Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Ҳайвонлар учун карантин режими белгиланди

03.09.2015

Тошкент шаҳри ҳокимининг 2015 йил 25 августдаги 765-сон Қарори билан Тошкент шаҳрида ҳайвонларни карантинга қўйиш қоидалари тасдиқланди.

 

Белгиланишича, ит, мушук ва бошқа ҳайвонлар одамларни тишлаб, тирнаб ва бошқа жароҳатлар етказганда ёки сўлаги одам терисининг очиқ қисмига текканда, улар қутуриш касаллигига гумон қилиниб, 10 кунга ҳудудий ветеринария бўлимининг изоляторига карантинга қўйилади.

 

Кўрсатилган ҳолларда жабрланувчи зудлик билан ҳудуддаги тез ёрдам жароҳат бўлимига мурожаат қилиши лозим, тез ёрдам жароҳат бўлими биринчи тиббий ёрдамни кўрсатади ва шу куннинг ўзида содир бўлган воқеа ҳақида ҳудудий Давлат санитария-эпидемиология назорати марказига хабар беради.

 

Ўз навбатида, ҳудудий Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази воқеа содир бўлган жой, сана ва вақти, ҳайвоннинг белгиларини кўрсатган ҳолда бу ҳақда зудлик билан Тошкент шаҳар Давлат ветеринария бошқармасининг ҳудудий ветеринария бўлимига хабар беради.

 

Шундай сўнг ҳудудий ветеринария бўлимининг масъул шахслари ҳайвон эгаси (ёки жабрланувчи, агар ҳайвон эгаси номаълум бўлса) ва Ободонлаштириш бош бошқармаси ҳузуридаги қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бўлими ходимлари билан ҳамкорликда ҳайвонни ҳудудий ветеринария бўлимининг изоляторига олиш келиш чораларини кўради. Бунда тиббий муассасага тақдим этиш учун тегишли маълумотнома (Қоидаларда белгиланган шакл бўйича) тузилади ва ҳайвон эгаси орқали жабрланувчига берилади (ёки бевосита жабрланувчига берилади, агар ҳайвон эгаси номаълум бўлса).

 

Изоляторда ҳайвон 10 кун давомида клиник кўрикдан ўтказилади. Ушбу даврда ҳайвон эгаси уни ўз вақтида парвариш қилиши лозим. Агар жароҳатлар ўз вақтида эмланган ҳайвон томонидан етказилган бўлса, у ҳолда у ветеринария бўлими инспекторининг рухсати билан уй шароитида сақланиши мумкин, бунда ҳайвон эгаси ва ветеринария бўлими ўртасида шартнома тузилади.

 

10 кун тугагандан сўнг, агар ҳайвонда қутуриш касаллиги аниқланмаса, бу ҳақда тегишли маълумотнома (Қоидаларда белгиланган шакл бўйича) тузилади ва жабрланувчига бевосита ёки ҳайвон эгаси орқали берилади. Шу куннинг ўзидаёқ ҳайвон карантиндан чиқарилади.

 

Ҳайвонда қутуриш касаллиги аниқланганда ветеринария лабораториясининг хулосаси ҳудудий Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази ва Тошкент шаҳар Давлат ветеринария бошқармасига юборилади.

 

Ҳайвонларнинг қутуриш кассаллиги туман миқёсида аниқланган тақдирда ветеринария лабораториясининг хулосаси асосида ветеринария бўлими инспекторининг тақдимномасига кўра 60 кунлик карантин эълон қилиш ҳақида туман ҳокимининг қарори қабул қилинади (тегишли бошқармалар, ташкилотлар ва муассасалар билан келишган ҳолда).

 

Ҳайвонларнинг қутуриш кассаллиги Тошкент шаҳрининг бутун ҳудудига тарқалган тақдирда Тошкент шаҳар Давлат ветеринария бошқармаси инспекторининг тақдимномасига кўра 60 кунлик карантин эълон қилиш ҳақида Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори қабул қилинади (тегишли бошқармалар, ташкилотлар ва муассасалар билан келишган ҳолда).

 

Ҳайвонларнинг бошқа касалликлари аниқланганда, уларнинг тарқалиш миқёсига қараб касаллик тарқалган ҳудудда карантин эълон қилиш ҳақида туман ёки Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори қабул қилинади.

 

Карантин даврида барча турдаги ҳайвонларни сотиш, сўйиш, бошқа жойга кўчириш, кўргазмаларда иштирок этиш, карантин ҳудудига бошқа ҳайвонларни ва бегона одамларни киритиш, озуқаларни олиб кириш ва чиқариш тақиқланади.

 

Қарор «Тошкент оқшоми» газетасининг 2015 йил 28 августдаги 178-179-сонида расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

 

Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва изоҳлар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

 

 

«Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида янги» шарҳини

эксперт-юристимиз Сардор ЖУМАШОВ

тайёрлади.

Курс валют

2016-12-06
  • USD:3189.93 (+13.77) сум
  • EUR:3434.89 (--15.97) сум
  • RUB:49.72 (+0.57) сум

Вопрос недели

Ташкент – не сельская местность
Я проживаю в г. Ташкенте с родителями, своего жилья не имею. Могу ли я принять участие в программе доступного жилья, если женюсь и решу жить отдельно от родителей?
09.12.16
Просмотры: 270