Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

Хизмат сафари харажатлари учун қанча маблағ берилади?

26.11.2015

Молия вазирининг буйруғи (АВ томонидан 19.11.2015 йилда 2730-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Вазирликлар, идоралар, корхоналар ва ташкилотлар ходимлари Ўзбекистон Республикаси ташқарисига хизмат сафарига юборилганда хизмат сафари харажатлари учун маблағлар бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

 

Ҳужжатга мувофиқ хизмат сафари харажатларига қуйидагилар киради:

 

суткалик харажатлар;

 

яшаш учун (турар жой ижараси бўйича) харажатлар;

 

транспорт харажатлари;

 

вакиллик харажатлари;

 

кўзда тутилмаган харажатлар;

 

Низомга мувофиқ қопланиши лозим бўлган хизмат сафарининг бошқа харажатлари.

 

Суткалик харажатлар хизмат сафаридаги ҳар бир кун, жумладан жўнаб кетиш ҳамда қайтиб келиш куни учун, белгиланган меъёрларнинг 100%и миқдорида хорижий валютада тўланади.

 

Жўнаб кетиш ҳамда қайтиб келиш куни Ўзбекистон Республикасининг давлат чегарасини кесиб ўтиш куни ҳисобланади, бу кун хизмат сафарига юборилган шахснинг паспортида республика чегара-назорат пунктлари қўйган белгиси бўйича аниқланади.

 

Низомда суткалик тўловлар миқдори камайтириладиган ҳолатлар ҳам назарда тутилган.

 

Яшаш учун (турар жой ижараси бўйича) харажатлар ушбу харажатлар кейинчалик тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланиши шарти билан белгиланган меъёрларнинг 100%и миқдорида хорижий валютада тўланади. Яшаш учун (турар жой ижараси бўйича) харажатларнинг якуний ҳисоб-китоби хизмат сафарига юборилган шахс томонидан ҳақиқатда амалга оширилган харажатлар бўйича, бироқ белгиланган меъёрлардан ортиқча бўлмаган миқдорда, қўшимча тўловларни ҳисобга олган ҳолда, агар улар ташкилот раҳбари томонидан белгиланган бўлса, амалга оширилади.

 

Овқатланиш ва бошқа шахсий хизматлар (мини-бар, кабель телевидениеси, кийимларни ювдириш ва дазмоллатиш ва бошқалар) учун харажатлар суммаси, шу жумладан яшаш учун (турар жой ижараси бўйича) тўлов счётларига киритилган харажатлар хизмат сафарига юборилган шахс томонидан суткалик харажатлар ҳисобидан тўланади ва алоҳида қопланмайди. Агар қабул қилувчи томон бепул турар жойни тақдим этса ёки унинг ижараси учун харажатни қоплашга тегишли пул компенсациясини тўласа, хизмат сафарига юборилган шахсга яшаш учун (турар жой ижараси бўйича) маблағлар тўланиши амалга оширилмайди.

 

Транспорт (таксидан ташқари) харажатларини қоплаш учун маблағлар ҳақиқий харажатлар бўйича улар тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланиши шарти билан тўланади.

 

Вакиллик харажатларига расмий қабул (нонушта, тушлик ёки шунга ўхшаш тадбирлар)ни ўтказиш, уларнинг транспорт таъминоти, музокаралар вақтида буфет хизматларини кўрсатиш, ташкилот штатида бўлмаган таржимон хизматига ҳақ тўлаш билан боғлиқ бўлган харажатлар киради.

 

Белгиланган тартибда расмийлаштирилган тасдиқловчи бошланғич ҳисоб ҳужжатлари бўлганда вакиллик харажатлари давр харажатларига киритилади, уларда расмий қабул ва унга боғлиқ тадбирларни ўтказиш учун асос кўрсатилган бўлиши лозим.

 

Кўзда тутилмаган харажатларга рейснинг кечикиши ёки ўзгариши, делегация раҳбари қарорига кўра маршрутнинг, сафар дастурининг ўзгартирилиши ва бошқа форс-мажор ҳолатлар билан боғлиқ харажатлар киради.

 

Юқорида айтиб ўтилган харажатлардан ташқари ҳужжатлар билан тасдиқланган қуйидаги харажатлар ҳам қопланади:

 

виза олиш бўйича;

 

вақтинчалик прописка (рўйхатга олинганлик) учун;

 

борган мамлакатида хорижий валютани сотиб олиш ёки сотиш чоғида йиғимлар (фоизлар, комиссиялар)ни тўлаш бўйича;

 

30 килограммгача бўлган юк олиб кетиш учун тўлов (ходим бораётган транспорт турида бепул юк олиб кетиш меъёридан ортиқчасига);

 

аэропорт, суғурта (фақат бораётган мамлакатига кириш учун мажбурий бўлган суғурта турлари), божхона ва воситачилик йиғимлари (кўргазмалар, тақдимотлар, конференциялар ва гастроллар ўтказилганда);

 

конференция, спорт мусобақалари қатнашчиларини рўйхатга олиш йиғимлари, спорт анжомларини ижарага олиш;

 

пуллик тўхташ жойлари хизматларини тўлаш, автобензин харид қилиш, юкни транспортда жўнатиш (фақат хизмат сафарига юборилган ҳайдовчилар учун) тўловлари бўйича;

 

Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари бўйича хизмат сафарларига борадиган, 20 фоиз ва ундан ортиқ устамаси мавжуд шахслар учун МДҲ мамлакатлари аэропортларининг «VIP» заллари орқали хизмат кўрсатиш бўйича;

 

хизмат сафарига жўнатилган шахсларга фавқулодда, қолдириб бўлмайдиган ҳолатларда кўрсатилган тиббий хизматларни тўлаш бўйича;

 

ҳужжатлар билан асосланган хизмат сафари бекор қилиниши, йўл маршрути ёки хорижий давлатда бўлиш муддатлари ўзгариши сабабли йўл чипталарини қайтариб бериш, алмаштириш ёки улардан фойдаланмаслик билан боғлиқ жарималар ёки қўшимча харажатларни тўлаш бўйича.

 

Ходимни хизмат сафарига юбориш учун ташкилот раҳбари томонидан буйруқ чиқарилади ва хизмат сафари режа-топшириғи тасдиқланади. Хизмат сафарига юбориладиган шахсга хорижий валютада бўнак берилиши лозим.

 

Вазирликлар, идоралар, корхоналар ва ташкилотлар ходимларининг хизмат сафарларида хорижий валютадаги хизмат сафари харажатлари меъёрлари, шунингдек уларга белгиланадиган устамалар миқдори ушбу Низомга 1 ва 2-иловаларда белгиланган.

 

Буйруқ “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами”нинг 23.11.2015 йилдаги 46 (702)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.


 

Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва изоҳлар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

 

 

«Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида янги» шарҳини

эксперт-юристимиз Елена ЕРМОХИНА

                                                                                                                                                       тайёрлади.

 

Мавзуга доир материал: 

 

Суткалик қабул қилувчи томоннинг ҳимматига боғлиқ