига риоя этган ҳолда «SMS-банкинг» дастуридан фойдаланишлари мумкин. Бунда банклар Марказий банкка текширув ўтказилганлигини тасдиқловчи маълумотларни тақдим этишлари лозим. Акс ҳолда, текширув ўтказилмаган деб ҳисобланади.

 

Ҳужжатда омонат дафтарчасини расмийлаштириш бўйича қўшимча тушунтиришлар мавжуд, Хусусан, белгиланишича, нақд пулда бажарилган операциялар тўғрисидаги барча қайдлар кассир имзоси билан тасдиқланиши шарт.

 

Аниқлаштирилишича, жамғарма омонат ҳисобварақлари бўйича операциялар (масалан, омонатчи топшириғи асосида банк унинг жамғарма омонат суммасини банкдан олинган кредит ва унга ҳисобланган фоизларга ёки коммунал тўловларга йўналтириши мумкин) омонатчи жисмоний шахслар ёки уларнинг қонуний вакилларининг ёзма топшириғига кўра (илгари – омонатчи жисмоний шахслар хоҳишига кўра) амалга оширилиши мумкин.

 

Аввалгидек, омонатчи жамғарма ёки муддатли омонат суммасини банк омонати шартномасида назарда тутилган ҳолатлар вужудга келганидан кейин қайтариб беришни талаб қилмаган ҳолларда, агар банк омонати шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шартнома омонатни талаб қилиб олингунча сақланадиган омонатлар шартлари асосида узайтирилган деб ҳисобланади. Эндиликда аниқлаштирилишича, муддати тугаган жамғарма ёки муддатли омонатлар бўйича талаб қилиб олингунча омонат шартлари асосида фоизлар ҳисобланади ва бу ҳақда омонат шартномасида кўрсатилган бўлиши шарт.

 

Аниқлаштирилишича, муддатли ва жамғарма омонатлар муддати тугаганидан сўнг банк омонат шартномасининг муддати узайтирилган ҳолларда, мазкур омонатлар учун янги ҳисобварақлар очилмайди ва омонат ҳисоби олдинги ҳисобварақда давом эттирилади.

 

Бундан ташқари, шартномада кўрсатилган муддат тугаганидан кейин муддатли ва жамғарма омонат маблағларини бошқа ҳисобварақларга омонатчи ёки унинг ишончли вакилининг иштирокисиз ўтказиш тақиқланади (шартномада бошқа шартлар кўзда тутилмаган бўлса).

 

Аввалгидек, юридик шахс, юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркор ҳамда деҳқон хўжаликларининг жамғарма ва муддатли омонатларига маблағлар уларнинг асосий ҳисобварағидан ўтказилади ва омонат муддати тугагач ёки банк омонати шартномаси бекор қилинган ҳолларда маблағлар уларнинг асосий ҳисобварағига ўтказиб берилади. Бунда алоҳида кўрсатилишича, иккиламчи ҳисобварақлардан жамғарма ва муддатли омонатларга маблағларни ўтказиш тақиқланади.

 

Аниқлаштирилишича, банк омонати суммасига фоизлар ҳар ой ўтганидан кейин омонатчининг талабига кўра тўланади (агар банк омонати шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса), бу муддатда талаб қилиб олинмаган фоизлар эса фоизлар ёзиладиган омонат суммасига қўшилиб борилиши мумкин (агар бу банк омонат шартномасида кўзда тутилган бўлса). Илгари фоизлар омонатчига омонат суммасидан алоҳида тўланиши назарда тутилганди ва талаб қилиб олинмаган фоизлар фоизлар ёзиладиган омонат суммасига автоматик тарзда қўшилиб борилиши келиб чиқарди.


Шунингдек аниқлаштирилишича, агар монатга топширилган маблағ қўйилган куннинг ўзида тўлиқ ёки қисман қайтадан берилса, фоизларни ҳисоблашда омонат берилган кун тўлиқ ёки қисман кайтарилган омонат қисми ҳисобга олинмайди.

 

Банк ва унинг филиалларида «ҳаракатсиз омонатлар» бўйича чиқим операцияларини бажариш тақиқланди. «Ҳаракатсиз омонатлар» деганда, талаб қилиб олингунча сақланадиган омонатлар бўйича 1 йил давомида, жамғарма ва муддатли омонатларнинг муддати тугагандан кейин 1 йил давомида (фоизлар ҳисобланишидан ташқари) ҳеч қандай операциялар амалга оширилмаган омонатлар тушунилади. Илгари ушбу муддат уч йилни ташкил этарди.


Аниқланишича, ҳаракатсиз омонатлар бўйича маблағларни тўлиқ ёки қисман олиш учун омонатчи ёки унинг қонуний вакили банк бошқарувчиси номига уни тиклаш бўйича ариза тақдим қилади.

 

Ҳужжатда бошқа ўзгартиришлар ҳам мавжуд.

 

Ҳужжат давлат тилида қабул қилинган.


Қарор Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўпламининг 2015 йил 2 сентябрдаги 34-сонида расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.


__________

* Омонат дафтарчаси банк томонидан омонат бўйича бажарилган операцияларни омонатчига ёзма равишда тасдиқловчи ва омонат бўйича олинган мажбуриятларни кафолатловчи ҳужжат ҳисобланади.


Банкка қўйилган омонат суммасини ва омонатчининг (сертификат сақловчининг) омонат суммасини ҳамда сертификатда шартлашилган фоизларни сертификатни берган банкдан ёки шу банкнинг исталган филиалидан белгиланган муддат тугаганидан кейин олиш ҳуқуқини тасдиқловчи ноэмиссиявий қимматли қоғоз омонат сертификати ҳисобланади.

 

 

Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва изоҳлар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

 

«Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида янги» шарҳини

эксперт-юристимиз Сардор ЖУМАШОВ

тайёрлади.

 

Курс валют

2016-12-06
  • USD:3189.93 (+13.77) сум
  • EUR:3434.89 (--15.97) сум
  • RUB:49.72 (+0.57) сум

Вопрос недели

Ташкент – не сельская местность
Я проживаю в г. Ташкенте с родителями, своего жилья не имею. Могу ли я принять участие в программе доступного жилья, если женюсь и решу жить отдельно от родителей?
09.12.16
Просмотры: 263