Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Идоравий ўқотар қуролга эга шахслар ўқитилади

22.12.2015

Ички ишлар вазирининг буйруғи (Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил 14 декабрда 2740-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Тошкент олий ҳарбий-техника билим юрти базасида идоравий ўқотар қурол ва махсус воситаларни олиб юриш ҳамда улардан фойдаланишга рухсат берилган ташкилотлар ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш курслари тўғрисидаги низом тасдиқланди.

 

Белгиланишича, ташкилотлар идоравий ўқотар қурол ва махсус воситалар (резина таёқлари ва қўл кишанлари) бириктирилган ўз ходимларини Ички ишлар вазирлигининг Тошкент олий ҳарбий-техника билим юрти (кейинги ўринларда – ТОҲТБЮ) базасида тайёрлаш ва қайта тайёрлаш махсус курсларидан ўтишини таъминлаши лозим. Махсус курслар ишлаб чиқаришдан (ишдан) ажралган ҳолда, ТОҲТБЮ ва ташкилот ўртасида тузилган шартномага биноан пуллик асосда амалга оширилади. Ўқиш даврида ходимларнинг асосий иш жойи бўйича ўртача иш ҳақи ва эгаллаб турган лавозими сақланиб қолади.

 

Ишга янгидан қабул қилинган ходимлар тайёрлаш курсларида ўқитиш учун юборилади.

 

Ходимлар қуйидаги ҳолларда қайта тайёрлаш курсларида ўқитиш учун юборилади:

 

ходимга берилган сертификатнинг амал қилиш муддати тугаётганда (сертификат 5 йил муддатга берилади);

 

ходимнинг лавозим мажбуриятлари ўзгарганда (оддий ходимлар таркибидаги лавозимдан кичик ва ўрта бошлиқлар таркибидаги лавозимга ёхуд кичик ва ўрта бошлиқлар таркибидаги лавозимдан катта бошлиқлар таркибидаги лавозимга ўтказилганда ва ҳоказо).

 

Махсус курсларга тиббий текширувдан муваффақиятли ўтган ходимлар ташкилот раҳбарининг буйруғи билан юборилади. Тайёрлаш курсларига юборилаётган ходимлар эса ташкилотларда ташкил этилган идоравий жанговар хизмат, ижтимоий-ҳуқуқий, маънавий-психологик ва жисмоний тайёргарлик курсларидан ҳам муваффақиятли ўтган бўлиши лозим.

 

Ташкилотлар томонидан тақдим этилган ходимлар рўйхатига асосан ТОҲТБЮ ўқув машғулотлари бошланишидан камида 30 кун олдин ташкилотларга билдиришнома юборади. Ходимлар билдиришномада кўрсатилган муддатда қуйидаги ҳужжатлар билан бирга ТОҲТБЮга етиб келиши лозим:

 

шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжат);

 

3х4 см ўлчамдаги 4 дона рангли фотосурат;

 

ташкилот томонидан берилган маълумотнома (унда ходимнинг ташкилотда ташкил этилган идоравий курслардан (тайёрлаш курсларига юборилаётган ходимлар учун) ва тиббий текширувдан ўтган саналари, уларнинг натижалари кўрсатилади).

 

Тайёрлаш курсларининг умумий давомийлиги 2,5 ҳафта (90 соат), қайта тайёрлаш курсларининг умумий давомийлиги эса 2 ҳафта (72 соат) этиб белгиланади.

 

Белгиланишича, ходим қуйидаги ҳолларда махсус курслардан четлаштирилади:

 

ўқув интизомини ва ТОҲБТЮнинг ички тартиб-қоидаларини бузганда;

 

белгиланган ўқув машғулотларининг 10 фоизидан ортиқ қисмини узрли сабабларсиз қолдирганда;

 

ходим суднинг қонуний кучга кирган ҳукмига асосан озодликдан маҳрум этилганда;

 

ходим вафот этганда.

 

Ходимни махсус курслардан четлаштириш ТОҲБТЮ бошлиғининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Ушбу буйруқдан кўчирма бир иш куни ичида ходимни юборган ташкилотга юборилади.

 

Ходимлар махсус курсларни тамомлаган кундан эътиборан бир иш куни ичида жанговар хизмат, жисмоний ва ўқотиш тайёргарлиги бўйича имтиҳонлардан ўтказилади. Имтиҳон натижалари 100 баллик тизимда баҳоланади. Имтиҳон натижалари бўйича белгиланган энг юқори баллнинг камида 70 фоизини тўплаган ходимлар имтиҳондан ўтган ҳисобланади.

 

Имтиҳондан ўта олмаган ходимлар бир иш куни ичида имтиҳонни қайта топшириш ҳуқуқига эга. Қайта топшириш натижаларига кўра имтиҳондан ўта олмаган ходимлар имтиҳон ўтказилган кундан бошлаб камида 2 ойдан сўнг махсус курсларда ўқитиш учун такроран юборилади.

 

Ходим имтиҳонларда узрли сабабларга кўра (оғир касаллиги, яқин қариндошининг вафот этганлиги, оиласига жиддий моддий, маънавий зарар етказган воқеа ва шу каби бошқа ҳолатлар) иштирок этмаган тақдирда, ушбу ходим учун имтиҳонлар муддати ТОҲТБЮ бошлиғининг буйруғига асосан бошқа муддатга кўчирилади. Бунда ходим томонидан узрли ҳолат юз берганлигини тасдиқловчи ҳужжат ва махсус курсларда ўқиш учун юборган ташкилотнинг маълумотномаси тақдим этилиши керак.

 

Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган ходимларга бир иш куни ичида сертификат, имтиҳонлардан ўта олмаган ходимларга эса махсус курсларни тамомлаганлиги тўғрисидаги маълумотнома берилади.

 

Йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган амал қилиш муддати тугамаган сертификат ўрнига ташкилотнинг мурожаатига асосан, мурожаат келиб тушган кундан эътиборан 5 кун ичида сертификатнинг дубликати расмийлаштириб берилади. Йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган амал қилиш муддати тугамаган сертификатнинг асл нусхаси топилганда, ходим сертификатни дарҳол ташкилотга топшириши ва 3 кун ичида ташкилот томонидан ТОҲБТЮга юборилиши керак.

 

Ҳужжат давлат тилида қабул қилинган.

 

Буйруқ Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўпламининг 2015 йил 21 декабрдаги 50-сонида расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

 

 

Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва изоҳлар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

 

 

«Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида янги» шарҳини

эксперт-юристимиз Сардор ЖУМАШОВ

тайёрлади.

Курс валют

2016-12-06
  • USD:3189.93 (+13.77) сум
  • EUR:3434.89 (--15.97) сум
  • RUB:49.72 (+0.57) сум

Вопрос недели

Подходит ли работа в Ташкенте жителю Ташобласти?
Я прописан и проживаю в Кибрайском районе Ташкентской области, в настоящее время не имею постоянной работы. Говорят, что если зарегистрироваться на бирже труда, то мне должны предложить «подходящую» работу. Смогу ли я таким образом получить работу, например, в Мирзо-Улугбекском районе города Ташкента, до которого мне 5 минут езды? Что вообще означает термин «подходящая» работа?
01.12.16
Просмотры: 1504